понедельник, 30 апреля 2018 г.

164. Суиқасд


Радий Фиш ҳукумат таркибида Бош вазир бўлишга кўнмади. “Демократик сайлов бўлса, бас, ман ҳам, сиз ҳам номзодимизни қўямиз. Кимни халқ сайласа, ўша Президент – Жумҳурраис бўлади”, деган талабни илгари сурди. Эсипаст! Чорак асрдан буён Юртменистонни бошқараётган бўлсам, Юртменистон ман учун онаси ўлган ёлғиз боламдай арзанда бўп қолган бўлса, қандай қилиб уни кўзим очиқ пайтимда санга топшириб қўяман? Ўлсам, майли, Юртменистонга эгалик қилаверасан, аммо тирик чоғимда етимчамни ҳеч кимга бермайман!
Собиқ СССР ҳудудида ўрисларнинг империясини тиклашга жиддий уриниш бошланди. Бултур иқтисодий-тужжорий Иттифоқ тузилди, ягона Божхона маҳкамасига асос солинди. Ман на унисига, на бунисига қўшилдим. Ҳатто Коллектив хавфсизлик шартномасидан ҳам узил-кесил чиқдим. Коллектив дегани – колхоз деганидир, колхозни раис бошқаради, аъзолари эса раисга бўйсунади. Битта раис бўлади, аъзолари кўп бўлади. Албатта, Жаҳонгир Йўлчиев раисликни ҳеч кимга бермайди. Мабодо кимнидир раис этиб қўйган тақдирда ҳам унинг кетига чўп тиқиб ўйнатади. Ундан кўра ўзим хон, кўланкам майдон бўлиб юрганим минг марта афзал эмасми?!
Шундоқ. Аммо қачонгача шундоқ қолади? Шундоқ қолармикан? Шундоқ қолмаслиги аниқ.
Яҳудий дўстларим муҳим хуфёна маълумотни манга етказиб, кўнглимга ғулғула солиб қўйди: Радий Фишнинг Ваколатли Вакили Сочида пинҳона равишда Жаҳонгир Йўлчиев билан учрашиб, “Юртменистон Юртменбошидан кейин нима бўлади?” деган масалани геополитик ва этнополитик нуқтаи назардан атрофлича муҳокама қилган. “Агар Юртменистонда ҳокимият ўзгарса ва Ўрусияга иттифоқчи бўлган кучлар ҳокимият тепасига келса, биз Юртменистоннинг ички ишларига аралашмаймиз. Агар янги ҳокимият Юртменбошининг аҳмақона сиёсатини давом эттирса ёки Ўрусияга душманлик мавқеини эгаллаб олса, биз бунга томошабин сифатида қараб турмаймиз ва Ўрусияга мойил кучларни ҳокимият тепасига келтириб қўямиз”, дейди Жаҳонгир Йўлчиев. “Радий Фиш, келажакда Юртменистон билан Ўрусия ҳамкорлик қилишга маҳкумдир, икки мамлакат дўстона яшашдан манфаатдор, дейди. Боқоним билан ҳамфикр эканингизни эшитиб, Жаҳонгир Йўлчиев, бағоят хурсанд бўлдим”, дейди Ваколатли Вакил. Албатта, Ваколатли Вакил – турдош от, унинг исми шарифи бор; яҳудий дўстларим Ваколатли Вакилнинг кимлигини ҳам яхши билади. Лекин унинг исмини манга ошкор этишни истамади. “Яширин ва норасмий учрашувдан кўзланган мақсаднинг моҳияти муҳим”, дейишди.
Аслида, “Жаҳонгир Йўлчиев” Россиянинг янги ҳукмдори Владимир Путин бўлиб, хотира дафтаримда унга ўзимча янги ном қўйиб олганман. Фамилияси “Путин” – “Адашган” деган маънони англатишини кейинчалик билиб қолганман.
                         Отни қамчиланг, бобой! Акс ҳолда, Жаҳонгир Йўлчиев мухолифат билан келишиб, Сизни ўртадан кўтариб ташлашга ҳаракат қилади, – деб огоҳлантирди яҳудий давлатининг Тошкентдаги Резиденти.
                         Ҳай, – дедим, – бу маълумотни ўз каналларим орқали текшириб кўраман, кейин шунга қараб иш тутаман, – дедим. – Шаронга раҳмат айтиб қўйинг, унинг яхшилигини икки дунёда ҳам унутмайман...
Резидент негадир бошини қашлаб мийиғида кулиб қўйди.
                         Кечирасиз, – деди хижолат тортиб.
                         Ҳечқиси йўқ... Нега кулдингиз? – деб сўрадим жилмайиб.
