понедельник, 30 апреля 2018 г.

Якунча

Шу азиз ватан барчамизники.
Унинг истиқболи, фаровон келажаги
 учун яшаш ҳар бир инсон учун катта бахтдир.
               И. А. Юртменбоши

Мана шу шиор чорак аср Юртменистонда кўп қаватли биноларнинг пештоқларини безаб турди, катта-кичик мажлисларда минг-ўн минг бора такрорланди. Юртменбоши ўзи ҳам ўша шиорини такрорлашни яхши кўрарди. Битта гапда икки марта келган “учун” кўмакчиси  ўрис тилидаги “за” ва “для” сўзларининг таржимаси эди. Бу ҳол ўзбек тили қоидаларига зид бўлиб, Юртменбоши умрининг охиригача ўрисча ўйлаб, ўзбекча сўзлаганига далилдир. Нутқларини ҳам ўрисча матнда тайёрлаб оларди, сўнг уни Пароканд Мирзо ёки Яхшибой Ошно (Қаламкаш) кифтини келтириб ўзбекчага ўгириб, жой-жойига иқтибослар киритиб берарди. Демак, Юртменбоши сўзда ўзбекка ўхшаса-да, ҳеч қачон ўзбек бўлмаган.
***
Давлат тўнтариши рўй бергач, орадан олти ой ўтмасидан узоқ йиллар арақ заводи директорининг уйида ижарада туриб мўмин-мусулмонларни бошқариб келган Муфти Дода телевизорга чиқиб: “Собиқ Юртменбошига нариги дунёда жаннат ёки дўзах нари турсин, ҳатто аросатдан ҳам жой топилмаса керак”, деб каромат қилади.
Айрим мусулмонлар эндиликда ўзининг данғиллама уйида яшаётган Муфти Доданинг сўзларини эшитиб ёқасини ушлайди: “Нима демоқчи бўляпти? Кечагина соясига салом берарди-ку! Нариги дунёда жаннат, дўзах ва аросатдан бошқа яна қандай макон бор экан?!” деб бир-бирига меровсираб қарайди. “Билмасам”, деб елка қисади ақли шошиб қолган одамлар.
Кўпнинг билмаган нарсасини биз ҳам билмаймиз, аммо, Оллоҳ билгувчидир, У ҳаммасини кўриб, билиб турибди, деймиз ва... Юртменбошининг хотира дафтари мутолаасини якунлаймиз.
Вассалом.
 Лойиҳа муаллифи Н. Б.

