среда, 25 апреля 2018 г.

136. Эгаси бор эркаклар


Ҳар йили 12 апрел Юрий Гагарин космосни забт этган сана сифатида нишонланади. Бизда бу кун расман байрам қилинмаса-да, лекин учувчилар ва ичиш учун бирорта баҳона қидириб юрадиган ичувчилар давра тузиб зиёфат уюштиради. Майли, фаровон ҳаёт кечираётган одамлар билганини қилсин.
Айнан 12 апрел куни машҳур ҳофиз Шерали Жўраев ҳам туғилган кунини нишонлайди. Ҳозир унинг машҳурлигидан ном-нишон қолмаган. Уни катта саҳнага яқинлаштирмай қўйдим; кибр-ҳавоси жонимга тегди. Ўзим билан ҳаж сафарига оборганимдан кейин яна ҳажга бориб: “Ман ўтган гал шайтонлар билан ҳажга келган эдим, энди чин мусулмон сифатида тавба-тазарру қилгани келдим”, деб гап тарқатади. Ярамас, нонкўр! Ман унга “халқ ҳофизи” унвонини бериб қўйган бўлсам, ҳеч кимга берилмаган Навоий номидаги Давлат мукофотини ҳам ҳадя этсам, яна нима қилишим керак? Қачонгача мани хўрлайди? Нега жумлаи жаҳон олдида мани масхара қилади?!
– Кўзимга    кўринмасин! Башараси қурсин! Маймун! Уни Дадахон бекорга ёмон кўрмас экан! – дедим. – Чўнтагига қўлини тиқиб юрадиган анави Братанга айт, Андижон томонлардан дарҳол бирорта “юлдуз” чиқарсин. Лекин янги юлдуз ман чизган чизиқдан чиқмайдиган бўлсин, ҳайми?!
– Ҳай, – деб Иноят Махсум чест бериб кабинетимни тарк этади.
Шундан сўнг “Братан” лақабли Маданият вазирим А. Азизхўжаев доим йиғламсираб юрадиган Озодбекни топади, тез кунларда ундан янги юлдуз ясалади. Оломон подага ўхшаб юлдузнинг орқасидан эргашади...
Четга чиқариб қўйилган Шерали эса ич-этини еб, сочини юлади. Новча шоирга шеър ёздириб, хушомадгўйлик ҳиди анқиб турадиган қўшиқ яратади:
               “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир...”
Қўшиқ матни дастлаб Сувюқмас бош муҳаррир бўлган ойноманинг муқовасида эълон қилинади. Сўнг радио орқали қайта-қайта эфирга узатилади. “Телевизорда айтиб чиқса ҳам мумкинми?” деб изн сўрайди Иноят Махсум. “Йўқ , - дейман столни муштлаб, то ман тирик эканман ўша маймун ойнаи жаҳон юзини кўрмайди! Мани шайтонга ўхшатган аблаҳни тириклай крематорий-ўчоқда куйдириб юборсам-да ҳақим кетарди-ю, аммо-лекин эски туз-намак юз-хотири учун бир қошиқ қонидан кечаман. Ҳайми?” “Ҳай”, дейди Иноят Махсум бошини эгиб.
Шу-шу Шерали Жўраев тақдирга тан бериб, “Оқ уй”да билярд ўйнаб умрини ўтказадиган бўлади. Отар-потарга боришига қаршилик кўрсатмадим. “Агар туғилган кунини ресторан-песторанда нишонлаб шов-шув қиладиган бўлса, ман унга кўрсатиб қўяман! Маъракасини ҳовлисида қилсин!” деб чеклов қўйдим.
“Турон” санаториясига яқин жойдан ҳовли-жой қилган. Бир марта уйига ўт ҳам кетди, кейин яна тиклади. Ҳовли саҳни беш-олти сотих бор. Бемалол минг киши сиғадиган стол-стул қўйиб, дастурхон тузаш мумкин. Ҳар йили 12 апрел куни саккиз юз кишидан кўпроқ, минг кишидан камроқ меҳмон Шералини йўқлаб ҳовлисига тўпланади. Топган гул, топмаган бир боғ пиёз дегандай, совға-саломлар бир четга уюлиб кетади. Шералининг ҳовлисини шунчаки томоша қилиб, текин таомини еб, арағини ичиб кетадиган мухлислар ҳам анча-мунча йиғилади. Меҳмонга келган одамни ҳеч ким кўкрагидан итармайди. Ўзбекнинг шу одати яхши.
