Қадимда подшолар бозорларни доим
зимдан назорат этиб турган. Муқаддам эслаганим Хорун ар-Рашид бу масалада ҳам
барча авлодларга ўрнак бўлган.
Сайлов можароси ўртага чиқиб
тўс-тўполон бошланмасидан анча илгари мухолифатга муносабат жабҳасида тажриба
алмашиш мақсадида Бирмага бордим. Делегациямиз қўним топган қароргоҳга битта
Нобел мукофоти лауреати пинҳона келди. Учрашувга уч дақиқа изн сўраб ҳадеб
тихирлик қилаверди. Ноилож розилик бердим. Қабулхонага чиқсам, оч жигарранг
чакмон кийиб, Нобел мукофоти нишонини чап кўкрагига тақиб олган қозоқбашара
битта чол тасбеҳ ўгириб ўтирган экан. Унинг орқа томонида ўзига ўхшаган икки
киши қўлларини чакмон енгларига тиқиб бош эгиб қилт этмай турарди. Адютантимга
ялт этиб қарадим; у бошини хиёл эгиб қўйди. Билдим, улар обдан тинтув қилинган,
«хавфсизлантирилган».
– Хелло, туғишганлар! – дедим.
Нобелчи чол бир қўзғалиб ўрнидан
туришга уринди, аммо кетини кўтара олмади. Одам қариганида илкис тура олмай
қолади. Оқсоқол адибимиз Саид Аҳмад бир неча марта «орқам оғир бўлиб қолди» деб
шикоят қилган эди. Адибнинг ўша гапи эсимга тушиб мийиғимда кулимсирадим.
Қўлимни елка баробар кўтариб (Адольф Ҳитлерга ғойибона тақлид қилиб) сўрашган
киши бўлиб, рўпарадаги диванга оёқларимни чалиштириб ўтирдим. – Қимирламанг,
оқсоқол, қимирламанг! – дедим. – Хўш, қулоғим сизда. Эшитаман. Янглишмасам,
Мўғулистон қозоқларидан бўлсангиз керак? Цеденбалдан бола-чақа – меросхўр
қолганми? Хотини ўрисмиди ё метисмиди?
Оралиқда хитойча бемалол
чулдирайдиган тилмоч пайдо бўлди. Унга ажабланиб қараб қўйдим: гапларимни чолга
таржима қилиб, хиёлгина бошини эгиб эҳтиром кўрсатди.
– Найн, найн! – деди чол бош
сайқаб. – Биз Тибет қозоқлариданмиз. Яъни, кўчманчимиз. Агар хотирам панд
бермаса, тақсир, Мирзо Бобур замонида кўчманчи ёки сиёсий муҳожир “қозоқ”
дейилган. Ҳатто Ҳусайн Бойқаро ҳам маълум муддат қозоқлик қилган, Ҳирот тахтини
эгаллаганидан сўнг подшо бўлган...
– Бошқа жой қуриб кетганмикан?
Нега айнан Тибетда қозоқлик қиляпсиз?
– Цеденбалнинг бола-чақасига
Москва бошпана берган. Хотини ўрис эди. Меросхўрлари Иван тоғасини қора тортиб
кетган.
Тилмочга ишора қилиб охирги
саволимни яна такрорладим. Чол ўтирган ўрнида бир қўзғалиб қўйди. Тасбеҳини
ҳовучига сиқимлаб олди.
– Ман Далай Лама бўламан. Жонажон
дўстингиз Хитой ҳукумати билан Тибет лидерлари ўртасида музокара бошланишига
бош қўшиб, ўртамизда воситачилик қилишингизни сўрайман.
Ўрнимдан сапчиб туриб,
хайр-маъзурни ҳам насия қилиб қабулхонадан чиқиб кетдим. Орқамдан етиб келган
адютантимнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим.
– Бегуноҳ одамди нега урасиз? Бу
ишга ман жавобгар эмасман-ку! Ана, Ташқи ишлар вазирини уринг! Ўша вазирнинг
Матбуот котиби Одилбекни уринг!
Яна бир тарсаки уриб:
– Чақир уни, аҳмақ! – деб апартамантимга
кириб кетдим.
Дам ўтмай оч жигарранг чакмонни
билагига ташлаб Ташқи ишлар вазири пайдо бўлди. Уни роса обориб-опкелдим...
Далай Лама манга эгнидаги чакмонни эсдалик сифатида ташлаб кетибди.
– Бўпти, чакмонни шахсий
коллексиямга қўшиб қўй, – дедим хуморимдан чиққанимдан сўнг. – Аҳмақ! Лекин
Одилбекка қўл кўтарма, ёмон қиламан.
Бехос ўша чакмон эсимга тушиб
қолди. Адютантимни чақириб: «Опчиқ», дедим. Чакмонни опчиқди. Ундан нафталин
ҳиди анқиб турарди. Чакмонни елкамга елвагай ташлаб тошойнага ўзимни солиб
кўрдим: сарғимтир ясама соқол-мўйловим чакмон рангига мос тушган эди.
– Айнан шу чакмонни сўраганимни
қайдан билдинг? – деб сўрадим.
– Сезги! – деди адютантим бетини
силаб. – Калтак ҳатто айиқни ҳам мулла қилиб қўяркан.
– Балли! – деб елкасига қоқдим. –
Ўзинг ҳам эски тўн-пўн кийиб олгин, бозор айланамиз.
– Хўп бўлади.
Баҳор серёғин келди. Худди
осмоннинг этаги тешилиб қолганга ўхшарди. Ҳафта ичида тинимсиз ёмғир ёғди.
Ҳадеб шивалаб ёмғир ёғаверса, одамнинг юраги сиқилиб кетар экан. Энди
деҳқонларга қийин бўлади. Вилоятлардан келаётган маълумотларга қараганда, аксарият
майдонларда чигит қайта экиляпти, буғдойзорларда занг касали пайдо бўлган.
Ҳечқиси йўқ, май ойи энди бошланди, астойдил ишлов берилса, вегетация даврида
ҳозир бой берилган кунларнинг ўрни қопланиб кетади.
Чакмоннинг енгларига қўлимни тиқиб
ташқарига чиқдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий