воскресенье, 29 апреля 2018 г.

148. Чўмичи йўқ чархипалак


Шаҳрихонсой устига ўрнатилган қатор чархипалакларни кўриб ҳавас қилган эдим; оҳ-оҳ, ёзнинг жазирасида чархипалакдан шов-шув этиб тўкилаётган сув ёнида, атрофига райҳон-жамбил экилган супада бирпас мизғиб олган киши бу дунёдан беармон ўтса керак! Чархипалак чўмичидан тахтадан ясалган новга сув тўкилади, сўнг жилдираб ариқчага қуйилади, ариқчадан сой соҳилида барпо этилган боғчалар суғорилади ёки йўл остидан олиб ўтиб кетилган қувурдан томорқага оқиб киради.
Қўқондаги Худоёрхон Ўрдасини айланиб юриб, нақшинкор айвон остида шотиси ётқизиб қўйилган қўқон-араванинг одам бўйидан ҳам баланд ғилдирагини қўлимни кўтариб тусмолдан ўлчаб кўрган эдим. Ҳайрон бўлган эдимки, одатда эски йўлларда тупроқ кўпчиб ётарди; шундоқ бўлгач, арава ғилдирагига илашиб юқори кўтарилган тупроқ зарралари шовуллаб аравада ўтирган одамларнинг бошига тўкилмасмиди?.. Тўкилар экан. Аравага ўтириб олис йўл босиб келган одамлар тегирмончига ўхшар қолар экан. Билмаганлар билиб қўйсин, тегирмончи доим оппоқ унга бурканиб “қорбобо”га ўхшаб юрарди. Баъзан арава ғилдирагининг орқа-олдига шотидан “қўлча” чиқарилиб, унга ҳўл латта-путта маҳкамлаб илиб қўйиларди, ғилдирак шу латта-путтага артилиб айланарди. Иссиқ пайтларда латта-путта бирпасда қуриб қоларди; эринмаган аравакаш бўлса, доим бир-икки пақир сувни араванинг орқасига осиб юрарди ва ўша сув билан латта-путтани вақти келганда ҳўллаб қўярди... Хуллас, Яҳёхон ака қўқон-арава тўғрисида манга батафсил маълумот беради. Қўқон-араванинг ғилдирагига ишқим тушиб қолади. Дам унисини, дам бунисини томоша қиламан, гупчагини кўздан кечираман, подшипник бор-йўқлиғи билан қизиқаман; ғилдирак ўқи қаттиқ ёғочдан ясалар экан, ҳеч қандай подшипник-модшипник ўрнатилмас экан.
-Ростини айтсам, мана шу қўқонараванинг ғилдирагидан жуда зўр чархипалак ясаса бўлар экан! – дейман кулимсираб.
Ўшанда ҳазил аралаш айтилган гапимни Қўқон шаҳрининг ҳокими чин тушуниб, бир ҳафтадан кейин араванинг битта ғилдирагини қип-қизил бахмалдан тикилган ғилофга ўраб-чирмаб усти ёпиқ юк машинасида Қароргоҳга жўнатади. Ғилдирак подшипникли темир ўққа ўрнатилган бўлиб, айланасига қалинроқ тунукадан ясалган куракчалар қоқиб чиқилган эди. Куракчаларга урилган сув ғилдиракни айлантиради, лекин сув фақат шопирилади, холос. Асло сув юқорига кўтарилмайди, сувни ўқдан юқорига кўтариб нариги тарафдаги новга тўкиш учун ғилдиракнинг ён қисмига бурни пучуқ чўмич ўрнатилиши лозим.
Қароргоҳдан бир тегирмон сув қишин-ёзин оқиб ўтади; теракзор орқасида катта одамлар аранг сакраб ўтадиган ариқ бор; чуқурлиги бир қулочдан кам эмас. Мана шу ариққа қўқон-араванинг ғилдираги ўрнатилди. Расмона чархипалакка ўхшаб қолди. Лекин фақат айланади, холос. Тунука куракчалар ариқдан олган сувни ариққа сепиб юборарди. Чархипалак ўрнатилган жойга устига рангли мато қопланган кўчма шийпонча ўрнатилди. Ҳозир ман вилоятларга чиққанимда шийпончаларда халқ вакиллари билан учрашувни одат қилганман. Шу одатимни Қароргоҳимда ҳам жорий қилдим гўё. Фақат бу шийпончада ўзим билан ўзим учрашаман. Манга ҳеч ким халақит бермайди. Биров Пароканд ўргатиб қўйган гапларни айтиб бошимни қотирмайди. Ўзим ўзимнинг бошимни қотираман.
