Мулкимда шўро давридан буён битта
газетанинг бош муҳаррири постини бўшатмай келаётган ноёб нусха бор. Унга
Отқорин деб лақаб қўйганман. Биламан, отнинг ошқозони бўлмайди, еган овқати
тўппа-тўғри йўғон ичакка тушади ва чала-ярим ҳазм бўлиб орқасидан тўкилиб
кетаверади. Отқорин оғайним ҳам овқат егандан кўра, чамаси, орқасидан тўп-тўп
чиқариб кўпроқ мазза қилади. Башараси ҳам отникига ўхшайди – чўзинчоқ, кўзлари
катта-катта – откўз. Пишиллаб нафас олиб, нуқул кафш қайтариб юради – оғзидан
сақич тушмайди.
Отқорин жуда силлиқ гапиради,
нуқта-вергулларни жой-жойига қўяди. Керакли гапни керакли жойда ўрнига қўйиб
айтади. Топқирлигига қойил қоламан. Уни донишмандларим сафига таклиф этдим.
“Мафкурага кўз-қулоқ бўлиб турасан, яқинда цензурани бекор қиламан”, дедим.
Хўп, деди. Енг шимариб иш бошлади. Орқаваротдан кузатиб юрдим: ман девонда
кечаси қолиб кетсам Отқорин ҳам ётиб қолади. Эрталабми, туш пайтими – қачон
сўрасам иш жойида ўтирган бўлади. Бир куни қабулимга чақирдим.
-Ишлар қалай? – дедим.
-Раҳмат, ёмон эмас.
-Хийла ўзингни олдириб қўйибсанми
ёки кўзимга шундай кўриняпсанми?
-Кўзингизга шунақа кўринаётган
бўлсам керак, ўзимни олдириб қўйганим йўқ.
-Йўғон ичак йўғонми ёки кўтан?
-Ҳар кимда ҳар хил бўлса керак.
-Бўпти, боравер, – дедим. – Энди
бўшсан... Эшитдингми, девон сўқимхона эмас. Ман семиз одамларни ёмон кўраман,
кўзимга кўринма.
-Хўп-хўп... – деб чиқиб кетди.
Цензура расман бекор қилингач,
беш-олти ой ичида ниҳоятда семириб кетган Отқорин ҳам донишмандлик лавозимидан
бўшатилиб эски жойига туширилди.
Илгари вақтли матбуотни уч-тўртта
“адабий ходим” назорат қиларди. Улар “сўз ўйинлари”ни яхши тушунмасди,
йўғон-йўғон бурама гапларни киприк қоқмасдан ўтказиб юборишаверарди. Айниқса,
модерн оқимига мансуб шоирларнинг шеърларида мани тўлғоқ туттириб юборадиган
кесатиқ ёки илмоқли гаплар ўтиб кетарди. Битта шоир “Нафосат” рўзномасида
“Чўлтоқ сонет” номли шеърини эълон қилди. Сарлавҳа остига “Шоирнинг қисмати”
деган ибора қистириб қўйилган эди. Жума куни эрталаб ишга келиб, одатим бўйича,
стол четида турган газеталарни бир-бир варақлаб кўрдим. Навбат “Нафосат”га
етганда “Дам олиш саҳифаси”даги ўша шеър беихтиёр диққатимни ўзига тортди.
Чунки саҳифа ўртасида “сонетнавис шоир” деб ном қозонган Барот Бойқобиловнинг
кулимсираб турган сурати ҳам босилган; ман илгари у билан Марказқўм йўлакларида
учрашганим боис эски танишимни Давлат мукофоти билан сарафроз этган эдим.
Азбаройи шоир хотираси ҳаққи-ҳурмати “Чўлтоқ сонет”ни эринмасдан ўқидим.
Дарҳақиқат, сонет тугал эмас эди. Одатда, сонет ўн тўрт қатор бўларди, бу сонет
эса ўн уч қатор бўлиб, охирги ўн тўртинчи қаторга кўп нуқта қўйилган эди.
Ичимда қаторлар ўн учталигини санаб кўрган пайтимдаёқ кўнглим нохуш бир нарсани
сездию дарҳол анави лаънати итлар эсимга тушди. Таъбим тирриқ бўлди. Кейин
негадир ҳар бир байтнинг бош ҳарфларини узунасига ўқиб кўрдиму бирдан “ваҳ!”
