среда, 25 апреля 2018 г.

139. Мозийдан бир саҳифа


Ҳусайн Бойқаро ўз замонида Юртменбоши бўлган, Маждиддин эса Қўшбеги эди.
Зоти паст кимсаларни “қозон боши”га яқинлаштирмаслик керак. Чунки улар фақат ўз бозорини қизитмоқчи бўлади, ўзларининг тегирмонини тўхтовсиз ишлатади, холос.
Темурбекдан сўнг Шоҳрух мирзо салтанатни қирқ йил бошқаради. У 1447 йилда вафот этади. Икки йилдан кейин эса меросхўри Улуғбек қатл этилади. Ҳиротда ҳокимиятни Абулқосим Бобур, Абусаид мирзо каби темурийзодалар вақтинча қўлга киритган, ҳукмдор бўлиб олган бўлса-да, амалда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Бу уруш йигирма йил давом этади. 1469 йилда Ҳусайн Бойқаро тож-тахтни қўлга киритгач, нисбий тинчлик даври бошланади. Ўттиз йилдан сўнг яна қонли тўқнашувлар авж олади ва Шайбоқхон томонидан темурийлар салтанатига узил-кесил барҳам берилади.
Майли, ўтган ишга саловат.
Ҳожа Пир Аҳмад Хоний узоқ йиллар давомида Шоҳрух Мирзо саройида девонбоши бўлади. Тарихий тўқима асарларда Навоийнинг қон душмани этиб тасвирланадиган Маждиддин эса ана шу девонбошининг ўғли эди.
Маждиддин тегирмондан бутун чиқади. Не-не темурийлар тож-тахт учун қизғин давом этган жанг-жадал чоғида талаф бўлади, сарой амалдорлари кўч-кўронини карвонга ортиб Хуросондан батамом бош олиб кетади. Маждиддин Шоҳрух вафотидан сўнг не-не арбобларни, оғзининг ҳовури билан ош пишириб юборадиган не-не азаматларни кўради. Не-не тож-тахт даъвогарлари ўзларининг бошларини еб кетади. Қирғин-баротдан сўнг Ҳусайн Бойқаро Маждиддинни парвоначи этиб тайинлайди; парвоначи сарой об-ҳавосини яхши биладиган кичик амалдор ҳисобланарди, у фақат фармонларни ижро этарди. Қулай фурсат келган чоғда отни қамчилайди – Ҳусайн Бойқаронинг кўнглини овлайди. Хазинани зарурий маблағ билан тўлдиради. Оз фурсатда кўп савобли ишларни амалга оширади. Бироқ, сарой аъёнлари ва нуфузли беклар билан зиддиятга ҳам боради.
Хусусан, Алишер Навоий Астрободга ҳоким этиб тайинлангач, ул зотни ўша ёқларда заҳарлаб ўлдириб юбориш режасини тузади. Аммо унинг режаси барбод бўлади; фитна фош бўлиб қолади. Маждиддин саройга яқин бўлган йилларни Навоий бобо “Маждиддин бузуғликлари” деб атайди. 1494 йилда Маждиддин қатл этилиб, беҳисоб мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинади.
Маждиддин подшоҳга яхши кўриниш учун ҳеч нарсадан қайтмасди; мухолифларини маҳв этиш учун ҳам ҳеч нарсадан қайтмасди. Агар у Навоийга осилмаганда Ҳусайн Бойқарога қўшилиб “дунё тургунча туриши” мумкин эди. Подшоҳни хурсанд этиб, гўё уни қарздор этиб қўйдим деб ўйлайди. Ўзига ортиқча бино қўйиб юборади, Навоийга осилади (дарвоқе, ҳозир ман зимдан кузатиб юрибман; Қаламкаш кейинги пайтларда Шуҳрат Аббос деган битта “Кинобобо”га осилиб юрибди, ман жўрттага ўзимни кўрмасликка оляпман, арқонни атайлаб узун ташлаб қўйдим: қани кўрай-чи, “Чол ва денгиз” тўқнашувида ким ғолиб чиқар экан!).
Навоийни нафақат Маждиддин, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам енга олмас эди. Эҳтимол, Бойқаро кучлар нисбатини зимдан синаб кўриш учун ҳам Маждиддинни ўзининг мактабдош мусоҳибига қарши олкишлаб юборган бўлиши ҳам мумкин (камина Калбошни бадном этиш учун шунга ўхшаган усулдан оқилона фойдаланган эдим).
