среда, 14 марта 2018 г.

10. Хоразм томонларда


Кўп палакат Хоразм томонларда содир бўлади. Ўтган ҳафтада Урганчга кетаётган йўловчи поезди Навоий шаҳри вокзалига кириб бораётганида битта вагонидаги ғилдиракларидан соққалари тўкилиб кетиб ўз-ўзидан тормозланиб қолади. Тепловоз анча жойгача ўша вагоннинг ғилдиракларидан учқун чиқариб судраб боради. Релисларнинг шпалга маҳкамланган болтлари синиб, темирйўлга жиддий шикаст етади. Ғилдираклар созлангунича олти соат вақт ўтади. Йўловчилар манзилга етиб боргунича Хоразмда ҳар хил мишмиш тарқалади.
Куни кеча Хоразмга кетаётган бошқа бир юк ташийдиган вагон яна Навоий шаҳри атрофида издан чиқиб, пахтазорга шўнғийди.
“Катта тезликда кетаётган поезд таққа тўхтаб қолди”.
“Поезд издан чиқиб кетди”.
Тасодифий ҳодисаларга ҳам албатта рамзий маъно юклайдилар: “Жар ёқасига келиб қолган иқтисод батамом издан чиқди; мамлакатдаги ижтимоий ҳаёт турғунлик даврини бошдан кечиряпти; жамият танлаган йўл замонавий тараққиёт талабларига мутлақо жавоб бермайди; мамлакат узил-кесил Россиянинг этагига маҳкам ёпишиб олиши керак ёки мамлакатни Хитой бус-бутун ҳолатида ютиб юборади...”
Маҳаллий шароитларда воҳада етиштириладиган гурвак қовунлари қуртлаб кетадиган бўлди. Қурт қовуннинг уруғи билан ичига кириб олар эмиш: айлантириб қаралса, тешик-пешик учрамайди, лекин ичи ёриб кўрилса ғиж-ғиж қурт бўлади.
Нима, гурвакка кириб оладиган қурт учун ҳам ман балогардон бўлишим керакми?! Ҳар бир вилоятнинг ҳокими бор, ёшуллиси бор, халқ томонидан сайлаб қўйилган депутатлари бор. Қуртларни ўшалар бартараф этсин, манга нима!
Носоз вагонларни йўлга чиқаргани учун Темирйўл ҳиссадорлик компанияси жавоб бермайдими? Компания раҳбари ҳатто намиқиб пўпанак босган чойшабларни пуллаб мўмай фойда кўради-ю, жавобгарлик мани зиммамга тушади. Ҳолвани Али есин-да, калтакни Вали есин!
Балки Навоий шаҳри атрофидаги бирорта азиз авлиё қўним топган қабристон қаровсиз қолгандир?.. Нурота зиёратгоҳи обод қилинганига ҳали ҳеч қанча бўлмади. Карманада амир Олимхон Зарафшонни лойқалатиб кечиб ўтиб жуфтакни ростлаб қолган кечув тарихий обида дейилмаса, бошқа диққатга сазовор қадамжо бўлмаса керак. Очкўз амир ўн минг бош қоракўл қўйини олдига солиб ҳайдаб кетган экан. Қизилқумда шувоқ-шўрак, жовсан, жузғунлар сероб – улар чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Агар зотдор қоракўл қўйлари кўпайтирилса, қанчадан-қанча янги иш ўринлари пайдо бўлади. “Степторг”ни қайта ташкил этиш лозим, ветеринария хизматини йўлга қўйиш талаб этилади, медицинага ҳам эътибор қаратиш лозим бўлиб қолади... 1920 йилда амир Олимхон фойтун араваларига юкланган тиллоларини ҳам Зарафшонга ағдариб қочган дейишади: сапёр-искабтопарларни сафарбар этиб, эски ўзанларда қидирув ишлари амалга оширилса, ким билади, югурганники эмас, буюрганники дегандек, омад бизга кулиб боқармиди! Шу масалада мутахассислар билан маслаҳатлашиб кўриш лозим.
Аслан, Чингизхон балоси ҳам Марказий Осиёга Хоразмдан кириб келган. Агар Муҳаммад Хоразмшоҳ ўжарлик қилмасдан мўғуллар билан тил топишганда Темучин Туронзамину Хуросонни четлаб Оврупага ўтиб кетган бўларди. Калтабин Хоразмшоҳ Ўтрорда мўғулларнинг савдо карвонини қатлиом қилдирадию тарих ғилдираги чаппасига айланиб кетади: юрт вайрон бўлади, халқ қирилади; дин-диёнатдан ном-нишон қолмайди. Босқинчиларнинг кейинги авлодлари исломни қабул қилганидан кейингина эл-юртга қут-барака қайтиб келади... Айтишларича, Хоразм халқи уч марта исломга кириб, уч марта чиққан эмиш. Қизиқ, охирги марта динга кирганмикан ёки диндан чиққанмикан?..
Сурхондарёга борганимда атайлаб ер ағдарадиган белкурак олиб келган эдим. Сопи терак шадасидан ясалган экан. Гулзор остини юмшатаётганимда қирс этиб синди. Сопни тол ходасидан ясаш керак. Тол майишқоқ бўлади, унча-мунчага синмайди. Боғчани айланиб, сопбоп шох қидирдим. Тарвақайлаб ўсган тут шохлари орасидан биттасини тагидан дастарра билан кесиб олдим. Бутоқларини кесиб, пўстини арчимасдан олакўланкага ташлаб қўйдим. Суви қочганидан кейин пўстлоғини арчиб, ўроқранда билан паст-баландини текислаб ўзим соп ясайман. Ерни қўлда ағдарган маъқул. Тракторда шудгор қилинса, ҳатто қирқ см. чуқурликка омоч кирса ҳам тупроқ ён томонига ағнайди, холос. Ваҳоланки, шудгор пайти ер оёғи осмондан келтирилиб ағдарилиши шарт... Чамамда, Темур бобо ҳам Хоразмни икки-уч марта оёғини осмондан келтириб беармон шудгор этиб юборган эди.
Ҳайронман, нима учундир кўп палакатлар Хоразм томонларда содир бўлади.

