понедельник, 23 апреля 2018 г.

101а. Пароканд мирзонинг андишаси


Пароканд Мирзо эски Устози билан янги Мўйловнинг сўзларига қарши мажҳул бир вазиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишини кутиб турғандек ички эшикдан рафиқаси кўринди. Ҳар замон титраб, учиб кетишка ҳозир турған бошидағи сариғ атлас парчасини бир қўли билан босиб ушлаған эди. Пароканд Мирзо рафиқасини шу ҳолда кўриб, суфа ёнида очилған гуллар ёнида тўхтади. Рафиқаси келар экан, ўпкалик кўз билан Пароканд Мирзога кулимсираб қарар эди. Келиб суфа лабида турған бўш лаганларга тақилди.
– Бу кунги меҳмондорчилигимиздан рози бўлған ўхшайсиз, Пароканд ака, – деди рафиқаси қайрилиб.
– Жуда рози бўлдим, – деди Пароканд Мирзо ва рафиқасининг ёнига келди, – айниқса, сенинг қўлинг билан тугилган мантилардан жуда мамнун бўлдим, хотин.
Рафиқаси лаганлардан қўлини олиб, тирсаги билан суфага суянди:
– Маним қўлим билан тугилган мантиларни қаёқдан билдингиз?
– Қаёқдан билдингиз? – деб Пароканд Мирзо кулди, қўлида бир дона қашқар гули бор эди. – Айниқса, сенинг қўлинг нимага теккан бўлса, ман ўшани дарров сезаман.
– Ман туккан мантилар қандай экан?
– Танимайди дейсанми?
– Танимайсиз.
– Чоклари диққат билан чимтилган, тўрт бурчаги иккига қовуштирилган, дўндиқ... Танимайди деб ўйлайсанми? Ман нуқул сен туккан мантиларни танлаб едим, анавилар эса дўкондан харид қилиниб, муздонда сақланган мантиларни мақтаб-мақтаб ямламай ютишди! – Пароканд Мирзо хахолаб юборади.
– Мазалиқ эканми маники?
– Мазалиқ нимаси! – деди Пароканд Мирзо. – Мана шу Қашқарнинг қизил гули ёдингдами, биз бу гулни келтириб ўтқузган йилимиз пушти ранглик бўлиб очилған эди. Икки йил ўтмай қизил туска кирди. Биласанми, бу нимадан?
Рафиқаси эрининг жиддий қилиб берган бу саволига тушунмади:
– Офтоб қизартирғандир.
– Янглишасан, хотин, – деди Пароканд Мирзо, – ман бу гулнинг қизариш сирини ҳам биламан, бунинг қизаришиға ҳам сен сабаб, сенинг қип-қизил лабинг...
– Ҳазилни қўйинг, – деди шу гулдек қизарған рафиқаси. – Анави хотинбоз янги Мўйлов нима учун келган экан? Эски Устозингиз ҳам роса қўлтиғингизга сув пуркадими? Нима бало, улар сизни мирзабоши қилмоқчилар, шекилли?
– Гапни айлантирма, хотин, ишонмасанг, ана, ойнага қара: сенинг лабинг билан шу қизил гул ранги орасида фарқ борми-йўқми?
Эри томонидан лабига теккизилган гулдан рафиқа ўзини олиб қочди:
– Ҳазил ўлсин!.. Ростини айтинг, улар сизни мирзобоши қилмоқчиларми?
– Мани ҳар бало қилмоқчилар... Лекин бўлмаған гап... Додамизнинг ўзлари шахсан илтимос қилсалар, балки ўйлаб кўрарман...
– Улуғларнинг раъйини қайтарманг, хўжайин, йигит кишининг бошига бахт қуши ҳар куни қўнавермайди! Боз устига, шаҳарда аллақачон мишмиш тарқалган...
Пароканд Мирзо орқаси билан сакраб суфа лабига оёқ солинтириб ўлтуради. Рафиқаси бояғича унинг ёнида суфага суянади.
– Мишмишларга ишонмаслик керак, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди.
– Шамол бўлмаса, теракнинг боши қимирламас эмиш. Балки сизни ростдан ҳам Додамиз мирзобоши этиб тайин қилурлар.
– Мани мирзобоши этиб тайин қилсалар яхшими, хотин?
– Яхшими-ёмонми, ман қайдан билай, адаси.
– Яхши эмас, хотин, яхши эмас. Агар шу ишга рози бўлсам, мани шаҳид кетган Қодирий бобонинг руҳи уради.
– Нега ундай дейсиз, адаси? Нафасингизни сал иссиқ қилсангиз-чи!
– Нафасимни иссиқ қилсам-қилмасам, бошимни ифлос ишга тиқаман, шекилли. Агар Заркентдаги арақ заводига директор бўлганимда борми, икки дунёда ҳам девонга яқинлашмасдим, бошим олиб бир сориға кетардим.
– Қўйинг, унақа деманг, адаси. Устозингиз ҳам, Мўйлов акангиз ҳам девонда хизмат қилишяпти-ку!
– Ман Устоз ҳам, Мўйлов ҳам бўлолмайман, хотин, девонда тўкилиб турган гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турган оҳу зорлар маним юрагимни эзадир, тинчлиғимни оладир. Яна ман мирзобоши бўлиб қолсам, бу оҳу зорларнинг, тўкилган маъсум қонларнинг ичида билфеъл сузарман. Бу вақт маним азобим бевосита бўлур. Балки иштирок ҳам қиларман. Чунки Додамизға яхши кўриниш учун кўб ишларни унинг истагича кўрсатиш, зулм пичоғини қайраб бериш, шу мансабда йигирма йилдан ҳам узоқ яшамоғимнинг асос шартидир. Лекин ман бундай виждонсизлик учун яратилмаганга ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замирига яширинган зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маънолариға малҳам бўлиш, албатта, маним қўлимдан келмас. Чунки ўзини умрбод шаҳаншоҳ деб эълон қилган Додамиз виждон кенгашига қулоқ соладиган “аҳмақ”лардан эмасдир. Эски Устоз билан ўқтин-ўқтин шоирлиғи қўзиб қоладиған Мўйловнинг феъли манга яхши маълум. Улар гўё миллат ғамини еб девон атрофида гирдикапалак бўлиб юрсалар-да, аслида, дунёда манфаатдан бошқа нарсани кўрмайдилар. Ман нима учун бу мансабдан қочиб юрганимни билмагандек, “ойиға фалон тилло топасан, нонкўрлик қилма!” деб дашном ҳам берадилар, “куфрони неъмат қиласан!” дейишади. Ҳатто атайин шу мажоро юзасидан Бухорои шарифдан чақиртирилған ака Неъматни ҳам ўртага қўйиб мани изза қиладилар. Устига устак, мани қўрқоқликда айбладилар. Эски Устоз билан Мўйловга виждонни рўкач қилиб узрли сабабларни кўрсатиш тошнинг қулоғига азон айтиш билан баробардир, шунинг учун сукут қилдим. Агар орада бола-чақаларимнинг орзу-ҳаваслари бўлмаса эди, гарчи мирзобошилик ҳозир бир хаёл эрса-да, ўшанда ҳам бундай таклифга асло рози бўлмас эдим, хотин.
Рафиқаси эрининг кўзларига тўғри тикилиб сўзни тинглади. Унинг тусида эрига ачиниш аломатлари бор эди:
– Яхши ният билан мирзобошиликни қабул қилсангиз, аҳолидан ёрдам қўлингизни йиғмасангиз, адаси, шу ҳолда барча гуноҳ сизнинг бўйнингиздан соқит бўлса керак.
– Тўғри, – деди Пароканд Мирзо, – лекин гап фақат бунда эмас, хотин, ман шундай бўлишини тилар эдим. Бошқалар ман тилаганча қилмайдилар, биноан алайҳи, масъулият маним бўйнимдан соқит бўлди деб тинчланиш мумкин эмасдир. Сен тамоман бошқача тушунган бир масала, сенинг ҳаракатинг ва истагинг аксича натижаланиб турса, руҳан эзиласан, виждонан азобланасан, бола-чақалар учун йиғиб қўйган уч-тўрт минг тилло ҳам, данғиллама уй-жойлар ҳам кўзингга кўринмай қолади; охиратга қайси юз билан бораман деб кечалари ҳуркиб уйғониб кетадиган бўлмасам кошкийди, хотин. Мана, асли мушкулот шу нуқтададир. Йўқса, гардандан соқит қилиб қўйиш ҳар нарсадан ҳам қулай вазифа, аммо маънавий мағлубият оғир масала, хотин.
Рафиқаси эрининг мақсадига тушунди шекилли, бир неча вақт жим қолди ва қаршисидаги йигитнинг ўйчан юзига бир-икки қараб олди.
– Демак, мирзобошиликни қабул қилмайсиз? – деди рафиқаси бўшашиб.
– Агар Додамиз илтимос қилса, қабул қиламан.
 Виждонингиз қийналмайдими, адаси? – деди рафиқа кулимсираб.
 Қийналади. Лекин Устоз билан Мўйлов буни мандан талаб қилиб турса, ман нима қилай, хотин! Чаёнхонага ақли расо одам ўз ихтиёри билан қадам босмайди-ку!
 Устозингиз билан хотинбоз Мўйловнинг бу ишга нима алоқаси бор, адаси? Ҳар кимнинг гўри бошқа, Мункар-Накири бошқа бўлмайдими?
Маъсум бу саволдан сўнг Пароканд Мирзо энтикиб қўйди ва рафиқасини бир муддат кўздан кечириб турди:
 Уларнинг бу ишларга жуда-жуда алоқаси бор, хотин, – деди яна энтикиб.
Рафиқа қайтиб савол бермади, гўё ул ҳам бундаги алоқадорликни тушунгандек эди. Секингина лаганларга қўлини юбориб, эрига бўштоброқ қаради:
 Чой ичасизми?
– Кейинроқ ичаман... Болаларни ухлатиб, хотин, кўкнор дамлаб берсанг яхши бўларди.
Рафиқаси лаганларни кўтариб жўнади. Атлас кўйлак ичида тўлқинланиб кўринган унинг латиф гавдаси алҳол Пароканд Мирзонинг ҳадафи эди.
– Бомдоддан сўнг тўрт вақт намоз ўқишни истиқлол қуёши ботгунча тўхтатиб тураман, хотин!
Рафиқаси ярим йўлда тўхтаб, кулимсираб Пароканд Мирзоға қаради:
– Ажаб қиласиз! – деди қувноқ товушда.

* * *
Абдулла Қодирий, Меҳробдан чаён, роман, 66–70 бетлар. Ижодий кўчирма.
“Ана холос!” деб юбордим саҳифаларни кўздан кечириб. “Буни қаердан олдинг?” деб сўрадим Иноят Махсумдан. “Биз ер остида илон қимирласа биламиз, хўжайин”, деди Махсум қорнини қаппайтириб. “Бўпти, буни ҳеч ким билмасин, вақти-соати келиб асқатиб қолиши мумкин... Лекин Қодирийни нари суриб, уни сотган ёзувчиларга Миллий боғда қўша-қўша ҳайкал ўрнатиб тўғри қилган эканмиз”, дедим. “Худди шундай!” деди Иноят Махсум пойабзал товонларини бир-бирига уриштириб.

* * *
Орқаваротдан суриштириб кўрсам, Пароканд Мирзо жоҳилият замонларида “Меҳробдан чаён” романи бўйича суратга олинган кўп қисмли видеофильм сценарийсини ҳам ёзиб берган экан. Демак, унинг андишаси тасодиф эмас, чуқур илдиз отган бўлса керак. Андишанинг оти қачонгача қўрқоқ бўлади? Илдизга болта урадиган вақт келмадимикан?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...