среда, 25 апреля 2018 г.

118. Радий Фишни ким тутиб келади?


Радий Фиш ўз ихтиёри билан Юртменистондан чиқиб кетди. Қозоғистон орқали кетган, дейишади. Манимча, Туркманистонга ўтиб, Ҳазар денгизи орқали Бокуга бориб, кейин Тифлисдан Трабзонга борган бўлса керак. Ёки бўлмасам, Олмаотадан Москвага бориб, кейин Мюнхенга кетган кўринади; чунки тез орада “Озодлик” радиосида пайдо бўлиб қолди (радионинг туркиялик ходими Чақатой Кўчарнинг хонадонида уч кун пивохўрлик қилиб ётганини кейинчалик Чақатой Истанбулдаги консулимизга гуллаб қўяди).
Радий Фишдан бу қадар осон қутиламан деб сира ўйламаган эдим. Ҳамма иш хамирдан қил суғургандек силлиқ кўчди. Яна бир ишора қилган эдим, унинг бола-чақасини ҳам мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқариб ташлашди. Битта укасини қамоққа тиқдим; илгари Радий Фишнинг соясига салом бериб юрадиган Ғаффорқул деган битта тентак қўшниси “Ман акамдан воз кечдим” номли мақола ёзиб “Туркистон” газетасида укаси номидан эълон қилиб юборди. Мақола чоп этилгач, бадном этилган йигитни ҳам бола-чақаси билан бадарға қилдик.
Мухолифатнинг гапга кўнмайдиган депутатлари битта-битта териб олинди. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун тўрт-бештаси тергов жараёнида уриб ўлдирилди, лекин ўзини осиб ўлдирди деб акт тузилиб, жасади эгаларига қайтариб берилди. Яна тўрт-бештаси намойишкорона суд қилинди, суд пайтида Радий Фиш шаънига бўҳтон қилган мухолифат вакиллари афв этилиб, озодликка қўйиб юборилди (кейинчалик бошқа айблари учун яна қамоққа олиниб, ноқулай гувоҳ бўлгани сабабли жисман... у ёғи тушунарли). Ўзи танлаган йўлдан қайтмаган “қайсар эшаклар” эса (Мурод Жўра, Мамадали Маҳмуд каби) умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. Мухолифат вакиллари бир сидирға териб олингач, қолган-қутгани эсининг борида чет элларга жуфтакни ростлайди. Чет элларга кетишни истамаганлари “иккинчи тозалов” жараёнида йиғиштириб олинади; улар орасида қўрқоқлар бўлса, матбуотда ёки телевидениеда тавба-тазарру қилса (Шоди Каримов, Содиқ Йигиталиев...), жиноий жавобгарликка тортилмасдан шунчаки бир четга суриб қўйилади.
Энди оёқни узатиб бемалол яшайман десам, ҳар хил халқаро ташкилотлар кўзимни очирмай қўйди: Юртменистонда мухолифат йўқ, мухолифат вакиллари қамоқда ёки чет элларда қочиб юрибди... Юртменбоши диктатор! У демократиянинг душмани... Агар дунёвий мухолифат маҳв этилса, унинг ўрнини муросасиз диний мухолифат эгаллаб олади, кейин туяни шамол учиради, эчкиларни-ку осмонда кўрасан...
                         Оббо, нима қилмоқ керак?
                         Радий Фишни Юртменистонга қайтариб опкелиш керак.
                         Нима-нима?! Икки дунёда ҳам уни Юртменистонга қайтариб опкелмайман, фақат манинг жасадимни ҳатлаб ўтсагина, Юртменистонга келади!
Қаттиқ туриб олдим. Хўжаларим ҳам қаттиқ туриб олди. Охири узоқ маслаҳатлашиб ўрта йўлни танладик: уч-тўртта ваколатли вакил Радий Фиш ҳузурига жўнатилади, улар учрашади, манинг талабларимни унга етказишади, унинг талабларини манга етказишади, сўнг сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган битта вариант танланиб, Радий Фиш Юртменистонга қайтади...
Сопини ўзидан чиқардим. Ёшлик чоқларида сирдош бўлган, ҳатто қалин муқовали илк китобини “дўстим Радий Фишга бағишлайман” деб чоп этган Яхшибой Ошнони девонга ишга олиб, кўпдан бери синовдан ўтказиб совутиб юрган эдим. Уни ҳузуримга чақирдим. Қаламкаш – унинг янги лақаби ҳам тахаллуси эди.
                         Нимага чақирганимни Пароканд Мирзо билмасин, ҳайми? – дедим.
                         Ҳай, – деди.
                         Бирорта жўяли баҳона топиб, уни алдаб қўяқолинг...
                         Ҳай.