169. Завол


Дастлабки уч-тўрт кун жуда нотинч бўлди. Биз билан савол-жавоб қиладиган ҳар хил тоифадаги гўрсўхталар кўпайиб кетди. Кейин улар ўз-ўзидан келмай қолди. Чол-кампир янги ҳаётга кўника бошладик.
– Хўжайин, ишқилиб, бизни Россия-поссияга чиқариб юбормасмикан? – деб сўради Рафиқа.
– Чиқариб юборса нима бўпти?
– Алина Кабаева билан унчалик гапимиз гапимизга қовушмайди.
-Сан Алина Кабаевани қаердан танийсан?
– Нега танимас эканман, хўжайин! У ахир Жаҳонгир Йўлчиев билан бир неча марта бизникида меҳмон бўлди-ку!
– Шунақами?
– Бўлмасам-чи! Ёш нарса экан, нуқул ресторанма-ресторан юради, чарчаш нималигини билмайди. Ман унга бас келолмайман.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, хотин, агар чет элга чиқариб юборишса, АҚШга кетамиз. Ҳиллари билан жуда сирдош бўп қолгансан, шекилли.
– Ҳиллари яхши хотин, бир қоп ёнғоққа ўхшайди. Ичида гап сақламайди, бирпасда сир-асрорини дастурхон қилади. Моника исмли суюқоёқ билан илакишиб қолган эрининг башарасига тарсаки тортиб юборганини ҳам, эрига ўчакишиб ўзи ҳам дурагай битта йигит билан икки ой севишиб юрганини ҳам оқизмай-томизмай гапириб берган.
– Ҳозир у уй бекаси эмас, АҚШда собиқ иккинчи шахс ҳисобланади.
– Майли. Барибир хотинларнинг ўзлари гаплашадиган гаплари бўлади.
Индамадим.
Кун бўйи адютантдан эсдалик бўлиб қолган радиочани эшитиб ётаман. “Машъал” радиоси мумтоз куй-қўшиқларни энди фақат тонг саҳарда эфирга узатади. Одамни эзиб юборади: “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига қандай чидай олган экан одамзот!”
Ҳар шабе рўзею ҳар рўз заволе дорад,
Шаби васли ману маъшуқи маро охир нест.
Ҳамма нарсанинг охири бор, поёни бор, интиҳоси бор. Қуёш ҳам заволга қараб кетса, ҳадемай ботади. Бироқ, одамзот қачон заволи келишини билмас экан. Айниқса, чорак аср отда юрган одам уфқдан ҳам бир сакраб ўтиб кетаман деб ишониб қолар экан. Уфқдан бир сакраб ўтиб олсам, нариги тарафда қуёш чарақлаб энди уфқдан бош кўтараётган бўлади. Заволга бемалол чап бериш мумкин. Заволни орқада қолдириш мумкин. Фақат бир сакраб уфқдан ўтиб олинса бас, уёғи абадиятга, мангуликка уланиб кетади.
Ҳар шабе рўзею ҳар рўз заволе дорад...
Саъдий бобо заволдан сўнг яна тонг отишига орқа ўгириб, маъшуқасини маҳкамроқ бағрига босади. Дунёни сув босса, бобойнинг тўпиғига чиқмайди.
Бу оламдан қандай буюк зотлар ўтган-а!
Ўзим билан ўзим муноқаша қилиб ётаверсам, ҳали-бери ГКЧП аъзолари бир тўхтамга келадиганга ўхшамайди. Балки Йўлчиевдан махсус кўрсатма келишини кутишаётгандир, балки АҚШ ҳукумати уларга босим ўтказаётгандир. Ким билсин.
Бир кеча Рафиқа билан гапни бир жойга қўйдик. Бизни ҳар куни янги аскарлар қўриқлар эди. Улар бизни яхши танимайди, фақат биттамиз собиқ Роҳбару бошқамиз Роҳбарнинг завжаси эканимизни билишади, холос. Хуллас, тун бўйи хотин қиёфасига кириб чиқдим. Бошимга ясама соч турмакланди, ясама киприк тақдим, лабимни қизартириб помадага бўядим, соқолимни қиртишлаб олдим, хотинимнинг атир-упасидан уст-бошимга беармон пуркадим. Тонг саҳар йиғлаб, ингичка товушда қоровулбегига мурожаат қилдим:
– Зобит болам, кечаси марҳум Валиаҳд тушимга кирди. Ижозат бўлса, ёнимга бирорта аскар қўшиб берасизми ёки ўзимга ишонсангиз, ўзимни қўйиб юборасизми, бошлиқларингиз билан маслаҳатлашасизми, ишқилиб, ман Шимолий вокзал ёнидаги насронийлар ибодатхонасига бориб уч-тўртта шам ёқиб марҳум руҳини шод этиб қайтсам деган эдим. Ахир сиз ҳам одам фарзанди бўлсангиз, бадбахт онаизор адои тамом бўлганини тушунасиз. Илтимос, рухсат беринг. Ҳар ҳолда хўжайинларга ман эмас, Юртменбоши керак бўлса керак. Ана, у уйда ётибди.
– Бўпти, бирпас сабр қилинг, опоқи, – деб қоровулбеги Қароргоҳнинг Қибрай дарвозасидан битта ўзимни чиқариб юборишга рози бўлди. – Фақат пешингача қайтиб келинг, чунки биз пешинда постни топширамиз. Ҳайми, опоқи?
– Ҳай, – деб Қароргоҳдан жуфтакни ростладим.
Қаранг, вақти келиб Қароргоҳ ман учун қамоқхона бўлади деб асло ўйламаган эдим. Шу тобда гўё қамоқхонадан озод бўлгандек ўзимни енгил ҳис этардим.
Трактор заводи яқинидаги бекатга бориб битта йўловчи енгил машинани тўхтатиб: “Чилонзорга неча сўмга элтиб қўясиз?” деб сўрадим. “Опа, Чилонзорнинг қаерига борасиз?” деб сўради ҳайдовчи. “Хирмонтепага”. “ДОСААФ-Автомактаб ёнигами?” “Ҳа, балли, болам”. “Беш минг берасиз, йўлда одам олмасдан бирпасда манзилингизга обориб қўяман”. Рози бўлдим.
Чеҳрагул билан Қаламкаш яшайдиган кўп қаватли иморат атрофида бир соатча айланиб юрдим. Истиҳборат чақимчилари изғиб юрмаганига ишонч ҳосил қилиб, учинчи қаватга кўтарилиб таниш эшик қўнғироғини жиринглатдим. Йўлакда шип-шип қадам товуши эшитилди. Эшикни Қаламкашнинг ўзи очиб:
                         Келинг, опа, сизга ким керак? – деб сўради. У афт-башарамга синчиклаб тикилиб, бирдан таниб қолди. – Тезроқ киринг ичкарига, – деб ўзини четга олди.
Қучоқлашиб кўришдик.
                        Ким келди? – деган Чеҳрагулнинг товуши қулоққа чалинди.
– Овқатни тезлаштиринг, хоним, меҳмон келди!
Олдига фартук тақиб олган Чеҳрагул меҳмонхонага кириб ман билан кучоқлашиб кўришмоқчи бўлиб қучоғини очди-ю, бирдан орқасига тисарилиб:
– Ие, сизмисиз! – деди.
Ман Чеҳрагулнинг пешанасидан ўпиб қўйдим.
– Омонгул яхшими, қизим?
– Раҳмат, ота, яхши юрибди. – Чеҳрагул ҳамон каловланиб турарди.
– Бўпти, сиз овқатни тезлаштиринг, хоним.
Чеҳрагул меҳмонхонани тарк этди. Ортидан оғзим очилиб қараб қолдим: кўзларида қора кўзойнак йўқ эди, кўзлари қуралай экан. Тавба, Иноят Махсум нима учун манга Чеҳрагулнинг ясама суратини кўрсатган экан? У Чеҳрагулни Дажжолга ўхшатиб, мани Қаламкашдан совутмоқчи бўладими? Ярамас-эй, ҳатто Омонгулни ҳам ёлғон гапиришга мажбур қилган экан-да!..
– Манави омонатларни сизга қолдираман, – деб қорнимга боғлаб олганим иккита тўқсон олти варақлик “умумий дафтар”ни чиқариб Қаламкашга топширдим.
– Нима булар?
– Хотира дафтарларим. Кундалик деса ҳам бўлади.
– Кундаликми? – деб Қаламкаш Биринчи дафтарни варақлаб кўриб: – Кимдир қалам уриб таҳрир ҳам қилган, шекилли, – деди.
– Ҳа, Пароканд Мирзо пешма-пеш таҳрир қилиб борарди. Кейинги қайдларим бетаҳрир. У ҳам ГКЧП аъзоси бўлганидан хабарингиз бўлса керак.
– Хабарим бор, – деди Қаламкаш дафтар саҳифаларини кўздан кечириб. – Бу кундалик эълон қилинса, Дода, жуда зўр шов-шув бўлади. Кўплаб чет тилларга таржима қилинса ҳам ажаб эмас. Машҳур бўп кетасиз.
– Қўйсангиз-чи!
– Рост айтяпман.
– Олдин ман бехавотир жой топишим лозим, – дедим. – Агар шу бугун оқшом бўлмаса, тонг саҳарда уйингизни Истиҳборат ходимлари босади. Ҳозирча улар ман Қароргоҳдан чиқиб кетганимни билмайди.
– Янгийўлга элтиб қўяйми? – деди Қаламкаш. – Ойижон сизни сотмайди.
– Раҳмат. Лекин у ерга ҳам анавилар боради. Бошқа иш қиламиз, – деб мўлжалимни гапириб бердим.
– Яхши режа тузибсиз, – деди Қаламкаш. – Кейин элчихона машинасида бемалол чегарадан чиқиб кетиш мумкин. Элчихона машиналари текширилмайди.
Тамадди қилдик. Сўнг Қаламкашга Туркманистон элчихонасига топширадиган ариза қораламасини кўрсатдим.
“Эгаманли Туркманистон Президентига арзи ҳол
Жаноб Президент!
Ман истеъфога чиқсам кўҳна Урганчда мангу ором олаётган шаҳидлар шоҳи шайх Нажмиддин Кубро мозорида журобкаш-фаррош бўламан деган ниятни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Тошҳовуздаги тарихий учрашув чоғида ҳам ўзингизга бу ҳақда ҳазил аралаш айтганман. Эсингизда бўлса, жаноб Президент, сўнгги темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро ҳам бир умр Нажмиддин Кубро мозорида журобкаш бўлишни орзу қилиб ўлиб кетган. Темурий подшоҳ етолмаган орзуга ман етсам, жаноб Президент, фақат сиз туфайли етишаман. Бошимга тушган мусибатлардан ўзингиз хабардор бўлсангиз керак. Худойим суйган бандасига бундай синовларни ҳам юборар экан. Начора. Берганда чидаган бандаси олганида ҳам чидаши керак. Ман тақдирга тан бериб, беш кунлик умримни улуғ зот мозорини супуриб-сидириб, истиғфор қилиб Ҳаққа қовушсам дейман. Минг ойлик умрим шомини шайх Нажмиддин Кубро хонақосида кутиб олсам, армоним қолмасди.