9. Нонушта


Нонушта кечикиб кетди. Ҳадемай тушлик бўлади. Яхшиям саҳармардонда балдоқ-пиёлани тўлдириб ширава ичиб олган эканман. Оқшом сигирдан соғиб олинган сут бетида эрталаб юпқагина қаймоқ пардаси пайдо бўлади. Шу нарса ширава дейилади. Ширава одамни тўқ тутади. Эрталаб аччиқ қаҳва ичиш одатимни тарк этганман. Аччиқ қаҳва одамнинг ичини шилиб юборади. Қаҳвани овқатдан кейин бир соат ўтказиб ичган маъқул.
Чала пиширилган икки дона тухумни бош томонидан чойқошиқ билан чақиб, ичига бир чимдим туз сепиб ютиб олдим.
Қўйлиқ бозорида ёнғоқ мағзи кўтарасига қанчадан савдо бўлаётганини аниқлатдим. Сара мағиз етти-саккиз минг сўм, мундайроғи олти минг сўм экан. Икки кило ёнғоқдан бир кило мағиз чиқса – тўрт минг сўм харажатга кетади. Йўлкираси, ҳаммол билан паттачининг ҳақи ҳам бор. Уларга ҳам беш юз сўм чиқим қилинса, харажат тўрт ярим минг сўмга боради. Шунда Ҳожига у ёқ-бу ёғи билан бир ярим минг сўмдан, борингки, икки ярим минг сўмгача соф фойда қолади. Ўрта ҳисобни олсак, бир миллион сўмлик товар икки юз минг сўм ташлайди; ўн миллиондан икки миллион қолади. Чепуха экан-ку!.. Мавсум охиригача Ҳожи ўн миллион сўмлик ёнғоқ харид қилишга улгурадими-йўқми, худо билади. Ҳойнаҳой, бу ишни бошлаганида ўн миллион сўм дастмояси бўлмаган, ўша пулни кимдандир қарз олган. Инсофли одамдан қарз олган бўлса, энг камида йигирма фойиз қўшиб қайтариб бериши лозим. Ия, соф фойдани қарзнинг фойизи еб кетар экан-ку! Ҳожига нима қолади? Унга войвоякдан бошқа ҳеч нарса қолмайди-ку! Айтгандай, ҳожи-мусулмон, у фоизга ишламайди, розиям бўлмайди.
Иноят Махсумга қатъий тайинлайман: Ҳожидан амнистиянинг суюнчи пулини ким олган бўлса, устига йигирма фойиз қўшиб қайтариб берсин! Ғар бўл, ўғри бўл, инсофли бўл, қисталоқ! Оббо ярамаслар-эй, мўмин бандаларни қонқара қақшатишни касб этиб олишганми дейман?!
Олой бозорида, Чорсуда саккиз минг сўмдан арзонроқ ёнғоқ мағзи йўқ экан. Товар учинчи қўлга ўтганидан сўнг, албатта, баҳоси ҳам қимматлашади. Чакана савдонинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Чакана савдо жараёнида сармоя ётиб қолади, ётиб қолган сармоя охир-оқибат зарар келтириши мумкин.
Раҳбарнинг оёғи ердан узилиб қолса, ўзини халққа яқин этиб кўрсатиш учун ҳатто масхарабозлик қилишдан ҳам қайтмас экан-да. Билл Клинтон охирги пайтларда сурнай (флейта) чалиб қолган эди.
Қаламкаш Навоий кўчасидаги “Букинист” дўконидан Чингиз Айтматовнинг 1978 йили чоп этилган икки жилдлик, сариқ муқовали қалин китобларини сотиб олибди. Китобга Комил Яшин сўзбоши ёзган экан. Ажаб, умр бўйи буюртма драма ёзиб юрган корчалон адиб Айтматов тўғрисида нималарни ёзиши мумкин? Сўзбошига кўз ташлаб кўриш керак. Қизиқ-да... Чамаси, Хирмонтепадаги тарсакидан сўнг Қаламкаш мутолаага зўр беряпти, шекилли. Баттар бўлсин!
Тушдан кейин куни битган элчиларни қабул қилишим керак. Муддати ниҳоясига етганидан сўнг Ташқи ишлар вазири билан хайр-хўшлашиб кетаверишса бўлмасмикан? Расмий учрашув, сипогарчилик баъзан одамни чарчатиб юборади. Бу маросимга барибир норасмий тус бердим: шайхлар пешингача Ҳасти Имом мажмуасига бориб чимзорда хотиржам сайр этиб юрган оппоқ лайлакларни обдан зиёрат этди. БАА элчиси: “Нега улар учиб кетмайди? Қишлаш учун жанубий ўлкаларга учиб кетмайдими?” деб савол берибди. Галварс, қаноти қирқилган лайлак Ачавотга ҳам учиб боролмайди-ку! Агар белгилаб қўйилган ҳудуддан ташқарига чиқса, дайди итларга ем бўлади.
Ҳожи Жунаидхон дўстимга яхшилик қилгим келди; унга берилажак рухсатнома матнини ўз қўлим билан ёзиб қўйдим: “Ушбу рухсатнома эгаси хоҳлаган узунликда соқол қўйиб, хоҳлаган узунликдаги ҳассани хоҳлаган жойида кўтариб юриш ҳуқуқига эгадир”.
Унинг ғалати одатлари бор. Шулардан биттаси – кўпчилик олдида манга сизлаб мурожаат қилади-ю, лекин юзма-юз қолган пайтимизда нуқул сансирайди. Бундай пайтда ўзини ҳам сансирашга тилим бормайди. Одамнинг феъл-хўйини ўзгартириб бўлмайди, шекилли.
“Қобуснома”ни қўлимга олдим:
“Ҳукмингни улуғ тутгил, арзимаган нарсаларга ҳукм чиқараверма. Агар бирор нарсага ҳукм қилсанг, бу ҳукмнинг тескарисини қилмагил”.
Кайковус ҳам қариганида жуда эзма бўлиб қолганмикан, нима бало!

