Ман хижолат бўлдим. Хайрият, Ҳожи
қўлимни қайтармади – типратикон солинган банкани олиб ёнида турган битта
йигитга топширди.
– Эҳтиёт қилгин, боласи экан, –
деди. – Нон чайнаб бер ёки сутга нон солиб ивитиб бериш керак. – Бирпас ўйланиб
туриб: – Умуман, буни каттароқ аквариумда боқиш керак, – деб қўшиб қўйди
заҳарханда аралаш.
Қўлтиқлашиб четроққа ўтдик.
–
Хўш,
нима бўлди? – деб сўрадим. – Шу тобда сайлов бўлса, ростини айт, кимга овоз
берган бўлардинг? Мангами ёки Илонбошгами?
Ҳожи жавоб беришдан бурун хийла
ўйланиб қолди. Сўнг тилга кирди:
– Жўра, биласанми, кўп эр-хотинлар
нима учун ажрашиб кетмайди?.. Битта болали бўлгандан сўнг бир-бирининг
кимлигини, қусурини беш қўлдай билиб олади ва бир-бирига рўпара қилган кунга
лаънатлар айтади. Бироқ қўйди-чиқди масаласини имкон қадар орқага судрайверади.
Бу орада яна битта бола бино бўлади. Оилада ғиди-биди бошланади, жанжал одатий
ҳолга айланади. Эр ўйлайди: “Талоғини берсам, ёмғирдан қочиб қорга дуч
келмайманми?” Хотин ўйлайди: “Бировнинг тўшагида ётган хотинга ориятли йигит
уйланмайди; ундан кўра эр топилмаган қариқизларга уйланишни афзал кўради. Ҳозир
жуда кўп йигитлар Россияга кетиб, момақаймоқ рус қиз-жувонларини хотин қилиб
олган. Эркак зотига қирон келган даврда боридан ҳам жудо бўлиб қолмаганим
маъқул...” Шундай қилиб, жўра, ёмони кетиб яхшиси келмайди. Ҳартугул, синашта
бўлган одам билан тишни тишга босиб яшаган яхши. Подшо тўғрисида ҳам шунақа
дейиш мумкин.
– Раҳмат, жўра. Мани хурсанд қилдинг, энди
келажакка ишонсам бўлади – бу ёғидан кўнглим тўқ. У ёғи нима бўлди?
– У ёғими? – деб кўзларимга
тикилди. – Ўтган ишга саловат, – деб қўл силтади.
– Қариган чоғингда бемалол оёқ
узатиб уйда ётмайсанми? Ёнғоқфурушликни санга ким қўйибди?
– Аминусга тушганимдан кейин бехос
қўлим юпқа бўлиб қолди. Энди қарз-ҳаволани қайтаришим керак.
– Ҳали шунақами? – дедим
ўсмоқчилаб. – Наҳотки фармонимни ҳам пуллашаётган бўлса?!
– Ман шикоят қилаётганим йўқ.
Мана, озодликка чиқаришди-ку, шунисига ҳам шукр. Ўтган ишга саловат.
– Ман бу ишни шундай қолдирмайман.
– Товон тўлайсанми?
– Нима-нима?
Ҳожи юзимга тикилиб кулимсиради:
– Яхшиси, жўра, ўлган илоннинг
думини босмагин, боши қимирлаши мумкин.
–
Бўпти,
бу масалага кейин яна қайтамиз. Юр, манга ишингни кўрсат.
Қўлтиқлашиб ёнғоқ қоқиб-ёнғоқ
териб юрган одамларнинг ёнига бордик: “Ҳорма, бор бўл!”
“ГАЗ-69”нинг орқа ўриндиғига
ўтириб, ижарага олинган хонадонга қайтдик.
Ёнғоқ эгасидан, қоқиб бериш шарти
билан, ҳар бир килоси учун 1800 сўмдан кўтарасига сотиб олинади. Сўнг ҳар бир
кило ёнғоқ 200 сўмдан ҳақ тўлаб чақтирилади. Битта зарбдор одам астойдил
ўтирса, бир кунда эллик кило ёнғоқ чақиши мумкин. Демак, ўн минг сўм ишлайди.
Ўн минг сўм икки кишига тақсимланади. Чунки бир киши чақиб ўтирса, иккинчи киши
ёнғоқ мағзини пўчоғидан ажратиб олади. Агар бир киши ҳам чақиш, ҳам пўчоғидан
ажратиш билан машғул бўлса, иш унмайди: ўн олти соат давомида ўттиз кило ёнғоқ
чақиши мумкин, холос. Она-бола эса унумдорликни деярли икки ҳисса оширади.
Ёнғоқ пўчоғи фойдага қолади: бир қоп ёнғоқдан ярим қоп мағиз чиқса, ярим қоп
пўчоқ чиқади. Ёнғоқ пўчоғи ўрик ўтинидек яхши иссиқлик беради. Уни ўчоққа ёқиб
овқат пиширса ҳам бўлади, печга ёқиб уйни иситса ҳам бўлади.
Беихтиёр шоир Рауф Парфи эсимга
тушиб кетди. У ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирган, дейишади. Ижарага турадиган
уйида қуруқ нон-чойга қаноат қилиб яшаган. Таниш-билишлари, мухлислари ёнғоқ
келтирса, чақиб мағзини еганидан сўнг пўчоғини бир литрлик шиша банкага солиб электр
қайнатгичда сув тўқ қизил тусга киргунча қайнатиб ичган. Қадимда дарвешлар ҳам
Рауфжондек дунёдан кечиб ўз олами ҳудудида эмин-эркин ҳаёт кечирган бўлса
керак. У ҳазилга ҳам уста эди. Манинг битта китобимни атайлаб дўкондан сотиб
олиб титул варағига: “Ўзтуркнинг катта шоири, қадрли дўстим Рауф Парфига ижодий
парвозлар ҳамиша ёр бўлишини тилайман”, деб дастхат ёзиб ўхшатиб имзомни
қўйибди-да, пала-партиш сочилиб ётган китоблари орасига ташлаб қўйибди. Шоирни
йўқлаб келган мухлислари китобимни очиб кўриб кўзларига ишонмайди. Бу гап
айланиб келиб қулоғимга етди. Ман ҳам ҳазилга чинакам жавоб бердим: мустақиллик
байрами арафасида Рауф Парфини “Юртменистон халқ шоири” унвони билан тақдирлаб
юбордим. Ўшанда кўпчилик дарвеш шоир билан орамизда қандай яқинлик борлигини
билолмасдан роса фол очган эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий