понедельник, 23 апреля 2018 г.

101. Шикоят ва ҳикоят


Сайлов комиссиясига раис этиб қўйилган профессор адабиётшунос, Юртменистон Қаҳрамони унвонига ноил бўлган ғазалнавис Хўроз ва бошқалар сафарбар этилиб ҳикматли гапларни, келажак авлодни ҳам қойил қолдирадиган оқилона фикр-мулоҳазаларни махсус дафтарларга ёздириб олдим. Энди ўрни келиб қолса, ўша иқтибосларни ўзимнинг номимдан қайдномаларимга “ёздириб” юбораман. Келажак авлод хотира дафтаримни ўқиб, мани ниҳоятда ойдин фикрли зот экан деб ўйлайди, иншооллоҳ!

*  *  *
Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мавлоно Румий ўлмас “Маснавий”нинг биринчи дафтарини юксакдаги шоҳбайт билан бошлайди. Инчунун, “ҳикоят” билан “шикоят”ни ичдан қофия қилади. Мантиқ нуқтаи назаридан ҳам тўғри эди бу. Манимча, номага айланиб қоғозга тўкилган “шикоят” ўз-ўзидан “ҳикоят” тарзини олса, “ҳикоят” ҳам охир-оқибат “шикоят”га айланиб кетади.
Иккинчи хотира дафтаримни Мавлоно Румийнинг шоҳбайти билан бошласам, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Ё нотўғри гапиряпманми?
Ҳеч ким юрак ютиб эътироз билдирмайди. Атрофда мозор сукунати ҳукм суради. Сукунат – ризо аломати дейдилар.
Қаламкашни ёнимга олдим. Унинг башараси сиртдан мухолифатни эслатарди: бир гап айтсам, албатта жавоб қайтарарди, қўл қовуштириб: “Сизники маъқул!” деб бошини ликиллатиб турмасди. Эркин одамга ўхшарди. Қани, кўрайин-чи, зиммасига масъулият юклаб қўйсам ўзини қандай тутар экан.
Пароканд Мирзо ҳамон Таҳририятни бошқаради, Матбуотга ҳам кўз-қулоқ бўлиб туради.
Ҳозирча Матбуот котиби вазифасига ҳеч кимни тайинлаганим йўқ. Муносиб янги номзод қидиряпман. “Вақтинча Матбуот котиби вазифасини бажарувчи” этиб беш-олтита гўрсўхтани синовдан ўтказдим, афсуски, бирортаси ҳам зиммасига юклатилган масъулиятни кўтара олмади. Айримлари ҳатто зиммасига қандай вазифа юклатилганини ҳам билолмай кетди. Айниқса, Олакўз худди қировда қолган қовоқарига ўхшаб фақат ғўнғиллаб ғашимни келтирди, холос. Уни Девондан батамом бадарға қилиб, парламантнинг Маданият ва спорт ишлари қўмитасига раҳбар этиб жўнатдим.
Хуллас, Матбуот котиби вазифаси бўш турибди. Бу ишга Пароканд Мирзони тайинласам, Таҳририят бўшашиб кетади. Қаламкашни мўлжаллаяпман. Торта оладими-йўқми, билмайман. Уни ғалвирдан ўтказишим лозим.
Шойимнинг шикоятномасини Қаламкашга тутқаздим: “Чора кўрилсин”, дедим.
Орадан бир ҳафта ўтгач: “Қодирвойни “Қандолатчилик” журналига ишга тайинлаш керак”, деди. Ҳайрон бўлдим. Ҳойнаҳой, Қаламкаш майнавозчилик қиляпти деб ўйладим. “Хушматжон журнални унга бериб қўймас”, дедим. “Хушматга ўринбосар бўлиб ўтади, улар илгари ҳам ака-укачилик қилиб юрган; бири бирига устоз, бири бирига шогирд...” “Бўпти, Қодирвойни Хушматга муовин этиб тайинлаймиз. Лекин Шойимнинг шикояти нима бўлади? Ахир, Қодирвой водапровод қувурини сварка билан кесиб ташлабди, Шойимнинг ҳовлисига бир томчи ҳам сув бермай қўйибди-ку!” дедим. “Анави мансабга тайинланган куни сув қувурини улаб беради, ҳатто халқаро сув муаммосига бағишланган мақола ёзиб «Товушқонлар товуши”да эълон қилади”. “Ҳм-м...” дедим ишонқирамай. Индамадим. “Билганингизни қилинг”, деган маънода бош қимирлатиб қўйдим.
