среда, 18 апреля 2018 г.

89. Шўрва


Депутатга шўрва пиширтирдим. Ўчоқбошида ошпазим кўз-қулоқ бўлиб, ўчоққа ўтин қалаб ўтирди. Бу депутатга халқ “Шўрва” деб лақаб қўйган, орқаваротдан ҳамкасблари ҳам уни “Шўрва” дерди. Одамлар бировга бежиз лақаб қўймайди: бир жойини ушлаб олади, жон жойига ништар санчиб қўяди. Депутатнинг “Шўрва” деб лақаб олишига сабаб, қароргоҳимдаги кўппаклар отиб ташлангач кўтарилган ғавғо кампанияси чоғида: “Қайнатма шўрванинг устига гўштнинг кирлари чиқиб кўпик ҳосил қилади; кўпикни чўмич билан эринмасдан олиб ташлаш керак. Кўпик олиб ташланмаса, шўрва тиниб тоза бўлмайди, бўтана тусига кириб кирланиб кетади”, деб изоҳ беради. Лутф қилади. Лутфан маним буйруғим асосида ўтказилган тадбирни қўллаб-қувватлайди. Лутф қилиб бошига бало орттириб олади: қўни-қўшнилари у билан гаплашмай қўяди, кирди-чиқдини ҳам тўхтатишади.
Депутат паканадан сал тикроқ, миқтидан келган. Сочларида бир дона ҳам қораси қолмаган, мўйлови ҳам чиройли оқарган, юзлари қип-қизил. Бадани пишиқ. Спорт билан мунтазам шуғулланиб юради. Одамга жавдираб тикилади. Нигоҳида муғомбирлик билан самимият қоришиб кетган, қайси хислати устивор эканини асло ажратиб бўлмайди.
Шийпончада чорпояга ёнбошлаб ётиб депутатнинг шўрва пиширишини зимдан кузатдим: қозонга аввал сув қуйди, сўнг гўшт ташлаб қайнатди, гўштни обдон қайнатиб ўчоқбошига битта оёғини тираб туриб кўпикни чўмич билан косага олди, шўрвани узун-узун шопирди, яна қайнатди, шўрва бетида ҳосил бўлган кўпикни яна сидириб олди, яна эринмасдан шопирди. Ниҳоят, йирик тўғралган паллам-паллам пиёзни қозонга ағдарди, шўрвани шопириб-шопириб чўмични лаган четига суяб қўйиб чорпояга келиб ўтирди. Устига қалпоқ ёпиб қўйилган чойнакдан бир пиёла чой қуйиб ҳўплади. Пиёлани дастурхонга қўйиб бир-икки томоқ қирди, кафтига йўталиб ҳам олди.
-Куним битиб қолди, – деди астагина. – Соғлигимди мазаси йўқ.
-Номзодинг кўрсатилди, шекилли. Ахтам жўнатган рўйхатни тасдиқлаб бердим, – деб гапни жўрттага бошқа мавзуга бурдим.
-Раҳмат, – деди яна астагина. – Ман у маънода айтаётганим йўқ, депутатлик ўз йўлига. Муддат тугаса, янги йилдан янги муддат бошланади. Ростдан ҳам соғлигим путурдан кетган. – У соғлигидан нолиётган бўлса-да, хийла тетикланди, юзида табассум пайдо бўлди.
-Қаеринг оғрийди?
-Юрак безовта қиляпти.
-Юрак?!
-Ҳа.
-Ман виждон безовта қиляптими деб ўйлабман. Юракни даволаш мумкин. Эшитгандирсан, Дархонда замонавий кардиология маркази қуриляпти. Айтаман, ўша касалхонанинг биринчи пациент-мижози ўзинг бўласан.
-Раҳмат. Ишқилиб, янги марказ битгунча юрак ҳам истеъфо бериб юбормаса гўргайди. – Чойнак қалпоғини четга олиб, чойнакни чап кўкрагига босиб турди, сўнг чойнакнинг қорни билан юракни майин-майин уқалай бошлади.
-Юрак ҳам истеъфо берадими? – деб сўрадим ўсмоқчилаб.
Бирдан ҳушёр тортди. Чойнакни жойига қўйиб, устидан қалпоқни ёпди, қалпоққа кафтини босиб ўйланиб қолди.
-Кечирасиз, ножўя ўхшатиш қилдим, шекилли. Лекин ман тўғри маънода айтган эдим, бу гапимнинг кўчма маъноси йўқ.
-Палакни эзмагин-да! – деб ёлғондакам пўписа қилдим. – Палакни эзсанг, Қуёшбек, аччиғим чиқади. Биласанми, ҳатто палаги эзилган бодринг ҳам аччиқ бўлиб қолади.
-Қаранг-а, билмас эканман, – деди жилмайиб. – Ман бодринг сувсизликдан аччиқ бўлиб қолади деб ўйлар эканман.
-Яна палакни босдинг! – дедим кўрсаткич бармоғимни у томон ниқтаб. – Ҳеч тўғри гапирасанми-йўқми?! – Кулиб ўмганимни кўтардим, ёстиққа суяниб ўтирдим.
-Худога шукр, бу йил сув сероб бўлди. Қолаверса, Кўҳистон такаси сув бермаса сиз айбдор бўлмайсиз-ку!
-Буни сан тўғри тушунасан, лекин одамларга гап уқдириб бўлмайди, мани айбдор қиладилар. Ўша такадан сут сўрасам беради, лекин сув бермайди. Бу йил серёғин келди, ноилож тўғонни очиб юборди.
-Худо хоҳласа, келаси йил ҳам серёғин келади, яна тўғонни очиб юборади.
-Кошкийди... Демак, янги кардиология марказига ўзинг биринчи мижоз бўласан. Келишдик.
-Раҳмат. Ўша кунга етиб борсам, дўппимни осмонга отардим.
-Етиб борасан, – дедим. Жилмайиб қўшиб қўйдим: – Айтаман, жуда бўлмаса, Чиғатойга эмас, марказнинг моргига оборишади. Ўзингни илмга бағишлашга розимисан?
-Агар сиз шуни лозим топсангиз, майли, розиман. Васиятнома ёзиб, нотариусга тасдиқлатиб ҳам қўяман.
-Сандан кўргазмали жасад сифатида фойдаланиш муддати охирига етгунча кардиология маркази оила аъзоларингга бепул хизмат кўрсатади. Эҳтимол, шу нарса оилавий анъанага айланиб қолар.
Елка қисиб қўйди.
-Картошкасини солаверайми? – деб сўради ошпазим.
-Сол, – дедим. – Ора-орада шўрвани шопириб тургин, кўпиклашиб кетмасин.
-Битта илтимосим бор, – деди Қуёшбек.
-Айт, эшитаман.
-Бу гал мани сенатор этиб қўйсангиз, балки шунда юракка унчалик оғир бўлмас...
-Олдин шўрва пишсин, уни ичайлик. Сан пиширган шўрва одамни терлатадими, терлатмайдими, фойдаси бўладими-йўқми, билмайман-ку! Кейин шунга қараб сенаторлик масаласини ҳам ўйлаб кўраман.
Қуёшбек чорпоядан тушиб ўчоқбошига диконглаб кетди. Афтидан, сенатор бўлишни жуда-жуда истаётган эди...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...