среда, 25 апреля 2018 г.

127д. Эски хотинларим


Фуқарога ўзимни кўрсатиш учун бурноғи йили Қўқонга саёҳат қилган эдим. Қўқонда ҳукмдор бўлган Худоёрхон Ўрдасини томоша қилдим. Ташқи ҳовлини айланиб юриб, ички ҳовлига ўтиладиган қўш табақали нақшинкор эшикка дуч келдим.
– У ёқда ким яшаган? – деб сўрадим Маданият вазиридан.
– У ёқда ҳарам бўлган, – деди Анвар Жаббор ерга қараб.
– Нега ерга қарайсан?
– Уялиб кетдим.
– Нима-нима?!
– Худоёрхон қирқта хотин сақлаган.
– Даканг хўроз етти-саккизта макиёнидан ортмайди-ку, Худоёрхон қандай қилиб қирқта хотинга муомала қилишга улгурар экан?
Қирқ йилдан буён Ўрдада илмий ходим бўлиб ишлаётган Яҳёхон домла қимтинибгина суҳбатга аралашади:
– Тақсир, Худоёрхонди хотинлари ҳеч қачон тўрттадан ошмаган. Агар янги хотин олмоқчи бўлса, битта хотинига талоқ берган. Талоқ олган хотин эса ҳарамда давлат ҳисобидан яшайверган, – деди.
– Никоҳдан чиқарилган хотин, демак, давлатнинг хотини бўлиб қолар экан-да! – дея аския қиламан.
Шотирларим кулиб юборади.
– Тақсир, каромат қилдингиз! – дейишади “пахтакор” маслаҳатчиларим.
– Ҳарам бузиб ташлансин! – деб кўрсатма бераман. – Лаънати хонлар хотинбозликдан бошқа ишлар билан ҳам шуғулланган эканми ўзи?! – Зарда қилиб Ўрдани тарк этаман.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Қўқон Ўрдасининг ички ҳовлиси – ҳарам бузиб ташланади.
Энди ўша ишимга афсусланяпман. Ман илгари “эски хотинлар” истеъфога чиқарилганидан сўнг нима иш қилишини билмасдим. Ўз бошимдан ўтгач, ғалати ҳақиқатни билиб олдим. Гап шундаки, манга садоқат билан хизмат қилган девон ходимлари ҳар хил сабабларга кўра вазифасидан ҳайдалади. Ишдан ҳайдалган ходимнинг ҳар қадами кузатув остида бўлади. Гап ташувчи жосуслар тўплаган маълумотларга кўра, собиқ девон ходими билан эридан талоқ олиб, отасининг уйига қайтиб келган қисир хотин ўртасида деярли фарқ бўлмас экан: униси ҳам, буниси ҳам асосан эрини айбдор қилиб ҳар хил бемаза гап тарқатади.
Хуллас, даромад бир оз чўзилиб кетди, шекилли. Пароканд Мирзонинг битта ўринбосари бор эди. Хонободлик. Тошкентнинг Хонободидан. Қўйлиқдан аэропорт томон йўл олсангиз, чап қўл томонда Хонобод қишлоғи бор. Шу қишлоқдан журналистика соҳасини танлаган, аммо ўзи Бойнинг акаси тўғрисида битта ёзувчи ошнасига китоб ёздириб (“Ўлимдан кейинги ҳаёт”), ўзининг номидан чоп эттирганини ҳисобга олмаганда, умр бўйи пичоққа илинадиган бирор нарса ёзмаган. Шу Муҳиддин Қорини девонга келтириб қўйдим. Етти йил ишлатдим. Садоқат билан хизматимни қилди. Роса ялаб-юлқади. Етти йилдан сўнг Муҳиддин Қорининг жавоби берилди. Кетди ишдан. Кейин солиқчилар газетасидан иш топиб олди. Индамадим. Жўжабирдай жон экан. Раҳмим келди. Лекин эридан таёқ еб қайтган хотиндек кўп майда гап айтадиган одат чиқарди.