Ёпирай, уч кундан сўнг Ойимсупургининг газетасида Кўҳистон такасини шарманда қилган бир саҳифа мақола чоп этилди. Муаллиф – Қодирвой. Мақолага “Аму билан Сирдан сув ичган, Зарафшонни лойлатиб кечган” деб хийла узун сарлавҳа қўйилган эди. Шойимнинг ҳовлисига ҳам сув ўтказиб берибди.
“Юртменбоши мани яхши кўрарди, аммо Матбуот қўмитасига раҳбарлик қилган Шоқол Шоғулом Юртменбошини мандан совутди. Ман ҳамон у кишини буюк шахс сифатида, бизга мустақиллик олиб берган жасур реформатор сифатида яхши кўраман, керак бўлса, жонимни фидо қиламан мустақиллик йўлида...” деб кўзига ёш олибди боёқиш қуёнбоқарларнинг “Товушқонлар товуши” номли ҳафтаномасида эълон қилган мақоласида.
Ростини айтсам, ман ҳеч қачон Қодирвойга ўхшаган нусхаларни яхши кўрмаганман. Улар сиртдан мағрур, ҳақгўй кўринса-да, амал учун ёстиқдошини ҳам керакли одамга қўшиб беради. Амални яхши кўрадиган кимсалардан зарурият юзасидан фойдаланиш мумкин, зарурият бўлмаса бир четга суриб қўйган маъқул.
Қойил, Қаламкаш Қодирвойдан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланяпти.
Наманганнинг Чотқол-Қурама тоғларига туташ ҳудудларида узоқ йиллар донгдор агробирлашмага раҳбарлик қилган Аҳмаджон Одилов ўн беш-йигирма йилдан буён қамоқда ётар эди. У Шўро замонасининг қаҳрамони, Шароф аканинг эркатойи бўлган. Ёши ҳам саксондан ошиб, тўқсонни қоралаб қолган. Қамоқхонада художўй бўп қопти, беш вақт намозини канда қилмас эмиш. Холмат орқали бир неча марта: “Бўпти, мандан кечирим сўраб ариза ёзса, майли, амнистия бераман, дарҳол озодликка чиқараман”, дедим. Бироқ, қайсар эшак бир парча қоғозга ариза ёзиб беришни истамади. “Ёшим бир жойга бориб қолди, беш кунлик умрим борми-йўқми, у ёғини худо билади. Илгари гумроҳ эканман, ман галварс бандасига сиғиниб юрибман, энди фақат Парвардигори оламга сиғинаман, агар кечирим сўраш керак бўлса, фақат Оллоҳдан кечирим сўрайман, бандасининг олдида (ҳатто у Юртменбоши бўлса ҳам) ҳеч қандай гуноҳим йўқ, Оллоҳнинг олдида гуноҳкорман!” деб истиғфор қилибди, ярамас!
У қамоқхонада ўлиб кетса, хунук иш бўлади. Ана, золим Саддам Ҳусайн ислом оламида ҳам ҳеч қандай обрў-эътиборга эга эмас эди. Аммо америкаликлар қўлида қўғирчоқ бўлган маҳаллий қозилар томонидан қатл этилдию миллий қаҳрамонга айланди-қолди. Ўзи ҳам “Оллоҳу акбар!” деб дор остига борган экан, ярамас! Аҳмаджон Одиловдан миллий қаҳрамон ясашни асло истамасдим. “Нима қиламиз? – деб сўрадим Қаламкашдан. – Янглишмасам, бир вақтлар у ҳақда марказий матбуотга мақтовдан иборат мақола ёзган эдингиз”. “Ҳа, ёзганман. Юқорининг топшириғига биноан ёзганман. Гап фақат топшириқда эмас, Аҳмаджон Одилов ҳақиқатан ҳам жуда кўп иш қилган, у ишнинг кўзини биладиган тадбиркор одам. Манга қолса, “Расм аст, ки моликони таҳрир Озод кунанд бандаи пир”, деган гап бекорга айтилмаган”, деди, хумпар. “Яъни, қул эгаси қари қулларини озод қилиши керак, эскидан қолган одат шунақа”. “Кам бўлманг, – деди Қаламкаш мийиғида кулиб. – Тоза таржима қилдингиз”.
Қаламкашнинг таклифи манга маъқул бўлди. Эртаси куниёқ Аҳмаджон Одиловни озод этиш тўғрисида буйруқ бердим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...