воскресенье, 29 апреля 2018 г.

144. Бир доллардан минг дона


Ваъдага вафо қилиб Жунаидхон билан биргалашиб Хирмонтепага совчиликка бордик. Кўча бошида Омонгулнинг ўзи кутиб олди. Тўрт қаватли ғиштин бинонинг учинчи қаватидаги уч хонали хонадонда она-бола истиқомат қилар экан. Зинапоядан кўтарилиб, меҳмонхонага қадам ранжида қилдик. Меҳмонхона деворига қоракўл теридан тикилган қоп-қора чўгирма осиб қўйилган, чўгирма остида осмонга қараб кишнаётган ахалтака отининг рангли сурати бор эди. Китоб жавони шифтга қадалиб турарди; ойнаванд бўлмаларида қора кўзойнак тақиб тушган кўҳликкина қизнинг суратлари зарҳал рамкалардан кулимсираб қарар, қарашларидан юзидан ҳаё пардаси кўтарилмаганини пайқаш мумкин эди.
Рамкалардаги суратларни кўздан кечираётган чоғимда Жунаидхон аста кўлтиғимдан олиб узун столнинг тўр тарафига ўтказиб:
                         Марҳамат, ўтиринг, – деди. Пойгаҳда қўл қовуштириб турган Омонгулга қараб кулимсиради. – Ўтган сафар келганимда, қудағай, келинимизнинг суратига кўзим тушмаган эди, – деди.
Тўрдаги стулга чўкиб, стулни дастурхонга яқинроқ суриб олдим.
                         Кўрманаси берилмаса, дўғоним, сизга келинни ким кўрсатади! – деб беқасам чопонимнинг ички чўнтагидан ғишт қолипига ўхшатиб қуйилган бир килограмм олтинни салофан ғилофдан чиқариб Омонгулга узатдим. – Оз бўлса ҳам кўп ўрнида кўрасиз, синглим, лекин софлигига ўзим кафилман.
Омонгул ҳамон қўлларини кўксидан олмасдан тўр тарафга келиб олтин ёмбисини олиб жавонда турган Чеҳрагулнинг энг катта рангли суратининг ёнига элтиб қўйди.
– Раҳмат, – деди Омонгул. Столнинг қуйи тарафига ўтираётиб кафтлари билан мижжаларини артиб қўйди. Кўзлари ёшланганини сездирмасликка интилиб хижолатомуз жилмайди. – Қани, меҳмон, дуо қилинг! – деб ҳовучини очиб манга им қоқди.
– Дўғон, сиздан бўлсин! Қани, ҳожи бобо! – деб ман ҳам ҳовучимни очиб Жунаидхонга им қоқдим. Жунаидхон қисқагина дуо ўқиб юзига фотиҳа тортди.
                         Хуш кўрдик, хуш кўрдик! – деди мезбон ўрнидан туриб. – Айбга буюрмайсиз, келишингизга гоҳ ишониб-гоҳ ишонмаганимиз учун дастурхонга ҳам кўнгилдагидек қарай олмадик. Қани, олинглар! – Туриб юриб нон ушатди.
Жунаидхон чойнакни ёнига олиб, пиёлаларга чой қуйиб узатди.
Омонгул бир пиёла чой олиб қуйидаги ўз жойига ўтирди.
– Чеҳрагул кўзимнинг оқу қораси, – деди у хўрсиниб. – Уни отасиз катта қилдим. Ўксимасин деб бошқа рўзғор қилмадим. ТошМИнинг стоматология факультетида ўқийдиган Берди Кербобоев деган йигит тўрткўллик қайноғасига сўраб беш йилгача остонамга қатнади. Лекин ман унамадим. Қайноғангизга бирорта узун кўйлак туркман қиз топилиб қолар, иним, дедим, ман узун кўйлак кийиб Тўрткўлга келин бўлиб боролмайман, дедим. Йигит тушмагур ўксиб кетди деб юрардим, йўқ, хайрият, ўксимаган экан, ўткан йили Туркманистон президенти қаватида Тошкентга келганида атайлаб мани йўқлаб бирров уйга келиб кетди.
