воскресенье, 29 апреля 2018 г.

147. Қилич ва қалқон


– Ғафур Ғуломнинг ҳайкалини йиқитиб ўрнига Абдулла Қодирийга ҳайкал қўйиш керак. Агар Қодирийга ҳайкал қўйилмаса, ҳамма ҳайкалларни бир чеккадан ағдариб чиқиш лозим.
– Йўғ-э?
– Ҳа!
Мана шунақа гаплар, ошно.
Алалоқибат ўзим “Ўткан кунлар”ни астойдил мутолаа қилдим. Воажаб, кўпдан буён излаб юрган кўнгил оромимни айнан Қодирийнинг шоҳ асаридан топдим!
“Ман кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тагимизга сув қуядирган бўлсак, яқиндирки, яна ўрис истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйнига ўрис бўйинтуруғини кийдирган бўламиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқин қилиб топширгувчи биз кўр ва ақлсиз оталарга худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишига ҳозирлаган биз итлар яратгувчининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилганлари бир ўлкани ҳалокат чуқурига қараб судрагувчи албатта Тангрининг қаҳрига сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар етимхоналарини вайрон қилгувчи золимлар – қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиққан гиёҳлар қарғишига нишондир, ўғлим!”
Бу монологни Юсуфбек ҳожи эмас, ман баралла айтсам ярашади. “Туркистон – умумий уйимиз” шиорини ўртага ташлаб Россия билан Хитойдан роса гап эшитдим; икки буюк давлат раҳбарлари икки томонимдан сиқувга олди, қонимга ташна қилди. Тўртта пандавақининг бошини қовуштираман деб она сутим оғзимга келди. Саъйи ҳаракатларим тескари натижа берди: Туркистон ҳудудидаги миллий республикалар бир-бирига яқинлашиш ўрнига баттар узоқлашиб, ҳатто ёвлашиб кетди.
Қаламкаш ман ҳақимда ҳужжатли кино қилмоқчи бўлиб юрган эди, Жонсарак Мирзони ҳам жалб этаман дегандай бўлувди. Рози бўлмадим. Ўзимни рози бўлмагандек кўрсатдим. Аслида, таклиф манга маъқул бўлган эди. Бироқ Қаламкаш ўша мавзуни қайта қўзғамади. Агар яна ўша масала қўзғалса, Афзал Рафиқовга Юсуфбек ҳожининг монологини ўқитиб, мани бошимни чангаллаб ўйланиб ўтирган ҳолатда кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Пароканд Мирзонинг мижғов гапларида жон борга ўхшайди. Агар Қодирийга ҳайкал қўйилмаса, ҳамма ҳайкалларни бир чеккадан ағдариб чиқиш лозим экан.
Юртменистонда ҳайкал ўрнатишга муносиб иккита тарихий шахс бўлса, биттаси шак-шубҳасиз Абдулла Қодирийдир. Битта бўлса... қийин бўлади, албатта ман ҳам ҳайкалим қўр тўкиб туришига Қодирийдан кам ҳақли бўлмасам керак. Яна қайдам. Хизматларимга тарих ҳаққоний баҳо беришига асло шубҳаланмайман. Кечалари нохос уйқум қочиб уйғониб кетаман. Назаримда, ташқарида ажал худди эгарланган отдек жонимни опкетишга тайёр бўп тургандек туюлади.
Жаҳонгир Йўлчиев тунов куни асабимни бузиб кетди. Кеча кечқурун қўнғироқ қилиб: “Юртменистонни Россия боқяпти, агар биз мардикорларни ҳайдаб юборсак, ошно, улар инқилоб қилиб юборади! Мардикорлар ҳар йили Юртменистонга олти миллиард доллар жўнатяпти. Бу Юртменистон бюджетининг ўттиз беш фойизини ташкил этади. Демак, ошно, отни тезроқ қамчилаш керак. Айни чоғда кўрпага қараб оёқ узатиш ҳам эсдан чиқмасин”, деб ақл ўргатди.