деб юбордим. Пешанамга шап этказиб урдим, чунки байтларнинг бош ҳарфлари
узунасига ўқилса, “МУҲАММАД СОЛИҲ” деган атоқли от пайдо бўларди.
-Оббо, падарлаънатлар-эй, битта
ман баргида юраман десам, яна битта шеригим ҳам бор экан-ку!
Дарҳол Отқоринни ҳузуримга
чақиртирдим, рўзномани башарасига улоқтириб юбордим:
-Ўқи, ўқи ва яна ўқи! – деб
ўшқирдим.
Отқорин кўзларини пирпиратиб
“Чўлтоқ сонет”ни қайта-қайта ўқиб чиқди. Зимдан кузатиб ўтирдим; пешанасидан
нўхатдек-нўхатдек тер чиқиб, оғзини каппа-каппа очиб ҳаллослай бошлади.
-Астманг борми, нафасинг
қисяптими? – деб сўрадим.
-Йў-ўқ, – деди чўзиб. – Шим
тасмаси калталик қиляпти, агар рухсат берсангиз, тасмани бир оз бўшатиб қўйсам.
-Майли, бўшатиб қўй... Эрталабдан
қоринни бўктирилган кунжарага тўлдириб олган экансан-да!
Ўрнидан туриб манга тескари қараб
туриб шим тасмасини бўшатиб жойига ўтирди. Сонетни яна қайта ўқиди.
-Уч марта ўқидим, лекин
эътирозингиз сабабини барибир тушунмадим, – деди кўзларини гўлайтириб. – Баҳром
майпараст ёмон шоир эмас, лекин...
-Тушунмаган бўлсанг, Отқорин, энди
узунасига ўқи! – деб қўлим билан ҳавони кесиб кўрсатдим. – Сонет шунақа
бўладими, жалаб!
У байтларнинг бош ҳарфларини
узунасига ўқидию лабини қаттиқ тишлаб қонатиб юборди. Ички кечинмаларини
бошидан кечириб бўлгунча ўз ҳолига қўйиб бердим. Хийла фурсатдан сўнг эс-ҳушини
йиғиб олиб:
-Мувашшах экан, – деди. – Бу сонет
эмас, мувашшах, – деб такрорлади. – Шоир қитмирлик қилган, Барот Бойқобиловнинг
шогирдиман деб ҳаммани алдаган бўлса керак. Кескин чора кўриш керак. Ҳайронман,
Пакана ҳушёр йигит эди, ўғлини яқинда Хитойга ўқишга юборган эди. Ҳар ҳолда,
иероглифдан хабардор эди, қандай қилиб бепарволикка йўл қўйди экан?!
-Бу бепарволик эмас! Бу фитна!
Йўқ, фитна эмас, бу теракт! – деб столни муштладим. – Хиросимага ташланган атом
бомбаси қувватига баробар бўлган қўлбола граната куппа-кундузи пойтахтнинг қоқ
марказида портлаб турса, бунга қандай чидаш мумкин?! Эшитяпсанми, қандай чидаш
мумкин?!
-Чидаб бўлмайди.
-Чидаб бўлмаса, ҳозир
кўч-кўронингни йиғиштир! Дарҳол Учқўрғонга кўчиб кетасан, ўша ерда туман
газетасини бошқарасан.
-Хўп бўлади...
-Миқ этмайсан, қисиб юрасан.
“Чўлтоқ сонет” овоза бўлиб, тескари реакция бериб юборса, “Шайбонийнома”нинг
нодир нусхасини ман санга кўрсатаман!
Шундай қилиб, Отқоринни 1494 йилда
Умар шайх мирзо шунқор бўлган жойга жўнатиб юбордим. Аслида, Отқорин овқат еб
эмас, еган овқатини чала-ярим ҳазм қилиб орқасидан йўғон-йўғон чиқариб мазза
қиладиган одамлар тоифасига мансуб эди.
Жин урсин, кейинги пайтларда
негадир сўконғич бўп қолдим. Бирорта жинкашни Қўқондан чақиртириб, ўзимни
ўқитиб юборсаммикан?
Комментариев нет:
Отправить комментарий