понедельник, 30 апреля 2018 г.

167. Гулора


Чин-Мочинга бориб Интернетни ёппасига назорат қиладиган Ускуна ундириб келдим. Ускунанинг боши осмонда бўлса, оёғи Юртменистонда бўлади. Оёғини Қароргоҳимга жойлаштириб қўяман. Бошкентимга қайтиб дарҳол Ускунани синовдан ўтказдим: миллион-миллион Интернет хабарлари, хатлари орасидан айнан манга алоқадор гапларни ушлаб олишим мумкинми? Ҳамма хат-хабарни  назорат қилиш мумкин эмас экан. Лекин зимдан кузатилаётган бирорта шахснинг хат-хабарларини “элак”дан ўтказиб, унинг эркин фикр-мулоҳазаларига жиноий тус бериб,  бошқаларга ўрнак бўлиши ва бошқаларни қўрқитиб қўйиш учун сотқин матбуотда шовқин-сурон кўтариб, телевидениеда махсус кўрсатув намойиш этиб турилса, қўрқоқ зиёлилар яккама-якка ўтирган чоғларида ҳам шивирлаб гапирадиган бўлиб қолади. Чорак аср мобайнида ўзларини арслон санаб юрган не-не зотлар ювошгина мушукка айланди-қолди. Бутун Юртменистонга қўрқув уруғини экиб, ниҳолчасини бехато ундириб олдим. Бундан бу ёғига оёғимни бамайлихотир узатиб ётсам ҳам бўлаверади.
Энди фақат битта душманим бор, у ҳам бўлса – қарилик. Одам қариганидан кейин бир куни барибир ўлади. Фиръавн ҳам ўлган. Мисрдаги энг охирги Фиръавн – Ҳусни Муборак ҳеч қачон ўлмайдигандай кўринарди. Унинг ўлишини ман ҳам асло кўз олдимга келтира олмасдим. Ўлмади Ҳусни Муборак, лекин тахтдан қулатилди. Кўчма маънода ҳам, тўғри маънода ҳам йиқилиб қолди. Уни судга замбилда кўтариб келишди. Охирида ўлим жазоси берилмади, “умрбод қамоқ жазоси”, манимча, унчалик қўрқинчли  туюлмаса керак. Бироқ муқаррар ўлим ваҳимаси ич-этини емириб бораверади. Агар ўлим ваҳимаси бўлмаса, одам икки юз йил ҳам яшаши мумкин. Шахсан ўзим юз йил умр кўришимга заррача ҳам шубҳа қилмайман. Умр вафо қилса, бир юзу йигирма беш йил яшайман. Ўшанда йигирма биринчи аср ҳам заволга қараб кетади.
  Беш миллиард долларлик кредит-қарз ҳисобидан харид қилинган Ускуна ёрдамида Интернет тармоқлари ёппасига назорат қилина бошланди.
  Якшанба куни Ускунадор ҳаллослаб ҳузуримга келиб қолди.
– Ҳа, тинчликми?- дедим.
– Манавини қаранг, – деб жилд-тахламдан бир варақ чиқариб узатди.
Вараққа кўз югуртирдим:
“Гулора! Сиз Бош боқонга айтинг, ман бутун Юртменистонни, унинг ўттиз миллион нуфусини унга ҳадя этаман. Тоғлари ҳам, юракдаги доғлари ҳам, қўй-қўзилари ҳам сизни дунёга келтирган, сизни вояга етказган мамлакатга ўлпон бўлсин! Юртменистон осмонию ер ости бойликлари, қуриб қолган денгизию қундузлари, Қўшработнинг майизию Юртменистон даюслари, ҳамма-ҳаммаси кўтарасига ҳадя этилажак! Қалин-тўлов камлик қилса, Тоғли Қорабоғнию Табризни тортиқ этажакман. Олсинлар, олиб кетсинлар. Эвазига биттаю битта Гулорани берсалар бас. Агар Юртменистонни олиб кетиш мушкул бўлса, майли, бу ерга келиб ўз мулкларига эгалик қилсинлар. Ман эсам, Гулоранинг ўзи раво кўрган жойларга батамом бош олиб кетаман. Орқамга бир бора қарамасдан югуриб-югуриб кетаман, саробга йўлиқсам ҳам майли, харобга дўнсам ҳам майли. Гулора, Бош боқонга айтинг, агар у истаса, референдум ўтказиб, халойиқнинг энг камида тўқсон беш фоиз қисмининг розилигини олиб, Юртменистонни унинг измидаги мулкка қўшиб бераман.  
