среда, 25 апреля 2018 г.

137. Яхши бузоқ


Мухолифат яхлитлигида кучли эди. Халқнинг барча табақалари ягона мухолифат байроғи остида бирлашган чоқларда ҳукумат зир титрарди, ён-атрофимда юрган айрим амалпарастлар битта-битта сафдан чиқиб, ими-жимида душманларимни қўллаб-қувватлай бошлайди.
                         Устоз, нима қилай? – дедим. – Мухолифат тез орада ҳокимиятни қўлга олади, шекилли. Ёки ўзим ҳам улар томонга ўтиб кетайми?
                         Миллат ва уммат душманлари асрлардан буён синовдан ўтказиб келаётган усулни ишга солгин, бўтам, – деди устозим.
                         Қай бир самарали усулни назарда тутяпсиз, устоз?
                         Бўлиб ташла, орасига пона қоқ. Вассалом.
Устоз насиҳатига амал қилиб мухолифат орасига пона қоқдим: “Ким биринчи бўлиб ажралиб чиқса, бўлгинчининг бошлиғи сайловда қатнашади; сарқитга ўхшаб қолган қисм эса қувғинга учрайди, уларни Адлия вазирлиги рўйхатга ҳам олмайди”, дедим. Оғзаки истакларим ишончли одамлар орқали кўзланган манзилга етиб борди. Хуфёна музокара бошланди. Мухолифатчилар ўртасидаги келишмовчиликлар бизникилар томонидан атайлаб кучайтирилди. Бўлиниш аниқ бўлган заҳоти нариги томонга ҳам хўрак ташладим: “Радий Фиш ажралиб чиқяпти, сан қоляпсан, уни сотқинликда айблагин, ман сани ҳартомонлама қўллаб-қувватлайман, санга моддий ёрдам бераётганимни ит ҳам билмайди, ҳайми?” дедим. “Ҳай”, деди Тўнка. “Тўнка” лақаби, аслида, ажралган мухолифат лидерига кўпроқ ярашарди. Бунисини “Абужаҳл” десам тўғрироқ бўларди. Ишқилиб, уларни қондушманга айлантирдим. Биттасини гоҳ бери суриб, бошқасини нари сурдим. Сўнг бошқасини бери суриб, унисини нари сурдим. Кучларни қайта тақсимлаб, асосий позицияларимни мустаҳкамлаб олганимдан кейин бўлинган мухолифатнинг кетига тепиб мамлакатдан қувиб чиқардим. Қолган-қутганини қамадим, жисмонан маҳв этдим ёки ўзим томонга оғдириб олиб, мухолиф партияда “Бош котиб” бўлган биттасини ТВда “Ўзлик” ҳақида кўрсатув олиб борадиган сухандонга айлантириб қўйдим.
Дунёвий мухолифатдан қутилиб, энди оёғимни бемалол узатиб яйраб-яшнаб ҳукмронлик қиламан десам, жин урсин, пана-панада диний мухолифат пайдо бўлиб қолибди. Анавилар билан ҳартугул муроса қилса бўларди, лекин булар на муросага кўнади, на мадорага! Оббо, қисталоқлар-эй!.. Муқаддам қайд этганимдек, диндорлар учун Устюрт тарафларда махсус ўлимхона барпо этдим... Диний мухолифатни янчиб ташладим ҳисоб. Бошини кўтарса, дарҳол бошига уриб турибман (дунёдаги қудратли давлатлар диний экстремизмга қарши курашаётганим учун ҳам, гоҳ-гоҳ мани танқид қилгани билан, аслида, доим манга ёрдам кўрсатиб келяпти).
