воскресенье, 29 апреля 2018 г.

145. Дажжол


Иноят Махсум Чеҳрагулнинг объективга кўзойнаксиз бақрайиб туриб тушган рангли суратини опкелди. Суратга кўзим тушган заҳоти нохос ўзимни орқага ташладим; сесканиб кетдим, этим жунжикди.
Чеҳрагулнинг ўнг кўзи бўртиб чиққан қоп-қора бир дона узумга ўхшарди, ўнг кўзи ўчиб кетган, устини қорамтир думалоқ эт қоплаган эди. Қоп-қора соққа-зўлдир устида билинар-билинмас арабча сўз бор: “ﺩﺟﺎﻞ”. Бу сўз игна санчиб чизилган “наколка” эмас, балки туғма нишонга ўхшарди. Стол ёнига ўрнатилган тугмачани босган заҳотим остонада адютантим пайдо бўлди.
-“Жиноят ва жазо” деган телешоуда бошловчилик қиладиган Салла бор-ку, оти нимайди?.. Ишқилиб, ўшани топ! Тез бўл! – дедим.
-Январ қорими?
-Январ қорими, Феврал қорими, Март қорими, ман уёғини билмайман! Тез топ ўшани! Нега безрайиб турибсан?!
-Ҳеч бўлмаса, нега кераклигини айтсангиз...
-Манга арабчадан маслаҳат берадиган бирорта қоқбош керак. Уқдингми?
-Всё, ясно! – деб тараддудланди адютант. – Муллача ёзувни яхши ўқийдиган Саллани ҳозироқ топиб келаман.
Креслога ястаниб олдим. Қўлимни чўзиб столча устида турган суратни тескари тўнтариб қўйдим: Чеҳрагулнинг кўзига кўзим тушмасин, баданимдан чиқиб кетган совуқ тер ҳали қуригани йўқ... Саллага “узум донаси”даги ёзувни ўқитаман, холос. Унга Чеҳрагулнинг қиёфасини кўрсатмайман; кўрсатсам гап кўпаяди, ортиқча савол беради, савол бермаган тақдирда ҳам кўнглида ҳар хил саволлар пайдо бўлади. Суратнинг тўрт томонини газета билан тўсиб, “узум донаси”ни очиқ қолдираман. Қайрилиб суратга қўл чўздиму беихтиёр орқасидаги тўрт қатор шеърга нигоҳим тушиб қолди:



“Шоҳ хони ғамин қўйки, тарабни ўртар,
Иссиқ оши турку арабни ўртар,
Топмоқлик ани аҳли адабни ўртар,
Тотмоқлик ани худ икки лабни ўртар”.
Нима бу? Чеҳрагулнинг дастхатими? Қошларимни чимириб суратнинг орқасига синчиклаб назар солиб тўртликни яна қайта ўқий бошлаган чоғимда ёзув ўз-ўзидан ўчиб кетди, ҳатто охирги мисрани такроран ўқишга улгурмай ҳам қолдим. Аммо сўнги мисра хотирамга муҳрланиб қолган эди:
“Тотмоқлик ани худ икки лабни ўртар”.
Тўртлик мазмуни подшо саройидан ҳам, дастурхонидан ҳам узоқ юргин, миннатли ош-нон бир кун келиб бурнингдан булоқ бўлади деган маънони англатарди.
Ажаб, дунё дунё бўлганидан буён алломалар, оқилу доно зотлар ҳукмдорларни ёмонлайди, эси бор одамларни ҳукмдорларга яқинлашмасликка даъват этади. Бироқ, хом сут эмган банда имкон пайдо бўлган заҳоти ўзини ҳукмдор қучоғига отади. Нега бунақа? Бу дунёда ҳукмдорнинг қучоғига ўзини отмайдиган банда ҳам бормикан?
Эшик оҳиста чертилиб, остонада адютантим кўринди.
– Мумкинми кирсам? – деди.
                         Кир, – дедим. – Лекин, сани одобинг одамди жигарини эзади.
Адютантим эшик қанотини каттароқ очиб салла ўраган телешоу бошловчисини олдинга ўтказиб, ўзини четга олди. Январ қори истиқболимга қўлларини чўзганча жадал кела бошлади. Ман ўрнимдан туриб, жўрттага у томонга кетимни буриб столча устидаги суратни газета варақлари билан ёпиб, “узум донаси”ни очиқ қолдирдим. Қаддимни тиклаб орқамга ўгирилсам, Январ қори хона ўртасида қўлларини олдинга чўзганча серрайиб турибди. Адютантимга кафтимнинг сирти билан “кет мундан!” деган ишорани кўрсатдим. Адютантим эшикни зич ёпиб ғойиб бўлди.
