среда, 25 апреля 2018 г.

140. Анвар Пошонинг охирги мактуби


Мухолифат сафида гўё Йозеф Геббельс вазифасини бажарган Мумтоз домланинг “Шахсий делоси” билан танишиб ўтириб, Иноят Махсум тўплаган маълумотлар орасида Анвар пошонинг Шарқий Бухородан Берлинда муҳожирликда яшаётган ёшгина (22 яшар) рафиқаси Нажиба Султонга жўнатган сўнгги мактубининг ўзбекча матнини учратиб қолдим. Чамамда, бу мактуб атайлаб ўзбекчага ўгирилиб эркин газетада эълон қилиш учун ҳозирлаб қўйилган бўлса керак. Ушбу мактуб ҳар қандай матонатли инсоннинг умрини безайдиган шоҳ асар бўлиши мумкин. Ўйланиб ўтириб, ўйнаб ўтириб уни қандай қилиб хотира дафтаримга ўз қўлларим билан кўчириб қўйганимни билмай қолдим.
“Севгили Нажиба!
Сен ёзган кейинги мактубни олдим. Уни доимо кўкрак чўнтагимда кўтариб юраман. Сенинг севимли, тотли юзингни ҳозир кўрмак имконсиз бўлса-да, бу мактубдаги сўз ва сатрларни гўзал бармоқларинг қандай тизганини тасаввур этурман. Ахир улар бир замонлар маним сочларимни тараган нозик бармоқлар эмасми? Энди ман сендан кўп йироқларда қон ва оташ дарёсида қаҳрамонларча курашмоқдаман. Бу эса сенинг инжа қалбингни эзмоқдадир.
Сен мактубингда қилич ва жангни севганим қадар ҳеч бир нарсани севмаслигимни ёзибсан. Гапинг ёлғон демайман. Аммо бирор-бир нарса тўғрисида, “фақат шуни севаман!” деб ҳам айта олмайман (айтсам, ёлғон бўлади). Сен билурсанки, маним ҳақимда туҳмат ташвиқотлар тарқатиб юрган бадбахт кимсаларнинг иддао этганларидек ман бу олис диёрларга мол-дунё ахтариб, бой бўлмоқ ёки ўз ҳокимиятимни қурмоқ учун келганим йўқ. Мани сендан узоқлаштириб бу жойларга келтирган жаноби Ҳақнинг зиммамга юклагани муқаддас бир вазифадир.
Бу – жиҳод вазифаси эрур. У шундай улуғ ишдурки, уни ҳатто сидқ ила ният қилганлар илоҳий жаннатга кирмоқ ҳуқуқини олурлар. Оллоҳга ҳамд ўлғайки, ман тўла маънода жиҳод этурман. Ҳар на қадар сендан айру қолмоқ, сенинг севгингда масрур қалбимни вайрон этмоқда эса ҳамки, ушбу йўлда буюк бир имтиҳон бермоқдан кўп бахтиёрман.
Бу фоний дунёдаги ишлар ичинда сенинг ишқингдан ўзга маним иродамни синдирадиган ҳеч нима йўқдур. Фақат ва фақат Тангрига шукрлар бўлсинким, унинг амрини бажаришда сенга бўлган севгимга бўйин эгмадим. Бундан сен ҳам айрича саодат, хушбахтлик ҳиссини туйгайсан. Ҳаётда сенинг шундай бир орқадошинг борки, унинг сенга бўлган ишқини Оллоҳ ишқига фидо этажак қадар қувватли иймони бордур.
Нажибам, гарчи хотинларга билфеъл қилич-ла жиҳод қилмоқ фарз этилмаган бўлса ҳам улар ўзларини бу илоҳий бурчдан озод тутмаслар. Сенинг жиҳод этмагинг эса дунёнинг ўткинчи орзу-ҳавасларидан юз ўгириб Оллоҳга илтижо қилмоқ ва уни севмакдир. Бу эса мандаги жиҳод азмини янада қувватланишига ёрдам беражак. Сенга яна бир карра шуни сўзламоқчиман, ёлғиз ўз хотиржамлигини кўзлаган аёл сифатида манинг ҳарб майдонларидан соғ-саломат қайтиб боришимни тилаб зинҳор дуо қилмагайсан. Зеро, бундоқ ўзни англамоқдан Оллоҳ ҳам мамнун бўлмас. Сен Оллоҳдин манинг хизматларимни қабул айлашини сўра. Сен Оллоҳдан манинг ё музаффар қўмондон ўлароқ қайтишимни, ёки мани шаҳидлик мартабасига етказишини тилаб дуо эт!