Биродарлик марҳаматини дариғ тутмагайсиз деган илинж билан имзо чекдим (имзо).
Ассалому алайкум.
Зулҳижжанинг ўнинчи куни”.
– Бўлади, – деди Қаламкаш арзи ҳолга кўз югуртириб. – Таҳрирга ҳожат йўқ. Ҳар эҳтимолга қарши Интернет-почта орқали мактубнинг бир нусхасини Сердорга жўнатиб қўйсам, нима дейсиз?
– Раҳмат дейман, Дўст, кам бўлманг! Ишқилиб, ортиқча хизмат сизга малол келмаса бас, – дедим.
– Асло малол келмайди. Сиз бирпас чой-пой ичиб ўтиринг, ман ҳозир матнни компьютерда кўчириб, электрон почтадан Ишқободга жўнатиб чиқаман.
– Янги туркманбошининг почтаси борми?
– Бор, бор, – деб кулимсираб хонадан чиқди Қаламкаш. – Интернетдан ҳамма нарсани топса бўлади.
Қаламкаш компьютер қўйилган ижодхонасида ярим соат чамаси ушланиб қолди.
Шу ўтган вақт мобайнида “Хотира дафтарим”нинг охирги варақларини кўздан кечириб, айрим қайдномаларни қоғозга тушириб қўйдим.
Дарвоқе, эски туркманбошига: “Нажмиддин Кубро мозорини бизга берсангиз, Сапармурод, биз уни туристлар зиёрат қиладиган қадамжолар рўйхатига илдириб қўярдик”, деган эдим. Ўшанда ғундак: “Бўпти, бераман, эвазига манга Хива шаҳрини берасиз”, деб жавоб берган эди. Ман кулиб қўйганман. Бу ҳақда бошқа гап очилмаган. Ҳойнаҳой, янги туркманбоши илгари эски туркманбоши билан ўртамизда бўлиб ўтган гап-сўздан бехабар бўлса керак. Қолаверса, ман энди Нажмиддин Кубро мозорини батамом хусусийлаштириб олмоқчи эмасман, фақат улуғ зотнинг хоки пойида ўлмоқчиман. Ўлигим кўчада қолса ҳам ўзим жаннатга тушсам бас.
Қаламкаш бир парча арзи ҳолимга илова қилиб яна бир варақни кўтариб чиқди. Унга кўз югуртирдим: бу ҳазрат Навоийнинг “Насоим ул-муҳаббат” асаридан икки парча иқтибос эди.
1.   “Шайх Нажмиддин Кубро – қуниятлари Абдулжаноб ва отлари Аҳмад ибни Умар Хевақий ва лақаблари Кубро ва дебтурларки, аларға Кубро андин лақаб бўлдики, йигитлик овонидаки, зоҳир илми таҳсилиға машғул эмишлар, ҳар ким билаким, мунозара ва мубоҳаса қилсалар эрмиш – ул киши ғолиб бўлурлар эрмиш. Ва аларни Шайх Валитарош дебтурлар. Анинг учунки, важду ҳол ғалаботида муборак назарлари ҳар кимга тушса, валоят мартабасиға етар эрмиш”.
2.   “Чун тотор куффори Хоразмға етибтур. Ҳазрати шайх асҳобини йиғиб амр қилибтурларким, вилоятларингизға боринг. Алар ул ҳазратнинг амри била ўз вилоятлариға борибтурлар. Асҳобдин баъзики ҳазрати Шайхқа дағи чиқар илтимос қилибтурлар. Шайх дебтурларки, биз бу куффор илкида шаҳид бўлурбиз. Асҳоб тарқағондин сўнграким, куффор Хоразмға кирибтур. Ҳазрати Шайх қолғон асҳоб била чиқиб ғазвға машғул бўлубтурлар, то шаҳодат шарбатин тотибтур. Дерларки, шаҳодат вақтида бир кофирнинг парчамин тутқон эрмишлар. Андоқки, шаҳодатдин сўнгра ўн киши ойира олмайдур ва ул парчамни кесиб ойирдилар ва баъзи дебтурларки, ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий ғазалиётида ишорат бу қиссаға ва ўз интисобини ҳазрати Шайхқа қилиб дебтурки,
Ш е ъ р
Мо аз он муҳташамонем, ки соғар гиранд,
На аз он муфлисон, ки бузи лоғар гиранд,
Ба яке даст ман холиси имон нўшанд,
Ба яке дасти дигар парчами кофир гиранд.
 Ҳазрати Шайхқа муридлар кўп эрди, аммо алардин нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо ва фарзона эрдилар. Баъзи дебтурларки, Мавлоно Баҳоуддин Валадки, ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румийнинг волиди бўлғай ҳам алардиндур”.
Шаҳид бўлган вақти ҳижрий 618 йилда. Милодий 1221 йилда мўғул-тотор босқинчилари Хоразм давлатининг пойтахти бўлмиш кўҳна Урганч шаҳрини ишғол қилади. Тенгсиз жангда шаҳид бўлган чоғида ҳазрат Нажмиддин Кубро етмиш беш яшар чол эди.
Ўҳ-ҳў, тенгдош бўлган эканмиз-ку!.. Ман бўлсам, жоним ширинлик қилиб, хотинлар кийимига бурканиб, қиёфамга ҳам хотинча тус бериб мухолифларимдан қочиб юрибман... Агар мухолифларим ҳам мўғул-тоторлардек мард бўлсайди, уларнинг Чингизхондек қўмондони бўлсайди, ҳеч иккиланмасдан ёв устига ташланиб шаҳидлик шаробини ичган бўлардим. Бачкана ёв қўлида ўлишни ўзимга эп кўрмайман. Ундан кўра Нажмиддин Кубро мозорида журобкаш-фаррош бўлиб, соқолимни ўстириб юрганим минг марта афзал!
Хуллас, Қаламкаш арзи ҳолимга “Насоим ул-муҳаббат”дан икки парчани илова қилиб Ишқободдаги Феруза қароргоҳига жўнатди. Ман ҳозир Истиҳборат айғоқчиларининг диққатини тортмаслик учун хотинча қиёфамни ўзгартирмасдан ёлғиз ўзим кўчага чиқиб Туркманистон элчихонасига йўл оламан.
Шукр, ки ин нусха ба унвон расид,
Пештар аз марг ба поён расид.
Яъни, шукрким, ушбу қўлёзмани ўлмай туриб поёнига етказдим.
Анави касофат-кофирлар қўлида шарманда бўлиб ўлиб кетгандан кўра, бедарак йўқолганим минг марта афзал кўринади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида жуда кўп азамат аскарлар ҳам бедарак йўқолган. Отам марҳум ҳам уруш пайтида бедарак йўқолиб кетган; мишмишларга қараганда, “Туркистон легиони”да сидқидилдан хизмат қилган эмиш. Яна ким билсин. Отамнинг тақдири билан ҳеч қачон астойдил қизиқмаганман. Кавлаштирсам, шўро мафкурасига мос келмайдиган унсурлар чиқиб қолишидан ўлгудек қўрқар эдим. Агар падарим ростдан ҳам “Туркистон легиони”да хизмат қилган бўлса, энг камида Вали Қаюмхоннинг ўринбосари даражасига кўтарилган бўлиши керак. Юқорига қараб мунтазам интилиш қобилияти манга отамдан ўтган бўлса ажаб эмас.
Вассалом.
Иккинчи дафтар тўлмай якунланган.
* * *
Юртменбоши Хирмонтепадан Туркманистон элчихонаси тарафга кетгач, уни ҳеч ким бошқа кўрмайди. Қаламкаш билан Чеҳрагул хобхона деразаси ёнида бир-бирини қучоқлаб турган кўйи Юртменбоши битта енгил машинани тўхтатиб, унга ўтириб жўнаб кетганини зимдан кузатиб қолган.
Эртаси куни Қаламкаш Вақтли ҳукумат томонидан қамоққа олинади. Референдум ўтгунча у қамоқда сақланади. Сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган Пароканд Мирзонинг махсус кўрсатмаси асосида Ички ишлар вазирлигининг подвал-зиндонидан озод этилади. Қаламкаш “эркин ижодкор” сифатида Чеҳрагул билан камтарин ҳаёт кечира бошлайди. Омонгул Янгийўл депарасининг Шўралисой қишлоғига кўчиб ўтиб, Ҳамроқул Асқарқулов деган эски раисга тўртинчи хотин бўлиб эрга тегиб олади.
Қаламкаш юриб-юриб Чеҳрагул билан келишган ҳолда Москвага бориб “Бадиий адабиёт” нашриётининг ижрочи директори Г. Пряхинга учрашади. Унга Юртменбошининг хотира дафтарини кўрсатади. Пряхин қўлёзмани эски ошноси Темур Пўлатовга тақризга беради. Т. Пўлатов қўлёзмани ўқиб ўзини қўярга жой тополмай қолади ва тўхтовсиз равишда ўрис тилига таржима қилишга киришади. “Хотира дафтари”нинг ўрисча қўлёзмасидан олмон, инглиз, испан, иврит тилларига ҳам таржима қилинади. Хотира китоб бирваракайига еттита тилда нашр этилади.
Ноширлар китобга хотира эгаси қўйган “Шу азиз ватан барчамизники” деган сарлавҳани инобатга олмай негадир “Золимнинг заволи” (Нобел олган Гарсиа Маркеснинг шоҳасари “Мустабиднинг кузи” романига тақлидан) деб ном қўяди. Ёв қочса, ботир кўпаяр экан. Начора.
Юртменбошининг хотираномаси эълон қилингач, Қаламкаш учун Юртменистон дарвозаси тақатақ ёпилади. Сабаби ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Китобда айрим раҳбарлар ҳезалак этиб кўрсатилган. Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама, дейдилар.
Байт:
           Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали,
Кўзгудек қилди сени ўзини пайдо қилғали.
Шундай ўлмас байт айтиб кетган мавлоно Лутфий бобомизни худо раҳматига олган бўлсин! Омин.

