среда, 25 апреля 2018 г.

117. Сувюқмас


Афт-ангоримни ўзгартириб, иягимга соқол ёпиштириб Хорун ар-Рашид қиёфасида шаҳар кезиб юрган чоғларимда тиланчиларга ҳам дуч келаман. Албатта тиланчига хайр-садақа бераман. Лекин ҳаммасига эмас. Дастлаб, мундоқ чамалаб кўраман: хайр-садақага муносибми-йўқми? Ўзи сурбет эмасми? Чиндан ҳам садақага муҳтожми? Садақа беришни лозим топсам орқамдан изма-из келаётган адютантимни имлаб хилватроқ жойга чиқамиз; ундан пул олиб қўйнимни тўлдираман, чўнтакларимга тиқаман. Сўнг ўзим мўлжаллаб қўйган тиланчини излаб топиб садақа бераман. Гоҳида айрим сурбет тиланчилар орқамдан эргашиб бир чақирим жойгача таъқиб этиб боради. Унга бир сўм ҳам бермайман деб аҳд қилиб қўйганимни билмайди.
Бир сўм тугул, ошно, бир тийин ҳам бермайма-ан! Болали хотин бўлсанг ўзингга!
                        Э-э, беттинг кўчсин! – деб қарғаб-қарғаб орқасига қайтади боёқиш.
Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида одамларга мукофот бераман. Август ойининг иккинчи ярмида зиёлилар даврасида жонланиш содир бўлади: қани кўрайлик-чи, ким нима олар экан?..
Ўн беш йил олдин ман ёзган китобларни халқ онгига сингдирадиган “Руҳоният” тарғибот маркази барпо этган эдим. Марказ қошида ҳар ҳафтада бир марта чиқадиган ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий жарида таъсис этилди. Унга йўриғимга йўрғалайдиган ҳисоралик Жонсарак Мирзони Бош муҳаррир этиб тайинладим. Буюртма бўйича Боймирза Ҳайит билан Вали Қаюмхонга қарши мақола ёздириб кўрдим. Яхши ёзди. Шу қадар яхши ёздики, ҳатто Боймирза Ҳайитга ҳам маъқул бўлади. Мақола муаллифи кейинчалик Мюнхенда Боймирза бобо билан учрашади. “Ман сиздан хафа эмасман, фақат собиқ коммунист қандай қилиб мустақил Юртменистонга беталофат раҳбарлик қилиши мумкинлигига Сиз каби қатъиян ишона олмайман, бу борада кўнглимда катта иштибоҳ бор”, дейди ярамас чол.
Жонсарак хурсанд бўлсин деб унга “Юртменистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини бердим. Бу унвон унга камлик қипти; алкаш шоир имзо чеккан тавсияномани ҳар йили ҳузуримга киритади. Учинчи марта тўлдирилган тавсияномага дуч келдиму Пароканд Мирзога: “Бўпти, Жонсаракка айт, мустақиллик меъморини мақтаб “Товушқонлар товуши”га бир саҳифа мақола ёзиб берсин. Ўшандан кейин унга Халқ ёзувчиси унвонини бермаган ҳам номард!” дедим. Фармонга имзо чекиладиган кунгача “Товушқонлар товуши”ни кузатиб бордим. Билардимки, агар Жонсарак буюртма бўйича астойдил мақола ёзса, кифтини келтиради – ҳаммани қойил қолдиради. У анави Шалтоқ шоирга ўхшаб бир қозон сўз бўтқасини саҳифага чаплаб ташламайди. Аксинча, заргар мисоли ҳар бир сўзни жой-жойига ўрнаштириб чиқади. Фармонга имзо чекиладиган куни Парокандни чақириб: “Жонсаракнинг мақоласи қачон эълон қилинади?” деб сўрадим. Жавоб бериш ўрнига Пароканд мўйловининг бир учини ямлаб индамай тураверди.
Гапир, нега индамайсан?
Айтсам – тилим, айтмасам – дилим куяди.
– Айт, бир қошиқ қонингдан кечдим.
– Жариданинг ҳар сонида эълон қилинаётган материалларнинг саксон фоизи мустақиллик меъморини улуғлашга бағишланади. Жаридага ман имзо чекаман. Демак, ўша материаллар ҳаммуаллифи ман бўламан. Яна қанақа мақола ёзишим керак? Ойимсупурги раҳбарлик қиладиган деворий газетага бир сатр ҳам мақола ёзмайман. Майли, “Товушқонлар товуши”га бошқа номусли бирор киши раҳбар этиб тайинлансин, ундан кейин ҳамкорлик тўғрисида ўйлаб кўраман... – деди.
Айнан шундай дедими?
Ҳа, айнан шундай деди.
Унвон керак эмасмикан?
Керак деяпти. Агар шу унвонни олсам, ҳеч бўлмаса, қудаларим хурсанд бўларди, дейди, ўзимга қолса, эртага дўст-душман олдида ўсал бўлмаслик учун ўша зармондани олмаган бўлардим, дейди.