Одатдагидек, бу йил ҳам Шералининг “Турон” санаторияси яқинидаги ҳовлисига узоқ-яқиндан мингга яқин меҳмон жам бўлади. Тўкин дастурхон тузалади. Гарчанд юбиляр икки марта ҳаж сафарини адо этиб қайтган бўлса-да, ичадиган меҳмонлар ўтирган столга чойнакларда арақ-коняк қўйиб кетилади. Дастурхончи аста эгилиб: “Оби замзамни секин-секин қуйиб узатаверасиз”, деб косагулни огоҳлантириб қўяди. Қибла томонга мўъжазгина саҳна ясалган. Даврани халқ артисти Эркин Комилов бошқаради. “Оқ уй”дан ҳам мўътабар меҳмон ташриф буюрган. Ёзувчилар боғида яшайдиган Чиллашир, Ҳувайдо маҳалласида истиқомат қиладиган Хўроз шоир Шералини телефонда табриклаб, узр сўрайди. Олтин юлдузни кўкрагига қадаб, Қаҳрамон этиб қўйган шоирларим назаримдан қолган ҳофиз билан борди-келди қилмайди, фақат ими-жимида салом-алик этиб юради, холос.
Эркин Комилов гоҳ сийқа  шеърларни баралла ўқийди, гоҳ одобсиз санъаткорни кўкларга кўтариб мақтайди ва навбатдаги қўшиқчини қўлбола саҳнага таклиф этиб, ўзи ҳам ним қоронғидаги стол ёнига бориб ўтиради. Чамаси, у ҳам “оби замзамдан”дан оз-оздан олиб ўтиради. Чунки ҳар сафар янги қўшиқчига навбат бераётиб товушини бир парда кўтарарди. Охири атоқли санъаткорларга навбат келган пайтда товуши хириллаб қолади. Хириллаган Эркин Комиловнинг сўзларини эшитиб ўтирган ширакайф меҳмонлар қиқир-қиқир кулади.
Бир пайт танбурини кўтариб саҳна томон Турғун Алиматов йўрғалаб боради. Кекса санъаткорнинг савлатидан хийла довдираб қолган Эркин Комилов бирдан жўшиб кетади:
- Шерали Жўраевнинг яна бир буюк хизмати шундан иборатки, у Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Солиҳ каби беназир шоирларимизнинг шеърларини куйга солиб, уларни эл-юртга танитди. Ҳозир ўша шоирлар етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган одамларга яхши таниш. Биз қўшиқчи шоирларни эл-юртга танитган ҳофизимизни гулдурос қарсаклар билан ҳар қанча олқишласак арзийди. – Меҳмонлар гулдурос қарсак чалади, қарсакбозлик тўхтагач: - Ҳозир эл ардоғидаги санъаткор Турғун ота Алиматовга мамнуният билан навбат бераман; у киши ўз қўшиқлари билан юбилярни муборакбод этади. Марҳамат, Турғун ота! – деб ним қоронғи стол ёнига бориб ўтиради.
Даврада шивир-шивир бошланади: “Эркин Комилов атайлаб Муҳаммад Солиҳ номини тилга олдими ёки бу ном бехос оғзидан чиқиб кетдими?”
Кўпдан бери Муҳаммад Солиҳ номи товуш чиқариб айтилмасди, ҳатто уни бадном этиш учун тайёрланган махсус кўрсатувларда ҳам “Салай Мадаминов” деб аталарди. Ёш авлод Муҳаммад Солиҳ деган шоир борлигини деярли унутган эди. Унинг номи тилга олинса: “Ким у?” деб сўрайдиган ёшлар тобора кўпайиб борарди. Даврада ўтирган одамлар бир-биридан гумонсирайди: “Қулоғим вазмин бўп қолган, яхши эшитмайман...” деб талмовсирайди, баччағарлар.