168а. Садриддин Фучик


            Ниҳоят, енгил нафас олдим.
            Юртменбоши сайлови эълон қилингач, миллий матбуот демократия тантанаси тўғрисида бутун дунёга жар сола бошлади. Ташвиқот учун мисли кўрилмаган маблағ сарфланди. Хориждан сотқин журналистлар, кузатувчилар таклиф этилди. Энг муҳими, АҚШнинг давлат департаменти: “Юртменбоши сайлови – Юртменистоннинг ички ишидир, Барак Обама ҳозир Украина – Россия можароси билан шуғулланяпти, шундай қалтис вазиятда Юртменбошини бездириб қўйишни истамайди”, деб баёнот берди.
            “Озодлик” радиоси жойлашган Прага шаҳридан Юлиус Фучикнинг невараси Садриддин Фучик “Чехия овози” газетасининг махсус мухбири гувоҳномаси билан Юртменистонда бир ойдан буён бемалол кезиб юрибди. Садриддин коммунист бобосининг “Дор остидаги сўз” китобини ўзбек тилида қайта нашр этиш учун нуфузли нашриёт билан қимматбаҳо шартнома ҳам тузди, маълум миқдорда қалам ҳақи олди. Маҳаллий матбуотда Юртменистонда демократия узил-кесил тантана қилгани ҳақида мақолалар эълон қилди, ҳатто Наврўз тўйхонасига бориб охирги марта Шайхнинг амри маъруфини танглади. Кейин бирдан...
            Иноят Махсум бўздай оқариб, туйқус ҳузуримга кириб келди.
            – Ҳа, тинчликми, бўрдоқи? – дедим пинак бузмай.
            – Ҳозирча тинчлик, хўжам, лекин иш чатоқ, – деди у калавасини йўқотиб.
            – Бу нима деганинг? – деб кулдим.
            Иноят Махсум олазарак бўлиб атрофга назар солди, гилам устида оёқ учида юриб ёнимга келди, қўлтиғидаги қора папкани тап этказиб стол устига ташлади. Сўнг қулоғимга аста пичирлади:
            – Прагада “Чехия овози” номли газета йўқ экан, коммунистик партия аллақачон тарқатиб юборилган. Лекин Тожикистонда униси ҳам, буниси ҳам фаолият кўрсатяпти...
            – Гапни мухтасар кунед, манга Кўҳистон такасини эслатмагин. Хўш?
            – Садриддин Фучик, аслида, “Озодлик” радиосининг ходими экан! – деди Иноят Махсум кўзларини ола-кула қилиб. – Агар биз уни фош қилиб қўйсак, Юртменистон – АҚШ дўстлигига путур етмасмикан?
            – Нима-нима?
            – Нега боядан бери қулоғимга пичирлаяпсан?
            – Хўжам, деворнинг ҳам қулоғи бор, – деб икки қадам олға ташлади.
            – Сен қайдан биласан? – дедим. – Деворнинг қулоғи билан ишинг бўлмасин, ҳайми?
            – Ҳай. “Озодлик”ка ўзимиз ишга қожлаштириб қўйган Охунбобо Кетмоновдан шифрали СМС олдим.
            – Қайси Кетмоновдан? Анави муқобил номзодга Охунбобонинг қандай алоқаси бор?
            Иноят Махсум энгашиб қулоғимга пичирлади:
            – Узр, хўжам, сизга сирли маълумотни ҳозир очиқ айтолмайман.
            – Нима-нима! – деб ўрнимдан сапчиб турдим-да, Иноят Махсумнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим.
            Сўнг бошим айланиб, кўз олдим қоронғилашиб кетди. Юрагимни чангаллаб букчайиб қолдим.
            Иноят Махсум қўлтиғимдан олиб жойимга аста ўтқазиб қўйди.
            – Хўжам, ёшингиз саксонга яқинлашиб қолди, энди қалтис ҳаракат қилиш ярамайди. Тунов куни Бош вазирнинг кетига тепаман деб ҳушингиздан кетиб қолганингизни ҳамон бутун дунё радиоси дўмбира қиляпти. Ҳеч бўлмаса, ўша овозалар бости-бости бўлгунча ўзингизни сақлаб туринг.
            – Нима, менга ақл ўргатмоқчимисан, сувка! – деб яна қўлимни илкис кўтарганимни биламан, яна кўз олдим қоронғилашиб кетди.
            – Ўлай агар, мен фақат соғлигингизни ўйлайман, холос, – деб ёқасини ушлади Иноят Махсум.
            – Аҳволим бундай бўлса, байрам куни қандай қилиб “Лазги”га ўйнайман?
            – “Лазги”га ўйнаманг, хўжам, “Тановар”га ўйнанг.
            – Нима учун?
            – “Тановар” оғир-вазмин рақс, қилпангламасангиз ҳам бўлади.
            – Аҳмақ! – дедим. – “Лазги”нинг остида сиёсат борлигини билмайсанми?
            – Қанақа сиёсат?
            – Ахир, “Лазги” абадий душманимнинг кўзини куйдирадиган рақс-ку!
            – Тушунмадим.
            – Йигирма йилдан буён ҳижратда юрган душманим Хоразмнинг “Лазги”сига ўйнаётганимни кўрса, куйиб ўлмайдими?
            – Иншооллоҳ, куйиб ўлади, хўжам.
            – Илойим, куйиб ўлсин! – деб юзимга фотиҳа тортиб қўйдим.
            Иноят Махсум ҳам юзига фотиҳа тортади. Мундоқ қарасам, чап юзида бармоқ изларим қизариб турибди. Мийиғимда кулдим.
            – Хўжам, ҳалиям ударингиз кучли экан, – деди Иноят Махсум ер остидан қараб.
            – Сен нима деб ўйловдинг! Ғайрат қилсам, бир мушт билан ҳар қандай ҳўкизни йиқитаман.
            –Ишонаман, хўжам, ишонаман, – деб қўлини кўксига қўяди.
            Бирпас тин олдим, икки чаккамни уқаладим.
            – Ҳалиям Шайхнинг мозорига мухлислари бориб йиғлаяптими? – деб гапни бошқа томонга бурдим. – Ишқилиб, Кўкчадаги қабристонни оламон теппа-теп қилиб юбормадими?
            – Одамлар ҳамон йиғи-сиғи қиляпти, уларни тўхтатиб бўлмаяпти.
            – Майли, йиғлайверишсин, кўнглини бўшатишсин. Фақат жасадни ёриб кўрамиз деб ғавғо кўтаришмаса бас. Жасад ёриб кўрилса, бўрдоқи, иш чатоқ бўлади. Сиримиз очилиб қолади.
            – Йўқ, бунга йўл қўймаймиз.
            – Йўл қўймагин. Шайх КГБнинг агенти бўлгани тўғрисида яна миш-миш тарқатиш керак. Қайнатасини, қайнонасини, қариндош-урағларини бадном қилгин, кейин ҳаммаси яхши бўлади. Уқдингми?
            – Уқдим, хўжам, уқдим. Ўзимиз ҳам шу йўналишда ишлаяпмиз... Садриддин Фучикни нима қилсак экан?
            – Индама, дайдиб юраверсин. Сайловни тинчгина ўтказиб олайлик, инаугурациядан кейин ҳисоб-китоб қиламиз. Ҳайми?
            – Ҳай.