Бўпти, – деб жилдтахламни Парокандга қайтариб бердим, – сейфингда тура турсин. Унвон керак бўлмаса, нима учун эшикма-эшик юриб еттита идорадан, еттита оқсоқолдан тавсиянома тўплаган? Ҳатто марҳум Ғойиб Аҳмаддан ҳам тавсиянома ёздириб қолган экан-ку! Қиз-зиқ...
Пароканд жилдтахламни қўлтиғига қисиб индамай хонадан чиқиб кетди.
Шундан кейин сичқон-мушук ўйини бошланди. Мана, етти йилдирки, Ёзувчилар уюшмасидан унвонга тавсия этилган адиблар рўйхатининг бошида албатта Жонсарак Мирзонинг шахсий делоси туради. Ман энди ҳеч нарса демай жилдтахламни четга суриб қўяман. Агар бирор гап айтсам, гапимни Жонсарак албатта эшитади. Пароканд чақимчилик қилмаса, деворнинг ҳам қулоғи бор. Шу боис лом-мим демайман. Индамасам юраги торс ёрилгудек бўлишини биламан.
Кейинги йилларда Жонсарак Мирзо янги ҳунар ўйлаб топди: жаридасининг муқаддимасида “Бош муҳаррир минбари” деган рукн таъсис этиб, ўзи босим жажжи памфлет ёзадиган бўлди. Памфлетда жўяли гаплар айтилади ва албатта манинг томорқамга бир-иккита майда кесак ҳам отиб қўяди. Одамлар жариданинг ўша памфлетларини қўлма-қўл ўқийдиган бўлди, нусха кўчириб кўпайтириб олишади. Ростини айтсам, Жонсаракнинг памфлетлари ўзимга ҳам ёқар эди. Ўқиб мазза қилардим. Аммо одамлар нима дейди? Устимдан кулмайдими одамлар?
Парокандга ишора қилдим: ё памфлет ёзишни бас қилсин, ёки дамини олсин!
Памфлет ёзишни бас қилди. Ўйлагандимки, Жонсарак шартаки йигит, бор-э, деб ўзи ташкил қилиб, ўн беш йилдан буён бошқараётган жаридани ташлаб кетади. Ташлаб кетса, қойил қолардим. Эҳтимол, байрам келишини кутиб ўтирмасдан махсус фармонга имзо чекиб уни Халқ ёзувчиси унвони билан сарафроз этардим. Қаёқда! Мансаб ширин экан. Фақат хизмат машинасидан, ҳукумат касалхонасидан айрилиб қолишдан қўрқдимикан? Одамларнинг назаридан қоламан деб ўйладими? Билмадим. Йўқ, билмадим десам, ёлғон гапирган бўламан: у ўн беш йил давомида меҳнати сингган, кўзининг нурини берган жаридани ташлаб кетишни хаёлига келтира олмайди. Ман ҳам ўзим мустақиллигини эълон қилиб, йўқ жойдан барпо этганим мамлакатни валиаҳдимга ташлаб кетишни ўйлай бошласам, тонглар отиб кетади, кунлар кеч бўлади.
Пароканд, сани Жонсаракнинг ўрнига юборайми? – дедим бир куни.
Эплолмасам керак, – деди ерга қараб.
– Нега эплолмайсан?
– Авторлар контингенти манинг дидимга тўғри келмайди, улар билан тил топиша олмайман. Авторлар контингенти йўқотилса, жариданинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетади.
– Тўғри айтасан. Майли, Жонсаракнинг ўзи ишлайверсин, жарида унга боласидек азиз бўлиб қолган. Фақат қайсарлик қилишни қўйса, нур алан нур бўларди.
– Қайсарлигини қўймайди, – деди Пароканд.
– Унинг қайсарлиги қаҳрамонлик эмас. У сувюқмас йигит.
                         Ҳм-м... – деб қўйди Пароканд.
Ман ўша оқшом Абдулла Қаҳҳорнинг “ён дафтари” билан танишган эдим. У Шароф Рашидов тўғрисида: “Ўзини зўр ёзувчи ҳисоблайди, ўз оғзи билан эмас, лаганбардорлари оғзи билан мақтанади”, деб ёзади. Жонсарак эса лаганбардорлар оғзи билан мани мақтайди, албатта у ҳам ўзини зўр ёзувчи ҳисобласа керак.
Хоҳ ўзининг, хоҳ бировнинг оғзи билан лаганбардорлик қиладиган одам асло зўр ёзувчи бўла олмайди. Ёзувчининг зўрлиги фақат унинг ҳалоллиги билан белгиланмайди, асосий мезон – шижоат!
“Агар сен ҳақиқатни айтгани амалингдан қўрқсанг, ёш жоним бор десанг, қўй, ман гапирай, манинг амалим йўқ, ёшим ҳам бир жойга бориб қолган. Сен тескари қараб тургин, ман айтай!” (Абдулла Қаҳҳор)

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...