8. Амалия хонимнинг қизлари


Бўстонлиқдан вертолётда қайтишда Карл Отто Конраднинг “Гёте. Ҳаёти ва ижоди” номли китобининг иккинчи жилдини хатчўп қистириб қўйилган саҳифасидан бошлаб ўқиб келдим. Бошқаларни билмадим-у, ман бир ўтиришда битта китобни бошдан-адоқ ўқиб тугатолмайман: бирйўла бир нечта китобни аста-секин ўқийвераман. Қазини ҳам қанча кўп чайнасангиз, мазаси шунча кўп чиқади. Яхши китоб ҳам қазига ўхшайди. Гётенинг ёзувчилиги ўз йўлига, мани кўпроқ унинг инсоний қиёфаси қизиқтиради. Нега бизнинг ёзувчиларимиз хушомадгўйликни касб қилиб олган? Ростдан ҳам хушомадгўйлик бу касб эгаларининг одатими ёки улар ичида бошқа одам-у, сиртида бошқа одам бўладими? Агар шундай бўлса, демак, ёппасига мунофиқ экан-да!.. Биттаси мунофиқлик қилавериб рангпар бўлиб қолган, бошқаси нажасга тўйиб олган хўроз мисоли доим қип-қизариб юради. Адабиёт даргоҳида ўралашиб юрадиган мокиёнлару жўжахўрозлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади...
1808 йилда олмон диёрини ишғол қилган жаҳонгир Наполеон Бонапарт атайлаб Гётени ҳузурига таклиф этади. Учрашув чоғида: “Сиз эркаксиз!” дейди император. Сўнг “Ёш Вертернинг изтироблари” тўғрисида фикр-мулоҳазаларини баён этади. Муаллиф шаънига илиқ гаплар айтади. Гёте ўзини сипо тутади: ялтоқланмайди, эгилиб-букилмайди. Европанинг барча императорлари, бош вазирлари, қироллари букилиб турган даврда Гёте мағрур туриб Наполеоннинг саволларига қисқа-лўнда жавоб бериб кабинетни тарк этади. Генераллар қуршовида аллақандай ҳарбий операцияни муҳокама этаётган Император харитадан бош кўтариб Гётенинг орқасидан назар ташлайдию: “Voila in homme!” (“Бу ҳақиқий инсон!”) деб хитоб қилади. Ўша учрашувдан сўнг орадан салкам чорак аср вақт ўтади. Етмиш уч яшар кекса адиб Мариенбад курортида ўттиз тўрт яшар Амалия хоним ва унинг қизлари билан танишиб қолади. Уч опа-сингилнинг тўнғичи Улрика – 17 яшар, кичик Амалия – 15 яшар, кенжатой Берта – 13 яшар эди. Амалия хонимнинг эри вафот этган, ёшгина бева эди. У машҳур адиб билан яқиндан танишганидан бағоят хурсанд бўлади. Гёте бўш вақтларини қизлар даврасида ўтказа бошлайди. Улрикага эндигина чоп этилган “Вилгелм Майстернинг дарбадарлик йиллари” китобини совға қилади. Улрика бу китобнинг “Ўқиш йиллари” номли дастлабки жилдини мутолаа қилмаган эди, муаллиф унга китоб воқеаларини ҳикоя қилиб беради. Туйғулар туташади. Гётенинг қалбидан отилиб чиққан оташин муҳаббат Улриканинг покиза юрагида акс садо беради. Улар бир-бирини севиб қолади. Улрика буюк адибдан 57 ёш кичкина эди! Ўртадаги ёш тафовути чинакам муҳаббатга тўсиқ бўлолмайди. Аммо умрида чин муҳаббат кўчасидан ўтмаган шаҳватпараст Амалия хоним қалқон кўтариб уларнинг йўлига ғов бўлади: “Одамлар нима дейди? Қизимга эмас, ўзимга уйланса, майли, розиман! Ҳатто дунёни титратиб турган Наполеоннинг ўзи совчи бўлиб келганида ҳам Улрикани эсини еган Гётега бермасдим...”
Улрика ўз ёғига ўзи қовурилиб юраверади. Гёте сўнгги муҳаббатидан хотира сифатида “Элегиялар” туркумини яратади, бир қатор шеърларини севгилисига бағишлайди.
Гарчанд Улрика онасининг дийдиёларидан сўнг Гётега турмушга чиқмаган бўлса-да, аммо бир умр ҳақиқий муҳаббатга содиқ бўлади – то умрининг охиригача эрга тегмайди. Орадан 76 (етмиш олти-я!) йил ўтгач, Гёте вафот этганидан кейин 66 йил ўтгач “Мариенбад хотиралари”ни қоғозга тушириб, илк муҳаббатини 94 (тўқсон тўрт!) яшар кампир бўлган чоғларида соғиниб эслайди. Улрика салкам саксон йил давомида ўкинч билан яшайди, алам билан яшайди. У ҳақиқий муҳаббатга муносиб эди. Гёте уни бекорга яхши кўрмаган эди: покиза қалбни покиза туйғулар излаб топади.
Амалия хонимни кимга ўхшатиш мумкин? Ҳозир ҳам унга ўхшаган – қизларига ўз ҳукмини зўрлаб ўтказишни “оналик бурчи” деб ҳисоблайдиган жанговар хотинлар бормикан?..
(Гётенинг муҳаббати тўғрисидаги сафсаталарни чорак асрдан буён манга югурдаклик қилиб юрган А. С. деган ҳуқуқшунос ёзиб берди. Илойим, қўли дард кўрмасин!)

7. Ёнғоқчилар


Ман хижолат бўлдим. Хайрият, Ҳожи қўлимни қайтармади – типратикон солинган банкани олиб ёнида турган битта йигитга топширди.
– Эҳтиёт қилгин, боласи экан, – деди. – Нон чайнаб бер ёки сутга нон солиб ивитиб бериш керак. – Бирпас ўйланиб туриб: – Умуман, буни каттароқ аквариумда боқиш керак, – деб қўшиб қўйди заҳарханда аралаш.
Қўлтиқлашиб четроққа ўтдик.
                        Хўш, нима бўлди? – деб сўрадим. – Шу тобда сайлов бўлса, ростини айт, кимга овоз берган бўлардинг? Мангами ёки Илонбошгами?
Ҳожи жавоб беришдан бурун хийла ўйланиб қолди. Сўнг тилга кирди:
– Жўра, биласанми, кўп эр-хотинлар нима учун ажрашиб кетмайди?.. Битта болали бўлгандан сўнг бир-бирининг кимлигини, қусурини беш қўлдай билиб олади ва бир-бирига рўпара қилган кунга лаънатлар айтади. Бироқ қўйди-чиқди масаласини имкон қадар орқага судрайверади. Бу орада яна битта бола бино бўлади. Оилада ғиди-биди бошланади, жанжал одатий ҳолга айланади. Эр ўйлайди: “Талоғини берсам, ёмғирдан қочиб қорга дуч келмайманми?” Хотин ўйлайди: “Бировнинг тўшагида ётган хотинга ориятли йигит уйланмайди; ундан кўра эр топилмаган қариқизларга уйланишни афзал кўради. Ҳозир жуда кўп йигитлар Россияга кетиб, момақаймоқ рус қиз-жувонларини хотин қилиб олган. Эркак зотига қирон келган даврда боридан ҳам жудо бўлиб қолмаганим маъқул...” Шундай қилиб, жўра, ёмони кетиб яхшиси келмайди. Ҳартугул, синашта бўлган одам билан тишни тишга босиб яшаган яхши. Подшо тўғрисида ҳам шунақа дейиш мумкин.
– Раҳмат, жўра. Мани хурсанд қилдинг, энди келажакка ишонсам бўлади – бу ёғидан кўнглим тўқ. У ёғи нима бўлди?
– У ёғими? – деб кўзларимга тикилди. – Ўтган ишга саловат, – деб қўл силтади.
– Қариган чоғингда бемалол оёқ узатиб уйда ётмайсанми? Ёнғоқфурушликни санга ким қўйибди?
– Аминусга тушганимдан кейин бехос қўлим юпқа бўлиб қолди. Энди қарз-ҳаволани қайтаришим керак.
– Ҳали шунақами? – дедим ўсмоқчилаб. – Наҳотки фармонимни ҳам пуллашаётган бўлса?!
– Ман шикоят қилаётганим йўқ. Мана, озодликка чиқаришди-ку, шунисига ҳам шукр. Ўтган ишга саловат.
– Ман бу ишни шундай қолдирмайман.
– Товон тўлайсанми?
– Нима-нима?
Ҳожи юзимга тикилиб кулимсиради:
– Яхшиси, жўра, ўлган илоннинг думини босмагин, боши қимирлаши мумкин.
        Бўпти, бу масалага кейин яна қайтамиз. Юр, манга ишингни кўрсат.
Қўлтиқлашиб ёнғоқ қоқиб-ёнғоқ териб юрган одамларнинг ёнига бордик: “Ҳорма, бор бўл!”
“ГАЗ-69”нинг орқа ўриндиғига ўтириб, ижарага олинган хонадонга қайтдик.
Ёнғоқ эгасидан, қоқиб бериш шарти билан, ҳар бир килоси учун 1800 сўмдан кўтарасига сотиб олинади. Сўнг ҳар бир кило ёнғоқ 200 сўмдан ҳақ тўлаб чақтирилади. Битта зарбдор одам астойдил ўтирса, бир кунда эллик кило ёнғоқ чақиши мумкин. Демак, ўн минг сўм ишлайди. Ўн минг сўм икки кишига тақсимланади. Чунки бир киши чақиб ўтирса, иккинчи киши ёнғоқ мағзини пўчоғидан ажратиб олади. Агар бир киши ҳам чақиш, ҳам пўчоғидан ажратиш билан машғул бўлса, иш унмайди: ўн олти соат давомида ўттиз кило ёнғоқ чақиши мумкин, холос. Она-бола эса унумдорликни деярли икки ҳисса оширади. Ёнғоқ пўчоғи фойдага қолади: бир қоп ёнғоқдан ярим қоп мағиз чиқса, ярим қоп пўчоқ чиқади. Ёнғоқ пўчоғи ўрик ўтинидек яхши иссиқлик беради. Уни ўчоққа ёқиб овқат пиширса ҳам бўлади, печга ёқиб уйни иситса ҳам бўлади.
Беихтиёр шоир Рауф Парфи эсимга тушиб кетди. У ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирган, дейишади. Ижарага турадиган уйида қуруқ нон-чойга қаноат қилиб яшаган. Таниш-билишлари, мухлислари ёнғоқ келтирса, чақиб мағзини еганидан сўнг пўчоғини бир литрлик шиша банкага солиб электр қайнатгичда сув тўқ қизил тусга киргунча қайнатиб ичган. Қадимда дарвешлар ҳам Рауфжондек дунёдан кечиб ўз олами ҳудудида эмин-эркин ҳаёт кечирган бўлса керак. У ҳазилга ҳам уста эди. Манинг битта китобимни атайлаб дўкондан сотиб олиб титул варағига: “Ўзтуркнинг катта шоири, қадрли дўстим Рауф Парфига ижодий парвозлар ҳамиша ёр бўлишини тилайман”, деб дастхат ёзиб ўхшатиб имзомни қўйибди-да, пала-партиш сочилиб ётган китоблари орасига ташлаб қўйибди. Шоирни йўқлаб келган мухлислари китобимни очиб кўриб кўзларига ишонмайди. Бу гап айланиб келиб қулоғимга етди. Ман ҳам ҳазилга чинакам жавоб бердим: мустақиллик байрами арафасида Рауф Парфини “Юртменистон халқ шоири” унвони билан тақдирлаб юбордим. Ўшанда кўпчилик дарвеш шоир билан орамизда қандай яқинлик борлигини билолмасдан роса фол очган эди.

6. Хорун ар-Рашид изидан


Роппа-роса бир соатдан сўнг Иноят Махсум сўлжайиброқ ҳузуримда пайдо бўлди. Бу пайтда “Қобуснома”ни варақлаб ўтирардим. Огаҳий таржима этган нусхаси қўлимга тушиб қолган эди. Муҳаммад Ризонинг 190 йиллик юбилейини хийла тантанали нишонлатиб берганман, аммо 200 йиллиги тўғрисида ноғора қоқилмади. Сабаби – мақсадга мувофиқ эмас: кузги йиғим-теримлардан сўнг парламантимизга сайлов бўлади. Ҳар доим сайлов арафасида ғаламис халқаро ташкилотлар мухолифат масаласини қўзғайди. Ўлган илоннинг думини босиб, бошини қимирлатмоқчи бўлади, занғарлар... Огаҳий – Хоразмдан, Илонбош (унинг “Душман”, “Радий Фиш” каби лақаблари ҳам бор: изоҳ маники – И.А.К.) ҳам Хоразм фарзанди. Агар унисининг 200 йиллик юбилейи тантанали равишда нишонланса, бунисининг 60 йиллик юбилейи тўғрисида ҳам пана-панада мишмиш тарқатилади: “Парламет сайловларида мухолифат ҳам қатнашар эмиш, ҳукумат билан мухолифат лидерлари ўртасида норасмий музокара бошланибди...”
“Қобуснома”дан:
“Зулмни кўнглингга асло келтирмагилки, одил подшонинг хонадони кўп йиллар умр кўрур, золимнинг хону мони тезроқ барбод ва нобуд бўлур. Ҳукамо дебдиларким, одил подшо олам хуррамлигининг сарчашмасидир, золим подшо жаҳон хароблигининг тўфонидир... Хилватда кўп ўтирмагил, лашкардан ва ўз халқингдан қочмагил, агар қочсанг, улар сендан қочадилар. Халқнинг ҳолидан хабар олишда камчиликка йўл қўймагилки, бу камчилик душманнинг фойдасидир...”
Китобнинг 117-саҳифасига хатчўп қистириб, зимдан Иноят Махсумга назар солдим.
– Нега қоққан қозиққа ўхшаб турибсан? Нима гап? Ҳожи дўстим қани?
– Амнистиянгиз асосида тергов ҳаракатлари таққа тўхтатилиб, озодликка чиқариб юборилибди.
Сан мани довдиратма, тўғрисини айт! Ҳойнаҳой, уриб ўлдирган бўлсаларинг керак?
– Йўғ-э, Худо ҳаққи! – деб ёқасини ушлади Иноят Махсум. – Ҳозир Бўстонлиқ тарафларда тадбиркорлик билан шуғулланяпти.
– Қанақа тадбиркорлик?
– Ёнғоқфурушлик қиляпти.
– Огоҳлантириб қўяй, агар алдаётган бўлсанг, хумпар, “Даракчи”нинг махсус мухбири этиб Жаслиққа юбораман! – Дарғазаб бўлиб ўрнимдан турдим. – Кет мундан! –Сўнгра стол остидаги тугмачани босдим. Иноят Махсум орқасига тисарилиб хонадан чиқишига адютантим кириб келди. – Вертолёт ҳозирлансин, Бўстонлиққа кетамиз. Шошма, анави масала нима бўляпти?
Қайси масала? – деди адютант кўзларини пирпиратиб.
– Қайси масала бўларди, галварс! Қаламкашни сўраяпман!
Бу иш билан Пароканд шуғулланяпти, шекилли.
– Шапшаклик қилма! Ҳамма шуғулланяпти, энди сан ҳам шуғулланасан!
– Хўп бўлади.
– Тез бўл, тошбақа!
– Хўп.
Устки лабимга ясама мўйлов ёпиштирдим, оёғимга кирза этик кийдим, эгнимга эски чопон ташладим ва типратикон солинган банкани қўлтиғимга қисиб, вертолётга чиқдим. Бўстонлиқ томон йўл олдик. Йўл-йўлакай Ҳожи дўстим Бурчмулла қишлоғида гузар яқинидаги битта хонадонни ижарага олиб, ёнғоқ мағзи тўплаётгани тўғрисида маълумот келди. Тўс-тўполон бошланмаслиги учун вертолётни кўприк ёнидаги чимзорда қолдириб, ўзимиз чегарачиларнинг “ГАЗ-69” машинасида Бурчмуллага чиқиб бордик. Бўш пайтларида киракашлик қиладиган ёлланма сержант бизни тўппа-тўғри ёнғоқ мағзи тўпланаётган хонадонга олиб борди.
Дарвозадан ҳовлига кириб ажаб манзарага дуч келдик.
Хотин-халаж, бола-чақа тўп-тўп бўлиб ўтирарди. Ҳар бир тўп ёнида икки юз литрлик бочка. Бочкага сув тўлдирилган, сувда ивитиб қўйилган ёнғоқлар қалқиб турарди. Учта хотин пўстакларга чордона қуриб олган, ҳар бирининг қўлида зирамих қоқишга мўлжалланган болғача, пишган ғишт устига ёнғоқни қўйиб кетига аста-аста уч бора зарба бериб рўпарасига отиб юборяпти. Уч бола эса ёнғоқларни илиб олиб, пўчоғини бир тарафга, мағзини бошқа тарафга ажратиб қўяр эди. Уч аёл ёнғоқни чақиб турса, уч бола пўчоқдан мағзини ажратади.
Биз ўзимизни иш излаб келган мардикорлардек таништирдик. Тадбиркорлик қилаётган Ҳожи бобони сўрадик. У қишлоқ оралаб ёнғоқ қоқаётган одамлардан хабар олгани кетган экан. Сўраб-сўраб Ҳожини бир кишининг томорқасидан топдик. У мани дарров таниди. Қучоқлашиб кўришдик. Чакмон кийиб олган адютантим кўтариб турган банкани кўрсатиб:
– Ман санга типратикон совға қилмоқчиман, – дедим.
– Қуллуқ, – деди Ҳожи кулимсираб. – Қишлоқда типратикон тиқилиб ётибди.
Ке, қўй, гина-кудуратни унутайлик, – дедим елкасига қўлимни ташлаб.

