воскресенье, 29 апреля 2018 г.

158. Дўкончи


Катта қудамиз дўкончи эди. Асли марғилонлик бўлиб, босмачилик маҳв этилгач Афғонистонга қочиб кетиб жон сақлаган тужжор оиласида туғилган экан. Абдурауф деб исм қўядилар. Тили чиққанда айтган биринчи сўзи “пул, фойда... фойда, пул” бўлган. Кўпинча шу икки сўзни қўшиб айтар экан: “пулфойда, фойдапул...” Чамаси, ота-онасини “фойдапул, пулфойда” деб ўйласа керак. Насаби – Мақсудийлардан. ЦРУнинг генерал-жосуси  Рўзи  Назарнинг гувоҳлик беришича, “Хориждаги ватандошлар орасида Мақсудийнинг обрў-эътибори беш баллик ўлчамда ўлчанса, бир баллдан сал юқорироқ, икки балдан қуйироқ экан”. Тўнғич валиаҳдкамни  ўз қўлларим билан дўзахга итқитиб юборганимни дарҳол англаганман. Аммо йўл қўйилган хатони тузатишга кеч қолганман: ҳадемай биринчи неварам туғилган, иккинчиси ҳам эрта-индин дунёга келиши муқаррар эди.
            Тўнғичим тантиқроқ, одобсизроқ қиз эди. Уни унча-мунча эркак йўлга сололмасди. Буни билардим. Бироқ, куёвим уч йилдаёқ ундан безор бўлади деб асло ўйламаган эдим. Бечора куёв хотинидан қутилиш учун ҳамма нарсадан воз кечишга рози бўлди. Хатто “фойдапул, пулфойда” деб тили чиққан отаси ҳам ўғлини Худонинг балосидан халос этиш учун  Юртменистондаги бизнесини ташлаб қочади; Сирғалидаги бозорини бульдозер солиб буздириб, синган  бетон-ғиштларини ахлатхонага чиқартириб ташладим. Хайрият, эр-хотин ажралиши учун АҚШда суд жараёни бошлангунча невараларим Юртменистонга опчиқиб кетилган эди. Бўлмаса, АҚШ қонунлари бўйича  у ерда туғилган гўдак тўлақонли фуқаро сифатида чет эллик даъвогарларга бериб юборилмас экан. Невараларим онажонларининг мулки бўлиб қолди. Отаси қанча дод-вой қилса ҳам болаларга эгалик қилолмади.
            Орадан анча вақт ўтгач, тантиқ қиз инсофга келадими, нима бало, эски эрини қўмсаб қолади; хуфёна йўллар билан унга совчи жўнатади. Мансурхўжа: “Майли, сани қайта никоҳимга оламан, лекин манга иккинчи хотин бўласан”, деб шарт қўяди. Шундан сўнг Гугуша тўнини тескари кийиб олади. Ҳа, дарвоқе, бу пайтларда тантиқ  қиз ўзига  “Гугуша” лақабини олиб қўшиқчилик фаолиятини бошлаб юборган эди.
            Биласиз, қўшиқчи-санъаткор халқи оддий одамлар сафидан чиқиб, ўзларига хос ва ўзларига мос табақа тоифасига мансуб бўлиб қолади. Уларнинг турмуш тарзи бошқача бўлади. Манга қолса, ит ётиш – мирза туришдан деярли фарқ қилмайдиган ҳаётни ҳеч қачон орзу қилмаган бўлардим. Фақат итлар шундай ҳаёт кечириши мумкин. Қадимда мирзалар ҳам шундай ҳаёт кечирганига эса негадир ишонгим келмайди. Чунки мирзалар ўша пайтларда ҳам итлардан фарқ қилган бўлса керак. Қисқаси, Гугуша итларга қўшилиб кетади, ўзи ҳам урғочи итга ўхшаб ҳаёт кечира бошлайди. Биламан, итларнинг “урғочиси” – аёл жинсидан бўлган итлар “қанжиқ” дейилади. Ўз пушти камаримдан бўлган махлуқни  “қанжиқ” дейишга тилим бормайди. Аслида, энг катта “қанжиқ” – ўзим. Агар ёшлик чоғларида  болаларимга тўғри тарбия берганимда борми, улар одам боласига ўхшаб вояга етган бўларди. Онаси ҳам бўшлик қилади: “Болаларим эркин дунёда яшайди, уларни чекламаслик керак”, деб болаларимни мандан ҳимоя қиларди.
            Хотинимдан ҳам кўнглим совиб кетган; уни кўрсам ўз-ўзидан асабим қўзғайдиган бўлиб қолган  (афсус, йигирма йил олдин Лолахон исмли телешарҳловчига кўзларимни чирт юмиб уйланиб олсам бўлар экан; ана, Ўрисия подшоси Йўлчивой ўзидан ўттиз ёш кичкина бўлган Алинага уйланиб, раққоса рафиқасини кетма-кет туғдириб ётибди; осмон узилиб ерга тушмади-ку!). Сўнгги пушаймон – ўзингга душман, дейдилар.
            Катта куёвим кейинчалик амир Олимхоннинг неварасига уйланган эмиш. Майли, бахтли бўлсин. Агар ўғил фарзанд кўрса, эҳтимол, вақти-соати келгач уни Юртменистонга келтириб тож-тахтга даъвогар этиб, майдонга чиқариб юборса, ундан кейин қоратомошани кўраверасиз! Буёқда тож даъвогарининг отадоши ҳам қараб ўтирмаса керак. Хайриятки, у пайтларда ман жаннат боғларида ҳур қизлар ва ғилмонлар қуршовида сайр этиб юрган бўламан (омин).