– Ўтирсинлар, тақсир, – деб столча ёнидаги креслони кўрсатдим.
– Рухсат бўлса, тик туриб... – Қўлларини қовуштириб, бошини эгди.
                         Ўтиринг! – дедим. Ўзим ўтириб олдим. – Ман сизни бу ерга ўзимга пахта қўйдириш учун олдирганим йўқ. Гап бундай, – деб ёнимга ўгирилиб газета варақлари орасидаги “узум донаси”га кўрсаткич бармоғимни ниқтаб кўрсатдим, – манга мана шу арабча сўзни ўқиб беринг.
Январ қори пилдираб келди-да, чопонининг ёқасини маҳкам тутамлаб столчага энгашди.
                         Илтимос, бармоқларини сал нари сурсинлар, зеру забар борми-йўқми, кўринмаяпти, – деди Январ қори хаста товушда.
Кўрсаткич бармоғимни нари суриб:
– Хўш? – дедим.
– Ўқидим, – деб бошини эгиб орқага икки қадам ташлади.
– Бу қанақа ёзув?
                         Агар бир қошиқ қонимдан кечсангиз... – деб тап этказиб ўзини оёқларим остига ташлаб, эмаклаб кела бошлади.
Дарҳол кресло устига чиқиб олдим. Январ қорига оёқларимни ялатмадим.
– Тур ўрнингдан, сувка – деб ўшқирдим.
Январ қори ўрнидан туриб, бошини эгиб, рўпарамда қўл қовуштирди.
– Агар рухсат берсангиз, майли, айтаман.
– Рухсат бердим, айт.
– “Дажжол” деб ёзилган.
– Йўғ-э, – деб қизиқсиниб газета варақлари орасидан кўриниб турган арабча ёзувга кўз ташладим. – Илгакнинг ёнида ётган тўққиз рақами нуқтаси билан қўшиб ўқилса, “Дажжол” бўладими?
– Ҳа, дажжол бўлади, – деди Январ  қори бошини эгиб, у чопонининг ёқасини маҳкам тутамлаб олди.
– Дажжол отоқли отми, турдош отми? – деб сўрадим.
– Узр, устоз, тушунмадим, – деди Январ  қори кўзларини пирпиратиб.
                         Қаерда ўқигансан? – дедим энсам қотиб.
– ТошДУнинг филология факультетини тамомлаганман. Сўнгра СНБ мактабида сиртдан таҳсил кўрганман.
                         Мир Араб мадрасасида ўқимаганмисан?
– Йўқ, Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрмаганман.
– “Дажжол” сўзи катта ҳарф билан ёзиладими ёки кичик?
– Катта ҳарф билан ёзса ҳам бўлади... Э-э, шу маънода отоқли отми ёки турдошми...
– Дажжолнинг жинси эркакми ёки аёлми? – деб гапини чўрт кесиб қўйдим.
– Валлоҳи аълам, эркак бўлиши керак, – деди у иягини тутамлаб.
– Аниқми?
– Тақсир, – деб бошини эгди, – янада аниғини Худо билади, бандаси билмайди.
– Ман сандан сўраяпман, Худодан сўраётганим йўқ, Худодан қачон ва нимани сўрашни ўзим жуда яхши биламан. Хўш?
– Камина ўқиган китобларда Дажжол эркак бўлади дейилган.
– Шунақами?
– Тақсир...
                         Манга Дажжол тўғрисида батафсил гапириб бер-чи!
Январ қори қўрқа-писа ҳикоя қилишга киришди:
                         Дажжолнинг икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилган бўлади. Ўнг кўзи ғилай бўлади, бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди. Дажжолга доим иккита фаришта ҳамроҳлик қилади. Дажжол оломонни орқасидан эргаштириб юради, уларга тез-тез амри маъруф қилиб туради; бир гал ҳатто: “Ман сизларга раҳнамо бўлдим, энди хоҳласам ўлдираман, хоҳласам қолдираман”, дейди. Шунда фаришталардан биттаси: “Ёлғон гапирдинг”, дейди. Фариштанинг бу гапини Дажжол ва нариги фаришта эшитади, холос. Нариги фаришта эса шеригининг гапини тасдиқлаб: “Рост гапирдинг”, дейди. Оломон нариги фариштанинг кейинги айтган гапини эшитадию Дажжолнинг оёқларига йиқилади ва ғойибдан келган товуш ҳам унинг раҳнамолигини, илоҳий куч-қудрат соҳиби эканини тасдиқлаяпти деб ўйлайди. Шундай қилиб, Дажжол қиёматгача одамларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади, нуқул худоликни даъво қилади. Бироқ Дажжол инсон боласи, у жин ҳам, фаришта ҳам эмас. Фаришталарнинг сусткашлиги учун Дажжол одамларнинг кўнглига кириб олиб ғулғула солади, фитна қўзғайди. Аслида, Дажжолнинг пайдо бўлиши қиёматнинг биринчи аломатидир...