168. Хиёнат


Москвадаги “Бадиий адабиёт” (Максим Горький асос солган) нашриётининг ижрочи директори Георгий Пряхин Тошкентга келиб, қабул қилишимни кутиб Дўрмон Ижод боғида бир ҳафта ётди. Пароканд орқали қайта-қайта илтимос қилавергач, бир оқшом Қароргоҳга олдирдим. Салом-аликдан сўнг:
– “Жаҳон адабиёти” журналида “Тушларимга кирар Ҳазора” романингиздан парча ўқидим, – дедим. – Гап йўқ, худди ўзбекча ёзилганга ўхшайди.
– Ўзим ўзбекман-ку, дода! – деди Г. Пряхин. – Фақат ўзбек тилини билмайман, ўрислар ичида яшайвериб насроний бўп кетганман.
– Ие, ҳали шунақами?
– Шунақа.
– Қандай қилиб ўзбек боласи насроний бўп қолган?
– Ман ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Юртменистондан Шимолий Кавказга сургун қилинган “кулак-муштумзўр” ўзбек йигит билан битта маҳаллий рус қизининг оиласида дунёга келганман. Отам ўзбек, онам ўрис бўлган.
– Ҳа-а, гап буёқда денг! Мани эски хотиним ҳам ўрислашган яҳудий бўлган.
– Йўқ, манинг онам ғирт ўрис эди, яҳудийларга чатишган жойимиз йўқ.
– Ман шунчаки омади гапни айтдим-да, ошно! Хўш, хизмат, Пароканднинг офтобда қатиқ ялашган жўраси китобингизни нашр этмоқчи эканми? Кўзи тўймас таржимонингиз гонорар камлигидан норози бўлиб жанжал қиптими-ей! Ишқилиб, ҳаммаси бости-бости бўлдимикан? Бости-бости қилиш керак; ман буёқда адабиётга алоҳида эътибор бериб ғамхўрлик қилаётган бир пайтда гонорар масаласи Би-Би-Си-Ми-Би-Сига чиқиб кетса, хунук бўлади.
                         Ман ички ишларингизга аралаша олмайман, узр, – деди Пряхин иягини силаб. – Адабиёт сиёсати нозик масала, буни ўзларинг ҳамжиҳат бўлиб ҳал қилаверинглар.
– Тўғри, бу масалани ҳамжиҳат бўлиб ҳал этиш керак. Мумтоз муаллим, Жонсарак Мирзо каби айрим тажрибали қалам соҳиблари ўзларини четга тортиб чакки қиляпти. Нафақага чиқиб олдик, энди биров бизнинг мушугимизни “пишт!” деб кўрсин-чи, дея ўзларича чучварани хом санашяпти, чоғи. Керак бўлса, қайсар нафақахўрлар ўлса, жаноза ўқилмасин деган фатво чиқариб, халқаро “Робитайи ислом” ташкилоти томонидан тасдиқлатиб қўйишим мумкин. Аммо... Майли, гапни чувалаштирмайлик, қўйинг ўшаларни! Хўш, хизмат?
– Ман ҳузурингизга Темур Пўлатов деган ёзувчингизнинг гуноҳини сўраб келдим, – деди Пряхин дангал.
– Темур Пўлатов қанақа гуноҳ қилган экан? – дедим ўзимни гўлликка солиб.
– Юртменистон халқ ёзувчиси деган унвоним бўлатуриб, гарчанд чорак асрдан буён Москвада муқим истиқомат қилаётган бўлсам-да, бироқ Юртменбошининг оқилона ички ва ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаб бирорта китоб ёзмадим; шундан хижолатдаман, деяпти. Агар ижозат бўлса, Юртменистонга келиб “XX аср доҳийлари” туркумидан бизнинг нашриётимиз чоп этишни режалаштириб қўйган салмоқли китобни Темур Пўлатов ёзиб берса, қандоқ бўлар экан?
-Ҳм-м, – дедим чаккамни қашлаб. – Шунақами? Ман ҳақимда ёзиладиган китоб нашриёт режасига киритилганми?
– Ҳа, киритилган.
– Ўша китобни Темур Пўлатов ёзмоқчими?
                         Ҳа, Темур Пўлатов ёзмоқчи.
– Ахир, биз бир-биримизни яхши билмаймиз-ку! Ҳатто бирор марта учрашмаганмиз, – деб кулдим. – У кишининг китоблари биздан кўра Европада машҳур деб эшитаман. Очиғини айтсам, тошбақа тўғрисидаги битта китобини беш-олти марта ўқишга астойдил чоғландим-у, лекин барибир охирига етказа олмадим. Қандай қилиб шунақа зерикарли китоб ёзиш мумкин-а?! Одамнинг юрагини торс ёриб юборадиган ўша китобни туппа-тузук битта диёнатли, диндор йигит ўзбек тилига эринмасдан сўзма-сўз таржима қип чиқибди-я, офарин! Рисоладаги одам ундай китобни охиригача ўқиб ҳеч нарса тушинмайди. Манимча, ўн марта ўқиган бўлса-да, таржимон ҳам тушинмаган... Тавба кардам! – деб ёқамни ушладим. – Шу киши ман ҳақимда китоб ёзса, уни биров ўқирмикан?
Пряхин бошини чайқаб кулиб юборди.
– Ўзбеклар ўқимаса, европаликлар ўқийди, ўрислар ўқийди! – деди ишонч билан. – Темур Пўлатов европалик китобхонларни қандай ўтлатишни жуда яхши билади. Россияда ҳам ёзувчининг мухлислари кўп.
– Лойиҳани ким молиялаштиряпти? – деб сўрадим талмовсираб.
– Қанақа лойиҳани? – деди Пряхин ажабланиб.
– “XX аср доҳийлари” лойиҳасини-да, дўст! Нега ажабланяпсиз? Ҳозирги замонда мушук бекорга офтобга чиқмайди-ку!
– Кечирасиз, “XX аср доҳийлари” туркумида чоп этиладиган китобларни муайян контингентни ҳисобга олиб таваккалига нашр этамиз. Тўғри, ундай китоблар дарҳол сотилиб кетмайди, пештахтада йиллаб туриб қолиши мумкин.
– Темур Пўлатов қанча гонорар сўраяпти?
– Узр, гонорар масаласи нашриётнинг тижорат сири ҳисобланади.
– Бўлмасам, мандан нима хизмат? – деб юбордим ўшқириб.
– Темур Пўлатов хоҳлаган пайтида Юртменистонга келиб-кетишига монелик қилинмаса бас, хизмат шу бўлади.
– Бу масалани Ташқи ишлар вазирлиги ҳал қилади. Бўпти, Комилга айтиб қўяман.
– Раҳмат, – деб ўрнидан турди Пряхин.
– Шошманг! – деб ман ҳам беихтиёр ўрнимдан турдим. – Мани Якубов деган танишим бор, яхши ёзувчи. Биз бир-биримизни яхши таниймиз.
– Олқиндини айтяпсизми? – деди Пряхин ижирғаниб. – Ундай ювиндихўрларни биз нашриёт остонасига яқинлаштирмаймиз, Якубовга ўхшаган муртадлар борган жойини ҳаром қилади. Узр, бир нарса демоқчи бўлдингиз, шекилли.
– Йўқ, фикримиз бир жойдан чиқди, ман ҳам шундай демоқчи эдим. Бўпти, ҳамшаҳар, ишларингиз бароридан келсин! – деб Пряхиннинг қўлини маҳкам сиқиб хайрлашдим. – Худо ҳофез!
– Худо ҳофез.
Даҳлизга чиқиб изимга қайтдим.
Пряхиннинг муддаоси не эди? Поёнига етмадим.
Дилим хуфтон бўлди. Кўнглим чироқ ёқса ёришмайди. Осмон узилиб ерга тушганга ўхшайди. Шу Пряхин-миряхиннинг манга нима кераги бор эди?!
“Машъал” радиоси бир ҳафтадан буён фақат мумтоз куй-қўшиқларни эфирга узатяпти. Хаста дилга мумтоз қўшиқлар малҳам бўлар экан.
Фиғонким, гардиши даврон аюрди шаҳсуворимдин,
Ғамим кўп, эй кўнгул, сен бехабарсан ҳоли зоримдин...