Бу ёқда рафиқам ҳам манга изма-из етмишни қоралаб қолди. Унга кутилмаган совға бўлсин деб... бир тийинга қиммат “Сарбадор” асарининг ёшлигидан бери борлигию йўқлиги билинмай юрадиган тирик ўлик муаллифига қасида ёздирмоқни ният қилдим. Пароканд Мирзога топшириқ бердим.
– Аммо-лекин ёнига ўзинг борма, обрўйини кўтариб юборасан, бу ишни Муҳиддин Қорига топшир! – дедим.
– Хўп бўлади! Лекин, қандай бўларкин... ўзим ёки Қулбой борайликмикан деб турувдим...
– Йўқ, сан манга ақл ўргатмоқчимисан! Сарбадорди уйига Муҳиддин Қорини жўнатасан, уқдингми?!
– Хўп бўлади! – деди Пароканд Мирзо яна бир марта ва қўлини кўксига қўйиб, орқаси билан тисарилиб хонамдан чиқди.
Солиқчилар газетасидан Муҳиддин Қори топилади. Эшитишимча, нозик ва олий топшириқни эшитиб кўзлари чақнаб кетади: “Ростданми? Ўзлари айтдиларми?..” деб қайта-қайта сўрайди. Дарҳол Бўзтепа (эски номи Бешкал)  маҳалласига чопади. Сарбадор хонадонига бўйинбоғини осилтириб кириб боради. Орқаворатдан биламан, ёши саксонни қоралаб бораётан, давлат томонидан юбилейи тантана билан ўтказиб берилишидан умидвор Сарбадор кеча-кундуз тавалло қилиб, Азроилнинг қўққис келиб қолишидан хавотирда яшаб юрибди. Пароканд Мирзонинг кадри. Ўзига мўлжаллаган жойни банд қилиб туриш учун шу яна бир сувюқмасни ўтирғизиб қўйибди. Қачон қарасангиз, касал ‒ гоҳ давлат касалхонасида, гоҳ уйида кўрпа-тўшак қилиб ётиб олади. Худди Азроилни адаштирмоқчи бўлаётгандек гоҳида гадойтопмас ерларга яшириниб олади. Шунинг учун ишининг тайини йўқ, бир кимса ўқимайдиган семиз-семиз китобларини чиройли муқоваларда қайта-қайта бостириб юрибди.
Биламан, Муҳиддин Қорининг боришини ҳам ўзича Азроил ташрифига йўйиб, нафаси ичига тушиб кетган. Америкадан чақиртирилган ношаърий хотини ярим соатларда аранг ўзига келтиради. Сўнг Муҳиддин Қорини ичкарига таклиф этади.
Муҳиддин Қори менинг Девоним охуридан нишхўрд еб суяги қотмаганми, муддаога тез ўтмай, олдин қаршисидаги кишининг миясини кемиргудай ваҳимали сукут сақлаб, сўнг гапни айлантира бошлайди.
Бу орада Сарбадор бўладигани бўлади, “Бу касофат нимага келдийкан”, деб юрагини ҳовучлаб ўтиради.
Ниҳоят, Муҳиддин Қори нутқини жимжималаб, ташрифи сабабини тушунтиради:
‒ Мана шунақа гаплар, Сарбадор ака, мен сизнинг жонингизни олгани келганим йўқ... Катта шахсан ўзлари чақириб, менга шу вазифани юкладилар... ‒ дейди.
Аблаҳ, пихини ёрган-да, “Катта” деганда қаршисидаги киши ўз-ўзидан мени тушунишини билади. Баҳона обрўйини ошириб олади. Жа биров қисти-бастига олса, “Катта” деб ўзимнинг каттамни ‒ Пароканд акамни айтувдим”, деб қутулиб қўяқолади.
Муҳиддин қорининг муддаосини эшитиб Сарбадорнинг юзига қон югуради. Бир дақиқа олдинги ҳолати худди бўйнига арқон солингану оёғи тагидаги курси тепиб юборилишини пойлаб ўтирган одамга ўхшарди, энди бирдан ҳукм ўзгариб дордан омон қолган жиноятчидай севиниб кетади
– Йўғ-э, ўзлари айтдиларми! – дейди ҳансираб. – Ростдан ҳам ўзлари айтдиларми! – деб яна ҳаратини кўрсатади. – Хайрият, Худога минг қатла шукур, Юртменбошим мени суяр эканлар! – деб... йиғлаб юборади.
