понедельник, 30 апреля 2018 г.

165. Доҳийнинг ҳайкали


Болалик чоқларимда (қаранг, ман ҳам доим бало эмас, бола ҳам бўлганман-а!) тенгқурларим билан ўйнасам, кимдир ҳадеб ўйин қоидасини бузаверса: “Энди аяб ўтирмайман, уч марта қоидани буздинг, лекин индамадим. Пучинчисида ёмон қиламан, учинчисидан сўнг пучинчиси бўлади!” дердим. Ростдан ҳам, огоҳлантирилган болакай учинчисидан кейин яна қоидани бузса, уни аяб ўтирмасдим, боплаб адабини бериб қўярдим.
Радий Фишга қарши уч марта суиқасд уюштирдим. Уч марта унга омад кулиб боқди. Энди пучинчиси бўлади, бу гал манга омад кулиб боқса керак. Илгари қотил-киллерларга бир миллион доллардан ҳақ тўланган бўлса, бу сафар уларга оғзига сиққанча ҳақ берилажак...
Жаҳонгир Йўлчиев билан ошкора шартномадан ташқари яширин шартномага ҳам имзо чекилди. Яқинда Афғонистондан НАТО ва АҚШ ҳарбий қисмини опчиқиб кетади. Ҳеч шубҳа йўқки, толиблар дарҳол ҳокимиятни қўлга олади. Кейин нима бўлади? Ҳажга бориб келганимни ҳурмат қилиб, қозиққа ўтқазишмаса, дўппимни осмонга отишим керак. Лекин барибир толиблардан яхшилик кутиб бўлмайди. Биздан кетган мужоҳидлар уруш даврида бошлиқларидан жудо бўлган бўлса-да, бироқ ўзларининг жанговар қобилиятини йўқотмаган; уларга на НАТО, на АҚШ ҳарбийлари бас келди! Демак, исломий эътиқод билан қуролланган одамларни асло енгиб бўлмас экан. Хуллас, Жаҳонгир Йўлчиев маним шахсий ва оилавий хавфсизлигимни таъминлаш мажбуриятини Ўрусия ҳукумати номидан зиммасига олди. Агар толиблар Юртменистонни босиб олса, Ўрусия дарҳол жанубий ҳудудимизга қўшин киритиб, ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборади.
Ўрусия 1876 йили Туркистонни батамом босиб олган. Ўшандан бери Туркистонга ҳукмронлик қилади. Парчаланган ва бир-бирига ёвлашган Туркистон 1991 йилдан сўнг БМТга аъзо бўлган мустақил давлатлар мақомига эга бўлса-да, амалда Ўрусия таъсиридан ҳеч қачон халос бўлмаган. Ўрусиянинг “дўстлик шартномаси”га ҳам асло ишониб бўлмайди. Жаҳонгир Йўлчиев КГБнинг таълимини олган; дунёдаги энг ёвуз ташкилотнинг малакали ходими ҳисобланади. Ўрусияга ишониб бўлмагач, Жаҳонгир Йўлчиевга ишониб бўладими? У қимматроқ ҳақ тўлайдиган харидор топилган заҳоти нафақат мани, ҳатто Юртменистонни ҳам кўтарасига сотиб юбориши ҳеч гап эмас. Демак, вақт борида ман ҳам келажакда қичийдиган жойимни олдиндан қашлаб қўйсам ёмон бўлмасди. Ҳар ҳолда саксонга қараб кетаётган чол охир-оқибат Ҳусни Муборакка ўхшаб замбилда ётган жойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши муқаррар эканини ҳеч қачон эсидан чиқармагани маъқул.
Жаҳонгир Йўлчиевни ҳаво майдонида Москвага кузатиб, қароргоҳимга қайтишда Иноят Махсумга Радий Фишни жисман маҳв этиш тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатиб, дарҳол Хитой сафарига ҳозирлик кўра бошладим. Энди отни қамчилашим керак. Бугунги ишни эртага қолдириб бўлмайди. Телефон орқали Хитой ҳукуматининг раиси билан боғландим. “Келаверинг, биз сизни кутяпмиз”, деди Раис.
Эртаси куниёқ Пекинга учиб бордим.