Чорак асрдан буён ёнимда ишлаган одамлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтади. Одамлар қизиқ бўлар экан; эркаклар жуда кам экан, эркини қўлдан берган хунасалар бемаза қовуннинг уруғидан ҳам кўп экан... Пиллачиликни қандай қилиб қайта ривожлантириш тўғрисида бош қотириб юрган чоғларим тажрибали пиллакор айтиб берган бир латифа лоп этиб эсимга тушиб қолди.
Ипак қурти даҳага кирган пайтларда тутларнинг новдалари кесиб берилади. Новда кесилаётганда каллакда бир-бир ярим қарич тукич қолади. Бу тукич найзадек ўткир бўлади. Чунки новда чопқи билан қирқ беш даража нишаб этиб кесилади. Келаси йили тукич янги чиққан новдалар орасида қолиб кетади ва чопқининг орқаси билан уриб тушириб юборилса, яхши иссиқлик берадиган ўтин бўлади. Тут барглари куз ўрталарида пишади. Остига тўкилган тут барглари мол-ҳолга тўйимли озуқа бўлади. Тут барги қиров еганидан кейингина тўкилади. Айнан пахта терими бошланган кезлари одамлар тут баргларини сидириб мол-ҳолга олиб кетади. Бунинг учун тут устига чиқиб ўрнашиб ўтириб олишади-да, қоп ёки белга боғлаб олинган партук-этакка барглар сидириб тўлдирилади. Барг пишган бўлса, новданинг остидан устига қараб сидирилади; барг ҳали яхши пишмаган бўлса, тескари сидирилади, яъни, новданинг учидан остига қараб сидирилади. Барг тескари сидирилса, новданинг қобиғи арчилади ва келаси баҳорда барглар сийрак бўп қолади, озуқа самарадорлиги пасайиб кетади. Шунинг учун бригадирлар доим тутларга кўз-қулоқ бўлиб юради, барги пишмаган тутга одамларни яқинлаштирмайди; ким ўзбошимчалик қилса, жарима солинади... Бир куни эрта-индин тўйи бўладиган қиз тутга чиқиб пишмаган баргни энди сидира бошлаган чоғда сўқмоқдан қув-қув йўталиб бригадир ўтиб қолади. Қўрқиб кетган қиз тут каллагига ўтириб олади. Ўтирган заҳоти кўзларидан ўт чақнайди гўё. Нега деганда найзадек тукич куёвга аталган нозик жойга кириб кетади – тешиб қўяди. Тишини тишига босиб чидайди бечора. Сўнг иштонини қонга белаб оқшом чоғи оқсоқланиб уйига қайтади. Тез орада тўйи ҳам бўлади, бўш-баёв куёвнинг синовидан ҳам омон-эсон ўтиб олади. Бахтли оилавий ҳаёт бошланади. Фақат ора-орада ўша бахтли оиланинг соҳибаси бўлмиш аёл ўзига яхши таниш бўлиб қолган тут атрофини вақти-вақти билан айланиб кетар экан. Тутни қучоқлаб, ҳидлаб-ҳидлаб ширин хаёлларга толар экан, илк бора кўзларидан ўт чақнаган оний дамларни қўмсаб нақд ҳушидан кетиб қолай дер экан...
Бир марта катта охурдан ем еб кетган собиқ амалдорларим ҳам қанчалик камситилган, шармандаи шармисор этилган бўлишидан қатъи назар, бир имо қилган заҳотим етти букилиб ҳузуримга келади. Айримлари бот-бот ўша тутни эслаб атрофимда гирдикапалак бўлади.
Юртменистонда собит эркаклар кам экан.
