среда, 25 апреля 2018 г.

123. Томошахона


Ҳамза номидаги эски театрни бузиб ташлаб, ўрнида Миллий Академик театр биноси барпо эттирдим. Унвон деса ўзини томдан ташлайдиган эркак-аёл артистлар етти-саккиз йилдан буён маним шаънимга ҳамд-сано ўқийди: бундай театр биноси Берлинда ҳам, Венада ҳам йўқ... Юртменбошининг закоси туфайли замонавий театр биносига эга бўлдик...
Олакўзни театр директори этиб тайинладим. Илгари манга “Шиппак” бўлган Оташқалб Шоирни эмакдош этиб қўйдим. Адабий эмакдош, дейилади. Аслида, емакдош дейилса, тўғрироқ бўларди. Чунки Оташқалб Шоир директор билан келишган ҳолда бир гал ўзининг, бир гал Олакўзга қарашли авторнинг пэсасини репертуарга  киритади; бир гал униси, бир гал буниси ўзининг ўйнашига бош ролни беради. Театр режиссёри шамол қаёқдан эсса, ўша томонга қараб эгиладиган битта маишатпараст киши. У ҳеч нарсани ҳал қилмайди; гоҳ эмакдошнинг, гоҳ директорнинг оғзига тикилиб кунини кўради.
Репертуар масаласида тез-тез жанжал чиқиб қолади. Битта суллоҳ бор. Ўзи Афғонистон урушида қатнашган (шу боис “Афғон бола” тахаллусини олган). Миясидан ўқ еб қайтган. Эсипастроқ йигит. Эсипастроқ бўлса, майли, сурбетроқ. У яхши яшашга интилади. Яхши яшашнинг ягона йўли порахўрлик деб ўйлайди. Хотини ҳам яхши яшашни истайди; ўзи қўшиқчи – ҳофиза, сараланган мухлислари бор. Гоҳ-гоҳ чет элларга чиқиб концерт бериб қайтади. Эр пора бериладиган бирорта мансабни қўлга киритиш учун бошини урмаган девор қолмади ҳисоб. Ҳатто маним Академиямда таҳсил кўради. Охири Чиллашир Қаҳрамонни ишга солиб солиқчиларнинг “Солиқ ва савдо” тармоқ газетасига бош муҳаррир бўлиб олади. Газетанинг ҳар сонига ўзи махсус бош мақола ёзиб, манга қалин-қалин пахта қўяди. Ора-орада чучмал ҳикоя ва қиссалар ёзиб, қалин муқовали китоб ҳам чиқариб туради. Пэса ёзишни ҳам ўрганади. Лекин пэсасини Миллий Академик театр қабул қилмайди. Сабаби – олтмиш саҳифа матнда воқеалар қаердан  бошланиб қаерда тугаши аниқ белгилаб қўйилмаган; тўртта одам чорпояда чордона қуриб ўтириб, бундан йигирма-ўттиз йил илгари саҳнага қўйилган Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” пэсасини бошқачароқ кўринишда бир-бирига ҳикоя қилиб беради. “Қиёмат қарз”да омонат қўйларни эгасига кўпайтириб қайтариш учун Шукур ота ҳаловатидан воз кечиб, узун-узун монолог ўқиса, “Қуёшни қучоқлаган чол” пэсасида бош қаҳрамон маҳаллий ҳокимият вакилларига қўйларини текин тарқатиб, охири қарзга ботиб қамалиб кетади.
                         Бу чепуха нарса, – дейди Оташқалб Шоир. – Олакўз ака, мавзу моҳиятини чорвадор аҳоли тушуниши мумкин, аммо шаҳар халқи гап нима ҳақда кетаётганини асло англамайди.
                         Англамаса, уни саҳналаштириб нима қиламиз?! Пэсани эгасига қайтариб бериш керак, вассалом! – дейди Олакўз ҳам чўрт кесиб.