Январ қори юм-юм йиғлай бошлади. Кўнглини бўшатиб олгунча қўйиб бердим. Индамай кутиб ўтирдим. Ахийри тоқатим тоқ бўлди.
– Бас қиласанми-йўқми? Ман сани йиғлатиб қўйиб томоша қилиш учун чақирдимми?!
– Узр, тақсир.
– Хўш, қиёматнинг иккинчи аломати қанақа бўлади?
– Яъжуж ва Маъжуж чиқади.
– Нима-нима?
– Хитой Халқ Республикаси бутун дунёга ҳукмронлик қила бошлайди, Туркистонни ҳам икки ямлаб ютиб юборади.
                         Э-э, жим! Хитойнинг раиси манинг ошном бўлади-ку! – деб ўшқирдим ва тарсаки тортиб юбориш учун қўлимни кўтардим-у, лекин урмадим. Урсам, биламан, ҳар жума кунлари масжидда қавмини оғзига қаратиб: “Юзгинамга мана мундоқ урдилар!” деб қон томиб турган башарасини кўрсатиб мақтаниб юрадиган бўлади. “Наврўз” жамғармасининг ашақлик раисини бир марта тепганимда икки йилгача дуч келган одамга думбасини кўрсатиб: “Мана мундоқ тепдилар!” деб юзтубан йиқилиб, бурнини қонатиб юрган.
Январ қорини кутубхонамдан ҳайдаб чиқардим. Ҳартугул, Дажжол тўғрисида озми-кўпми тушунчага эга бўлдим.
Ўйланиб қолдим. Хўш, Қаламкаш кўнгил қўйиб Чеҳрагулни танлаганми ёки бехос Чеҳрагулнинг тузоғига илиниб қолганми? Қаламкаш тузоққа тушган бўлса, биз уни қутқариш ўрнига баттар қилмаяпмизми?
Эшик оҳиста чертилди.
                         Киравер.
Марказий банк раиси Муллажон илжайиб хонага кириб келди. Чеҳрагулнинг суратини стол ғаладонига ташлаб қўйиб ўрнимдан турдим. Сўрашдик.
                         Бир нарса сўраган экансиз, хўжайин, – деб гуноҳкорона илжайиб, этаги тиззасига тушиб турган эски костюмининг ички ва ташқи чўнтакларидан боғлам-боғлам доллар чиқариб стол устига тартиб билан териб қўйди. – Ўн боғлам, жами бир миллион доллар, – деди.
– Ие, нега бир миллион бўлади?! – Ажабланиб бир боғламни олиб қарасам, минг долларлик қоғоз пул экан. Бош чайқадим. – Бир доллардан минг дона керак дегандим-ку!
– Ие, шунақами? Манга Иноят Махсум минг доллар керак, эртага ўзинг Қароргоҳга етказиб кел дегандек бўлувди. – Бошини қашлади. Кўзойнагини тўғрилаб қўйди. – Нотўғри эшитган бўлсам керак, айб ўзимда.
– Ҳечқиси йўқ, – деб боғламларни стол тортмасига ташлаб қўйдим. – Бўпти, қўнғироқ қил, дарҳол бир доллардан минг дона келтиришсин. Ўринбосаринг  келсин, адютантим уни Қипчоқ дарвозасида кутиб олади.
Муллажон йигирма йилдан буён Марказий банк раиси эди. У нафсини жиловлаб олган одам. Ҳеч қачон бешала қўлини оғзига тиқмайди, фақат битта бармоғини сўриб юради, холос. Қариб қопти. Кўзларидан нур кетибди. Шашти ҳам пастроқ кўринди.
– Саксонга бордингми, Мулла? – дедим.
– Икки кам саксондаман, хўжайин. Худо хоҳласа, икки йилдан сўнг минг ой умр кўраман. Минг ой умр кўрган одам жаннатга тушар эмиш. – Маъюсгина жилмайди.
– Ҳа, шунақа гап бор. Жуда чарчаган кўринасан, ё дам оласанми?
– Э-э йўғ-э, умримди охиригача сизга ҳалол хизмат қиламан. Яқинда Бахт шаҳарчасида кенжа укамни – Зойирни пичоқлаб кетишди. – Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб мижжаларини артди. Кўзойнагини қайта тақди. Қўллари қалтирай бошлади.
