среда, 25 апреля 2018 г.

132. Онасини зўрлаш керак


Мирзиё деган диндор қўлга олинди. Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида яшайдиган ёлғизгина кампирнинг ёлғизгина қизига уйланиб, ичкуёв бўлиб олиб, бутун қишлоқ ёшларига диний билим бериб сувни лойқалатаётган жойида маҳалла посбонларининг ёрдамида таппа босилади; тонг қоронғисида юзига қоп-қора ниқоб таққан махсус бўлинма аскарлари тўртта усти ёпиқ машинада қишлоқ оралаб, Мирзиё яшайдиган ҳовлини тўрт тарафидан қуршаб олади, сўнг айнан бир вақтда кўчадан ва қўни-қўшниларнинг деворларидан ошиб ўтиб, ҳар бир хонага автомат ўқталган давангирдай аскар бостириб киради. Эр-хотин тўрдаги хонада ачомлашиб ётган экан: “Туринг энди, мулла бобо! – дейди командир автомат қувури билан эр-хотин устидан кўрпани очиб. – Иштонни кийинг, бобо, бомдод намозини МВД подвалида ўқийсиз”. Мирзиё асло ажабланмайди, хотинининг устига кўрпани тортиб қўяди. Туради. Кийинади. Хонанинг тўрт тарафида автомат ўқталиб турган ниқобдор йигитларга қараб заҳарханда қилади: “Эссиз, инсон деган ном! Эссиз, ёшлик! Бу матаҳни кўтариб олиб золимнинг тегирмонини юргизгандан кўра, қайқи таёқни елкага ташлаб подавонлик қилган минг марта афзал!”
Ҳовлининг этак тарафидаги ҳужрадан кампирни тутиб чиқишади. Пиш-пиш ухлаб ётган норасида болакайлар чуввос солиб йиғлайди. Қишлоқ итлари жўр бўлиб ҳуришга тушади.
Дарсхонадан китоб-дафтарлар, довотлар, жойнамозлар, лавҳлар мусодара қилинади.
Тергов бошланади. Мирзиёдан жўяли гап чиқмайди: “Қизиқувчан болаларга эски ўзбек ёзувини ўргатардим, уларга ҳеч қандай диний билим бермаганман”, деб битта гапни тўтиқушдек такрорлайверади. Уни водийдан пойтахтга олиб келишади. МВД подвалига қамаб, бир ҳафтагача кечалари бўкиртириб калтакланаётган эркак-аёл маҳбусларнинг дод-фарёдини эшитиб ётади. Бир кишилик хонада сақланади. Кейин Қаҳрамон Домланинг изқувар ўғли енг шимариб ўтириб Мирзиёни сўроқ қилади. “Ман сизни танийман, – дейди Мирзиё, – адангиз марҳумни ногиронлар аравачасида Оқсаройга опкириб саҳнага опчиққансиз, Юртменбоши у кишининг кўкрагига Олтин юлдуз тақиб қўйган эди”. “Гапни чалғитманг, мулла, саволларимга жавоб беринг”, деб изқувар юзига жиддий тус беради. “Юзингиздан зиёлига ўхшайсиз, афсус, қонингизга ҳаром аралашган экан. Домланинг ҳалқумидан ҳаром луқма ўтган кечада бино бўлган экансиз. Ўша ҳаром луқма адангизни Қаҳрамон қилди, сиздан эса золимнинг малайини ясади...”
Изқувар Мирзиёнинг афт-башарасига тарсаки тортиб юборади. Сўнг уч кеча-кундуз оч қолдиради. Яна сўроқ қилади. Яна ҳеч қандай натижа бўлмайди.
Тўқсон кундан кейин Мирзиёнинг ҳамон битта гапда қаттиқ турганини эшитиб қолдим. Аввало, унинг исми диққатимни тортди: Мирзиё. Содиқ бачамнинг насабида ҳам битта Мирзиё ўтган, бачам ўша бобосининг номини ўзига фамилия қилиб олган. Насабида Мирзиё ўтган амалдор йигирма йилдан буён одамлар орасида “Мирзулмат” деган лақаб орттирди. Лекин шу ўтган давр мобайнида манга содиқлигига заррача ҳам шубҳа уйғотмади. Бунақасини илгари кўрмаганман, бундан кейин ҳам кўрмасам керак. Мирзиё исмли мулла йигит садоқат ва нафрат тимсолидек туюлди.
                         Онасини зўрлаш керак, – дедим.