– Ман шундан шунга келиб Сизни алдайманми, Сарбадор ака! – деб юборади Муҳиддин Қори ҳам маза қилиб. – Шахсан ўзларининг топшириғи шундай бўлди! Хуллас, Янгамуллонинг туғилган кунларига атаб битта қасида ёзиб берасиз! Сизга бир ҳафта муҳлат берилди. Қасидани тугатиб, майли, кейин...
Гапининг қолгани ичига ютиб қолади. Буям синалган усул ‒ нима демоқчи бўлдийкан деб қаршисидаги киши баттар ҳаяжонга тушади.
– Қаранг, Сарбадор ака, ўзингизга қаранг, қасида битгунча касал бўлмай туринг. Ишқилиб, мани падвадит этманг-да, бўптими?! – деб Муҳиддин Қори Сарбадор билан хайрлашади...
Бир ҳафтадан сўнг Сарбадор ёзиб берган “Рафиқа” номли қасида қўлимга келиб тушди. Хотинимни самарқандчасига “рафиқа” деб атабди шоир. Майли, шунисиям тузук.
Қасидада “рафиқам” олдин ҳазрат Навоий ҳам улуғлаган Хадичабегимга қиёсланади, кейин Бибихонимга тенглаштирилади, кейин Ойша онамизга тенглаштирилади, охирида инсоният тарихида ўтган барча улуғ аёлларни битта аудиторияга тўплаб сабоқ бериб ўтиради...
Очиғини айтсам, Сарбадорни ман туяқушга ўхшатаман: туя бўлиб туямас, қуш бўлиб қушмас. Яъни, ёзувчи бўлиб ёзувчимас, шоир бўлиб шоирмас. Аммо занғар бу қасидани боплабди, ўқиб кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
Кечқурун уни “рафиқам”нинг қўлига бериб, ювиниб-тарангани ҳаммомга кириб кетдим. Қайтиб меҳмонхонага чиқсам... э-э воҳ, “рафиқам” юм-юм йиғлаб, ғижимланиб кетган қоғозни бағрига босиб ўтирибди!
Муҳиддин Қорига давлат ажратган ўзимнинг жамғармамдан ўн миллион сўм мукофот бердиртирдим. Сарбадор бирон круглий датасигача ўлиб қолмаса, майли, унинг юбилейини ҳам давлат ҳисобидан ўтказиб беришни кўнглимга тугиб қўйдим.
Худоёрхон (раҳматуллоҳи алайҳ) талоғини берган хотинларини Ўрдадан ҳайдаб юбормасдан ҳарамда сақлаган экан; ман ҳам эски хотинларимдан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиб туришни Худоёрхондан ўргандим.
Гап ташувчи жосусим яқинда янги гап топиб келди. Муҳиддин Қори барибир чидамабди ‒ сирни бой берибди: Бойнинг акаси тўғрисида китоб ёзиб берган оғайнисига: “Сарбадорга қойил қолмадим! Унга ҳеч нарса керак эмас, эришадиганига эришиб бўлган, бундан ортиғи унга ортиқ, булар устига, умр чироғи ҳам липиллаб турибди. “Пуф” этиб дами чиқиб кетса, тамом, тупроқ тагига кириб кетади. Лекин шундай ҳолида ҳам имонини ютиб Янгамулло тўғриларида қасида ёзиб берди-я! Йўқ, ёзмайман, дея олмади. Ахир, шунча ялаб келди, энди охиратини ўйласа бўларди-ку!..” деган эмиш. Оббо хумпар, кечагина “Катта” деб тамшаниб юрган одам бугун халқчил бўлиб қолибди-да!
Эски хотинларни кўздан қочирмаслик керак, шекилли. Худоёрхон тўғри қилган экан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...