Лирик чекиниш.
Пароканд Мирзо “Юртменистон – келажаги буюк кишвар” китобимнинг валиаҳдим мухтор элчи бўлиб турган Андалусия нашри учун қайси гўрдандир бир парча иқтибос топиб келди:
«XX асрнинг йигирманчи йилларида Усмонли халифалиги батамом тугатилади. Биринчи дунё урушида Онадўлини аранг сақлаб қолган миллат раҳнамоси Мустафо Камол Отатурк янги давлатни қандай номлаш тўғрисида зиёлилардан маслаҳат сўрайди. Бир гуруҳ олимлар: “Мамлакатни “Туркистон” деб аташ лозим”, деган таклифни илгари суради. “Йўқ, Туркистон бизнинг ота юртимиз, Туркистоннинг ўз ворислари бор. Туркистонлик қардошларимиз бир кун келиб ҳурриятга эришади, мустақил давлат қуради ва ўз мамлакатини яна Туркистон деб атайди. Туркистон номига биз дахл қилмайлик, бу шукуҳли ном уларнинг ўзларига буюрсин!” дейди Отатурк. Шундан сўнг Усмонли халифалиги ўрнида барпо этилган мамлакатга “Туркия жумҳурияти” деб ном берилади».
Ибратли воқеа бўлган экан. Афсуски, бундай тарихий фактдан ҳозир фойдаланиб бўлмайди. Сиёсий мақсадга мувофиқ эмас бу воқеа. Шу кунларда Тошкентдаги калтагина кўчадан ҳам Камол Отатурк номини олиб ташламоқчи бўлиб юрибман...
Маждиддин мардона шахс бўлган. У Абулвосеъ исмли истеъдодли йигитни ўзига мунший этиб олади (гўё Қаламкаш билан Пароканд Мирзо мисоли). Восеъ Нури вилоятида туғилган. Зийрак, фаҳм-фаросатли йигит бўлган. Таъби назми ҳам бор, ҳозиржавоб. Энг муҳими – саводли эди. Том маънода саводли, иншо фанида моҳир. Навоий ташкил этадиган нафис мажлисларда мунтазам иштирок этарди. Маждиддин уни мунший этиб олгач, истеъдодини Хожасига сидқидилдан хизмат қилишга бағишлайди.
“Зурафо анинг бирла мутойиба кўп қилур. Ул ширин изтироблар қилурки, яъни муъжиби ҳазл бўлур. Сафоҳат қилса ҳам элдин қутулмас. Анга бу мансаб Хожа Маждиддин Муҳаммад давлатидан етишти. Дерларки, анинг учун беш юз байтдан ортуқ ҳажви бор ва сойир халқ учун минг байтдин ортуқ”, дейди Навоий бобо “Мажолис ун-нафоис” китобида.
Навоий Абулвосеъ тўғрисида лавҳа ёзган чоғларида Маждиддин ҳаёт бўлган, Бойқаро саройида қудратли кучга эга эди.
Садриддин Айний гувоҳлик беришича, “Хожа Маждиддин ўз муншийси Абулвосеънинг талантини тўғри йўлга солиб юбориш ўрнига уни бемазагарчиликка ундар ва унинг одамлар ҳақида айтган ҳар бир беадаб ҳажвияси учун катта инъомлар (гонорар) берар эди. Ҳатто Абулвосеъ Маждиддиннинг ўзини ҳам беш юз байт билан ҳажв қилади; Маждиддин ҳар гал ўзини ҳажв қилган байтни эшитган чоғида муаллифга албатта мукофот берарди”.
Демак, Маждиддин сўз санъатининг шайдоси бўлган кўринади. У гўё пичоқни аввал ўзига уради, сўнг бировга уради. Оғримайдими ё оғриқни сезмайдими?
Манимча, ўтмишда ўтган боболаримиз мард бўлган, бизга ўхшаган бачкана бўлмаган.
Ман гўё ҳамма биладиган эски-туски ҳақиқатларни қоғозга тушириб ўзимни анча ноқулай аҳволга солиб қўйгандек ҳис этяпман.
Байт:
 Дар Самарқанд гурба ях нахўрад,
         Дар Бухоро хурус мурғи нар аст.
(Мазмуни: Самарқандда мушук муз емайди,
Бухорода хўроз товуқнинг нар-эркагидир.)

Шу ҳазиломуз байтни Жомий бобо ёзганига ишонасизми, ошно?

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...