5. “Даракчи”


Чоршанба – муродбахш кун.
Бир қатор араб мамлакатларидан келган мухтор элчиларнинг ваколат муддати ниҳоясига етди. Соат ўн бирда улар билан расман хайрлашув маросими белгиланган эди. Унгача Ҳожи дўстим билан бир пиёла чой устида учрашиб, типратиконни совға этиб юбормоқчи бўлдим. Бадантарбия машқларини одатим бўйича сидқидилдан адо этдим. Ювиниб-тараниб, пахмоқ пижамани елкамга елвагай ташлаб ошхонага ўтдим ва диванга ястаниб “Даракчи” газетасини қўлимга олдим. “Даракачи” – Марказий Осиёдаги энг оммавий газета ҳисобланади. Уни ҳамма ўқийди, одамлар янги сонини сабрсизлик билан кутади. Илгари бу газета манинг муборак диққат-эътиборимдан четда қолган экан; ҳар хил олди-қочдилар, Интернет саҳифаларидан кўчириб олинган сийқа янгиликлар каминани асло қизиқтирмасди. Қадр кечаси адютантим “Даракчи”да эълон қилинган бошқотирмаларга эринмасдан жавоб топиб ўтирганини тасодифан кўриб қолдим; хаёли қочган эканми, қадам товушимдан танимади ва бошини кўтармасдан: “Кичик Бушнинг отаси ким?” деб сўради. “Катта Буш”, дедим бехос. “Раҳмат, – деб катакчаларга ман айтган сўзларни ҳарфма-ҳарф ёзиб чиқди ва: – Маладес, Қадамбой, сен бу жавобни билиб айтдингми ё таваккал қилдингми?” деб бошини кўтардию... ўтирган жойини ҳўл қилди. Ман қўлидан газетани тортиб олиб ҳожатхонага йўналдим. Унитазга ўрнашиб олганимдан сўнг “Даракчи”нинг у ёқ-бу ёғини ағдариб кўрдим. Ичида бир ёзувчининг киноқиссасидан парча берилган экан. Кўз югуртирсам, қизиқ туюлди. “Давоми бор” деб қўйилибди. Ҳожатхонадан мутолаани якунлаб чиққанимда ҳам, адютантим ҳамон жойида ўтирибди экан. “Ҳа, азамат, иштонингга сузиб қўйдингми?!” деб пичинг қилиб ўтиб кетдим. Газета қўлтиғимда. Парокандга айтиб “Даракчи”нинг эски сонларини олдирдим. Шу-шу навбатдаги сонларини ўзим ҳам сабрсизлик билан кутадиган бўлиб қолдим...
Эшик оҳиста очилиб, остонада Иноят Махсум кўринди. Қўлтиғида қалингина жилдтахлам.
        Тинчликми? Сўпи уйғонмасдан сенга қароргоҳда нима бор?!
Иноят Махсум хижолатомуз жилмайиб келиб папкани қўлимга тутқазди. Кўзойнакни қайтадан бурнимга қўндириб жилдтахламни варақлай бошладим: “Ҳожи Жунаидхон устиндан тўпланган агентура маълумотлари”.
Папкани ёпиб гилам устига улоқтирдим.
– Уч юз бетлик уйдирмани ўқиб ўтиришга вақтим йўқ. Аслида нима бўлган, қисқача гапириб бер, – дедим. Кўзойнагимни ечиб, стол устига қўйдим.
– Ҳаждан соқол қўйиб қайтади. Маҳалла оқсоқоли орқали илтимос қилиб юриб соқолини зўрға олдирдик. Сўнг нақшинкор ҳассасини ўйнатиб юриб тўй-маъракаларга борадиган бўлади. “Ит-пит йўлиқиб қолса қўрқитиш учун олиб юраман”, деб изоҳ беради. Аслан, ит-пит деганда маҳалла посбонларини назарда тутади...
– Бас! Ўзи ҳозир қаерда?
– Подвалимизда ётибди.
– Дарҳол ҳузуримга келтир! – дедим девор соатига қараб. – Узоғи билан бир соатдан кейин ювинган-таранган, ясанган ҳолатда рўпарамда ўтирмаса, сан ҳам энангди Учқўрғонидан топасан. Қани, кру-гом! Бегом-марш!
Кўзойнакни бурнимга қўндириб, яна “Даракчи”ни қўлимга олдим.
Асабим қўзиди-ю, лекин кулгим қистаяпти. Газетани тиззамга уриб қаҳқаҳа отиб юбордим. Ўрнимдан сапчиб туриб хонада у ёқдан-бу ёққа тез-тез бориб кела бошладим. Стол остига ўрнатилган тугмачани босдим. Адютантим пайдо бўлди.
– Анавиларга айт, элчилар билан хайрлашув маросими пешиндан кейинга қолдирилди. Шайхлар кетаржафосига Ҳасти Имом комплексига бориб қаноти қирқилган оқ лайлакларни зиёрат этиб қайтишсин, – дедим.
Газетанинг дуч келган саҳифасини очдим. Энди бир соат давомида “Даракчи”ни мутолаа қилишга мажбур бўламан.
Жин урсин, муродбахш куннинг ҳам пачаваси чиқди.