Бунинг эвазига биттаю битта Гулора маним ихтиёримга берилса, бас... Хўш, азизам, бундай таклифга ўзингиз нима дейсиз? Ўйлаб кўринг. Ҳа, айтмоқчи, Юртменистонга Фузулийнинг битта девони ҳам қўшиб берилади. Жавобингизни “Атаман 56...” электрон почтамга йўллашингизни илтимос қиламан...”
Ажабланиб, Ускунадорга қарадим:
                         Бу хатни қайси жинни жўнатган экан? Арманистон ва Эрон билан ҳам орамизни бузмоқчими дейман, аблаҳ! Ким ёзган экан? Аниқландими?
                         Йўқ, аниқлай олмаяпмиз. Шу масалада Чин-Мочин раисига шахсан ўзингиз мурожаат этиб, ундан ёрдам берилишини илтимос қилмасангиз, бизга сотилган асбоблари билан хат муаллифини аниқлаб бўлмайди, - деди Ускунадор.
                         Нима учун?
                         Чунки бизга берилган асбоблар гўё камондан отилган ўқни тутиб қолади.
Ўқ чиққан жойни ҳам, у борадиган нишонни ҳам аниқлай олмайди; биз фақат ўқнинг нусхасини олиб қоламиз, холос. Аслият барибир нишонга – манзилга етиб боради.
– Беш миллиард долларга сотиб олинган Ускуна шундан бошқа нарсага ярамаса, раис бизни роса боплабди-ку! – дедим заҳарханда аралаш. – Бозори ўтмай қолган товарни кредит-қарз ҳисобидан бизга ўтказиб юборган экан-да! Шунақами?
– Шунақа шекилли, – деди Ускунадор ерга қараб.
Алам қилиб кетди.
                         Шунақа эканини билсанг, сувка, нега манга бу ҳақда олдинроқ айтмадинг?! - деб қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юбордим.
Ускунадор қалқиб кетди, лекин йиқилмади.
– Бу нарсани сотиб олаётганда ман билан маслаҳат қилдингизми?
– Ие, тилинг чиқип қоптими?!- деб яна бир тарсаки урдим.
– Урманг! – деди Ускунадор. – Ман етимчаман, Хлебушкина номидаги Меҳрибонлик уйида катта бўлганман.
– Нима бўпти? – деб яна хезландим.
– Етимчанинг қарғиши тўппа-тўғри Ўзига етиб боради, – деб Ускунадор кўрсаткич бармоғи билан осмонни кўрсатди. – Биз билан Ўзининг орасида ҳеч қандай парда йўқ. Агар сизни қарғасам, ёмон бўлади. Кейин ўзингиз пушаймон қиласиз.
Озғингина йигитга бошдан-оёқ қайта-қайта разм солдим: бўйни узун, бармоқлари ҳам узун-узун, дафъатан дон Кихотга ҳам ўхшаб кетарди. Беихтиёр кулиб юбордим.
                         Нега куласиз? – деди Ускунадор.  – Ман ҳазиллашаётганим йўқ лекин.
                         Намоз ўқийсанми? – деб сўрадим кулгидан тўхтаб.
                         Ҳа, ўқийман.
                         Неча маҳал ўқийсан? – Бақрайиб турганини кўриб саволимга аниқлик киритдим: – Телевидение ходимларига ўхшаб фақат бомдод билан хуфтонни ўқийсанми?
                         Йўқ, беш вақт намозни тугал адо этаман. Ман сизга телевидение ходими эмасман...
                         Бўпти, бора қол, ўғлим, – дедим ҳовуримдан тушиб.
                         Ман сизнинг ўғлингиз эмасман.
                         Кимнинг ўғлисан?- дедим масхаралаб.
                         Гулора хоним манинг онам бўлади.
                         Нима-нима?!
Ускунадор саволимга жавоб бермасдан хонадан чиқиб кетди. Ё тавба, деб ёқамни чангаллаб қолдим, бу дунёда манга гап қайтарадиган тирик одам ҳам бор экан-ку!
Афтидан ускунадор заҳарханда қилгандек кўринди. Балки у Гулорадек идеал аёл ўз онаси бўлишини истагандир, ким билсин...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...