-Мана, энди бемалол Чеҳрагулни ишончли қўлларга топшириб, ўзингиз ҳам бошингизни иккита қилишингиз мумкин, – деб ҳазиллашдим.
– Энди ман кимга ҳам керакман, айланай! Берди Кербобоевнинг қайноғаси эса аллақачон машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуровнинг битта норасмий бевасига уйланиб олибди! – деб кулади Омонгул. – Қолаверса, юз гектар ерни қирқ тўққиз йилга ижарага олганман, ҳозир фермерман. Асосий умрим Янгийўлда ўтади: пахта экаман, ғалла экаман, ўн гектар боғим бор, саккиз гектар узумзорим бор, мол-қўй қилганман, кўлда балиқ боқаман. Қизиқишим бошқача бўпкетган, рўзғор тутумим ҳам туркманларга тўғри келмайди.
– Ў-ў, қойил! – деб хитоб қилдим. – Мана, мустақиллик шарофати! СССР қайта тиклансин, Юртменистон ҳам Россия таркибига қўшиб олинсин деб айюҳаннос солаётган кўппакларга сизни кўрсатиб, уларнинг оғзига калиш билан уриш керак!
– Ие, ҳали шунақа деяётган одамлар ҳам бор эканми? – деди Жунаидхон ажабланиб. – Тавба, билмас эканман.
– Бор, бор! Бўлганда ҳамки, уларнинг сафи тобора кенгайиб боряпти.
                         СССР қайта тикланадими? – деб сўради Омонгул ҳайратланиб. – Агар СССР қайта тикланадиган бўлса, бирйўла Афғонистонни ҳам ўн олтинчи республика этиб ўзимизга қўшиб олишимиз керак. Хўжайиним Афғонистонда байналмилал бурчини адо этаётиб ҳалок бўлган, Саланг довонида танк-панки билан портлаб ёниб кетган. Жасади қолмаган, куйиб кул бўлган. Агар Афғонистон СССРга қўшиб олинса, Саланг довонига бориб эрим ўлган жойга қабртош қўйиб қайтардим... – Омонгул бу сафар кўзёшларини кўйлак енгига артиб олди. – Эҳтимол, танк портлаганда эримнинг кўзига сочмаўқ кириб кетганми, ишқилиб, қорнимда бўлган ҳомиламнинг битта кўзи ғилайроқ бўлиб туғилади.
Ман жавонда турган қора кўзойнакли қиз суратларини ўғринча кўздан кечираман. Кўзойнак остидан кўринмаётган кўзларнинг қай бири ожиз эканини пайқаб бўлмасди.
– Кўршерматнинг қайси кўзи кўр бўлган? – деб сўрадим Жунаидхондан.
– Янглишмасам, кинода Наби Раҳимов ўнг кўзини қора мато билан боғлаб юрарди. Омонгул, сиз ҳам қўрбошилар тўғрисидаги киноларни кўрганмисиз? Наби Раҳимов ўнг кўзини боғлаб юрармиди ё чап кўзиними?
– Чап кўзини боғлаб юрарди, шекилли, – деди Омонгул ишонқирамай. – Яна билмадим. Унақа киноларни кўрсатмай қўйишганига ҳам йигирма йилдан ошиб кетди.
– Ҳа, тўғри, киночиларнинг қирқ-эллик йиллик меҳнати куйиб кетди, – дедим.
– Шунақа бўлди, – деди Жунаидхон. – Адашим тўғрисида ҳам, ўҳ-ҳў, ўндан ортиқ кино ишланган эди. Лекин аксарият фильмларда у ниҳоятда қатъиятли инсон этиб кўрсатилган.
