среда, 18 апреля 2018 г.

81. Миллион дона бир тийинлик


Дон Мануэл Эскабаро бир ҳафта давомида кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимизни зиёрат этиб қайтди. Ниҳоятда катта таассурот олибди. Ҳамон ҳаяжонланар, кўзлари чақнар, тинмасдан “Баракалла!” деб қўяр эди.
-Наҳотки, тарихан қисқа бир давр ичида шунчалар юксак даражага кўтарилиш мумкин бўлса?! Ҳар қадамда бунёдкорлик, ҳар қадамда демократия, ҳар қадамда тараққиёт, ҳар қадамда фаровонлик! Юз-юз эллик фойиз ишондим, болалар албатта сиздан кўра ақлли, доно ва бахтли бўлажак! – деди қўлларини бир-бирига ишқалаб.
Ҳис-ҳаяжонлари бир оз босилгунча сабр қилдим. Қарасам, шакаргуфторлик ҳали-бери поёнига етмайди. Аста гап қистирдим:
-Хусусан, қайси ютуғимиз, қайси обидамиз сизга кўпроқ маъқул бўлди?
-Ў-ў, ҳаммаси маъқул, ҳаммаси чўх гўзал! – деди бошини орқасига ташлаб.
-Хусусан, қайси... – деб чўрт кесдим. – Айтинг, ман ҳам сизга қўшилиб ҳаяжонланиб олай.
Эскабаро бирдан хахолаб юборди, кўзлари ёшланиб қотиб-қотиб кулди.
-Айниқса... – деб қувонч ёшларини дастрўмолига артиб олди ва жилмайиб: – Лабиҳовузда турган эшак ҳайкалига қойил қолдим!
-Эшакка ўрнатилган ҳайкал дунёнинг бошқа жойларида йўқми?
Меҳмон кўзларини юмиб ўйланиб қолди. Сўнг бирдан тиззаларига шап-шап уриб хахолаб юборди. Кулгидан тўхтагач:
-Испанияда дон Кихотнинг тиррақи отига ҳайкал ўрнатилган, – деди. – Лекин Санчо Пансонинг эшагига ҳайкал ўрнатилмаган. – Жиддий тортиб олдинга бир оз энгашиб: – Мабодо бу эшак Санчо Пансонинг эшаги эмасми? – деб сўради.
-Йўқ, у Насриддин афандининг эшаги, – дедим. – Устида эгаси ҳам бор эди, шекилли, кўрмадингизми?
-Кўзим тушмади.
-Эҳтимол, чойхона-пойхонага кириб кетгандир, – дедим кулиб.
-Аҳ! – деб шап этказиб пешонасига урди. – Тўғри, чойхонада ўтирган битта ажнабийга кўзим тушган эди. Ўша одам Санчо Пансо бўлса керак!
-Санчо Пансо эмас, дон Эскабаро, у Насриддин афанди бўлиши керак.
-Йўқ, у Санчо Пансо! Ахир, афанди дарахт пўстлоғидан тўқилган серсоя панама-шляпа кийиб ўтирмайди-ку!
-Хашаки салласини ечиб қўйгандир-да, дон! Балки, ажнабий турист билан бош кийимларини алмаштириб олгандир.
-Ие, бош кийимини ҳам алмаштирадими одам?
-Алмаштиради, алмаштиради. Сўмни долларга алмаштирадиган одам бош кийимини алмаштирмайдими, алмаштиради! – дедим эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Футболчилар ўйиндан кейин стадионда майкаларини алмаштиради; эҳтимол ечиниш хонасида турсик-плавкаларини ҳам алмаштирса керак.
-Қайдам, – деди меҳмон ноилож.
-Хўп, энди асосий мавзуга кўчсак нима дейсиз?
-Розиман.
-Бўпти, дон Гарсиа Маркес корпорацияси билан ҳамкорлик қилишга розиман. Фақат ман қўядиган шарт сизларга тўғри келармикан?
-Қани, олдиндан шартингизни эшитайлик.
-Қалам ҳақи масаласи – нозик масала, – дедим диванга ястаниб.
-Тўғри, нозик масала.
-Хўш, қанча беришларинг мумкин?