Иноят Махсум истагимни дарҳол Қаҳрамоннинг ўғлига етказади. Водийдаги чекка бир қишлоқнинг чекка уйига “группа захват” жўнатилади. “Искаптопарлар” Мирзиёнинг қайнонасини тутиб келтиришади: “Онаси йўқ экан, нима қилайлик? – деб сўрайди Иноят Махсумдан. – Додамиздан нима қилиш кераклигини сўраб бермайсизми?” Иноят Махсумнинг жаҳли чиқиб: “Додамиз битта гапни икки марта такрорлашни ёмон кўради! Айтганини қилинглар!” деб жеркиб беради.
Қаҳрамоннинг ўғли астойдил ечиниб олиб, тун бўйи Мирзиёнинг қайнонасини сидқидилдан зўрлаб, видеога ёздириб қўяди. Зўрлаш жараёнида Отаўғилнинг башараси кўрсатилмайди; башара объективга тўғри келиб қолган бўлса, устига чинор япроғи ёпиштириб қўйилади. Навбатдаги сўроқ жараёнида Мирзиёга видео-тасвир намойиш этилади. Томоша Мирзиёга чивин чаққанчалик ҳам таъсир этмайди.
                         Таъсир қилмади, – деди Иноят Махсум. У бўлган воқеани гапириб берди.
                         Э-э, аҳмақлар! – деб столни муштладим. – Ман ўзининг онасини зўрлаш керак дегандим-ку!
                         Ўзининг онаси йўқ экан-да, дода, шу учун ҳарна деб қайнонаси зўрланди.
                         Ундай бўлса, болаларининг онаси ҳам зўрлаб кўрилсин, – дедим.
“Группа захват” дарҳол Мирзиёнинг хотинини тутиб келтиради. Исми Тўхтахон экан. Отаўғил астойдил бўлиб Тўхтахонни ҳам зўрлайди. Зўрлаш жараёни видео-тасвирга ёзиб олиниб, сўроқ пайти Мирзиёга кўрсатилади. Мирзиёга бу ҳолат ҳам чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. 
                         Таъсир қилмади, – деди Иноят Махсум. У бўлган воқеани оқизмай-томизмай гапириб берди. – Энди ўзини зўрлаб қўя қолсак бўлмасмикан?
                         Ўзини зўрлаш қочмас, лекин болаларининг онасини, яъни хотинини бошқачароқ зўрлаш керакка ўхшайди.
                         Очирадга қўйилсинми?
                         Э-э, йўқ! – деб қўл силтадим. – Эрини соғиниб қолган жувон очирадга қўйилса, қайтанга ҳузур қилиши мумкин... Бошқачароқ зўрлаш деганим, ўртоқ генерал, болаларини қақшатиб, оч қолдириб, Тўхтахонни ойнаванд деворнинг орқасида сақлаб туриб: “Хўш, болаларингиз азизми ёки қайсар эшакка ўхшаган эрингиз азизми?” деб сўроққа тутилсин. Олдиндан куракда турмайдиган матн тайёрлаб қўйилсин, Тўтихон ўша матннинг мазмунини ўзининг жонли сўзлари билан гапириб берсин; қайта-қайта репетиция қилинсин. Тўхтахоннинг гаплари ишончли чиқиши учун Миллий Академик театрнинг директори Олакўз билан унинг эмакдоши Оташқалб Шоир ҳам бу тадбирга жалб этилсин; майли, матнни Оташқалб Шоир ёзиб берсин. Тўхтахон монологи видеога ёзиб олиниб, ТВнинг барча каналларида намойиш этилсин. Хотин тилидан Мирзиёнинг ноанъанавий жинсий алоқага мойиллиги алоҳида айтилсин, соқоли чиқмаган йигитчаларни кечалари дарсхонада опқоларди, ва ҳоказо, десин...
Иноят Махсум йўл-йўриқларимни дарҳол Отаўғилга етказади. Беш кундан кейин ТВнинг барча каналларида булбулдек сайраётган ҳижобли Тўхтахоннинг ўзини илк бора кўриб, э-э воҳ, ҳайрат бармоғимни тишлаб қолдим; у ман туғилмасимдан тўққиз ойча олдин, бир этак боласини очликдан, ўлимдан сақлаб қолиш учун худди шундай кўргиликни бошидан кечирган муштипар онамнинг айнан ўзгинаси эди... Наҳот, манинг онамни ҳам ёвуз ниятли кишилар худди шундай йўсинда зўрлашган бўлса?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...