Хуллас, пэса Афғон Болага яхшиликча қайтарилади. Афғон Бола устози Чиллашир Қаҳрамондан йўл-йўриқ сўрайди. “Юртменбоши тўғрисида мақола ёзгин, кейин ишларинг ўз-ўзидан юришиб кетади”, дейди устози. Афғон Бола мақола ёзиб, “Даракчи”да эълон қилади. Сарлавҳаси “Ман нима учун Юртменбошини яхши кўраман?” деб номланган. Сарлавҳага кўзим тушиб дарҳол ўқиб чиқдим. Яхши, дедим. Афғон Бола ўғлининг тушини қоғозга туширади; гўё етти яшар ўғилчаси тушида мани кўради ва: “Бобожон, мани олабўжилардан қутқаринг!” деб бўйнимга маҳкам ёпишиб олади. “Олабўжи” деб Афғон Бола “исломий террорчилар”ни айтади. Бизнинг мусаффо осмонимизни, фаровон ҳаётимизни кўролмаётган ғаламислар мамлакатимиздаги барқарорликни издан чиқариб, кейин диний давлат қуриб, Юртменистонда иккинчи Афғонистон барпо этишни истайди. Шу боис биз ҳушёр бўлиб, Юртменбоши атрофида жипслашиб, осойишталикни садоқат билан қўриқлашимиз лозим...
Олакўзга телефон қилдим.
                         Афғон Боланинг пэсаси жуда ҳам бўлмағурми? Ҳеч эпақага келтириб бўлмайдими?
                         Эпақага келтириб бўлмайди, жуда бўлмағур, – деди Олакўз.
                         “Даракчи”нинг бугунги сонини ўқидингизми?
                         Йўқ, ўқимадим...
                         Ўқинг, яхши нарса чиқибди. “Даракчи”ни ўқиб, сўнг “Қуёшни қучоқлаган чол” пэсасини янгича назар билан кўздан кечиринг. Оташқалб Шоирга ҳам шундай маслаҳат беринг, ҳайми?
                         Ҳай, – деди Олакўз товуши қалтираб.
         Гўшакни жойига қўйдим.
Эртаси куни Пароканд Мирзо суриштириб кўрса, “Қуёшни қучоқлаган чол” пэсаси Миллий Академик театрда шошилинч равишда репетиция қилинаётган экан. Мамнун бўлдим.
                         Афғон Боланинг хотини талантли қўшиқчи-ҳофиза экан; агар бу хотин мухолифатга қўшилиб кетса, ғоявий жабҳада ўпирилиш рўй бериши мумкин. Эрини маҳкам боғлаб олсак, хотини ҳеч қаёққа қочиб кетмайди. Иккови ҳам ноғорамизга ўйнайдиган бўлади. Тушунарлими?
                         Тушунарли, – деди Пароканд Мирзо. – Лекин Афғон Боланинг пэсаси ростдан ҳам бўлмағур экан.
                         Ҳечқиси йўқ. Бўлмағур бўлса, “Қуёшни қучоқлаган чол” томошасини ҳар жума куни жума намози бошланадиган пайтга тўғрилаб намойиш қилишсин. Дастлаб, премьерага Хадичаи Кубро аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юртининг талабалари билан Диний идора (муфтият) ходимлари ёппасига жалб этилсин. Кейин ҳар жума намози пайтида қайси олий ўқув юрти талабалари кўпроқ намозга борса, айнан ўша олийгоҳ талабалари ёппасига театрга ҳайдаб келинсин. Шундай қилиб, оғайни, биз Афғон Бола ёзган томоша билан ёшларни зарарли диний оқимларга кириб кетишидан сақлаб қоламиз. Ё нотўғрими?
                         Тўғри, тўғри, – деб бошини ликиллатади Пароканд Мирзо.
                         Биз диний мутаассибликка қарши ҳар доим, ҳамма жойда аёвсиз курашмоғимиз керак. Диний мутаассиблик илгари ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Бу билан ман нима демоқчиман?
                         Билмасам, – деб ерга қарайди Пароканд Мирзо.
                         Демоқчиманки, диний мутаассиблик гўё қоп-қоронғи уйда қочиб юрган қоп-қора мушукка ўхшайди. Уни тутиб олиш жуда қийин. Нима учун қийин?
                         Билмасам...
                         Чунки, аслини олганда, қоп-қоронғи уйда қоп-қора мушукнинг ўзи йўқ... Тушунарлими? – деб Пароканд Мирзога маъноли разм солдим.
                         Тушунарли, – деди Пароканд Мирзо ерга қараб.
                         Тушунган бўлсанг, бор энди, театр директорига маним номимдан керакли топшириқларни бериб қайтгин, – деб Пароканд Мирзони хонамдан чиқариб юбордим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...