-Доллар десангиз – доллар, евро десангиз – евро тўлаймиз.
-Миқдори қанча бўлади? Миллион евро тўлайсизларми? – Дон Мануэл Эскабаронинг оғзи йиртиқ калишдек очилиб қолди. – Ҳазил, – дедим кулиб.
-Ўзим ҳам ҳазил бўлса керак деб ўйлаган эдим.
-Мани пул-мул қизиқтирмайди. Бошқача шарт қўяман.
-Хўп.
-Манга собиқ иттифоқда 1961 йили Сиккахонада зарб этилган миллион дона бир тийинлик чақа тўплаб берасизлар, ҳайми?
-Шошманг, – деб чамалаб кўрди меҳмон. – Миллион дона бир тийинлик ўрнига бирйўла Ленин бобо расми бор қизил ўн сўмликдан минг дона бериб қўя қолсак бўлмайдими?
-Йўқ, бўлмайди. Айнан миллион дона бир тийинлик тўплаб берсангиз, бўпти, шартномага имзо қўяман. Акс ҳолда, биз келиша олмаймиз. Сиккахона десам,   хаёлингизга бошқа нарса келмасин. Пул ишлаб чиқариладиган корхона Хоразмда “Сиккахона” дейилган.
Корпорация агентини ўй босиб қолди.
-Китоб қанақа мавзуда бўлади? Номи нима? – деб сўради.
-Номи “Учинчи жаҳон урушидан кейин юксак маънавиятли комил инсонларнинг бахтли ўтмиши тўғрисида трактат-рисола” деб аталади. Қанақа мавзуда эканини китоб номи айтиб турибди. Ёки изоҳ берайми?
-Изоҳга ҳожат йўқ, – деди агент Эскабаро.
Тилмочга имо қилган эдим, у испан, ўзбек, инглиз тилида ҳозирлаб қўйилган ўн икки моддадан иборат шартномани Эскабаронинг олдига қўйди. У шартнома моддалари билан эринмасдан танишди. Имзо чекиш учун стол устида турган ручкани қўлига олди. Костюмининг чўнтагидан тўрт букланган қоғоз чиқариб манга узатди. Қоғозни очиб қарасам, Мирзачўлдаги водхоз бошлиғини ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғимни вақтинча бекор қилиш тўғрисида янги буйруқ лойиҳаси экан. Кўзойнагимни ечиб Эскабарога тикилиб қолдим.
-Нима қилай? – дедим.
-Лойиҳа устига “қарши эмасман” деб резолюция қўйиб берсангиз бас, у ёғини Вазирлар Маҳкамасида тўғрилашади.
-Яхши, лекин аввал сиз шартномага имзо чекинг, – дедим.
-Одобсизлик бўлмасин, олдин ўзингиз имзо чекинг, – деди агент тиржайиб.
Мийиғимда кулиб бош чайқадим.
-Калбош ўз одамини сақлаб қолиш учун Гарсиа Маркесга ҳам йўл топибди-да! – деб пичинг қилдим. Лойиҳа устига резолюция ёзиб имзо чекдим. Тилмоч қоғозни олиб Эскабарога узатди.
Эскабаро лойиҳа устидаги резолюцияни ўқиб қониқиш ҳосил қилди ва шартномага имзо чекди. Сўнг ман ҳам шартномага қўл қўйдим. Шартноманинг бир нусхаси манда қолди, бир нусхасини Эскабаро олиб сўмкасига жойлади. Буйруқ нусхасини ҳам сўмкасига солиб, кетиш учун изн сўради.
Биз самимий хайр-хўшлашдик.
Тилмоч меҳмонни кузатиб ташқарига чиқди.
Миллион дона бир тийинлик ҳажман қанча бўлар экан деб ўйладим. Энг камида бир сандиқ бўлса керак. Балки, ҳозирдан Мирзакарим қутидорга буюртма бериб қўйганим маъқулдир?..
Мабодо, СССР қайта тикланиб қолса, невара-чевараларим: “Бобомиз узоқни кўзлаган доҳий бўлган экан!” деб хурсанд бўлса, иншооллоҳ, қабримни бир қимирлатиб қўяман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...