воскресенье, 29 апреля 2018 г.

156. Қулваччаларим


Омонхонадами, сомонхонадми, ишқилиб, бир гўрларда икки туман ҳокими учрашиб қолади. Қишки таътил чоғлари эди. Улар йил бўйи путурдан кетган соғликларини тиклашга чоғланади. Бирга-бирга муолажа ола бошлайдилар, бирга-бирга битта қоқмачоқ ҳамширага аъзои баданларини уқалатадилар, «оҳ-воҳ» деб тапчанда тўлғониб ётадилар. Хуллас, уч-тўрт кундан сўнг сирдош бўладилар, бир-бирларига синашта бўлиб қолишади. Дастлаб, имо-ишоралар билан дунёнинг ишлари тўғрисида мулоҳаза юритишади. Гап айланиб ҳокимларнинг тобора тутуруқсиз бўлиб бораётганини бир овоздан тасдиқлайдилар:
 Э-э, энасини фалон қилай, одам ўзини ҳоким деб бировга таништиришга ҳам уялади-я! – дейди биттаси. 
 Нимасини айтасиз, жўражон! Агар сал-пал эпақага келган ҳокимлар иккита қолган бўлса, биттаси – сиз, биттаси – ман.  Лекин икковимиз ҳам безотмиз, фоҳишанинг боласимиз...    
 Ие, нега унақа дейсиз, жўражон?! 
 Бош вазир энамизни ғойибона бўлса ҳам (селектрда) бутун Юртменистонга эшиттириб неча марта обориб-обкелди? Миқ этдикми? Йўқ! «Хўп бўлади, бажарамиз!» деб қўл қовуштириб, бошимизни эгиб турдик, холос. Энасини номаҳрам эркак обориб-обкелганда ҳам лом-мим демай турган одам безот бўладими, фоҳишанинг боласи бўладими, жўра?
 Ундай бўлса, жўражон, Юртменистонда бирорта ҳам ор-номусли ҳоким йўқ! Ҳаммаси ҳам бир неча мартадан Бош вазирга энасини тўғрилаб берган. 
 Ҳа, шунақа.
Ҳокимлар Юртменбошига тил теккизмайди. Уларни ўзим суҳбатдан ўтказиб, сўнг юксак лавозимга тайинлаганман. Ҳалигача мандан миннатдор бўлса керак.
Ҳартугул, ҳозирча ношукрчилик қилмади; Бош вазирдан юқорига туфурмадилар. Фақат гоҳ-гоҳ вилоят ҳокимини муҳокама қилишади. Дарҳақиқат, Бердиқул бўш-баёв йигит эди, лекин ҳоким бўлгач қутуриб кетади. У ҳам манга ўхшаб одамларни урадиган одат чиқаради, халқ орасида обрўйини тўкиб қўяди... охири унинг кетига тепиб-тепиб Жаслиққа «курорт»га жўнатдим, мол-мулкини мусодара этдим... Лаънати-ей, ҳозир андижонлик террористларга қўшилиб беш вақт намозини канда қилмаётган эмиш! Ўзидан  кўрсин, энди қамоқ жазосини узайтириб, икки дунёда ҳам амнистияга тушмайдиган этиб қўяман...
 Чори, жўра, у ҳам ўзимиз қатори туман ҳокими эди, неча марта катталардан ноҳақ сўкиш эшитганмиз. Энди эса ўзига ўхшаган туман ҳокимларини урадиган одат чиқарди, кисфуруш!
 Латиф, ошна, нимасини айтасиз! Калтак емаган туман ҳокимларидан иккимиз қолдик. Бу кетишда икковимиз ҳам...
 Қўйинг, жўра, нафасни иссиқ қилайлик! Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар «омин!» дер эмиш.
 Шунақами?.. Нима бало, фаришталарнинг Юртменистондаги қулвачча ҳокимлардан бошқа ишлари йўқмикан?
 Ширк кетманг, гуноҳ бўлади, жўражон.
 Юртменистонда савоб билан гуноҳнинг фарқи қолмаган.  
 Майли, фарқи қолмаган бўлса ҳам биз баттар гуноҳга ботмайлик, дейман-да!