Севгили Нажиба! Яхшилаб тушун, бу бош, ўйлаки, ҳар замон чўх ёқишли дедигинг бир бош сенинг кўз ўнгингда малаклар қадар маъсум ва бутун аскарлардан-да буюк бир вужуддан узилмиш (қонлар ичинда шаҳид ўлмиш). Бундан ҳам юксак бир мазҳарият борми?
Ҳаёт қисқа, ўлим эса муқаррар. Шундай экан, ўлимдан қўрқмоқ нега? Қолаверса, шаҳидлик мутлақ ўлим (йўқлик) эмасдир. У янги бир ҳаётга – абадий бир ҳаётга қовушмоқдир.
Нажиба, сендан илк истагим бундай: жужуғим ҳам манинг (аскарлик) маслагимда камол топиб, вақти замон етгач у ҳам Исломга хизмат учун ҳарб майдонларида курашсин. Иккинчи бир ниятим ҳам борки, у Мустафо Пошо билан боғлиқ. Унинг башарий мавқеи ва мартабаси учун керак бўлган ҳар қандай ёрдамни дариғ тутмаслик лозим. Чунки Оллоҳ уни мамлакатимизни душмандан қўриқламоқ ва халос қилмоқ учун юборгандир.
Азиз севгилим, Оллоҳ сизларни паноҳида асрасин! Қалбимнинг ичиндан қайнаб чиқаётган қандайдир сас сенга энди бошқа мактуб ёза олмаслигимдан шаҳодат бермоқдадир. Яна ким билур... Балки шаҳидлар қаторига қўшилурман... Бардам бўлгин! Манинг ўлимимдан қайғуга чўкма! Сабрли бўл!
Аввалдан билгинки, манинг шаҳидлигим сенинг учун абадий бир ифтихор қийноғи ўлажакдир”.
Дарҳақиқат, Анвар пошо 1922 йилнинг 5 август куни Шарқий Бухоронинг Болжувон депарасидаги Чегим деган қишлоқда (кўҳна қабристон ёнида) ўрис босқинчиларига қарши тенгсиз жангда шаҳид бўлади. Орадан 74 йил ўтгач, Анвар пошонинг хоки Истанбулга элтиб қайта дафн этилади. Дафн маросимида миллиондан ортиқ мусулмон қатнашади.
Шу тобда ногаҳон эслаб қолдим: чамамда, ўн беш йил бурун Пароканд бизда ҳам кимдир Анвар пошо тўғрисида ҳужжатли китоб ёзганини, Ғуломқул ё Рустамқул қаттиқ қаршилик кўрсатиб, Тарих институтини оёққа турғазиб, ашақлик Кўзойнакли Кобрани гижгижлаб раддия уюштирганини, бу ҳақда Би-Би-Си қайта-қайта хабар тарқатганини минғирлагандай бўлган. Ҳа, бўлди, Пароканднинг важҳини аниқ эсладим: “Унда мужоҳидлар ислом байроғи остида мустақиллик учун курашади, бу курашда турк зобитлари туркистонлик орқадошларига раҳбарлик қилади”, деган эди. Биз дунёвий давлат қураётган эдик, Туркия моделини рад этган эдик. Радий Фиш эса Туркиядан сиёсий бошпана сўраб, Истанбулда фаол сиёсий ҳаёт кечира бошлаган эди... Пароканд ўшанда Туркияга қарши йўналтирилган кайфиятимни жуда усталик билан Анвар пошо ва у ҳақдаги китобга ҳам тўғрилаб қўяди.
Йозеф Геббельс ҳам бош тарғиботчи сифатида доимо Адольф Гитлернинг қош-қовоғига қараб иш кўрган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...