4. Типратикон


Оқшом чоғи боғимда сайр этиб юрган эдим. Йўлак ёнидаги гулзордан шитир-шитир товуш эшитилди. Соқчи-поқчи писиб ўтирган бўлса керак деб ўйладим. Ортимга қарамасдан қадамимни секинлатдим. Бояги товуш такрорланди. Илкис ортимга бурилдим. Қарасам, типратикон боласи йўлкани кесиб ўтяпти. Жадал юриб устига бордим, у ғужанак бўлиб олди. Ерда ётган ғоз тухумидек бир нарсага тикилиб турганимни кўриб тансоқчим югуриб ёнимга келди.
          - Тузламадан бўшаган шиша банка келтир, адютант, – дедим.
Тансоқчимини “адютант” дейман; уни ўзимга яқин олаётганимни сезиб ўзини томдан ташлашга ҳам доим тайёр туради. Пайти келса, уни томдан сакратиб кўраман. Узр, хаёлим қочди.
Дарҳол банка келтирди. Типратикон боласини банкага солдим. Уни адютантимга кўтартириб қароргоҳга қайтдим. Адютантимга рухсат бериб, хобхонамга кирдим. Банка уч литрлик эди, боя ғужанак бўлиб ётган типратиконча пўстинидан аста тумшуқчасини чиқарди. Хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, аста қаддини тиклади ва банка бўйлаб сайр эта бошлади. Шишага тумшуқчасини қадаб ҳидлаб-ҳидлаб қўяди, сўнг яна сайр этади. Бир пайт столга тирсакларимни тираб уни томоша қилаётганимни кўриб қолди: кўзмунчоқдек кўзларини афт-ангоримга қадаб, ажабланганича тикилиб тураверди. Ман ҳолатимни ўзгартирмадим. Бир-биримизга узоқ тикилдик. Охири ман ошхона томон йўл олдим. Пичоқ билан битта олма келтирдим. Адашмасам, “Алифбе” китобида ништарларига олма санчиб олган типратиконнинг орқасидан болалари эргашиб кетаётган ҳолат тасвирланган эди. Китобни тузук-қуруқ ўқимаганман-у, ўша расм эсимда қолган. Демак, типратикон олма еса керак деб ўйладим. Қизил олманинг пўчоғини арчиб, сўнг тўғраб-тўғраб банкага ташладим. Турпи қўлимда қолди. Олма турпига қурт тушган экан. Қуртини кўриб негадир: “Севги ҳам олмага тушган қуртга ўхшайди”, деб пичирладим. Токи қурт пўстни тешиб чиқмагунча олманинг ичида нима борлигини ҳеч ким билмайди. Сир ошкор бўлган пайтда қурт олманинг энг ширин жойларини еб адо қилган бўлади; энди олманинг ўзидан кўра ўша қурт ширинроқ бўлиб қолса керак. Айтишларича, япон тадбиркорлари Олой бозоридан қуртлаган олмаларни танлаб-танлаб харид қилишар экан. Негаки, қурт фақат ширин олмаларга тушар эмиш. Эҳтимол, севги ҳам фақат ширин юраклардан паноҳ топар... Типратикон боласи олма тўғрамларини ҳидлаб кўрди, олд оёқчалари орасига олиб кемираётгандек ҳам бўлди. Бироқ, олмага тиши ўтмадими ёки ейишни истамадими, ишқилиб, яна банка бўйлаб сайр этишга киришди.
Янглишмасам, жонажон коммунистик партиямизнинг ХХ съездида сўзлаган нутқида Никита Хрушчёв: “Биз Хитойнинг иштонига типратикон қўйиб юборамиз”, деган эди. Яъни, атом бомбаси билан ён қўшнимизнинг эс-ҳушини жойига келтириб қўямиз деб пўписа қилади. Шундан сўнг ўзаро алоқаларимизга совуқчилик тушади. Мавзолейдан Иосиф Сталиннинг мўмиёланган жасади чиқариб ташлангач, чегаралар тақа-тақ ёпилади. Сталин жасади Компартиянинг хусусий мулки, уни нима қилишни Марказқўм ҳал этади, ички ишларимизга аралашманглар, деб Мао Цзе Дунни ишонтиргунча Хрушчёвнинг она сути оғзидан келади... Халқаро масалалар жабҳасига ўйлаб қадам босиш керак. Типратиконни халқаро масалаларга аралаштирмаган маъқул.
Энди типратиконни нима қилсам экан? Уни тутишга тутиб олдим-у, лекин нима қилиш мумкинлиги тўғрисида бош қотирмаган эканман. Хўш, уни нима қилиш мумкин?.. Оббо, бу ёғи ғирт бошоғриғи бўлди-ку!
Лоп этиб яқинда ҳаж ибодатини адо этиб қайтган битта дўстим эсимга тушиб қолди. Бўлди, топдим! Типратиконни ҳожи дўстимга совға қиламан, хурсанд бўлади. Охирги марта кўришганимизда: “Эрмак учун тошбақа боқмоқчиман”, деган эди. Тавба, ўша гапи эсимда қолибди. Бошқа гаплари паққос ёдимдан кўтарилиб кетган. Шунақаси ҳам бўлар экан-да! Ҳозир тошбақалар қишки уйқуга ҳозирлик кўраётган бўлса керак. Уларни фақат инидан топиш мумкин. Тошбақанинг қаерга ин қуришини ким билади дейсиз. Шу масалада ҳайвоншунос олимлардан маслаҳат сўрасам: “Ие, Юртменбоши оддий ҳақиқатни ҳам билмас экан-ку!” деб ҳиринг-ҳиринг қилишади. Яхшиси, эзма олимларга сир бой бермаганим дуруст. Бир марта сир бой берилса, дарров бошга чиқиб олишади. Ман бу халқни яхши биламан.
Қисталоқнинг исми нимайди-я! Тилимнинг учида турибди-ю, лекин ҳеч эсимга келмаяпти: тарихий шахс номини эслатарди ўзиям. Нима бало, хотирам сустлашиб қолдимикан? Наҳот қариётган бўлсам?!.
Стол остига ўрнатилган тугмачани босиб адютантимни чақирдим.
- Эрталабгача яқинда ҳажга бориб келган ошнамни топиб қўй! – дедим.
- Хўп бўлади, – деб чаккасига қўл қўндириб чиқиб кетди адютантим.
Занғар-эй, “Қайси ҳожини?” деб сўрамади-я! Ишқилиб, эрталаб беш мингта ҳожини қароргоҳ майдонига тикка қилиб қўймаса гўргайди.

