Бирор ҳодиса тўғрисида одамларга
ҳаққоний маълумот берилмаса, оломон ноилож мишмишларга ишонади. Қароргоҳда рўй
берган ҳодиса тўғрисида мишмиш кўпайиб кетди. Қарасам, расмий ахборот эълон
қилинмаса, мухолифатнинг тегирмонига сув қуйиладиган кўринади. Дарҳол пайновни
керакли томонга тўғрилаб қўйдим.
Маълумки, жануб томонда жойлашган
баъзи бир экстремист кучлар бизнинг ҳаётимизда ислом давлатини, ислом
ақидаларини жорий қилиб, бу ерда ҳам ўз сиёсатини, ўз ҳукмини юритмоқни кўпдан
буён режалаштириб келади. Биз эса, таассуфки, уларнинг бундай ёвуз ниятлари ва
ҳаракатларидан бехабардай юрамиз. Нима учун? Ахир, ҳаётнинг ўзи ҳамма нарсани
ошкора кўрсатиб турибди-ку! Наҳотки, шу пайтгача биз оқ билан қоранинг фарқига
бормаётган бўлсак? Афсусланадиган жиҳат шундан иборатки, қачонки одамзот бошига
мусибат тушганидан кейингина кўзи мошдек очилади.
Куни кеча тонг саҳарда, чин
мусулмонлар сидқидилдан бомдод намозини адо этаётган масрур дамларда бир гуруҳ
ислом экстремистлари қўққис Юртменбоши қароргоҳига қуролли ҳужум уюштирди. Ёвуз
ниятли малъунлар пуштипаноҳимизни ғафлатда қолдирмоқчи бўлди. Аммо қақшатқич
зарбаларга дуч келиб, Учқўрғон томонларда йўқ бўлиб кетди. Юртменистон Ички
ишлар вазири Зокиржон Холмат алоҳида жонбозлик кўрсатди. Мустақиллик байрами
арафасида унга “Буюк хизматлари учун” ордени берилади.
Тиш-тирноғигача қуролланган
итваччалар қароргоҳ адоғида барпо этилган отхона томига чиқиб олиб ҳаммамиз
учун энг азиз, энг улуғ бўлган мўътабар зотни нишонга олиб автоматлардан
сидирға ўқ ота бошлади. Бу пайтда Юртменбоши ўз одати бўйича боғ сайрига
чиққан, очиқ ҳавода бадантарбия машқларини адо этаётган эди. Отишма бошланган
заҳоти қароргоҳ қўриқчилари оёққа турди ва Юртменбоши қўмондонлиги остида
тенгсиз жангга, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳаёт-мамот жангига киришди.
Қўриқчилар каска кийган, кийимлари устидан ўқ ўтказмайдиган зирҳли камзул кийиб
олган бўлса, Юртменбоши енгилгина спорт формасида эди. Энг улуғ зот ўз жонини
хавф остида қолдириб ёвуз душман устига дадил бостириб бораётганини кўрган
шавкатли қўриқчилар: “Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак, куйиб яшаш керак!”
деб ҳайқирганча олға ташланди. Отишма авж олди; ит эгасини, пишак бекасини
танимайдиган ҳолат рўй берди. Қий-чув кўтарилди, дод-фарёд осмони фалакка
ўрлади. Гўё қиёмат қўпгандек бўлди. Отишма чоғида пичанхонага ўт кетди, атрофни
қора тутун қоплаб олди. Бир қадамдан нарини кўриб бўлмасди. Тутун нафасни
бўғади. Ҳар сонияда дайди ўқ келиб одамнинг ёстиғини қуритиши мумкин эди.
Шундай қалтис вазиятда ҳам Юртменбоши қўмондонлик қилаётган жасур ва садоқатли
қўриқчилар бир қадам бўлсин, орқага чекинишни хаёлига келтирмади. Бир вақтлар
дунёни зир титратган Наполеон Бонапарт: “Қўй қўмондон бўлган шерлар галасидан,
шер қўмондон бўлган қўй пода афзалдир!” деган гапни бекорга айтмаган экан.
Албатта, қўриқчиларни қўйга ўхшатиш унчалик тўғри эмас. Аммо ўша пайтда рўй
берган вазиятни рўй-рост тасаввур этиш учун, ноўрин бўлса-да, иқтибос
келтиришга мажбурмиз. Шер қўмондонлик қилаётган қўриқчилар ҳам шердек ўкириб
душман устига ташланди. Отишма бир соатдан мўлроқ давом этди. Ёвуз душман ер
билан яксон этилди. Отишма ниҳоясига етгандан сўнг экстремистлардан ўн учта
кўппак ва битта қанжиқ ер тишлаб ётгани маълум бўлди. Кўппаклар орасида
елинидан сут томиб турганидан яқинда болалагани яққол кўриниб турган битта қанжиқ
ҳам борлиги нақадар ҳайратомуз ҳодиса бўлса, босқинчилар “тирик қалқон”
сифатида фойдаланиш учун норасида гўдакларни ҳам олдиларига солиб қароргоҳга
бостириб киргани ҳеч қандай соғлом ақлга тўғри келмайдиган ёвузликдан бошқа
нарса эмас. Афсуски, отишма чоғида тўрт нафар гўдак ҳам ҳалок бўлди. Уларни
чорасиз қолган экстремистлар орқасидан отиб ташлади.
Зўр афсус-надомат билан маълум
қиламизки, жасур қўриқчиларимиз орасида ҳам қурбонлар бор. Уларнинг номлари тез
орада матбуотда эълон қилинади. Ҳозир эса қурбонларнинг яқинларига чуқур таъзия
изҳор қиламиз.
Мана шу қайғули дамларда Юртменбошимизнинг
ўз вақтида айтган доно гаплари ёдга тушади: “Эй одамзот, огоҳ бўлинглар, огоҳ
бўлинглар, огоҳ бўлинглар! Бу гап эҳтимол биров учун ортиқча туюлар. Лекин ман
огоҳлик, огоҳ бўлишлик ҳақида гапирганимда бугунгига ўхшаш воқеаларни назарда
тутаман”.
Юртменбоши нақадар узоқни кўзлаб
гапирганига баногоҳ амин бўлдик.
-Эй одамзот, огоҳ бўлинглар, огоҳ
бўлинглар, огоҳ бўлинглар!..
Комментариев нет:
Отправить комментарий