воскресенье, 29 апреля 2018 г.

157а. Иноятнинг махсум бобоси


Зимдан Иноят Махсумнинг таржимаи ҳолини ўрганиб кўрсам, эй воҳ, ажаб маълумотномага дуч келдим. Махсум бобо ГПУ-НКВДнинг ишончли агенти бўлган экан. Агент умрбод фақат агентлик (чақимчилик) билан машғул бўлмайди. У ҳам одамларга ўхшаб қандайдир фаолият билан астойдил шуғуллунади. Хусусан, Махсум бобо ёзув-чизув ҳунарини эгаллаб, шоир-ёзувчилар даврасига аралашиб юради. “Халқ душманлари” (Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир...) 1938 йилда отилиб кетгач, улардан озми-кўпми таълим олган ёш ижодкорлар довдираб қолади. Айримлари устозларидан юз ўгириб, устозларини матбуотда бадном қилиб жон сақлайди (Ойбек, Ҳамид Олимжон каби). Лекин ҳукуматга содиқлигини амалда исботламагани учун доим шубҳа остида юришади. Махсум бобо ГПУ-НКВДнинг махсус топшириғи билан Ойбекни кеча-кундуз кузатар эди. Ўша кузатувлари асосида 1978 йилда “Долғали йилларда” мақоласини ёзиб, ўзини Ойбекнинг яқин дўстлари қаторида этиб кўрсатади.
Хотира мақолани мароқ билан ўқиб чиқдим. Мана ўша нарса:
“Мен Ойбек акани унинг асарларини ўқиб таниганман ва у кишига ғойибона муҳаббат қўйганман. 1932-1933 йилларда ўзлари билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлиш шарафига муяссар бўлганман.
1937 йилда мен “Ўқув педагогика нашриёти”да бўлим бошлиғи ва муҳаррир бўлиб ишлар эдим. Дарслик ва хрестоматияларда Ойбек аканинг ҳам шеър, ҳикоя ва достонлари бор эди. Бу пайтда биз анча қадрдон ва сирдош бўлиб қолган, бир-биримизнинг хонадонимизга бемалол ташриф буюриб, меҳмон бўлган эдик.
1937 йилнинг охирларида Ойбек ака менинг ҳузуримга тез-тез келиб турарди. Ўша пайтларда “халқ душманлари” қамоққа олинган, улар НКВДнинг зах ертўласида жон олиб, жон берарди; матбуотда улар тўғрисида фош этувчи мақолалар эълон қилинаётган эди. Ойбек аканинг номи гоҳ-гоҳида “фош этилмаган халқ душманлари” рўйхатида кўриниб қоларди. Шу боис у ҳам ишдан ҳайдалган, ҳукумат назарида шубҳали шахс эди. Ойбек ака елкасини қисиб ҳузуримга келарди-да, ер сузиб:
– Махсум, шавла қайнамай қолди. Тақачилик ҳақида бўлса ҳам таржима топиб бер, – дерди.
 У менинг кўзларимга қарай олмасди. Мен ҳам унинг кўзларига қарай олмасдим. Ўз бўлимимда ҳам таржима қилинадиган илмий асарлар бўлишига қарамай, география, биология, физика, химия каби бўлимлардан бирон китобча ёки ўқув қўлланмасини таржима қилиш учун ўз номимга шартнома қилиб олиб, Ойбек акага секингина, ҳеч кимга сездирмасдан бериб юборар эдим. Иш битгач, қалам ҳақини олиб берардим. У қўлига пул тушган дамда кўзларига ёш оларди.
– Шундай хатарли, нохотиржам, долғали кунларда иш билан овундим... Мени миннатдор қилдинг, раҳмат! Мендан қайтмаса, худодан қайтсин! – деб алқарди.
Ойбек ака улуғ рус шоири А. С. Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини ўзбек тилига таржима қилган бўлиб, шундан каттагина қисмини биз 8-синф “Адабиёт хрестоматияси”га киритган эдик. Китобга ўзим муҳаррир эдим. Таҳрир вақтида ўша парчадан етмиш иккита изоҳталаб атама чиқиб қолди. Булар илоҳалар, афсонавий қаҳрамонлар, тарихий обидалар, жой номлари ва ҳоказолар эди. Шуларга изоҳ бериш борасида бош қотириб ўтирган чоғимда лоп этиб Ойбек ака келиб қолади.
        Махсум, шавла қайнамай қолди... – дейди у одати бўйича ер сузиб.
   Хизрни йўқласам бўлар экан, Ойбек ака! – дейман. – Таржимангизда изоҳ бериладиган етмиш иккита атама бор экан. Мен сизга керакли қомусларни, луғатларни топиб бераман. Сиз атамаларга изоҳ ёзиб берасиз. Қалай!