Ўйлаб кўрсам, кўп вақтимни беҳуда совурибман. Аслида, аввал-бошдан Қўшбегининг қўлига қилич бериб, ўзим бир четга чиқиб томошабин бўлиб туришим керак экан. Қўшбегини Жиззахга юбордим, Самарқандга юбордим – амалий тажриба тўпласин дедим, катта сиёсат қозонида қайнасин дедим. Пишириб, обдон чиниқтириб ҳам синовлардан ўтказиб олдим. Энди у орқага қайта олмайди.
Ман билан охиригача боради.
Илгари Калбош билан Кампирияк ҳеч кимни манга яқинлаштирмас эди. Ким яқинлашмоқчи бўлса, бирпасда чўқиб ташлашарди. Ўзлари ҳам кундош мисоли бир-биридан қизғаниб яхши кўришарди мани (ҳозир Пароканд Мирзо билан Қаламкаш ўртасида кундошлик пайдо бўлганини зимдан кузатиб юрибман). Албатта, улар Қўшбегини катта охурга асло яқинлаштирмасди, яқинлашса белини синдириб қўйишарди. Шу боис Қўшбегини четроқда сақладим, қора қузғунларга ем қилиб юбормадим. Аслида, Қўшбеги ҳам анойи эмас, у Қўшбеги бўлса арзийди.
Тарихда қоладиган ишлар билан шуғулланиш керак экан. Мана, пойтахтни деярли қайта қурдим. Самарқанд ҳам қайта қурилди ҳисоб. Водийдаги шаҳарлар ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Барча вилоятларнинг марказлари янгиланди. Ҳозир Урганч қайта қуриляпти, Қўқон қайта қуриляпти. Оддий халқ мисли кўрилмаган курилиш ниманинг ҳисобидан бўлаётганини, албатта, билмайди. Юртменбоши қуряпти, Юртменбоши қурдиряпти, вассалом! Маҳаллий тадбиркорлар, банкдаги ҳисоб рақамида пули бор хусусий корхоналар текинга ишлатилаётганини, жарақ-жарақ пуллар ҳеч қачон қайтарилмайдиган қурилишларга сарфланаётганини кўпчилик билмайди. Қайси пулдор шахс ёки корхона думини қимирлатадиган бўлса, дарҳол думи тугиб қўйилади. Чунки беайб Парвардигор, дейдилар. Тирик жондан эса ҳар доим айб топиш мумкин. Тўғри, пихини ёрган айрим сармоядор бизнесманлар олдиндан капиталини чет элларга чиқариб кетди.
Ҳозир барча бузғунчилик, қонунга хилоф ишлар Қўшбеги томонидан амалга ошириляпти. Кимдир қамаляпти, кимдир юрагини чангаллаб ажалидан беш кун бурун вафот этяпти. Қайта қуриш чоғида кимга тўй, кимга аза бўляпти. Майли, дод-вой қилаётган одамлар ўлиб кетади, аммо қайта қурилган шаҳар қолади. Келажак ўлиб-йитган одамларга қараб эмас, кўкка бўй чўзиб турган осмонўпар биноларга, замонавий шаҳарларга қараб Юртменбошининг фаолиятига баҳо беради. Ўлган – унутилади, қолганлар эса умрбод ўликларни қучоқлаб яшамайди. Бемалол яшашни истаган одам нохуш хотираларни тезроқ эсидан чиқаришга ҳаракат қилади.
Одам қанча кўп яшаса, шунчалик бой ҳаётий тажриба тўплаб бораверар экан.
Халқ ҳозир Қўшбегини “қилич” деб ўйласа, мани “қалқон” деб билади. Агар Юртменбоши бўлмаганда борми, Қўшбеги ҳаммани аллақачон қиличдан ўтказиб чиқарди!.. Уни Юртменбоши тўхтатиб турибди...
Мана шунақа гаплар, ошно. Қийратма ишлар охирига етсин, кейин ҳамма гуноҳни Қўшбегининг бўйнига қўйиб, ўзини ҳам ҳамманинг олдида айбига иқрор килиб баҳридан ўтаман, вассалом!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...