                         Хўжайиним ҳам Жунаидхонни яхши кўрарди, у бизнинг миллий ифтихоримиз, деб кўкрагига муштлаб қўярди; ўзбекларнинг миллий ифтихори пахта бўлса, бизники Жунаидхон, дерди боёқиш, – деб кулимсиради Омонгул. – Вай, нага ман сизларга қўшилиб гап сотиб ўтирибман! – деб дик этиб ўрнидан туриб меҳмонхонадан чиқди.
Беихтиёр ортидан кузатиб қолдим: илгари эътибор бермаган эканман, Омонгул шох ташлаб юрарди, ҳар қадамида чайқалиб-чайқалиб кетарди; боя сезмаган бўлсам, эҳтимол, атайлаб тўғри юришга ҳаракат қилгандир.
Жунаидхон икковимиз бир-биримизга қараб бош чайқаб қўйдик.
– Кўз тегмасин, туф-туф, бутунлай ўзгариб қопти! – деб Жунаидхон ёқасига рамзан туфлаб қўйди.
– Ўтган гал Чеҳрагул билан гаплашмагани учун сизга совуқ муомала қилиб юборгандир-да, – дедим.
                         Қайдам.
Меҳмонхона эшиги очилиб Омонгул бир даста хат кўтариб кирди.
                         Шўрва яна бир-икки марта қайнагунча манави “ашёвий далиллар” билан танишиб ўтиринглар, – деб хатларни иккига тақсимлаб бериб, яна ошхонага чиқиб кетди.
Ман ўзимга теккан хатларни олиб, битта конвертни таваккалига очиб, унга кўз югуртирдим: “Чеҳрагул, жоним, илк танишган вақтимиз эсингдами? Ман гўзалликнинг нима эканини фақат хаёлдагина кўриб, эртаклардагина эшитиб юрган омадсиз бир ижодкор тўсатдан ўнгимда пайдо бўлган ҳақиқий гўзалликка дуч келиб довдираб қолдим. Қандайдир хушбўй гул ҳиди димоғимга гуп этиб урилади...
Кечир, жоним, кейинги пайтларда хатларим пойма-пой бўлиб кетди. Эзма чолларга ўхшаб фақат мумтоз куйларни тинглайдиган бўп қолдим. “Чўли Ироқ”ни эшитиб ўтирсам, кўзларимдан юм-юм ёшлар оқаётганини ўзим ҳам пайқамай қоламан. Нега босмачилик авж олган йилларда Жунаидхонга йигит бўлмаганман, деб пешонамга шап-шап этказиб уриб қўяман. Босмачи бўлганимда борми, Чеҳрагул, сени ўзингдан ҳам сўрамасдан отимга ўнгариб опқочиб кетган бўлардим. Эсимда, бир гал ўзингга ҳам шунақа десам, ундай бўлса, сиз туркман қизга эмас, қозоқ қизга уйланишингиз керак экан, туркман қизлар дуч келган йигит билан қочиб кетавермайди, улар қалин ҳақини тўлаган йигитга ўзини бағишлайди, деган эдинг. Майли, қалин тўлашга қурбим етмаса, жонимни маҳрга бераман...”
Омонгул рақамли фотоаппарат кўтариб кирди.
                         Илтимос, Юртменбоши икковимизни суратга опқўйинг, – деб уни Жунаидхонга тутқазди ва ўзи жавон ёнига бориб турди.
Ман ҳам ўрнимдан туриб Омонгулнинг ёнига бориб турдим.
– Соқол-мўйловимди ечиб қўяйми? – дедим кулиб.
                         Вай, яхши бўларди, – деди Омонгул.
Соқол-мўйловимни ечиб, жавон токчасига қўйдим. Биз Чеҳрагулнинг катта рангли сурати остида бир-биримизга елкамизни теккизиб суратга тушдик. Кейин Жунаидхон дўстим Омонгулнинг ёнига бориб турди, ман уларни суратга опқўйдим.