Ҳайдалган дунёвий мухолифат чет элларда ҳам бир-бирини ғажиб ётибди. Ман ваъдага вафо қилиб Тўнкага моддий ёрдам бериб келяпман. Тўнканинг укасини пинҳона Юртменистонга чақиртириб, мамлакат ичкарисидан тарафдорлар ёллашига ҳам имконият яратиб бердим. Қаламидан заҳар томадиган битта чаён ёзувчига: “Ўткир мавзуларда мақола ёзиб бериб турсангиз, ман сизга мўмай қаламҳақи жўнатавераман, фақат Додамизнинг шаънига ёмон гап айтилмайди, бошқа барча мавзуда эркинсиз!” дейди. “Доданинг сиёсати танқид қилинмаса, ҳар қандай мақолани Юртменистонда ҳам чоп этиш мумкин-ку!” деб ҳайрон бўлади Чаён. “Ҳамма гап шундаки, биродар, биз чет элда журнал чиқарамиз, журнал учун халқаро фондлар маблағ беради. Тушунарлими?” дейди Тўнканинг укаси. “Йўқ, тушунмадим”, дейди Чаён. “Э-э, яхши бузоқ иккита сигирни эмади деган гапни эшитганмисиз?!” дейди. “Ҳа, эшитганман”. “Ҳа, бўпти-да, биз ҳам у ёқдан, ҳам бу ёқдан моддий қаймоқ олмоқчимиз...” “Ҳа-а, бўлди-бўлди! – дейди Заҳардон. – Окангиз Абужаҳл чорак асрдан буён “Кундош”ини танқид қилади, гўё уни Юртменбошига сотилган деб фош этмоқчи бўлади, қариндошларига берилган битта-иккита уй-жойларни мисол қилиб келтиради. Бироқ ўша “Кундоши”нинг қариндош-уруғлари ўн беш-йигирма йилдан буён Юртменистон турмаларида қон қусиб ётганини билмайдими?! Улар сизга ўхшаб Оврупанинг шинам шаҳарларида ялло қилиб юргани йўқ, гулдай умрини онгли равишда хазон қиляпти. Эл-юртнинг не-не азамат ўғлонлари Жаслық турмасида чириб ётибди, Юртменбоши шаънига ёмон гап айтмасликка ваъда берган Қоракўлга ўхшаган сафсатабозлар эса уммонортида оила аъзолари билан тўкин ҳаёт кечиряпти... Узр, сизнинг таклифингиз манга тўғри келмайди”, деб Чаён Юнусободдаги хонадонни тарк этади. Хонадон соҳиби хивалик танқидчи эди...
Хуллас, сопини ўзидан чиқариб қўйибман. Абужаҳл билан резидентим орасида воситачилик қилиб турган Укахон касалга чалиниб вафот этди. Энди резидентим Абужаҳл билан бевосита алоқа боғлаган. Абужаҳл эса ички ва ташқи тарафдорларини гиж-гижлаб, Радий Фишни бадном қилиш учун барча воситаларни ишга солиб юборди. Улар ўртасида даҳанаки жанг давом этяпти, бу ёқда умр ўтяпти, Юртменистонда эса ҳар иккови нимани талашаётганидан мутлақо бехабар бўлган янги авлод вояга етди. Янги авлод “ФондФорум”ни билади, “БеллаТЕРРА”ни билади, “Келажак овози”ни билади, “Умид ниҳоллари, Баркамол авлод, Универсиада” каби доимий тадбирларни, талабаларга моддий ёрдам кўрсатадиган ташкилотларни билади. Ҳижратда юрган мухолифат вакиллари икки-уч гуруҳга бўлиниб олиб, ўзаро нимани талашаётганини ҳозирги ёшлар билмайди. Ҳозирги ёшлар Озодбек Назарбековни, Сардор Раҳимхонни, Ҳосила Раҳимовани бетакрор санъаткор деб билади; Муҳаммад Юсуф ичиб-ичиб ўлганидан кейин пайдо бўлган бирталай янги маддоҳчаларни “шеърият даҳолари” деб билади. Ман ўзимга муносиб янги авлодни тарбиялаб вояга етказдим. Улар мани ҳимоя қилади; жабҳада қўлига қурол олиб ор-номус учун ўлимга тик бормаса ҳам, лекин мухолифат ғоялари учун асло майдонга чиқмайди. Чунки улар чинакам ғоя нима эканини ҳам, қанақа бўлишини ҳам тасаввур этолмайди. Бошқача айтганда, Чингиз Айтматов аниқ ифодалаб берган “манқуртлар” ҳеч қачон мавжуд ҳокимиятга қарши бош кўтармайди. Бу томондан кўнглим тўқ.
Яхши бузоқ иккита сигирни эмади. Мухолифатнинг ҳижратда юрган битта қаноти яхши бузоққа ўхшайди. Нариги қаноти эса қайрилган, мажруҳ бўлган...
Кейинги пайтларда мани хориждаги мухолифатдан кўра, Ўрисияда яна давлат бошқарувини қўлга олган собиқ КГБ генерали В. П.  кўпроқ ташвишга соляпти. У бу галги беш йиллик муддати поёнига етгунча янгича кўринишдаги СССРни тиклашга астойдил ҳаракат қилиб кўрса керак. Шундай бўлса, ман нима қилишга ҳайронман. Яхшиям партбилетимни Абужаҳл-Тўнкага ўхшаб етти қат сандиқ ичида сақлаб қўйибман. Жонажон партиям берган алвон рангли билетим яна керак бўладиганга ўхшаб қолди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...