3. Хирмонтепада бир тарсаки


Лаънати Қаламкаш! Яна тилини бурро қилиб ғийбатимни бошлади. Тўғридан-тўғри ғийбат қилмайди, айлантириб уради:
“Дўстимдан тонсам, номардлик бўлади”, дейди.
“Ёшликда оғир кунларимизда бир-биримизга эш бўлганмиз”, дейди.
“Ҳозир каттароқ бир нарса ёзяпман, ёзиш қийин бўляпти. Адабиёт тарихида ёрқин из қолдирадиган асар яратяпман. Келаси йили Нобел мукофоти манга берилса керак”, деб орқаворатдан мани қўрқитмоқчи бўлади.
Пароканд Мирзога илгари ўн марта айтганман: ўзимизга қарашли танқидчиларга заказ қилиб, Қаламкашнинг Шўро даврида чоп этилган китобларини бағишлов-мағишловларига қўшиб абжағини чиқариш керак. Танқид лойиҳасини ҳам ўзим чизиб кўрсатиб берганман: Грант Матевосяндан, Нодар Думбадзедан, Неъмат Аминовдан, Николай Гоголдан бутун-бутун сюжетларни ўғирлаб олган, адабий тил қоидаларини билмайди, шалоқ сўзлардан фойдаланиб ҳузур қилади. Масалан, илк қиссаларининг бирида: “Агар сандан ноқобил фарзанд чиқишини билганимда борми, ўғлим, ҳеч иккиланмасдан пўстакка тўкиб ташлаган бўлардим”, деб ёзади. Бу гапнинг иккинчи қисмини муҳаррир ўчириб юборган, “ўғлим”дан кейин уч нуқта қўйиб қўйган. “Ёшлик” журналининг архивида қўлёзманинг таҳрир қилинган нусхаси сақланиб қолган, шу нусха асосида илмий хулоса чиқариш, наҳотки қийин бўлса?!
Пароканд, пандавақи, қаёққа қараяпсан?! Ўзинг ҳам ич-ичингда Қаламкашга хайрхоҳ бўлсанг керак-да! Мани билмайди деб ўйлайсанми? Ҳаммасини биламан: кечаси қанақа туш кўрганингни ҳам биламан. Агар қанақа туш кўрганингни айтсам, мани авлиё деб эълон қиласан, тиз чўкиб келиб этагимни ўпасан. Манга кўр-кўрона сиғинадиган муридлар керак эмас, манга битта команданинг онгли аъзолари сув ва ҳаводек зарур. Муридбозликка тоқатим йўқ. Бундан ўн беш йил муқаддам девонга ишга олинган битта шоирвачча кўпчилик даврасида қўлимни ўпган эди. Уни ўша куниёқ кетига бир тепдим, учиб бориб дарвешлар тўпланадиган хонақоҳга тушди. Тепки еган жойларини таҳорат қилиб, тариқатга кириб кетди, баччағар. Ўрнига тушди. Йўқса, девон тариқат хонақоҳи эмас. Девон – мамлакатнинг Бош мияси. Бош мия эсанкираб қолса, мамлакатда ҳаракат тўхтайди – худди чеченкуш генерал Романовга ўхшаб кома ҳолатида тирик мурдага айланиб қолади.
Охирги марта огоҳлантиряпман, Пароканд, зудлик билан Қаламкашнинг эски китобларига қарши кампания уюштирсанг уюштирдинг, уюштирмасанг, энангди Учқўрғондан кўрсатаман! Тағин Тўрақўрғоннинг у ёғидаги, Ахсикентнинг бу ёғидаги Учқўрғонни назарда тутяпти деб ўйламагин, ман бошқа Учқўрғонни назарда тутяпман. Қайси Учқўрғон эканини қурумхонага кириб чиққанингдан кейин билиб оласан.
Ит қутурса, эгасини қопади. Қутурган итни ё эмлаш керак, ёки отиб ташлаш керак. Эмлашдан кўра, отиб ташлаш арзонроқ тушади.
Ғазабим қўзиб турган пайтда битта хушхабар келиб қолди, хайрият.
Қаламкаш Хирмонтепа аркаси ёнидаги очиқ ҳавода жойлашган барда Чеҳрагулнинг йўлини пойлаб ўтирган экан. Чамаси, узоқдан жамолини бир кўриб кетмоқчи бўлган. Кутилмаганда столнинг нариги томонида важоҳатидан от ҳуркадиган битта аёл пайдо бўлиб: “Ҳой мўғил, анави стул бўшми?” деб сўрайди. “Ман мўғил эмасман, ўзбекман”, дейди Қаламкаш кулимсираб. “Нега тиржаясан?! Нима, мани масхара қиляпсанми?!” “Опажон, ундай деманг, уят бўлади”, деган заҳоти Қаламкашнинг юзига тарсаки тушади: “Сан манга уятдан гапирадиган бўлдингми, уятсиз!” Опа иккинчи тарсакини ҳам туширмоқчи бўлган пайт Қаламкаш столнинг остига кириб яширинади ва тўрт оёқлаб нариги томондан қочиб чиқади. Ана-мана деб Опа унинг орқасидан дағдаға қилиб боргунча йўлнинг у бетига ўтадию таксига ўтириб Чилонзор метроси томон равона бўлади. Текин томошани мириқиб кўриб-кузатишга чоғланган пивохўрлар кружкаларини кўтарганча жой-жойларига қайтади. Ҳай, майли, бу энди катта можаронинг бошланиши, холос. Севгининг асосий синовлари ҳали олдинда турибди.
Парокандга буюрдим: дарҳол Опани топиб, уни “Буюк хизматлари учун” орденига номзодлар рўйхатига киритиб қўйиш керак. Анкета тўлдирсин, зарурий хат-ҳужжатлар тайёрлансин. Агар “Буюк хизматлари учун” орденига тортмаса, ҳеч бўлмаса “Эл-юрт ҳурмати” орденини албатта бериш керак. Жуда бўлмаса, “Жасорат” медали билан тақдирлаймиз.
Ишончим комилки, Қаламкаш Хирмонтепада еган бир тарсакини ўла-ўлгунча эсидан чиқармайди. Омин.

2. Халқ тушунади


Халқ рост гапнинг қули. Халққа доим рост гапни айтиш керак.
Шойимнинг хонадонига Қодирвойнинг ҳовлисидан водапровод қувури ўтган экан. Шойим аёлманд киши – бешта боласи бор. Катталари уй-жойли, навбат кенжасига етди. Кенжаси ўғил – меросхўр. Меросхўр тагли-тугли хонадон қизига унаштирилди. Тўй болохона битган куни бўладиган этиб белгиланди. Дарвозахонада болохона қурилиши бошланди. Уста чақирилди, тўртта мардикор ёлланди. Кўчага бир машина ғишт, бир машина қум, қирқ қоп семун келтириб тўкилди. Ҳадемай девор кўтарилди. Хомаки лойиҳа бўйича болохона деразаси кўчага қараган бўлиши керак эди.
- Майли, кўчага қаратиб дераза ўрнатамиз, лекин қўшни тарафга қаратиб ҳам кичикроқ дераза қўймасак уйингизга қуёш тушмайди, ундан доим зах-моғор ҳиди анқиб турадиган бўлади, – деди Уста.
- Қодирвой нима дер экан? – деди Шойим чаккасини қашлаб.
- Уй сизникими ёки Қодирвойникими?
- Маники-ю, аммо...
- Ман устаман, бажарилган меҳнатимга қараб ҳақ оламан. Ҳозирги таклифим бўйича меҳнат ҳажми камаяди; демак, манга камроқ ҳақ тўлайсиз. Бироқ болохона битганидан кейин баҳорга чиқар-чиқмас моғор ҳидидан кўнглингиз айний бошлайди. Сўнг мани “Уй қурмай қўлинг синсин!” деб қарғашга тушасиз.
- Ундай деманг, уста, ман нонкўр эмасман!
- Ман бўлсам, хўжайин, лўлининг эшагини суғориб пулини олиб кетадиган мардикор эмасман! Уста деган номим бор, қилган ишимнинг натижаси учун ҳам жавоб бераман. Агар таклифимга юрмасангиз, майли, бу ёғига розиман, эртага бошқа уста топиб келинг, ман кетаман.
Шойим аросатда қолди. Шомдан кейин ноилож Қодирвойнинг дарвозасини тақиллатди. Устанинг таклифини қўшнисига етказди, ундан маслаҳат сўради.
- Бекор гапнинг бештасини ебди! – деди Қодирвой. – Уста халқи пасткаш бўлади. Пасткаш устанинг гапига кирадиган одам ҳам пасткаш бўлади. – Қодирвой хайр-маъзурни ҳам насия қилиб тақ этказиб дарвозани ёпиб изига қайтади. Шип-шип этган қадам товуши йўлакдан хийла пайт эшитилиб туради.
Шойим бўшашибгина изига қайтади.
Уста ўжар эди, битта гапидан қайтмайди – болохонадан қўшни тарафга қараган кичикроқ деразага жой ташлаб деворни кўтаради. Дераза ўрни кўзга кўринган куни Қодирвой водапровод қувурини шартта кесиб, трубасини девордан ошириб отиб юборади.
Тушдан кейин уста билан мардикорлар ишсиз ўтиради. Эртаси куни Шойим битта икки юз литрлик бочка топиб келади, сўнг ён қўшнисидан сув сўраб бочкани тўлдиради. Кечки пайт маҳалла оқсоқоли бўлмиш Мумтоз муаллим хонадонига бориб бўлган воқеани ётиғи билан тушунтиради.
­– Ман бу ишга аралашмайман, – дейди Мумтоз муаллим. – Итнинг феъли эгасига маълум дейдилар. Ман Қодирвойнинг феълини яхши биламан: шу пайтгача сизга сув бериб тургани учун ҳам раҳмат денг, оғайни! Аслида, у қишда қор сўраб борган одамга ҳам арчасини кўрсатиб: “Ўзимиз Қорбобо ясамоқчимиз”, дейди.
Шойим узр айтиб уйига қайтади. Сўнг шахсий кутубхонасига қамалиб олиб астойдил Юртменбоши номига, яъни манга шикоятнома ёзишга киришади...
Хўш, Қодирвойга қарши қандай чора кўриш мумкин? Кечаси бориб томига бир елим халта “қора дори”ни отиб юбориб, қўққис тинтув ўтказиб, сўнг қолган умрини турмада чиритиб юбориш энг осон йўл. Бироқ, ўшандан кейин ҳам Шойимнинг сув муаммоси ҳал бўлмайди: аламзада қўшни хотин икки дунёда ҳам водапровод қувурини қайта улашга кўнмайди. Эҳтимол, Қодирвойнинг бола-чақаларини ҳам қаматиб юбориб, уй-жойини мусодара қилиш лозимдир? Кимошди савдосига қўйилган ҳовлини инсофли одам сотиб олиб, Шойимга сув берса-ку, дўппини осмонга отса ярашади.
“Сўфи, инсоф қил, имон керакмасму сенга?” деган экан Фузулий.
500 йил муқаддам инсоф тиллоларга баробар бўлган бўлса, имон ўзимизнинг сўм каби қадрсиз миллий валюта ҳисобланган кўринади.
Дарвоқе, ўрислар мусулмон эмас – уларда имон йўқ, лекин инсоф бор.
Биз сабр-тоқат билан ўтиш даври қийинчиликларини енгиб ўтишимиз шарт. Чунки болаларимиз биздан кўра доно, биздан кўра прагматик ва албатта биздан кўра бахтли бўлажак!
Марказий Осиёда вужудга келган сув муаммосини халқимизга рўй-рост айтишимиз лозим. Керак бўлса, болохона қурилиши муносабати билан сув муаммосига дуч келган Шойимнинг шикоятномаси асосида сенарий ёзиб, кўп қисмли миллий сериал яратиш зарур. Миллий сериалда ўзимизга хос ва ўзимизга мос манталитетимиз ёрқин акс эттирилиши керак десам, кўпчилик фикримга қўшилса керак.
Халқ рост гапнинг қули. Халққа доим рост гапни айтиш керак.