– Ишқилиб, тирик қолдими?
– Йўқ, ўлди.
– Ў-ў, худо раҳмат қилсин! – деб юзимга фотиҳа тортдим. – Қотиллар ушландими?
– Ушланди.
                         Нега қасд қилган экан?
– Ўзи оғзи ёмонроқ эди, чойхонада улфатчилик қилиб ўтириб ортиқча гап қип қўйган экан.
– Ортиқча гап қилган одам сўйиб юборилаверса, Юртменистонда ҳадемай эркак  қолмайди-ку!
– Кўргилик экан-да, – деб қўйди Муллажон. Ҳамон қўллари қалтирарди.
– Начора, бола-чақасидан хабар оптургин, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйма, хўпми?
                         Хўп.  
– Майли, яхши ишлагин. Ман сандан розиман. Байрам арафасида сан билан матбуотингни бошқарадиган Аскар Ҳайдар деган камтар ходимингга орден бераман.
– Раҳмат. Бир илтимосим бор, агар мумкин бўлса, айтардим.
– Бўпти, айт.
– Иложи бўлса, Жонрид Абдуллахонов деган кекса ёзувчи акамизга ҳам бирорта орден берсангиз, боёқиш хурсанд бўп қоларди.
                         Нима учун? Жонрид Абдуллахоновнинг Марказий банкка нима алоқаси бор?
– У киши мустақилликнинг илк даврида банкда деворий газета чиқарган.
                         Шунақами?
– Ҳа.
– Хўп, унга ҳам бераман орден. Қанақа орден берсам бўлар экан-а?
– “Буюк хизматлари учун” орденингиздан бир дона бера қолинг.
– Бир замонлар деворий газета чиқарган одамга “Буюк хизматлари учун” орденини берсам, қандоқ бўлар экан? Одамлар кулмайдими?
                         Ғойиб Аҳмад деган масхарабоз Юртменистон Қаҳрамони бўлганда ҳеч ким кулмади-ку, бу сафар ҳам кулмас.
Адютантим қоп-қора елим халта кўтариб кирди. Халтани олиб ичидаги боғлам-боғлам долларни стол устига ағдардим. Белдамчасидан бир дона бир долларликни чиқариб орқа-олдини томоша қилдим. Бир томонида “IN GOD WE TRUST” деган ёзув бор экан.
– Бу нима дегани? – деб сўрадим Муллажонга ёзувни кўрсатиб.
– “Биз тангрига ишонамиз”, – деди Муллажон.
– Инглизчани биласанми?
– Йўқ, билмайман. Лекин ўша ёзув маъносини биладиган ходимлардан сўраб олганман.
– Бир доллардан, одатда, камбағал қатлам кўпроқ фойдаланади, улар худога ишонади, – дедим. – Бойларга худонинг унчалик кераги бўлмайди. Тўғрими?
                         Тўғри, – деди Муллажон.
Долларнинг орқа томонида пирамиданинг расми бор экан, лекин юқори қисми асосидан ажралган ва энг тепасида битта кўздан ҳар тарафга чизиқчалар тарқалган. Чўққида битта кўз бор. Ёзувни ҳижжалаб ўқидим: “NOVUS ORDO SECLORUM”.
– Буниси нима дегани? – деб сўрадим.
– “Янги замон тизими”.
– Нима?
– Бу гап инглизча эмас, лотинча экан. Янги замон тартибини бутун дунёда жорий этамиз деган иддаони англатади.
                         Пирамиданинг устидаги кўз нега битта?
– У Дажжолнинг кўзи эмиш. Яҳудийлар усталик қилиб Дажжолнинг кўзини АҚШнинг бир долларлик пулига жойлаштириб қўйган экан.
                         Дажжолнинг кўзими шу? – деб пулга синчиклаб тикилдим.
– Ҳа, Дажжолнинг кўзи манави жойида бўлар экан, – деб Муллажон икки қошининг ўртасини кўрсатди. Энди унинг қўллари қалтирамасди. Вазифасида яна қолажагини билганидан сўнг хийла хотиржам тортгандек кўринарди.
– Ҳм-м, – дедим, – бўпти, ошно, йигитнинг сазаси ўлгунча шайтоннинг бўйни узилсин! – деб ўрнимдан турдим. – Мандан кетса кетсин, Жонрид Абдуллахоновга ҳам “Буюк хизматлари учун” ордени берганим бўлсин! – Муллажонни бағримга босиб кузатиб қўйдим.
Фикр-хаёлимни Дажжол тимсоли чулғаб олган эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...