                         Хўп, ёрдам берамиз, – деди Раис, – фақат бизнинг шартларимизга ҳам рози бўлишингиз керак.
                         Бажонидил, – дедим қўл қовуштириб.
                         Биринчидан, Термиз билан Мозори Шариф оралиғида Чинобод номли бир миллион аҳоли истиқомат қиладиган замонавий шаҳар барпо этилади. Аҳолининг тенг ярми хитойликлар бўлса, қолган қисми афғон ва ўзбек бўлади. Қалай?
                         Розиман, – дедим. – Аммо ман фақат Юртменистон ҳудудида барпо этиладиган объектга кафиллик беришим мумкин.
                         У ёғини ўзимиз ҳал қиламиз, сиз бу ёғига нима дейсиз?
                         Розиман.
                         Иккинчидан, пойтахтингиз марказидаги Амир Темур ҳайкалини дарҳол йиқитиб, ўрнига хоҳлаган одамингизга ҳайкал ўрнатинг. Маъқулми?
                         Нега? – дедим иккиланиброқ. – Темур бобо сизларга нима ёмонлик қилган?
                         Темур қаерда ўлган? Ўтрорда. Нега Ўтрорга келиб ўлади? Чунки Хитойни босиб олиш учун юзминг кишилик қўшинни қаҳратон қиш пайти бошлаб бораётиб, йўлда миясини шамоллатиб қўяди. Агар миясини шамоллатмаганида Хитойни ҳам худди Хоразмдек шудгор қилиб, буғдой экиб юборарди. Хайрият, мияси шамоллаб ажалидан беш кун бурун ўлиб кетди, акс ҳолда биз ҳам дўнганларга ўхшаб аллақачон мусулмон бўп кетардик... Тушунарлими?
                         Тушунарли, – дедим қулт этиб ютиниб. – Амир Темур музейини нима қилай?
                         Темурнинг ўрнига кимнинг ҳайкали ўрнатилса, музей ҳам ўша ҳайкалнинг фаолиятига бағишланади.
                         Маъқул.
                         Маъқул бўлса, туринг, тезроқ Юртменистонга қайтинг, Чинобод шаҳри барпо этиладиган жойни ҳозирлаб қўйинг, пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалини йиқитинг, – деб Раис ўтирган жойида манга қўл чўзди.
Ман жадал бориб Раиснинг қўлини олиб юз-кўзларимга суртдим. Шу тарзда хайр-хўшлашдик. Раис ўрнидан ҳам турмади. Мани битта мулозим тўппа-тўғри ҳаво майдонига кузатиб қўйди.
Юртменистонга қайтган куним ҳайкалтарош Илҳом Жабборни қароргоҳимга олдирдим. Пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалини Илҳом Жаббор ясаган эди. Ман унга янги идеяни гапириб бердим: “Мамлакатга раҳбар этиб тайинланган илк кунларимда Бўка туманига бориб намойишга чиққан оломон орасига от миниб кириб борган эдим. У пайтларда хийла ёш бўлганман, фотосуратларим сақланиб қолган. Хуллас, Амир Темурни отдан тушириб, унинг ўрнига мани миндириб қўйиш мумкинми?” деб масалани кўндаланг қўйдим. Илҳом Жаббор ўйланиб қолди.
                         Хўш? – дедим. – Таклифим тушунарлими?
                         Тушунарли, – деди Илҳом Жаббор. – Лекин ман ҳам қариб қолдим. Шу иш Ортиқали Қозоқов ёки Акмал Нурга ўхшаган ёшроқ йигитларга топширилса бўлмасмикан?
                         Улар ҳайкалтарош эмас, рассом-ку! – дедим кулиб.
                         Ҳа, рассом, лекин улар подхалимчилик қилишни яхши кўради.
                         Нима-нима! – деб бўкириб юбордим.
    Илҳом Жаббор юрагини чангаллаб креслода ўтирган жойида букчайиб қолди. Ишқилиб, жони чиқиб кетмаган бўлса кошкийди...
Лекин барибир Амир Темурнинг ўрнига ўзимнинг ҳайкалимни қўйдираман, буюртмани Илҳом Жаббор адо этмаса, бошқаси бажонидил адо этади. Бунга асло шубҳа қилмайман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...