понедельник, 23 апреля 2018 г.

101б. Оқ подшо оила аъзолари билан қатл қилинган


Ман кўпинча ўзимни ё Ленинга, ё Сталинга ўхшатаман. Ленин бўлсам, ўлганимдан кейин пойтахтимизда ҳозир амир Темур от миниб турган жойга маним осмонўпар ҳайкалим ўрнатилади. Сталин бўлсам, ўлигимни қабримдан чиқаришиб Тошкент ташқарисидаги марказий ахлатхонага улоқтириб юборишади; мурдамни қарға-қузғунларга ем қилишади. Буни жуда яхши биламан.
Мухолифларим орқаваротдан мани Адолф Ҳитлерга ўхшатиб юради. Йўқ, ман Ҳитлерга ўхшамасам керак. Чунки Ҳитлер биргина “Манинг ғавғоларим” деган асар ёзган, холос. Умрини ўша асарида олға сурган ғояларга фидо қилган. Ман эсам, замонга қараб ғояларимни мослаштириб бораман, ҳар йили август ойида ҳаёт яхши бўлиб кетади деб оми халқни лақиллатаман; юрт обод, турмуш фаровон бўлиб кетади десам, астағфуриллоҳ, одамлар эрта баҳорда гурас-гурас бўлиб Ўрисия томонларга мардикорчиликка жўнаб кетаверади...
Доҳийларнинг тақдирини ўйласам, баъзан юрагим орқага тортиб кетади. Юртменбоши бўлиш ҳам осон эмас. Ҳаловат йўқ, одамларга ўхшаб кўчада бемалол юролмайсан, йўл четидаги ҳар бир дарахт орқасида пичоғини тишлаб олган қотил пойлаб тургандек туюлаверади...
Айрим қонхўр диктаторлар умрининг охирида бекорга восвос бўлиб қолмас экан; ҳадеб дуч келган жойдан душман қидирилса, бутун дунё душманзордан иборат бўлиб қолар экан.
Дунёнинг ишларидан ҳафсалам пир бўлиб қолса, ўтган-кетган улуғларнинг кундалигини мутолаа қиламан. Мана, ўзим ҳам кундалик ёзяпман. Бошқалар қандай ёзган экан?.. Билгим келади. Яқинда Лев Троцкий кундалиги қўлимга тушиб қолди. Кутубхона каталогини кўздан кечириб ўтирсам, қайта қуриш ва ошкоралик замонида роппа-роса бир миллион нусхада чоп этилган “Знамя” журналига дуч келдим. Бош муҳаррири Г. Я. Бакланов экан. А-ҳа, манга тутқич бермай юрган Қаламкашнинг устози Адабиёт институтини ташлаб бу журналга раҳбар бўлиб кетган экан-да! Балки, Қаламкашни ҳам ёнига чорлагандир... Хуллас, журналнинг уч-тўрт йиллик тахламини кутубхонадан олдирдим. Э-э, мутолаага шунчалик берилиб кетибманки, юрт ҳам, юртман халқи ҳам эсимдан чиқиб кетибди. 1990 йилда Лев Троцкий кундалиги чоп этилган. Хусусан, Иосиф Сталин томонидан хорижга бадарға қилинган Лев Троцкий “1935 йил кундалиги”да Россия империясини уч юз йил бошқарган Романовлар сулоласининг охирги подшоси Иккинчи Николай ва унинг оила аъзолари тақдири тўғрисида ўзи билган ҳақиқатни рўй-рост қоғозга туширади. “9 апрел” санаси қўйилган кундалик саҳифасидан кўчирма олдим:
“Бир замонлар мухолифат матбуотида подшо оиласи кимнинг фармони билан қатл қилинган деган масала қизғин муҳокама қилинган. Либералларнинг фикрига кўра гўё Урал ўлкаси Москвадан кесиб қўйилгани учун маҳаллий ижроия қўмита ўзбошимчалик билан қарор қабул қилган эмиш. Бундай бўлмаган. Қарор Москвада қонунлашган. Бу воқеа фуқаролар уруши авж олган кезларда рўй беради. У пайтларда манинг асосий вақтим фронтларда ўтарди. Подшо оиласига алоқадор хотираларим узвий эмас, узуқ-юлуқ. Эсимда қолганларини ҳозир айтиб бераман.
Романовлар сулоласининг охирги вакиллари қатл этилмасидан бир неча ҳафта олдин қисқа фурсатга Москвага келган эдим. Урал ўлкасида вазият қалтис тус олгани боис тезроқ подшони суд қилиш масаласи Сиёсий Бюрода кўрилади. Ман подшони очиқ суд қилиш керак деб таклиф қилдим; Романовлар ҳукмронлик қилган бутун давр сиёсати (ишчи-деҳқон сиёсати, миллий сиёсат, маданият масалалари, икки уруш ва бошқалар) фош этилмоғи лозим; ҳар куни суд мажлиси радио орқали мамлакат бўйлаб эълон қилиниб, суд ҳисоботи йиғилишларда кунма-кун ўқиб берилади, шарҳланади. Агар шу иш амалга оширилса, жуда яхши бўларди, дейди Ленин. Бироқ, вақтимиз етармикан? Улгурамизми?.. Бошқа ишлар ҳам бошимдан ошиб-тошиб ётгани учун бу масала юзасидан Ленин билан талашиб-тортишиб ўтирмадим. Эсимда, у пайтларда биз Сиёсий Бюро аъзолари уч-тўрт киши эдик: Ленин, ман, Свердлов... Каманев йўқ эди, шекилли. Ўшанда Ленин тушкун кайфиятда бўлиб, армияни ташкил этишимизга ҳам унчалик ишонмасди... Ман кейинги сафар Урал ўлкасининг маркази Екатеринбург қўлдан кетгач Москвага келганман. Гап орасида Свердловдан:
– Подшо қаерда? – деб сўрадим.
– Даф бўлди, – деди у, – отиб ташланди.
– Оила аъзолари нима бўлди?
– Оила аъзолари ҳам даф бўлди.
– Ҳаммасими?
– Ҳаммаси, – деди Свердлов пинак бузмасдан. – Нима бўпти?
У мандан эътироз билдиришимни кутган эди, лекин ман индамадим.
– Ким бундай қарор қабул қилди? – деб сўрадим.
– Биз қарор қабул қилдик. Ильич, ҳозирги оғир шароитда мухолифатга тирик байроқни бериб қўймаслик лозим, деди.
 Ман бошқа ҳеч қандай савол бермадим, бу масалага нуқта қўйилди. Аслини олганда, бундай қарор фақат мақсадга мувофиқ бўлиб қолмай, айни чоғда жуда зарур эди. Қарорнинг шафқатсизлиги бундан буён биз ҳаёт-мамот учун аёвсиз кураш олиб боришимиздан дарак берарди. Подшо ва унинг оила аъзоларининг қатл этилиши нафақат душманни қўрқитиб, унга ҳеч қандай умид учқунларини қолдирмасди. Айни замонда ўзимизнинг сафимизни ҳам бир силкитиб қўяди, энди ортга қайтиб бўлмайди, ё ҳаммамиз қирилиб кетамиз, ёки узил-кесил ғалабага эришамиз. Афтидан, зиёлилар бошларини сарак-сарак этиб қўйган бўлса керак. Бироқ, ишчилар, аскарлар оммаси бошқача қарор қабул қилинишини тасаввур ҳам эта олмасди, улар бошқача қарорни қўллаб-қувватламасди, тушунмаган бўларди. Буни Ленин жуда яхши билган. Омманинг қандай ўйлашини, нималарни ҳис этишини у олдиндан сезиб турарди. Айниқса, буюк сиёсий бурилиш даврида у асло янглишмасди...
Ман чет элга чиқиб кетганимдан кейин “Сўнги янгиликлар”да подшо ва унинг оила аъзолари қандай отиб ўлдирилгани, жасадлари қандай қилиб куйдириб юборилгани тўғрисида ўқидим. Бу маълумотларнинг қанчаси тўғрию қанчаси уйдирма эканини билмайман. Бундай масалалар билан асло қизиқмасдим. Қатл қандай амалга оширилганини билишга қизиқиб юрадиган одамларга доим ҳайрон қоламан. Бунинг нимаси қизиқ экан?..”
Кўчирма битди.
Кейинчалик Троцкий подшо ва унинг оила аъзоларининг қатл этилишига бағишланган Беседовскийларнинг хотиралари билан танишгач, қотилликка Свердлов билан Сталин бош-қош бўлган деган хулосага келади. Демак, Троцкийнинг ўзи ҳам қатл қандай амалга оширилганини билишга жуда-жуда қизиққан кўринади ва бу ишни ўзининг муросасиз душмани бўлмиш Иосиф Сталиндан ғойибона ўч олиш учун ҳам синчиклаб ўрганиб чиқади. У қотилликни асло оқлаб бўлмаслигини жуда яхши биларди. Иккинчи Николай билан рафиқасидан ташқари, бўй етган уч қизи ва ҳали вояга етмаган Алексей исмли ногирон ўғли ҳам ваҳшиёна қийнаб ўлдирилади.
Ман ҳар қандай ваҳшийликдан тап тортмайдиган фирқа аъзоси бўлганимдан илгари фахрланиб юрардим. Энди... юрагим орқасига тортиб кетади. Наҳотки, ал қасос ул миналҲақ деган ақида ҳамон эскирмаган бўлса?! Биз эскилик сарқитларидан қачон қутиламиз?! Наҳотки, болаларимга қўшиб, астағфуриллоҳ, набираларим ҳам қасоскорлар томонидан қатл этилса?!