   Бўпти, сен таржима топиб берсанг, мен изоҳ ёзиб бераман, – дейди Ойбек ака. – Менга қомус ҳам, луғат ҳам керак эмас. Фақат қоғоз билан қалам берсанг бас.
Мен ҳозирлаб қўйилган изоҳталаб атамалар рўйхатини унга бераман. Ойбек ака қоғозга кўз югуртириб:
– Қоғоз-қалам бер, – деб такрорлайди.
Ойбек аканинг олдига қоғоз-қалам қўйиб, ўзим бошқа бўлимлардан таржима ахтариб чиқиб кетаман. Физика бўлимидан таржима топиб, ўзимнинг номимга шартнома тузиб қайтиб келсам, эй воҳ, Ойбек ака аллақачон барча атамаларга изоҳ ёзиб, папирос тутатиб ўтирган экан. Айрим атамага бир саҳифа изоҳ ёзилган, айрим атоқли от икки-уч минг йил олдин ўтган афсонавий қаҳрамон номи экан. Ойбек бир ўтиришда етмиш иккита атамага изоҳ ёзиб қўйган эди. На қомусдан, на луғатдан фойдаланган. Шунда мен Ойбек аканинг қувваи ҳофизасига қойил қолганман. У киши бамисоли тирик қомус эди, “Қомусул олам” эди гўё!
Ҳадемай физика фанига тегишли қўлланмани таржима қилиб келади. Қўшни бўлимга кириб, шартнома бўйича қалам ҳақини ундириб, пулни Ойбек аканинг қўлига тутқазаман. Ниҳоятда хурсанд бўлиб, кўзларига ёш олади. Мен эсам фурсатдан фойдаланиб:
        Ойбек ака, Ёзёвонга бориб келмайсизми? – деб сўрайман.
        Нима қиламан Ёзёвонда? – дейди у ҳайрон бўлиб.
        Бўтқачи қишлоғида Қирғизбой Абдувалиев деган раис бор.
        Хўш, қанақа раис экан?
        Йўлдош Охунбобоев номидаги донгдор колхознинг раиси.
        Хўш?
   Ўша раис тўғрисида “Яхшилик излаган инсон” номли китоб ёзиш керак. Ҳақини ўзим ундириб бераман.
     Китоб кимнинг номидан чиқади?
   Албатта менинг номимдан чиқади. Ҳозир сиз махсус идора назоратида турибсиз. Эҳтимол, қайта нашр этилса, ўшанда номингизни муқовага ёзиш мумкин бўлар, лекин ҳозирча...
   Майли, розиман. Қайси қишлоққа боришим керак?
   Бўтқачи қишлоғига борасиз. У ерда сизни Маликбой, Азимжон деган қишлоқ мухбирлари кутиб олади... Майда-чўйда таржималар билан қачонгача сарсон бўлиб юрасиз, Ойбек ака! Ундан кўра, пулдор раис тўғрисида китоб ёзсангиз, кейин бир-икки йил дўппингизни яримта қилиб юраверасиз.
   Майли, Махсум, мен рози. Фақат заказинг бўйича китоб ёзаётганимни ҳеч кимга, ҳатто Тўхтабойваччага ҳам айтмайсан. Чунки оғзига кучи етмайдиган одамлар “Ойбек оч қопти, энди Махсумга малайлик қилаётган экан!” деб гап тарқатиши мумкин, – дейди.
   Менга ишонаверинг, Ойбек ака, оғзимга маҳкам йигитман.
   Мен қўлда ёзаман, битган қисмини сенга думма-дум келтириб беравераман. Сен ўқиб, фикрингни айтиб турсанг бас.
   Хўп бўлади, Ойбек ака, – деб у кишини ташқарига кузатиб қўяман.
Шу зайлда Ойбек ака Фарғонага жўнаб кетади, Ёзёвонга бориб Бўтқачи қишлоғида икки ой истиқомат қилади. Тез фурсатда “Яхшилик излаган инсон” китобини ёзиб тугатадилар. Ўша китоб менинг номим остида нашр этилади. Шартнома бўйича олинган қалам ҳақини бус-бутун Ойбек акага олиб берганман. Кейин раиснинг ўзидан ҳам “суюнчи пули” ундириб берган эдим. Хуллас, мен қирқ йил Ойбек ака билан ижодий ҳамкорлик қилганман ўша долғали йилларда. Долғали йилларни ҳамон қўмсайман...”
От ўрнини той босади. Иноят махсум осмондан тушмаган экан. У бобосининг тарбиясини олган махсус одам экан. Қойилман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...