                         Биз биламизки, бундан ўн тўққиз йил бурун Юртменистон парламантида бир гуруҳ депутатлар сизни ҳокимиятдан четлаштирмоқчи бўлганида айнан Радий Фиш жонингизга ора кирган, сизни шармандали мағлубиятдан сақлаб қолган эди. Унга ҳам ўшанда “яхшилигингизни икки дунёда ҳам унутмайман” деган эдингиз. Олти ойдан кейин эса эшакка тескари миндириб Юртменистондан чиқариб юборгансиз. Ўша воқеаларни эслаб кулгим қистади, узр.
Ман ҳам ёлғондакам хахолаб юбордим.
                         Ҳа, тўғри, – дедим. – Бизда “лўлининг эшагини суғориб пулини олгин” деган мақола бор. Шу мақола...
                         Йўқ, – деди Резидент қўлини арра-арра қилиб, – “иши битгунча – эшаги лойдан ўтгунча” деган мақол сиз қилган ишга мос келади.
Яна хохолаб юбордим. Биз кула-кула хайрлашдик.
Демак, Радий Фиш амалий ҳаракатга киришган, ҳатто Жаҳонгир Йўлчиев билан ҳамкорлик тўғрисида пинҳоний шартнома имзолаган бўлиши ҳам мумкин. Яҳудий дўстларим манга ҳамма гапни айтмаган бўлса керак, агар ҳамма гапни айтиб қўйса, кейин манга босим ўтказадиган воситани қўлдан чиқариб юборади...
Дарҳол боғ сайрига чиқиб кетдим. Теракзорга бориб хилватдаги ўриндиқда иягимни тутамлаб узоқ ўтирдим. Ниҳоят, бир тўхтамга келиб хос хонамга қайтдим. Алоқачига айтиб туриб: “Жаҳонгир Йўлчиевич, ман Сиз таклиф этган иқтисодий-тужжорий иттифоққа ҳам, Коллектив хавфсизлик шартномасини имзолашга ҳам розиман. Манимча, тезроқ ягона Божхона тизими яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзингиз учун қулай бўлган вақтда Юртменистонга ташриф буюрсангиз, барча шартномаларни имзолаб, кейинги пайтларда ўртамизда пайдо бўлган тушунмовчиликларни бартараф этардик. Ҳурмат билан, Юртменбоши”, деб Москвага шифрланган телеграмма жўнатдим.
Жаҳонгир Йўлчиев дарҳол таклифимни қабул қилди ва уч кундан сўнг Юртменистон пойтахтига етиб келди. Уни тантанали равишда кутиб олиб, шаҳар ташқарисидаги Кўксарой қароргоҳимда муҳим шартномаларга имзо чекдик. Сўнг матбуот конференцияси чоғида журналистларга, “Биз собиқ Иттифоқни тиклаш йўлида жиддий қадам қўйдик”, деб рўй-рост баёнот бердим. Шу пайтгача (йигирма йилдан буён) айтиб келган гапларимга матлақо тескари гап айтганимни эшитган мухбирлар тахтадек қотиб қолди. Ман ўзимни гўлликка солиб: “Агар бошқа саволларинг бўлмаса, биз Жаҳонгир Йўлчиевни ҳаво майдонида кузатиб қоламиз. Хайр, омон бўлинглар!” деб зални тез-тез юриб тарк этдим.
Жаҳонгир Йўлчиевни кузатган заҳотим мани олиб юрадиган машинанинг орқа ўриндиғига Иноят Махсумни ўтқазиб олиб: “Дарҳол Радий Фишни жисмонан маҳв этиш режаси ишлаб чиқилсин! Номусулмон бирорта киллер-қотил ёллансин! Қотил оғзига сиққан суммани айтсин. Арақ заводининг директори Исомиддин Швейцария банкасига жойлаб қўйган маблағи ҳисобидан киллер-қотилни рози қилсин!” деб қатъий топшириқ бердим.
Илгари ҳам Радий Фишга уч марта суиқасд уюштирганман, уч марта ҳам суиқасд ўхшамаган. Чунки дунёга машҳур киллер-қотилнинг Швейцария банкасидаги ҳисоб рақамига катта миқдордаги пул тушган заҳоти халқаро экспертлар ҳижратдаги мухолифат раҳнамосини огоҳлантириб қўяр эди. Бу гал бошқача йўл тутаман: киллер-қотилга арақ заводининг директори Исомиддин нақд пул санаб беради, уни ижарачи муфти ҳам моддий жиҳатдан қўллаб юборади. Нақд пул қўлдан қўлга ўтади, уни халқаро экспертлар назорат қилолмайди. Худо хоҳласа, бу сафар Радий Фишдан батамом қутиламан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...