Адютантим радиочасини мандан қайтариб олмади. Тун-оқшом мана шу радиоча манга таскин беради, узун тунлар рафиқим ҳам, рақибим ҳам мана шу қутича.
Якшанба куни чошгоҳ чоғи Рафиқа хобхонага гезариб-бўзариб кириб келди. Ҳолсизланиб ҳарир парда тортилган ётоқ-ўрин четига ўтирди. Муштумини тишлаб унсиз йиғлай бошлади. Тирсагимга таяниб ўмганимни кўтардим-да, ўтган ўн кун ичида елкалари хийла чўкиб қолган азизамнинг бошини силадим.
– Қўй, йиғлама, – дедим. – Начора, бошимизда бундай синов ҳам бор экан-да.
– Нега бир оғиз айтмадингиз? Кеча кечаси ноанъанавий усулларни ўргандим, энди бахтли бўламиз, деб ҳоли-жонимга қўймадингиз... Майли, қизғин ҳолатингизни тушунаман. Аммо...
Миямга яшин ургандай бўлди. Кеча кечаси тунни ёлғиз ўтказган эдим. Демак, лаънати қиёфадошим яна Рафиқанинг бошини қотирган кўринади. Фақат бошини қотирган бўлса гўргайди!
Рафиқани нари итариб, ўзимни ёстиққа ташладим.
– Ўз ҳолимга қўй мани, хотин. Бирпас мизғиб олмоқчиман.
– Қандай қилиб мизғийсиз? Янги командант, қоровулхонага кўчинглар, деяпти-ку!
– Нима-нима? – деб ўрнимдан туриб кетдим.
– Кўчинглар деяпти.
– Қаёққа? – деб апил-тапил кийиндим. – Қаёққа кўчар эканмиз?
Ҳаллослаб даҳлизга чиқсам бегона полковник телевизор томоша қилиб, диванда алчайиб ётган эди. Мани кўриб ётган жойида телевизор дастурини алмаштирди; пультни столга ташлади.
– Встать! – деб бақирдим ғазабим қўзиб. – Вон отсюда! – деб эшикни кўрсатдим.
– Сам ты вон!..
– Нима-нима?
  Сам ты вон!.. – деб такрорлади полковник.
Ман муштумимни дўлайтириб устига бостириб борган пайтимда телеэкранда ўзим пайдо бўлдим ва қўлларим титраб бир вараққа ёзилган матнни тутилиб-тутилиб ўқий бошладим:
                         Авваламбор, ман барча ватандошларимдан кечирим сўрайман. Аслида, олдинроқ орқа-олдимни йиғиштириб олишим лозим эди. Лекин чорак аср мобайнида йўл қўйган хатоларимни тан олишга ғурурим изн бермади. Мамлакатни жар ёқасига келтириб қўйганимни билганимдан сўнг ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб бегуноҳ одамларга қарши репрессияни янада авж олдирдим. Давлат органлари томонидан мисли кўрилмаган жиноятлар содир этилди. Айрим ҳолларда ман оғзаки ёки ёзма буйруқ берган бўлсам, айрим пайтларда ўзбошимчалик билан жиноят содир этилган. Ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида текширув ўтказилишини Фавқулодда Ҳолат Давлат Қўмитасидан (ГКЧП) илтимос қиламан. Ман қилмишимга яраша жазо олишга тайёрман. Шу бугун соат кундузги ўндан эътиборан ман барча ваколатларимни Фавқулодда Ҳолат Давлат Қўмитасига топшираман. Ўзим эгаллаб турган барча лавозимларимдан истеъфо бераман. Ватандошларимдан яна бир бора кечирим сўрайман...
Костюм чўнтагидан рўмолча чиқариб кўзёшларимни артиб олдим.
Бақрайиб қолдим.
Экранда ёнма-ён ўтирган тўрт киши пайдо бўлди. Экран остида йирик ҳарфларда “ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ” деган ёзув зув-зув ўта бошлади. “ГКЧП” аъзолари (чапдан ўнгга) Пароканд Мирзо, Қўшбеги, Иноят Махсум, Адютант эди. Афтидан, Қўшбеги қўмита раиси этиб тайинланган кўринади. У қўл остидаги қоғозга қараб, ён-верига назар солиб паст товушда гапиради:
– Биз шу бугун соат ўндан бошлаб бошқарувнинг барча ваколатини ўз зиммамизга оламиз. Парламантнинг икки палатаси ҳам, Вазирлар Маҳкамаси ҳам вақтинча ўз фаолиятини тўхтатади. Тўқсон кун давомида мамлакатимизда фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Кирқ беш кундан кейин умумхалқ референдуми ўтказилади. Унда умумхалқ муҳокамасига “Сиз буюк ва муқаддас Юртменистонимизни жонажон Россия Федерацияси таркибига тенг ҳуқуқли субъект бўлиб кўшилишини истайсизми?” деган ягона савол кўндаланг этиб қўйилади. Азиз ҳамватанлар, ҳаммамиз яхши биламизки, ҳозир Россияда ўн миллиондан ортиқ ўзбеклар ишлаб юрибди. Агар биз Россия таркибига тенг ҳуқуқли субъект бўлиб қўшилсак, ўша ўн миллион мардикор-гастарбайтер қонун билан ҳимоя қилинади, тақирбошлар томонидан таҳқирланмайди. Ишончимиз комилки, референдумни уюшқоқлик билан ўтказиб, тўқсон кундан сўнг фаровон ҳаёт кечира бошлаймиз.
Сўнг Иноят Махсум сўз олди:
– Биз чорак аср мобайнида Юртменбоши ва унинг тарафдорлари томонидан амалга оширилган жиноятларни синчиклаб текшириб кўрамиз...
Даҳлиздан хобхонамга қайтдим. Рафиқа ҳамон ётоқ-ўриннинг бир четида омонат ўтириб муштумини тишлаганча унини чиқармасдан йиғлар эди. Ёстиқ остида турган радиочанинг мурватини бурадим. “Маяк” тўлқинини излаб топдим.
“Маяк” ҳам Юртменбоши истеъфо берганини тасдиқлади.
                         Юртменбошининг кейинги тақдири ҳозирча ноаниқ. У бирорта давлатдан сиёсий бошпана сўрагани йўқ. АҚШ давлат департаманти Юртменбошининг АҚШдан бошпана сўрагани тўғрисида вақтли матбуотда тарқатилган хабарни рад этди.
Радиочани ўчириб, хобхонада уёқдан-буёққа юра бошладим.
– Ҳаммаси ёлғон! – деб пишқирдим. – Жуда усталик билан 1991 йилнинг 19 август кунги сценарий такрорланяпти. Бу гал мамлакат раҳбари Форос ярим оролига эмас, ўз Қароргоҳига қамаб қўйилган, унинг номидан Қиёфадоши истеъфо берди. Лекин товушимни ҳам ўхшатибди, сволоч!
– Ўзингизни босинг, хўжайин. Бир ҳисобда яхши қипсиз истеъфо бериб. Эмасам, неварамни ўрнимга қўйиб кетаман деб яна чорак аср азоб тортардингиз. Шунча азоб-уқубат камлик қилдими, хўжайин?
Рафиқа эскитдан товуқмия эди. Ҳозир унга ҳеч нарсани тушунтириб бўлмасди. Ҳатто уч ойдан буён уни ман эмас, Қиёфадошим ноанъанавий усулда кўнглини шод этиб юрганини ҳам билмасди. Одам ҳам шунчалик овсар бўладими, тавба!
– Бўпти, энди фойдаси йўқ, тезроқ қоравулхонага кўчиб ўтайлик, – деб жавондан кийим-бошларимни олиб жомадонга жойлаштирдим.
Чол-кампир қоровулхонага кўчиб ўтдик. Невараларимиз Фавқулодда Ҳолат Давлат Қўмитасининг қарорига кўра, Хлебушкина номидаги Меҳрибонлик уйига жойлаштирилди.

