Халқ рост гапнинг қули. Халққа
доим рост гапни айтиш керак.
Шойимнинг хонадонига Қодирвойнинг
ҳовлисидан водапровод қувури ўтган экан. Шойим аёлманд киши – бешта боласи бор.
Катталари уй-жойли, навбат кенжасига етди. Кенжаси ўғил – меросхўр. Меросхўр
тагли-тугли хонадон қизига унаштирилди. Тўй болохона битган куни бўладиган этиб
белгиланди. Дарвозахонада болохона қурилиши бошланди. Уста чақирилди, тўртта
мардикор ёлланди. Кўчага бир машина ғишт, бир машина қум, қирқ қоп семун
келтириб тўкилди. Ҳадемай девор кўтарилди. Хомаки лойиҳа бўйича болохона
деразаси кўчага қараган бўлиши керак эди.
- Майли, кўчага қаратиб дераза
ўрнатамиз, лекин қўшни тарафга қаратиб ҳам кичикроқ дераза қўймасак уйингизга
қуёш тушмайди, ундан доим зах-моғор ҳиди анқиб турадиган бўлади, – деди Уста.
- Қодирвой нима дер экан? – деди
Шойим чаккасини қашлаб.
- Уй сизникими ёки Қодирвойникими?
- Маники-ю, аммо...
- Ман устаман, бажарилган
меҳнатимга қараб ҳақ оламан. Ҳозирги таклифим бўйича меҳнат ҳажми камаяди;
демак, манга камроқ ҳақ тўлайсиз. Бироқ болохона битганидан кейин баҳорга
чиқар-чиқмас моғор ҳидидан кўнглингиз айний бошлайди. Сўнг мани “Уй қурмай қўлинг
синсин!” деб қарғашга тушасиз.
- Ундай деманг, уста, ман нонкўр
эмасман!
- Ман бўлсам, хўжайин, лўлининг
эшагини суғориб пулини олиб кетадиган мардикор эмасман! Уста деган номим бор,
қилган ишимнинг натижаси учун ҳам жавоб бераман. Агар таклифимга юрмасангиз,
майли, бу ёғига розиман, эртага бошқа уста топиб келинг, ман кетаман.
Шойим аросатда қолди. Шомдан кейин
ноилож Қодирвойнинг дарвозасини тақиллатди. Устанинг таклифини қўшнисига
етказди, ундан маслаҳат сўради.
- Бекор гапнинг бештасини ебди! –
деди Қодирвой. – Уста халқи пасткаш бўлади. Пасткаш устанинг гапига кирадиган
одам ҳам пасткаш бўлади. – Қодирвой хайр-маъзурни ҳам насия қилиб тақ этказиб
дарвозани ёпиб изига қайтади. Шип-шип этган қадам товуши йўлакдан хийла пайт
эшитилиб туради.
Шойим бўшашибгина изига қайтади.
Уста ўжар эди, битта гапидан
қайтмайди – болохонадан қўшни тарафга қараган кичикроқ деразага жой ташлаб
деворни кўтаради. Дераза ўрни кўзга кўринган куни Қодирвой водапровод қувурини
шартта кесиб, трубасини девордан ошириб отиб юборади.
Тушдан кейин уста билан
мардикорлар ишсиз ўтиради. Эртаси куни Шойим битта икки юз литрлик бочка топиб
келади, сўнг ён қўшнисидан сув сўраб бочкани тўлдиради. Кечки пайт маҳалла
оқсоқоли бўлмиш Мумтоз муаллим хонадонига бориб бўлган воқеани ётиғи билан
тушунтиради.
– Ман бу ишга аралашмайман, –
дейди Мумтоз муаллим. – Итнинг феъли эгасига маълум дейдилар. Ман Қодирвойнинг
феълини яхши биламан: шу пайтгача сизга сув бериб тургани учун ҳам раҳмат денг,
оғайни! Аслида, у қишда қор сўраб борган одамга ҳам арчасини кўрсатиб: “Ўзимиз
Қорбобо ясамоқчимиз”, дейди.
Шойим узр айтиб уйига қайтади.
Сўнг шахсий кутубхонасига қамалиб олиб астойдил Юртменбоши номига, яъни манга
шикоятнома ёзишга киришади...
Хўш, Қодирвойга қарши қандай чора
кўриш мумкин? Кечаси бориб томига бир елим халта “қора дори”ни отиб юбориб,
қўққис тинтув ўтказиб, сўнг қолган умрини турмада чиритиб юбориш энг осон йўл.
Бироқ, ўшандан кейин ҳам Шойимнинг сув муаммоси ҳал бўлмайди: аламзада қўшни
хотин икки дунёда ҳам водапровод қувурини қайта улашга кўнмайди. Эҳтимол,
Қодирвойнинг бола-чақаларини ҳам қаматиб юбориб, уй-жойини мусодара қилиш
лозимдир? Кимошди савдосига қўйилган ҳовлини инсофли одам сотиб олиб, Шойимга
сув берса-ку, дўппини осмонга отса ярашади.
“Сўфи, инсоф қил, имон керакмасму
сенга?” деган экан Фузулий.
500 йил муқаддам инсоф тиллоларга
баробар бўлган бўлса, имон ўзимизнинг сўм каби қадрсиз миллий валюта
ҳисобланган кўринади.
Дарвоқе, ўрислар мусулмон эмас –
уларда имон йўқ, лекин инсоф бор.
Биз сабр-тоқат билан ўтиш даври
қийинчиликларини енгиб ўтишимиз шарт. Чунки болаларимиз биздан кўра доно,
биздан кўра прагматик ва албатта биздан кўра бахтли бўлажак!
Марказий Осиёда вужудга келган сув
муаммосини халқимизга рўй-рост айтишимиз лозим. Керак бўлса, болохона қурилиши
муносабати билан сув муаммосига дуч келган Шойимнинг шикоятномаси асосида
сенарий ёзиб, кўп қисмли миллий сериал яратиш зарур. Миллий сериалда ўзимизга
хос ва ўзимизга мос манталитетимиз ёрқин акс эттирилиши керак десам, кўпчилик
фикримга қўшилса керак.
Халқ рост гапнинг қули. Халққа
доим рост гапни айтиш керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий