воскресенье, 29 апреля 2018 г.

155. Жаҳонгир Йўлчиев билан суҳбат


Ярим кечаси қандайдир шарпани сезиб нохос уйғониб кетсам, адютантим оқ иштонда дилдираб хобхонам остонасида турибди. Ҳайрон бўлдим. Рангида қон йўқ, лаблари пир-пир учади.
– Нима гап?
– Жаҳонгир ака сизни сўраяпти.
– Ким?
– Жаҳонгир Йўлчиев.
– Қаерда?
– Нариги хонада Иноят Махсум билан нарда ўйнаб ўтирибди.
Аста бориб адъютанимнинг пешанасига кафтимни қўйиб кўрдим. Пешанаси муздек эди.
                         Иссиғинг йўқ-ку, – дедим. – Нега алаҳсираяпсан ўзи, ҳайронман.
Паҳмоқ тунги чопонимга ўраниб нариги хонага чиқдим. Нариги хона – адютантимнинг постхонаси ҳисобланарди, бу хонага чивин ҳам учиб кира олмасди. Эшикни итариб ичкари кирдиму донг қотиб қолдим: не кўз билан кўрайки, Жаҳонгир Йўлчиев ростдан ҳам Иноят Махсум билан нарда ўйнаб ютиб олган, шу боис Иноятнинг бурнига қаттиқ-қаттиқ чертаётган экан:
-Қирқ бир, қирқ икки... Ие, ана, ошномиз ҳам чиқиб қолди, – деб Йўлчиев дивандан туриб истиқболимга кела бошлади.
Дарҳол эс-ҳушимни йиғиштириб олиб қучоқ очиб кўришдим.
-Қадамларига ҳасанот, улуғ оғам! – дедим тилёғламалик билан. – Хуш кўрдик!
-“Ассалом, Рус халқи, улуғ оғамиз!” – деб эски мадҳиямизни баралла куйлаб юборди Йўлчиев. – Ай, қачон “Серқуёш” мадҳиянгизди ўзгартирасиз? Қачон тарихий ҳақиқатни тиклайсиз?
– Оз қолди, оз қолди! Янги мадҳия матнини ёзган алкаш шоир ҳам кўпдан бери ғашимни келтириб, ўзидан кетиб юрибди; Иқболжонга бошқатдан мадҳия ёздираман шекилли, – деб Йўлчиевнинг елкасидан қучиб меҳмонхонага олиб ўтиб кетдим. Адютантим билан Иноят Махсум постхонада қолди. – Қандай шамоллар учирди? Тўппа-тўғри инқилоб бешигидан келдингизми?
Юмшоқ креслодан жой кўрсатдим, ўзим нариги ёнбошига ўтиб гиламга чордона қуриб ўтирдим. Ўзимни хушчақчақ тутиб, сир бой бермасликка ҳаракат қилардим.
– Қорнингиз қалай? Овқат-повқат емайсизми?
Йўлчиев билагидаги соатга қараб:
– Бизда ҳозир тунги соат ўн бир бўляпти, – деди. – Аҳмақ одамгина кечаси тўйиб овқат ейди.
– Тўғри, – дедим кулимсираб. – “Ягона Россия”нинг қурултойини бошдан-охиригача телевизорда томоша қилдим. Ғалабангиз билан яна бир марта табриклайман. Энди расмиятчилик қолди, холос. Ғалаба қилишингизга ҳеч ким шубҳа қилмаган. Саруполар муборак бўлсин!
Йўлчиев оёғини баралла узатиб креслога ўзини ташлаб ётиб олди.
– Ҳа, ғалаба осонликча келмайди! Бироқ, агар ман Марказий Осиё республикаларини бирин-кетин Россия таркибига қўшиб олмасам, тарих олдида юзим шувут бўп қолади.
– Нега шувут бўлар экан? Қўйинг, унақа деманг.
– Қонун бўйича, Россияда икки мартадан ортиқ президент бўлиш мумкин эмас. Ман икки марта президент бўлиб навбатни Айиқболага бердим. У бир марта президентлик қилди. Ман бўлсам, қурултойни кўргансиз, Айиқболанинг таклифига кўра, президентликка яна номзодимни қўйдим. Ихтиёр ўзимда бўлганда-ку, Алина Кабаева билан Қора денгиз бўйидаги қароргоҳимдан чиқмасдим, умримнинг қолган қисмини одамга ўхшаб роҳат-фароғатда ўтказган бўлардим. Аммо халқ ҳоли-жонимга қўймайди. Беихтиёр қонунни бузишга мажбур бўлдим. Аслида, “икки муддатдан ортиқ президент бўлиш мумкин эмас” деган гап, Айиқболадан кейин яна номзодингни учинчи марта қўйиш мумкин деган маънони англатмайди. Лекин, қозончининг ҳаққи бор қайдан қулоқ чиқарса! Биз ҳам ўзимиз хоҳлаган жойдан яна қулоқ чиқариб олдик... Тарих олдида юзим шувут бўлмаслиги учун, ошно, сиз биринчи бўлиб ўз ихтиёрингиз билан Россия таркибига қўшилишингиз лозим. Хўш, қалай?
– Шу ишни ман эмас, ўрнимга келадиган валиаҳд амалга оширса бўлмайдими?
– Сочида 2005 йилнинг 21 май куни қиблага қараб қасам ичиб айтган гапингиз эсингиздан чиқдими? Қасамёдингиз ўтда куймайдиган, сувга чўкмайдиган плёнкага ёзиб олинган. Агар уни эфирга узатиб юборсак борми, сиз бир зумда сиёсий мурдага айланасиз-қоласиз...
– Биламан.
– Хўп, билсангиз, нега меросхўр масаласини пайсалга соляпсиз?
– Яқинда меросхўрим ким бўлишини эълон қиламан.
– Йўқ, валиаҳд билан жиддий ишларни амалга ошириб бўлмайди. Мана, орадан неча йил ўтди. Келишувга кўра уч йил аввал меросхўрга ўрнингизни бўшатиб беришингиз лозим эди. Энди кеч бўлди. Энди ўзингиз Юртменистонни ихтиёрий равишда Россияга қўшиб, майли, кейин истеъфога чиқаверасиз. Референдум ўтказасиз, албатта.
– Жаҳонгир ака, ахир ман ҳам худди Йўлдош Охунбобоевга ўхшаб Юртменистоннинг биринчи президенти бўлиб тарихда қолишни истайман.
– Манга қаранг, бобой, тарихда Юртменистоннинг ўзи қолмайди-ю, унинг биринчи президенти қолармиди?! Нима қиласиз бошимни қотириб! Қисқаси, ман сизни ҳозир “Инқилоб бешиги”га опкетаман. Келаси баҳорда сайлов ўтиб Россия бошқарувини қўлимга олгунимча Шоҳчорбоғда яшаб турасиз. Юртменистонни эса қиёфадошингиз бошқараверади, – деб алчайиб ётган кўйи чапак чалди Йўлчиев.
Постхонадан, ҳайҳотки, ўзим кириб келдим! Юзимдаги бўжама излари ҳам, кўзларимдаги қувлик ҳам асл нусхага ўхшарди. Ёпирай! Ёқамни ушладим. Туриб қиёфадошим билан кўришдим. Ундан ўзимнинг ҳидим келар эди, у ҳам манга ўхшаб нозик-ингичка ҳидли атирдан фойдаланар экан.
– Хўш, нима қилдик? – деди Йўлчиев ётган жойидан бошини кўтармасдан.
– Ман ҳаммасига розиман... Бўпти, Юртменистонни ўзим Россияга қўшиб бераман. Халқимиз шундоқ ҳам эзилиб кетди, мустақиллик ҳамманинг жонига тегиб бўлган.
                         Яна бир марта қиблага қаратиб қасам ичирайми? – деди Йўлчиев.
– Майли, қасам ичишга тайёрман.
                        Йўқ, керакмийди, – деб қўл силтади Йўлчиев. – Бошқа шартим бор, қиёфадошингиз шу бугундан бошлаб Қароргоҳда яшайди.
– Қандай қилиб? – дедим ҳайрон бўлиб. – Асл нусха ким эканини қандай қилиб ажратиб оламиз?
                         Уёғи билан ишингиз бўлмасин, уёғини ўзимиз ҳал қиламиз. Энди сиз бизнинг қўлимизда қўғирчоқ бўласиз. Истасангиз шу, истамасангиз, ана, тўрт томонингиз қибла – ҳозироқ шахсий самолётингизга оила аъзоларингизни чиқариб хоҳлаган томонингизга учиб кетишингиз мумкин. Аммо узоққа боролмайсиз. Портлаб  кетасиз.
Орага оғир сукунат чўкди. Фақат ўзимнинг нафас олишим эшитиларди, холос.
                         Майли, бу шартингизга ҳам розиман. – Ер остидан қиёфадошимга қараб қўйдим. У бармоқларини қисирлатиб хона бўйлаб уёқдан-буёққа бориб келарди.
Йўлчиев ўрнидан туриб қиёфадошимнинг қўлтиғидан олиб хонадан чиқа бошлади.
– Юринг, энди ман сизни адютантингиз ва Иноят Махсум билан нарда ўйнатиб кўраман, – деб кулимсиради.
Хона ўртасида серрайганча қолавердим.
Бу тушиммиди, ўнгиммиди?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...