167а. Шерикли ош татимас


            Иноят Махсум “Сурхон ёшлари” газетаси почтасидан “Шерикли ош татимас” деган суҳбат матнини қўлга туширди. Ўқиб чиқдим. Маъқул бўлди. Унда тилга олинган Ф.М. девонимда 7 йил садоқат билан хизмат қилган, сўнг шарафсиз бўлиб ишдан ҳайдалган; у яна ишкал қилиб қўйибди.
            – Хўш, нима қилмоқчисан энди?
            – Ҳайронман... Кимга қарши чора кўрсам экан деб бошим қотган, хўжам. Сиз нима десангиз – шу.
            – Ундай бўлса, “Сурхон ёшлари”нинг раҳбарига сим қоқиб, агар суҳбатни дарҳол эълон қилса, “Жаҳон матбуоти эркинлиги куни”да мукофот берамиз дегин, ҳайми?
            – Ҳай, – деди Иноят Махсум.
            Ўша суҳбатни цензура қилмасдан хотира дафтаримга илдириб қўйдим. Мана у:

ШЕРИКЛИ ОШ ТАТИМАС

Камина қулингиз бир ҳафта давомида вилоятимизда меҳмон бўлган атоқли шоиримиз Хуршид Даврон, Эшқобил Шукур, Набижон Боқий каби ижодкорлар билан ҳамроҳ бўлиб Денов, Олтинсой, Бойсун, Термиз ва бошқа гўшаларимизни зиёрат қилдим. Гоҳ расмий, гоҳ норасмий учрашувларда иштирок этдим. Ижодкорларнинг ўзини тутишини бевосита кузатдим, ўзлари билан яқиндан мулоқотда бўлдим. Айниқса, ёзувчи Набижон Боқий билан ҳар хил мавзуларда кўп гаплашдик. Меҳмонлар жўнаб кетгач ён дафтаримга қайд этиб қўйган гап-сўзларни қоғозга тушириб, нусхасини Набижон акага жўнатдим. У киши бизнинг норасмий суҳбатимиз матнини ўқиб, айрим ўринларига қалам уриб, жузъий таҳрирдан чиқариб қайтариб юборди. Қуйида самимий суҳбатимизни газетхонлар ҳукмига ҳавола этяпмиз.