            Ёшим ҳам саксонни қоралаб қолди. Охират тадоригини кўраверсам ҳам бўлади. Бу дунёда ўзимга ҳайкал ўрнатдим. Кўнглим тўқ. Чорак аср Юртменистонга шериксиз эгалик қилган ҳукмдорни, ишончим комилки, юз йиллар давомида одамлар эсидан чиқармайди. Ман барпо этган осмонўпар бинолар бизнинг шукуҳимиздан, қудратимиздан дарак бериб туражак.
            Мабодо дунё остин-устин бўлиб, нонкўр авлод давлат тепасига келиб қолса, манинг номимни халқ хотирасидан батамом ўчириб ташлашга астойдил ҳаракат қилиб кўриши ҳам мумкин. Беҳуда уринишлари ҳеч қандай фойда бермайди. Агар одамларга ростдан ҳам эрк бериб қўйилса, тескарисини қиладилар. Яъни, эркин одамлар ҳеч қачон ҳокимиятнинг чизиғидан юрмайди; ўзининг мустақиллигини кўрсатиб қўйиш учун ҳам тескари томонга ҳаракатланади. Демак, манинг пок номимни бадном этишга уринган келажакдаги демократик ҳокимият халқ орасида обрў-эътиборини йўқотиб, тез орада сиёсий майдонни тарк этишга мажбур бўлади. Шу учун ҳокимиятни қўлдан беришни истамаган ақли расо раҳбарият келажакда ҳам ман тикиб қўйган байроқ остида бирлашиб олға интилса, асло кам бўлмайди. Келажак манинг орқамдан боради. Мани инкор этган келажак узоққа бормайди. Демак, ман ўзим аллақачон мангуликка дахлдор бўлиб қолганимни ҳис этган ҳолда бу дунёни тарк этсам, орқамдан йиғлаб қоладиган халқим борлигига қаттиқ ишонаман.
            Ҳозирча ўладиган аҳмақ йўқ. Олдин  Қамчиқ довонини Навоийнинг Фарҳоди каби тешиб Фарғона водийсига темирйўл ўтказиб, мунтазам поезд қатновини жорий этишим керак. Унгача  муҳим стратегик объектларни Хитойга хатлаб берсам, у ёғига худо пошшо! Хитой бошини тиқиб олган жойидан икки дунёда ҳам чиқиб кетмайди. Эҳтимол, Хитойнинг собиқ Туркистон ўлкасига ғолибона юриши Юртменистондан бошланса, нур алан нур бўларди. Юртменистон қўш тикиб ўтиладиган ҳудуд бўлиб қолса, Хитой бу ҳудудларни ҳам иқтисодий эркин ҳудудга айлантириб, юзминглаб ишчи ўринларини яратиши мумкин. Тўғри, қисакўз “ханлар” Юртменистонга чумолидек ёпирилиб кириши турган гап. Нима бўпти ёпирилиб кирса! Улар ҳам ислом динини қабул қилади ва  иккинчи авлоди ўзларини  “дўнганлар” деб атай бошлайди. Ман узоқни кўзлаб Юртменистон дарвозаларини Хитой учун катта очиб қўйганман. Қанчалик узоқни кўзлаб сиёсат юритганимни келажак авлод муносиб баҳолашига асло шубҳа қилмайман. Келажак ҳам маники бўлади, дўстларим.
            Куни кеча катта қудамиз Абдурауф Мақсудий Дубайдаги шинам қароргоҳида ўз ажали билан вафот этибди. Қуда бувамизга ман “Дўкончи” деб ном қўйган эдим. У ҳақиқатан ҳам Юртменистоннинг ҳамма шаҳарларида, туман марказларида биттадан дўкон очиб қўйган эди. Қуда-андачилик барҳам топгач, албатта, барча дўконларини буздириб ташлаганман... Манга хабар беришларича, қуда бува ўлар чоғида ҳам “пулфойда, фойдапул” деб жон таслим қилибди. Майли, сут билан кирган – жон билан чиқади, дейдилар. Жойи жаннатда бўлсин. Агар чин дунёда учрашув насиб этса,  орани очиқ қилиб оламиз.
            Қудамизнинг оламдан ўтганини эшитиб, чорак аср бадалида рўй берган воқеалар бир-бир кўз ўнгимдан ўтди. Ўҳ-ҳў, қанча-қанча манман деган зотлар бу дунёни ташлаб кетмади дейсиз! Атрофимда янги шотирлар пайдо бўлди. Эскилари ўзларига ажратилган  вазифани бажариб ё истеъфога чиқарилди, ё қамалиб кетди, ёхуд ажалидан беш кун бурун ўлди-қўйди. Лекин қуда бувамизнинг тақдири бундан мустасно. У Юртменистондан қувиб чиқарилди, холос. Кўчмас мулклари бўлса, сабил қолди. Капиталини опчиқиб кетди. Тўсқинлик қилмадим. Сармоясиз тужжор мояксиз қолган қўчқордан фарқ қилмайди. Майли, қуда бувамиз қариган чоғида хор бўлмасин, дедим. Дастмоясига ҳам, сармоясига ҳам тегмадим.
            Алвидо, Абдурауф Мақсудий! Нарига дунёда ҳам сандан юқорироқ жойни эгаллаганим ҳолда учрашамиз. Ишонаманки, жаннатга тушсам – жаннатнинг тўрида бўламан; астағфуриллоҳ, дўзахга тушсам – дўзахнинг ҳам тўрида бўламан. Ҳартугул, аросатга тушмасам керак. Яна қайдам, у ёғини худо билади.
Шундай қилиб, қуда бувамизга бағишлаб ёзган некролог-таъзияномага нуқта босиб, қўл қўйдим.
Бир гуруҳ ўртоқлари номидан Юртменбоши (имзо).    

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...