Ёғсираб қолган гупчакда ғийт-ғийт этиб бир маромда айланаётган чархипалак ёнидаги шийпончада ўтириб беихтиёр Ғайбаровни эсладим, Эломоновни эсладим, Нуриддин Элчиевни эсладим. Нуриддин Элчиев тажангроқ кўринарди, лекин ўз зиммасига юклатилган вазифани ҳам, жамоат ишларини ҳам сидқидилдан адо этарди. Оғзига кучи етмайдиган айрим кимсалар: “Элчиев ҳатто золимга ҳам ҳалол хизмат қилиб кетаверади”, деб пичинг қиларди. Элчиевга ўхшаган одам ҳамма жойдан, ҳамма идорадан топилади. Улар мажлису машваратларда ҳадеб кўзга чалинавермайди, ҳал қилувчи овозга ҳам эга эмас, лозим пайтдагина эл қатори қўл кўтариб ёки чапак чалиб қўяди, холос. Байрам кунларию бирон-бир ёруғлик тегадиган тақсимот чоғларида ҳам бунақалар камдан-кам тилга олинади. Фақирнинг жойи панада бўлади. Бир умр елкасига офтоб тегмасдан ўтиб кетади бечора элчиевлар! Чойхонапаловларда ошнинг сабзисини албатта Элчиев тўғрайди, ёшлар қолиб, ўтинни ҳам ўзи ёради, ўзи ўчоқка олов қалайди. Бу юмушларни у бировнинг гапи билан эмас, ўзидан билиб қилади – гўё фақат унинг иши, унинг бурчи. Бошқа маврид-маросимларда ҳам кўпчилик эп кўрмаган ёки бўйни ёр бермаган даҳмазаларга Элчиев балогардон. Анави Уҳаммад Аҳмон деган марҳум шоир ҳам қайсидир жиҳатлари билан айнан Элчиевга ўхшарди.
Дастлаб, бошқарув жиловини қўлга олган кезларим атрофимга романтик ёшлар тўпланади. Улар ўз халқига, ўз мамлакатига ҳалол хизмат қилишни истарди. Ман ҳам уларга ўхшаб осмондаги ойни олиб Юртменистон байроғига қадаб қўймоқчи бўлардим, меҳнаткаш халқимнинг қадамига гуллар сочгим келарди. Лекин мухолифларим қадамимни ўлчаб юрарди, ҳар қадамимдан битта камчилик топиб асабимни бузар эди. Хатоларимни айтган одамни душман деб билардим, бетгачопар кимсаларни бирин-кетин қамоққа тиқдим, Иноят Махсумга айтиб йўқотиб юбордим. Доим ўз гапини рўй-рост айтадиган, ўзининг фикрини қатъий туриб ҳимоя қиладиган одамлар камайиб кетди, улар ўрнини манинг қош-қовоғимга қараб турадиган лаганбардорлар эгаллади. Найнов ҳижратга кетдию романтик руҳдаги кишилар ҳам ўзларини четга тортди.
Теварагимни ўраб олган қиёфасиз кимсалар ўзларини ишлаётган этиб кўрсатиш учун ҳар соҳадан душман қидирарди, душманларга аёвсиз зарба берарди. Мамлакатда ов мавсуми бошланиб кетди. Албатта, овни ўзим бошқардим, панада туриб бошқардим. Радий Фишнинг тарафдорлари зиндонда чиритилди, очиқда қолганлари эса жуфтакни ростлади. Мухолифларим худкуш сифатида бадном этилди.
Ўйлаб кўрсам, жин урсин, атрофимда буқаламун кимсалар қопти, холос.
Наҳотки, умрим мана шу чўмичи йўқ чархипалакка ўхшаб беҳуда ишларга сарфланган бўлса? Ахир ман пойтахтни қайта қурдим, мамлакатнинг катта шаҳарлари қайта қурилди... Тўғри, ҳозир Юртменистондан ташқарида беш-беш ярим миллион мардикор йигит-қизлар бор, ичкарида эса фоҳишалар сони бир-икки миллионга етиб қолган. Бироқ, ман қатъий ишонаманки, фарзандларимиз биздан кўра доно, биздан кўра фаҳм-фаросатли ва албатта биздан кўра бахтлироқ бўлажак! Биздан озод ва обод ватан қолажак, ура!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...