среда, 18 апреля 2018 г.

92. Тарвақайлаган дарахтлар


Эски хотинимни қўйиб, янги хотиним билан топишган йилларим “Тарзан” номли фильм жуда машҳур бўлган эди. Болалигидан табиат қўйнида ўсиб-улғайган Тарзан худди маймунга ўхшаб шохдан шохга бемалол осилиб ўтар, шохлар туташ бўлмаса сакраб дарахт танасига ёпишиб олар эди. Турмуш тарзи дарахт тепасида ҳаёт кечиришга мослашган эди. Кино давомида қандай воқеалар рўй берганини ҳозир аниқ эслай олмайман, лекин дарахтдан дарахтга бемалол сакраб ўтганини яхши эслайман.
Илгари Навоий кўчасида йўлнинг икки четидаги дарахт шохлари деярли бир-бирига туташиб турарди. Кўча ўртасидан кетаётган трамвай ҳам дарахт соясидан юрарди. Бу кўча XIX асрнинг охирларида кўнка (аслида, “конка” – яъни, от тортиб юрадиган вагон) ҳаракати бошланган кезларда барпо этилган, четларига қалин манзарали дарахт ўтқазилган эди. Кейинчалик дарахтлар “оралатма” қилинади; ора-орасидан бир-икки туп дарахт олиб ташланади. Сиқилиб қолган дарахтлар бирдан яшнаб кетади, ҳар томонга тарвақайлаб шох отиб юборади. Кўча тепасини шох-шабба қоплаб олади. Кейинчалик кўча кенгайтирилади, машина қатновига мослаштирилади: жилдираб сув оқиб турадиган ариқчанинг йўл томонидаги дарахтлар кўчириб ташланади, йўлка тарафдаги дарахтлар қолади, холос.
Ҳозир ҳам айрим кўчаларда дарахтлар қалин. Ҳатто ёз бўйи соя тушмайдиган кўчалар бор. Хусусан, ТТЗдан қароргоҳ ёнидан ўтадиган кўча четларида юз йиллик чинорлар тарвақайлаб ўсган. Қулоч етмайди, устига қарамоқчи бўлсангиз, бошингиздан дўппингиз тушиб кетади. Оралатма қилишга кўз қиймайди. Шохларини бутаб, юқорига қараб ўсган ўзак қолдирилади. Орадан кўп ўтмасдан кунботардаги чинорлар қуёшга талпиниб юқори шохлари билан йўлнинг нариги бетидаги чинор шохларига туташиб кетди. Ноилож ТТЗдан кўча бошини ғиппа бўғиб шлагбаум ўрнатилди, тепа томондан айланиб ўтиладиган йўл қурилди. Қароргоҳ ёнидан қатнов тўхтатилди.
Одамлар ҳар хил фикрга бормаслиги учун шаҳардаги барча дарахтларни бутатиб, ўзак шохлар қолдирилди. Дунёнинг ўтини чиқди. Ҳаммаси марказий ахлатхонага элтиб ташланди, қуритиб ёқиб юборилди.
Оломон психологияси қизиқ бўлади. Агар бир-иккита дарахт ағдариб ташланса, ҳамма бирдан шовқин-сурон кўтаради: “Экология бузиляпти. Шаҳар кўркини йўқотяпти. Кислород танқислиги бошланди...” Мабодо катта-кичик дарахтлар ёппасига бутаб ташланса, ҳеч ким миқ этмайди: “Шакл бериляпти. Ғовлаб кетган шох-шаббалар териб олиняпти. Қуриган шохлар тозаланяпти...”
Истиқлолнинг илк йиллари бир-иккита одам ноҳақ қамалса, мингта баҳонани ўйлаб топишга тўғри келарди. Ҳозир мингта одам ноҳақ қамалса, бир-иккита арзимаган баҳона рўкач қилинса бас, ҳамманинг нафаси ичига тушиб кетади: “Айби бор эканки, қамалди. Айби йўқ одамни қамаб давлатга зарур кептими! Нега мани қамамайди? Чунки манда ҳеч қандай айб йўқ!”
Оломон психологиясини оқилона бошқариш мумкин. Аввало, тарвақайлаган дарахтларнинг шох-шаббалари буталиб, одамларда кўникма ҳосил қилинди, кейин жамият аъзоларининг ғовлаб кетган қисми териб олинди. Пойтахт озода бўлиб қолди, осойишта бўлиб қолди. Кўпчилик осойишталик тарафдори, кўпчилик тинч-тотув ҳаёт кечиришни истайди. Шу нўхтадан ушлаб олинса, кўпчиликни эргаштириб кетиш осон. Одамларни секин-секин ўргатиш керак, орқасини силаб-сийпалаб ўргатиш лозим. Майда-чуйда ёлғонларга ўрганиб қолган одамлар маълум муддатдан кейин катта-катта ёлғонларни ҳам ямламай ютадиган бўлади. Ютяпти деб охурни емга тўлдириб қўймаслик керак. Озуқани ҳазм қилмоғи учун фурсат бермоқ лозим. Акс ҳолда оғзидан киргани кетидан чиқиб кетаверади. Оғзидан кирган нарса баданга юқиб, сингиб кетиши керак.
Сирасини айтганда, ҳайвонлар оғзидан озиқланса, одамлар қулоғидан озиқланади, кўзидан озиқланади. Одамлар ўз қулоғи билан эшитиб, ўз кўзи билан кўрган нарсаларга кўпроқ ишонади. Радио – қулоқ бўлса, телевидение ҳам қулоқ, ҳам кўздир. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар қанчалик ҳақиқатга яқин бўлмасин, унга кўпчиликни ишонтириб бўлмайди. Айниқса, охурга пешма-пеш ем ташлаб турилса борми, одамлар оғзи билан юрадиган, қулоғи билан кўрадиган бўлиб қолади. Шу боис ёлғон гаплар, ёлғон воқеалар ҳар куни қайта-қайта гапириб ёки кўрсатиб турилса, одамлар уйдирмага ҳам ишонаверади.
Пойтахтдаги тарвақайлаган дов-дарахт бутаб олингач, вилоят марказларидаги манзарали дарахтларга навбат етди, сўнг туман марказларию чекка-чекка қишлоқларда болта кўтарган “боғбонлар” пайдо бўлди. Уларни кўриб ҳеч ким ажабланмади. Гўё ҳамма кўпдан буён “боғбонлар” келишини кутиб юргандек бир ёқадан бош чиқариб ҳашарни бошлаб юборди.
Умумхалқ ҳашари – фаровонлик, тинч-тотувлик гаровидир.
Мусаффо осмонимизда ҳеч қачон қора булут пайдо бўлмасин.
Кўча-кўйда Тарзан ўйнаб юрадиган дов-дарахт қолмади. Энди Тарзан террористларга қўшилиб кетса ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Орқа-олдига япроқ ёпиштирилган ярим ёввойи одам учраб қолса, оломон уни дарҳол тошбўрон қилади. Ман бунга асло шубҳаланмайман. Ман ўз халқимга юз фойиз ишонаман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...