Туман ҳокимлари муолажа олиб уйларига қайтгандан сўнг икки кун ўтказиб вилоят ҳокимини вазифасидан четлаштирдим: қўққис вилоятга бостириб бориб, навбатдан ташқари сессия-мажлис ўтказиб, синов шарти билан Чоривойни вилоят ҳокими этиб тайинладим. Яккама-якка суҳбат чоғида: «Лекин ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик қилманг, ҳаммага бир кўз билан қаранг! – деб тайинладим. – Халқимиз очликка ҳам, йўқчиликка ҳам бемалол чидайди, бироқ адолатсизликка асло чидай олмайди!..»
  Чоривой астойдил ишга киришади. У биринчи галда собиқ вилоят ҳокими Бердиқулнинг тижоратчи жазмани Адолатхонни Тошкентдаги Чинобод санаториясига «малака оширгани» юбориб, қайтган заҳоти малакали «массажистка» гувоҳномаси билан маҳаллий санаторияга ишга жойлайди. Адолатхон Чоривойнинг шахсий уқаловчиси ҳам жазмани бўлиб қолади.          
Бердикул икки йилда босиб ўтган йўлни Чоривой икки ойда босиб ўтади: у шу вақт мобайнида туман ҳокимларини кабинетига яккама-якка суҳбатга таклиф этиб, ҳаммасининг кўзларини моматалоқ этиб чиқариб юборади. Ҳатто «Жаҳон бозори» жойлашган туманнинг кеккайган, такаббур ҳокимини «тез ёрдам» ходимлари замбилга солиб опчиқиб кетишади.
Уч ойдан сўнг Чоривой туман ҳокимларини икки сидра дўппослаб, кўпчилигини қўрқитиб олади. Бечоралар унинг қорасини кўрган заҳоти қаерга қочишни билмай қоларди.
  Юз кун деганда Чоривой кабинетига эски ошнаси Латифбойни таклиф этади. Латифбой эшикдан ўтган чоғ ўрнидан туриб кабинет ўртасида уни қучоқ очиб кутиб олади. Ҳол-аҳвол сўрашадилар. Кабинетнинг бир бурчагига бориб юмшоқ диванда ёнма-ён ўтиришади. Чори гап орасида ошнасининг елкасига қўлини ташлаб:
 Хўш, қалай? – деб сўрайди. – Ишларинг ёмон эмасми? Муаммолар йўқми?  
 Ҳа, энди жўражон, ишларим бир нави.
 Бизники ҳам икки нави эмас. 
 Чори Бўриевич, агар кўнглингизга келмаса, эски жўрачилигимиз ҳурмати, одамлар орасида юрган гапдан сизни огоҳ этиб қўймоқчиман.
 Хўш-хўш? – деб Чори ўзини орқага ташлаб суҳбатдошига қизиқсиниб тикилади:
 Хўш, одамлар нима деяпти?
 Одамлар, «мана энди ҳокимга ялчидик, Чори Бўриевичнинг отасига раҳмат, Юртменбоши ишонч билдирган ҳоким шунақа бўлиши керак!» дейишяпти...
 Офарин, офарин! – дейди Чори кўзлари яшнаб. – Одамлар аҳмақ эмас!    
 Ҳа, тўғри. Айниқса, Адолатхонимга гулдай ҳунар ўргатиб, санаториямизга ишга жойлаб қўйганингиз учун ҳамма сиздан миннатдор...
 Оббо, одамлар Адолатнинг ишини тўғрилаб юрганимни ҳам билишар эканми? 
 Чори Бўриевич, Чори Бўриевич! – деб Латиф қўлларини икки томонга ёзиб юборади.
Чори Бўриевич ўрнидан дик этиб туриб кутилмаганда Латифбойнинг юзига тарсаки тортиб юборади. Латиф қалқиб кетади, диванга суяниб қолади. Шу пайт жағига мушт келиб тушади. 
 Оғзига кучи етмайдиган суволичлар бировнинг танмаҳрамини ғийбат қилса, сен аблаҳ индамай эштиб туравердингми?! Ҳе-е, энангди...
«Тез ёрдам» машинаси ҳокимият биносига орқа тарафдан келиб, оқ халатли дўхтирлар юқори қаватга кўтарилиб, қип-қизил қонга бўялган Латиф ҳокимни замбилга ётқизиб шифохонагами, ўликхонагами олиб кетишади.
Чоривой жавлон уриб фаолиятини давом эттиряпти.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...