Биров Эркин Комиловни бир чеккага тортиб кетади. Ранг-қути ўчган Шерали Жўраев ҳам қоронғилик томон жадал йўрғалайди. Саҳнада Турғун Алиматов “Боғ аро қўйсам қадам...” ашуласини қиёмига етказиб ижро этяпти. Қоронғиликда эса ғалати ҳодиса рўй беряпти... Ниҳоят, абадиятдек давом этган катта ашула ҳам якунланади. Турғун ота танбурини кўтариб саҳнани тарк этади.
Эркин Комилов оғир қадамлар билан қоронғилик қаъридан чиқиб, саҳнада нари бориб-бери келгач, одам бўйли микрофонни ўз оғзига тўғрилаб олади, унга бир-икки марта чертиб кўради. Сўнг маҳзун товушда гап бошлайди:
- Минг бор узр, минбаъд узр, боя  тилга олишга ҳам нолойиқ бўлган кимсанинг номи бехос тишлар орасидан чиқиб кетди. – Хийла сукут сақлайди, бир нуқтага тикилиб қолади. Яна микрофонга бир-икки-уч марта чертиб кўради. – Ўша бехос оғзимиздан чиқиб кетган ном ўрнига биз аслида Элликқалъада бандаликни бажо келтирган ажойиб марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуф номини айтмоқчи бўлган эдик. Шерали ҳофиз гарчанд Муҳаммад Юсуфнинг бирорта шеърини қўшиқ қилмаган бўлса-да, лекин шоир укамизнинг шеърини куйга солиб куйлашни доим орзу қилган. Ана, Шералининг ўзи ҳам шу ҳақда гапириб бериши мумкин. – Яна сукут сақлайди, микрофонга чертиб-чертиб қўяди. – Анави... оғзимиздан бехос номи чиқиб кетган шоирнинг шеърлари ҳеч қачон қўшиқ қилинмаган ва қўшиқ қилинмайди ҳам. Чунки у на қофияга амал қилган, на радифга. Бир сўз билан айтганда, у уддалаб шеър ёзишни ҳам билмасди. Шу боис нуктадон мунаққид Иброҳим Ғафуров ҳақли равишда “Шеърингизни тушунтириб беринг!” деган мақола ёзиб, “Адабиёт” газетасида эълон қилган. Иброҳим Ғафуров шеър ниқоби остидаги ғоявий мазмунини юзага чиқариб, шоирни жиноий жавобгарликка тортмоқчи бўлади. Майли, вақти-соати келса, Иброҳим Ғафуров орзу қилган кунлар ҳам келади. Ҳозир эса биз ўша бадбин кимсанинг номини тилимизга ҳам олмаймиз, бехос оғзимиздан ўша ном чиқиб кетгани учун яна бир бора сиз азизлардан узр сўраб, навбатни хушовоз лирик хонанда Ботир Қодировга бераман!
Саҳнага тор кўтарган ингичка йигит чиқиб келади.
Яна шивир-шивир бошланади: “Бу йигит Шералининг ўғли эканми? Андижонлик раққосадан туғилган тўнғич ўғлими шу йигит?...”
Кайфи ошиб қолган меҳмонлар: “Эркин Комилов нима учун шахси номаълум одам тўғрисида бунча узоқ амри маъруф қилди?” дея ҳамон бир-биридан сўрарди. Ботир Қодиров  кўрсаткич бармоқларини бигиз қилиб ўтирган одамларга парво қилмасдан қўшиғини бошлайди. Шерали Жўраев эса ҳовлида ўзини қўярга жой тополмай нари бориб-бери келарди, дуч келган одамдан: “Уни ким чақирди? Нега у таклиф этилмаган жойга келиб қўшиқ айтяпти?” деб жиғибийрон бўларди.
Шерали Жўраевнинг  бу галги туғилган куни ҳамманинг эсида қолади. 13 апрел куни бутун Юртменистонга мишмиш тарқалади: “Шерали Жўраев навбатдаги демократик сайловда Юртменбошиликка номзоди қўйилган мухолифат раҳбарига ишончли вакил бўлар эмиш...”
Мана шунақа гаплар.                       
Бизда эркаклар ҳам эркакка ўхшамайди. Кўзга кўринган эркакларнинг эгаси бор...

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...