                         Гап бундай, оғайни, Эркин Муҳаррирни ҳам ёнингизга олиб, ман сизларга Фарҳод Рўзадор Хотинбозни ҳам қўшиб бераман, зудлик билан АҚШга учиб кетасизлар. У ерда элчи кутиб олади, керакли жойга ўзлари кузатиб қўяди. Эйзенхауэрнинг (у иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШнинг президенти бўлган зот) уммон бўйидаги чорбоғида Радий Фиш билан учрашасизлар.
                         Радий Фиш? У ўлиб кетмаганми?
                        Ўлмаган! Ўлмай қийнаяпти одамни...
                        Танимабман, Румийни ёзган жуҳудми, ахир?
                        Ўзингни гўлликка солма, овсар, танийсан, жуда яхши танийсан! Қизўртоқларинг, найнов-да... Хуллас, кўришасизлар, йигитлик чоғларингни эслайсизлар, еб-ичасизлар... Гапнинг пўст калласи, эски ўртоқларингни Юртменистонга қайтишга кўндиришларинг керак. Хоҳласа, унга парламант раислигини топшираман ёки Бош вазир бўлиши мумкин... Хўш, қалай?
Яхшибой Ошно башарамга қараб бақрайиб қолди.
Ҳақиқий отини айтишдан чўчигани билиниб турарди. Сўнгра:
Ҳа, уми? Ҳазиллашманг, – деди эшитилар-эшитилмас.
Олдига самолёт чипталарини ташладим: ўзи билан Эркин Муҳаррир ва Фарҳод Рўзадор Хотинбоз номига харид қилинган чипталарни кўздан кечириб, ўзини креслога ташлади ва уф тортиб юборди.
                         Уни ўлдирасизми? – деб сўради.
Кулиб юбордим.
                         Ўлдирадиган бўлсам, оғайни, сизларни эмас, профессионал киллерларни жўнатган бўлардим. Ман у билан ҳамкорлик қилмоқчиман. Соғлом жамиятда соғлом оппозиция бўлиши керак.
                         Шунақа эканини олдин билмасмидингиз? – деди Яхшибой Ошно ишонқирамай.
                         Ман қайдан билай! Илгари демократик мамлакат барпо этиб кўрмаган бўлсам! Хуллас, уни Юртменистонга қайтишга кўндирасизлар, ҳар қандай шартига рози бўласизлар. Музокара пайтида (албатта, норасмий музокара бўлади) ора-орада телефон орқали ман билан боғланиб турасиз... Агар уни опкелсангиз, оғайни, Эркин Муҳаррир билан сизга Юртменистон Қаҳрамони унвонини бераман... – Кулиб ўрнимдан турдим. Яхшибой Ошнонинг елкасига қоқиб, остонагача кузатиб қўйдим.
Улар АҚШга учиб кетди. Келишувга кўра, холис халқаро кузатувчилар иштирокида Эйзенхауэрнинг уммон бўйидаги чорбоғида учрашув ташкил этилади. Бир ҳафта давомида улар гўё коммунизмда яшайди: ариқларда шарбат оқади, ҳур-ғилмонлар атрофида парвона бўлади ва ҳоказо. Радий Фиш узил-кесил жавобни Мюнхен аэропортида бераман деб Олмонияга учиб келади. Уч кундан сўнг улар ҳам Мюнхенга учиб келади. Ҳаво майдонида Яхшибой Ошно билан Радий Фиш қучоқлашиб кўришади ва иккови қўлтиқлашиб бир четга боради-ю, бирдан сўкишиб кетади, бир-бирини ҳақорат қила бошлайди ва иккови икки томонга ажралиб кетади. Радий Фиш орқадан: “Ҳой, жинни, тўхта!” деб қичқириб қолади. Эркин Муҳаррир ҳайрон, Фарҳод Рўзадор ҳайрон... Ҳув нарида турган элчи ҳам ҳайрат бармоғини тишлаган...
Юртга қўли бўш қайтган Яхшибой Ошно сафар ҳисоботини бераётиб: “Сизнинг шаънингизга тўғри келмайдиган сўз айтди, – деди. – Юртменбоши мунофиқ одам, у риёкор, деди, ман ўзимни тутолмай қолдим, Фишнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим!” деб бирдан мани қучоқлаб йиғлаб юборди.
Ўша пайтда Яхшибой Ошнонинг гапларига лаққа ишонган эдим, кейин у мани лақиллатганини нохос англаб қолдим. Афсус, энди кеч бўлган эди. Чамамда, Радий Фишни алдаб-сулдаб чақириб олиб, кейин бадном қилиб йўқотиб юбормоқчи бўлганимни Яхшибой Ошно сезиб қолади ва Мюнхендаги ҳаво майдонида (элчининг кўз ўнгида) ошкора томоша кўрсатади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...