Омонгул ярим косадан қайнатма шўрва қуйиб келди. Ман одатим бўйича шўрвага нон тўғраб тановул қилдим. Жунаидхон эса битта қалампирнинг уруғини ҳам аралаштириб коса четига эзғилаб аччиғини чиқариб, бурни терлаб шўрвани мазза қилиб ичди.
– Чеҳрагул бугун Янгийўлдаги ҳовлимизда, яқинда Туркиядан қайтиб келган рассом Исфандиёр Ҳайдарнинг ижоди тўғрисида “ЖаннатМакон” журналига мақола ёзяпти. Тўхтовсиз равишда босмага тушиб кетиши керак экан. – Омонгул бўш косаларни йиғиштириб олди.
-Чеҳрахон – санъатшунос, – деб изоҳ берган бўлди Жунаидхон. – Лекин эркин ижодкор, фақат кўнглига мос келадиган буюртмалар бўйича ишлайди.
– Тўғри, тўғри, – деб тасдиқлаганча Омонгул ошхонага чиқди.
– Энди турамизми? – деб сўрадим Жунаидхондан ва соқол-мўйловимни яна жойига ёпиштириб олдим.
– Тўй муддати билан қалин масаласида бир тўхтамга келсак, кейин турамиз.
Омонгул кирган заҳоти Жунаидхон қалин масаласида гап очди. Омонгул дастурхон попугини ўйнаб ўтириб:
                         Бир доллардан минг дона берасизлар, – деди кўзларини ердан узмай.
Ман дарҳол Жунаидхонга юзландим, қошларимни чимирдим. Жунаидхон елка қисди.
– Кечирасиз, қанча дедингиз? – деди Жунаидхон.
– Бир доллардан минг дона...
– Минг долларми? – деб такрор сўради Жунаидхон.
                         Бир доллардан мингта берасизлар! – деди Омонгул бу гал дона-дона қилиб.
Жунаидхон тараддудланиб манга қаради, ман лабимни бурдим.
                         Икки ярим миллион сўм бериб қўя қолсак бўлмайдими? Бозор баҳосида минг доллар барибир икки ярим миллион сўм бўлади-ку, – деди Жунаидхон.
– Йўқ, бўлмайди. Ман шунақа ният қилганман, қалинга минг дона бир долларлик сўрайман деб қўйганман. Биламан, оддий одамларга минг дона бир долларликни тўплаш осон бўлмайди. Аммо сизлар учун бу нарса оғизларингди бир чеккасидан чиқиб кетса керак.
– Хўп, бўлди, гап йўқ! – дедим столнинг қиррасидан маҳкам чангаллаб. – Энди тўй муддатини келишиб олсак бас.
– Йигирма кундан кейин бўлади. Розимисиз? – деди Жунаидхон.
– Нега йигирма кундан кейин? – деб ажабланди Омонгул. – Агар қалин пулини эртага опкелсангиз, индинга тўй қиламиз. Чўзиб ўтиришдан нима фойда?!
Ман бошим билан тасдиқ ишорасини билдирдим.
– Ёшлар ЗАГСдан рўйхатдан ўтишга улгурмайди-ку! – деди Жунаидхон.
– Э-э, бу кишининг оғзининг ҳовури билан ош пишириш мумкин-ку! – деб кулди Омонгул кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб. – Тўғрими, қуда бува?
– Тўғри, тўғри! – дедим кулиб. – Лекин тўйни шанба ёки якшанба кунига мўлжалласак яхши бўларди. Куёв ҳам уёқ-буёғини йиғиб-нетиб олиши керак, унгача Чеҳрагул ҳам буюртма мақоласини тамомлайди.
– Майли, ҳафта охирида тўй бўлади, – деди Омонгул чўрт кесиб.
Биз рози бўлдик. Хайр-хўшлашиб ташқарига чиқдик. Омонгул бизни остонада кузатиб қолди.
                         Эшикнинг қулфи нобопроқ, энди кўрманани қўриқлаш учун темир эшик ўрнатмасак бўлмас! – деб кулиб қолди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...