*  *  *
Мухбир. – Набижон ака, Оллоҳёр бобо мозорини зиёрат этиб қайтаётганимизда, “бир ярим йилдан буён битта китоб ёзяпмиз, шерикчиликда иккинчи марта буюртма китоб ёзяпман, энди ҳеч қачон биров билан китоб ёзмайман, жонимдан тўйдириб юборди”, деган эдингиз. Мана, Термиз ота мақбарасини ҳам зиёрат этдик. Эртага Тошкентга қайтасиз. Лекин илгари бошлаб қўйилган мавзу мени жуда қизиқтириб қўйди: бир ярим йилдан буён бошингизни қотираётган китоб қанақа буюртма ўзи? Сир бўлмаса, шу ҳақда қисқача маълумот беришингиз мумкинми?
Набижон Боқий. – Ҳа, маълумот бераман, бунда ҳеч қандай сир-пир йўқ. Гапни узоқдан бошлашим керак. Биз 1978 йилда ТошДУнинг журналистика факультетига, кечки бўлимига, ўқишга кирганмиз. Хоразмлик машҳур журналист Рўзимбой Ҳасан, “Бекажон” ҳафтаномасининг бош муҳаррири Меҳринисо Қурбонова билан курсдошман. Яна битта курсдошим Фатҳиддин Муҳиддинов. Биз талабалик чоғимиз Қўйлиқдан аэропортга кетаверишда, чап томонда жойлашган Хонобод қишлоғида истиқомат қиладиган Фатҳиддинлар хонадонига тез-тез меҳмонга бориб турардик. Кейинчалик мен “Ёшлик” журналига ишга таклиф қилинганимда Фатҳиддиннинг ажойиб дадаси Фазлиддин ота мени ўз уйларига рўйхатга киритиб қўяди. Мана, 31 йилдан буён ўша хонадонда учётда тураман. Бу орада отамиз вафот этдилар, жойлари жаннатда бўлсин. У киши ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Бойсун туманида ўқитувчилик қилган, маълум муддат райОНО тизимида ҳам фаолият кўрсатган. Мен Бойсун туманида чоп этилган “Ғалла фронти” газетаси тахламларини титкилаб Фазлиддин ота Муҳиддинов ёзган методика масалаларига бағишланган айрим мақолаларини топганман ва у киши тўғрисида ёзганим “Юрак чандиқлари” номли китобга киритганман. Лекин менга қилган яхшиликларига миннатдорчилик рамзи сифатида ёзилган китобим ҳамон чоп этилмади. Ваҳоланки, Фазлиддин ота ҳар қандай китобга Бош қаҳрамон бўлишга арзийдиган зиёли зот эдилар. Биз курсдошимиз хонадонига келганимизда отахон бизга ўзларининг бошларидан кечган воқеаларни кўп марта гапириб берганлар. Хусусан, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қодирий тўғрисидаги жонли ҳикояларни илк бора отамиздан эшитган эдик. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш курсларида Фитрат домла дарс берган эканлар; 30-йилларнинг бошларида Фазлиддин ота Фитрат домланинг маърузаларини эшитганлар. Фитрат Бухоро шевасида гапирар экан...
Мухбир. – Кечирасиз, Набижон ака, менга шерикчиликда ёзилаётган китоб тўғрисида гапириб бермоқчи эдингиз. Мабодо гапингизни йўқотиб қўймадингизми, ишқилиб?
Набижон Боқий. – Йўқ, калавамнинг учини ушлаб турибман. Гапни узоқдан бошлаётганим, Хуршид Бек, Сизни ажаблантирмасин. Чунки буюртма китобни айнан Фатҳиддин Муҳиддинов билан ҳамкорликда ёзяпмиз. Буюртмани Фатҳиддин олган, мени эса шерикчиликка таклиф қилган. Боя эслатганимдек, илгари ҳам бир марта шерикчиликда битта китоб ёзганман.
Мухбир. – Қайси китобни назар тутяпсиз?
Набижон Боқий. – Машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров тўғрисидаги “Мени ёд эт” номли китоб Ҳожиакбар Ҳамидов билан бирга ёзилган. Ҳожиакбар ака асосан маълумот тўплаб берган, китобни чоп этиш учун ҳомий топган.
Мухбир. – Фатҳиддин ака ҳам ўшанақа ишлар билан шуғулландими? Ф. Муҳиддинов илгари нечта китоб ёзган?
Набижон Боқий. – Фатҳиддин илгари китоб ёзмаган. Лекин “Тошкент ҳақиқати” газетасига раҳбарлик қилган. Журналистика соҳасида раҳбар бўлган ходимлар, одатда, ижодни йиғиштириб қўяди. Фатҳиддин эса ора-орада “Халқ сўзи”да буюртма мақолалар эълон қилганидан хабарим бор. Айрим мақолаларини “Тошкент ҳақиқати” таҳририятида сайқал ишларига қарашиб юборганман.. Бу гал эса биргаликда хотира китоби ёзмоқчи бўлдик. Китоб ёзилди, учта варианти бор. Нима учундир биринчи варианти китоб қаҳрамонига узоқ йиллар шофёрлик қилган Ҳоживойга маъқул тушмайди. Кейин иккинчи варианти тайёрланади. Иккинчи варианти тайёр бўлгач, учинчи варианти бошлаб юборилади. Қарасам, буюртма китоб роса чувалашиб, ҳали-вери поёнига етмайдиган кўринади. “Қўйинг, қурилишлар тўғрисида очерк ёзмоқчиман”, деб изн сўрадим. “Бўпти, мен сизни китобга “муҳаррир” этиб қўяман”, деб марҳамат кўрсатди шерик. Ёзёвондагит Бўтқачи қишлоғига бориб, ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашиб Қирғизбой ота тўғрисида фақат яхши гаплар эшитдим. Ўзим одамларга яхшилик қилган отанинг фарзандлари ҳам эзгуликка яқин юради деган хулосага келдим ва “Яхшилик излаган инсон” китобининг яратилишига қўлимдан келган ҳиссани қўшдим. Майли, мен “муҳаррир” бўлишга қарши эмасман, дедим. Ростдан ҳам мени бошқа ишларим кўп. Хусусан, “Қирқ йиллик қасос”, “Сардор”, “Миллий қаҳрамон” (Мустафо Қримўғлига бағишланган) романларим қоралама ҳолатида турибди. Устидан таҳрир қилиниши лозим. Бу ёқда буюртма китоб чўзилиб ётаверса, ижодий иш билан жиддий шуғулланиб бўлмайди. Бу ҳақда ошнамизни кўп бора огоҳлантирдим. Кейин билсам, андишанинг оти қўрқоқ бўлар экан. Начора.
Мухбир. – Энди нима бўлади?
Набижон Боқий. – Ҳеч нарса бўлмайди. Шерикли ошни ит ҳам татимас экан. Бунга ўзим амин бўлдим.
Мухбир. – Бойсунда Иосиф Сталин ёнида суратга тушаётиб, қонхўр диктатордан мадад сўрагандек бўлган эдингиз, сизни ҳазиллашяпти деб ўйлаган эдим.
Набижон Боқий. – Ўзим ҳам ҳазил деб юрдим. Қиёматнинг охири бўлиши мумкиндир-у, ўзи нима ёзишни, қандай ёзишни билмайдиган одам китобга қачон охирги нуқта қўйишни тасаввур ҳам қила олмас экан.
Мухбир. – Буюртма китобдан “Мавлоно кимдир?” номли бобни Хуршид Даврон ўз сайтида эълон қилди, шекилли?
Набижон Боқий. – Ҳа, эълон қилган. Бошқа бобларини ҳам эълон қилса керак.
Мухбир. – Китобнинг номи нима?
Набижон Боқий. – “Яхшилик излаган инсон”.
Мухбир. – Номини ким қўйган?
Набижон Боқий. – Ўзим қўйдим.
Мухбир. – Ишларинг намунча чўзилиб кетди?
Набижон Боқий. – Китоб қандай ёзилишини тасаввур қилолмайдиган одам аравакашнинг гапига ҳам ишониб кетаверар экан. Бир нарса аниқки, қандайдир жиҳатдан ўзига боғлиқ эканини билиб, иши тушган одамни хўрлашни, ялинтиришни яхши кўрадиган шерикдан иложи борича тезроқ халос бўлиш керак. Шакаргуфтор одамлар нима учундир сендан қарздор бўлган шогирдларингни ҳам сенга ёмон кўрсатишга ҳаракат қилар экан: “Нима учун андоқ қилмайди? Нима учун мандоқ қилмайди? Ахир сиз улар учун андоқ қилгансиз-ку!..” Қизиқ, менинг биров билан муносабатим нега уни қайғуга солибди деб ҳайрон бўлган эдим.
Мухбир. – Энди нима қилмоқчисиз?
Набижон Боқий. – Муносабатимизни 1978 йилдан олдинга ҳолатига кўчирмоқчиман.
Мухбир. – 1978 йилдан олдин муносабатингиз қандай бўлган?
Набижон Боқий. – Биз бир-биримизни танимас эдик, ҳеч қандай муносабатимиз йўқ эди. Ҳар ким ўз йўлидан кетади.
Мухбир. – Демак, шоир “ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин!” деб тўғри айтган экан-да.
Набижон Боқий. – Мен сиз назарда тутган шоирнинг мухлиси эмасман, менинг ўз сиғинар мозорларим бор... Айтмоқчи, Эшқобил Деновда зўр шеър ўқиди. Айниқса, нақорати хотирамга муҳрланиб қолди: “Туркистон пирлари ётган мозорлар”. Шеърнинг тўртинчи қатори қайтарилиб келаверса “нақорат” дейиладими? Ёки бошқа номи борми?
Мухбир. – Сиз “Ишкалак” деб лақаб қўйган шоир укангиз шеърнинг қайтариқли тўртинчи қатори нима дейилишини яхши билса керак.
Набижон Боқий. – Яхши, Хуршид, нима дейилишини ўша тирмизакдан сўраб кўринг... Мабодо сизлар ҳам шерикчилик қилиб бирорта китоб ёзмоқчи эмасмисизлар, ишқилиб?
Мухбир. – Худо сақласин!
Набижон Боқий. – Шайтон йўлдан ураман деса, одам ўттиз йилгача саробни улкан тоғ деб ўйлаши мумкин экан. Яхшиямки, ўша тоғга суянадиган даражада муҳтож бўлмадим. Акс ҳолда ҳозир тоғга суянаман деб жаҳаннамга қулаб тушган бўлармидим, худо билади.
Мухбир. – Қизиқарли суҳбатингиз учун чўх ташаккур.
Набижон Боқий. – Пажалиска.
Суҳбатдош Хуршид Бек Найнаво,
Термиз–Денов–Олтинсой–Бойсун–Термиз

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...