* * *
Лаънати шоир! Соқолинг кўксингга тўкилгур! Ҳеч бўлмаса, гўрингда тинч ётсанг ўлармидинг, аблаҳ!
Ёзиб қолдирган тўртлигини қаранг:

Нечун юракда тош, кўзларда ҳузун?
Нечун хўрланган инсонлар фарёди?
Нечун? Нечун ёлғоннинг умри узун?
Нечун? Тирилмасми ўтканлар ёди?

Шу аблаҳ тирик бўлганда ҳозир 70 ёшга тўларди. Ўзи етти йил бурун ўлган, мухлислари ман барпо этган муҳташам кутубхона биносида ўша аблаҳнинг туғилган кунини нишонламоқчи бўлиб, ниқобли душманларимга таклифнома тарқатибди. Бизни кўролмайдиган чет эл радиоларининг хабаридан бу ҳақда огоҳ бўлиб, хайрият, маросимга ўз вақтида зарба бериб қолдим.
Ўша кўрнамакнинг итфеъл издоши пайдо бўлган, унисини олиб бунисига урсанг ҳам ҳаққинг кетади. Нобоп шогирдларининг юзига тарсаки тортгандек тўртлик ёзибди, ярамас!
Бирингиз мунофиқ, бирингиз фосиқ,
Бирингиз муттаҳам, бўлдингиз тамом.
Энди манга ҳаром шогирдлигингиз,
Манинг устозлигим сизларга ҳаром.

Баъзан дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетади. Шундай пайтларда қароргоҳим адоғидаги итхонага кириб ўзимни осиб қўйсаммикан деб ўйлаб қоламан. Балки ўзимни оссам, набираларимни Душман дунё бўйлаб қувиб юриб асфаласофилинга жўнатмас... Эй худойим, ғанимларга ўзинг тўзим бергин! Омин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...