понедельник, 30 апреля 2018 г.

166. Валиаҳд


Рафиқахон пайғамбар ёшига етди. Қароргоҳ атрофидаги маҳалла-кўйга хайр-худойи қилиб бердик. Етмиш бош қўчқор, йигирма бош от сўйилди. Ўттиз ботмон қанд-қурс сарфланди. Қовун-тарвуз, узум, олма, нок, банан, бодом, жийда, писта, шўрданак каби ноз-неъматлар дастурхон кўрки бўлди.
Бир оқшом дипломатик корпус вакиллари Қароргоҳга жуфт-жуфт бўлиб келди. Улар ҳам кўнгилдагидек зиёфат қилинди. Рафиқахон меҳмонлар келтирган совға-саломларни уялинқираб қабул қилиб олди.
Жума оқшомида Рафиқахон валиаҳд ва икки невараси билан Чорвоқдаги боғҳовлимизга жўнаб кетди. Ман уларни Қароргоҳда кузатиб қолдим.
Якшанба куни пешин чоғи адютантим ранг-қути ўчиб кутубхонамга оҳиста-оҳиста йўталиб кирди, қўлида жажжигина радио. Лабини ямлаяпти, индамайди. Ишлаб ўтирган эдим; “Почча” деган қиссанинг русча нусхасига айрим тузатишлар киритиш билан банд эдим.
– Нима гап?
– “Америка овози”нинг мухбири ҳозиргина Чорвоқдан хабар берди...
– Нима бўпти? – деб кўзойнагимни ечиб, кафтларим билан кўзларимни уқаладим. – Чорвоқда “Америка овози”нинг мухбири бормикан?
– Борми-йўқми, аниғини билмайман, лекин хабар берди... – деб адютантим радио товушини бир оз кўтариб қўйди. Радиодан майингина мусиқа товуши эшитиларди. – Ҳозир яна қайтарса керак.
– Нимани қайтаради?
– Ўша хабарни.
– Қанақа хабар экан ўзи? – деб дафъатан адютантимга эътибор бериб қарадиму унинг кўзларидан юм-юм ёш оқаётганини кўриб бирдан юрагим шув этиб кетди. Лабимни қаттиқ тишлаб қўлим билан “бери кел” деб ишора қилдим. Қўлидан радиони олиб қулоғимга тутдим. Мусиқа аста-секин пасайиб тўхтади.
“Маяк” эшиттиришининг таниш оҳанги эшитилди. Сўнг сухандон сўз бошлади:
– “Америка овози”нинг Чорвоқдаги жамоатчи мухбири Пароканд Мирзонинг хабар беришича, дала-ҳовлисида икки ўғли ва онаси билан дам олаётган Юртменбошининг тўнғич фарзанди – Валиаҳд тикучар-вертолётдан парашютда сакраган чоғда қўққис шамол туриб уни Чорвоқ ГЭСи томон суриб юборади. Парашют юқори кучланишли электр симларига ўралашиб қолиб ёниб кетади. Парашютчи ўзини трансформатор устига ташлайди. Трансформатор кучли электр токини тақсимлашга мўлжалланган. Унда қисқа туташув рўй бериб портлаш содир бўлади. Воқеа жойида ҳозир қутқарувчилар иш олиб бормокда. Энди машҳур рус композитори Дмитрий Шостаковичнинг Олтинчи “Ленинград” симфониясини тинглайсиз...
Анграйиб адютантга тикилиб қолдим.
Мудҳиш ҳодиса тафсилотлари кейин маълум бўлади.
Валиаҳдим онасига ўзига хос совға ҳозирлайди: парашютда олтмиш уч марта сакрамоқчи бўлади. Тикучар-вертолёт чақиртиради. Ҳавога кўтарилади. Чорвоқ сувомбори атрофларини айланиб, қўнишга қулайроқ жой қидирилади. Аксига олгандек, якшанба куни қумлоқ пляжларда одам гавжум бўлади. Ниҳоят, ГЭС яқинидаги ўтлоқ танланади. Тикучар-вертолёт бир чақирим баландликка кўтарилади, Валиаҳд сакрайди. Шу пайт қўққис бўрон туриб, уни ГЭС томон суриб кетади... Парашютдан ҳам, Валиаҳддан ҳам ном-нишон қолмайди.
Нима бу? Тақдир ўйини шунақа бўладими?
Илгари ўқиганим бор, Муҳаммад Султон исмли суюкли невараси – тож-тахтининг меросхўри оғир касалликка чалиниб вафот этгач, соҳибқирон Амир Темур умрининг охиригача бировга тишининг оқини кўрсатмаган экан. Самарқанддаги “Гўри Амир” хилхонасида Муҳаммад Султон ҳозир жаҳонгир бобосининг ёнида ётибди.
Валиаҳдимдан қолган бир тутам қоракуяни Чорвоқ сувомборига сепиб юбордим. Суюкли фарзандимни юрагимга дафн этдим. Юрагим қабристон бўлиб қолди.
Ман ҳатто энг ашаддий душманимга ҳам фарзанд доғини тиламаган бўлардим. Ҳеч кимнинг юраги қабристон бўлиб қолмасин.
Мандан рози бўлгин, Валиаҳдим! Ман сандан розиман, қароғим!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...