1. Учбурчак


Мухолифбашара битта Қаламкаш (адабий исми М. М. Д. бўлиб, ман унга “Мўйлов Мирзо”, “Яхшибой Ошно”, “Душманнинг Дўсти”, “Радий Фишнинг Думи” каби лақаблар қўйиб олган эдим: изоҳ маники – И. А. Ю.) бор. Ими-жимида унга буюртма бериб тураман – ўткир мавзуларда фелэтон ёздириб, барча марказий газеталарда бир кунда эълон қилдираман, мўмайгина қаламҳақи тўланглар, деб тайинлайман. Гоҳида байрамона нутқларимнинг қораламаларини ҳам унга ёздираман. Албатта, қораламадан фойдаланиб бўлмайди, лекин теша тегмаган ибораларини ўз тилимдан нутққа киритиб юбораман. Ўша нонкўр тунов куни: “Бизда демократия йўқ! Юқоридан рухсат берилган гапларни рухсат берилган одамларгина айтиши мумкин”, деб ғийбат қилибди. Қисталоқ, сирни ошкор қилиб нима қиласан?! “Бобурнома”ни ўқимаганмисан:
“Ушбу йил Султон Ҳусайн мирзо била Бадиуззамон мирзо орасидағи ниқорлар урушға тортти... Бир кун Алишербек била мирзонинг орасида бир суҳбат ўттиким, мирзонинг тез фаҳмлиғиға ва Алишербекнинг риққати қалбиға долдур. Алишербек сиррий сўзларни мирзоға гўшаки қилиб айтти. Дағи дедиким: “Бу сўзларни унутинг”. Мирзо филҳол айттиким: “Қайси сўзларни?” Алишербек бисёр мутаассир бўлиб, кўп йиғлади”.
Ҳатто шаҳзода Бадиуззамон сир сақлашга қодир бўлган экан. Анави далли-даюслар бўлса... Фаҳм-фаросатдан мосуво кимсага аҳмақ одам сир айтади. Аслида ўзим аҳмақман.
Сассиқ оғиздан сассиқ гап чиқади. Энг улуғ байрам муносабати билан заказ қилинган нутқ қораламасида: “Келаси йили “Шайбонийнома” достони яратилганига роппа-роса беш юз йил тўлади. Биз бу санани ҳам мамлакат миқёсида кенг нишонлашимиз лозим”, деган жумлани қора ҳарфларда алоҳида таъкидлабди гўрсўхта. Сопини ўзимдан чиқармоқчи бўлган: агар “Шайбонийнома” яратилган сана расман нишонлансин деб фармон берсам, Худо беради-ку! Газета-журнал саҳифаларида, радио-телевидениеда достон муаллифининг номи такрорланавериб жонга тегади. Одамлар Муҳаммад Солиҳ номини энди-энди унутяпти; яна етти-саккиз йил сабр қилиш керак, найновнинг номи паққос унутилсин, майли, ундан кейин “Шайбонийнома” юбилейини нишонлайверамиз. “Шайбонийнома” ҳеч қаёққа қочиб кетмайди. Қўлёзмалар институти архивида яна чорак аср чанг босиб ётса ҳам осмон узилиб ерга тушмайди.
Оббо, қовоқбош-эй, ҳали сан мани лақиллатмоқчи бўлдингми? Чучварани хом санабсан! Сан шохида юрсанг, ман баргида юраман!
Биз темурийлар наслидан бўламиз. Бобур ҳам темурий бўлган. Шайбоқхон эса ёвуз Чингиз наслидан эди. Чингизийлар Туронзаминдан темурийлар авлодини суриб чиқарган. Қайтар дунё, дейдилар. Энди биз чингизийларни тарихдан суриб чиқарамиз.
Калтакнинг ҳам битта учидан ушлаш керак. Икки учидан ушлаб туриб зарба бериб бўлмайди.
Ниҳоят, мухолифбашара Қаламкаш қўлимга тушди, шекилли. У Чеҳрагул исмли кўҳликкина битта аёлни севиб қопти. Босим телефон қилаётган эмиш, ҳатто боғ-ҳовлисига таклиф этиб, чўғда маккажўхори пишириб берган эмиш. Чеҳрагул ҳозирча майл билдирмаган кўринади. Сабабини обдан ўрганиш керак. Сабаби аниқлангач, шунга қараб иш кўрилади. Бу вазифани Иноят Махсум зиммасига юклайман. Ҳозирча арқонни узун ташлаб қўйган маъқул. Майли, севги сюжети ўз ҳолича ривожланаверсин. Қаламкаш яна думини қимирлатса, дарҳол таноби тортиб қўйилади. Аммо-лекин севги линиясининг тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Линияга яна битта персонаж киритиб, калавани чувалаштириб юбориш керак. Ҳеч бўлмаса, учбурчак ясаш лозим. Учбурчак севги янги гап эмас. “Хамса” достонлари ҳам учбурчак асосига қурилган: учбурчакка кириб қолган Қайс охир-оқибат м а ж н у н бўлади. Ишқилиб, энди Қаламкашни ақлдан оздириш мумкин. Фақат назоратни сусайтирмаслик лозим.

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...