воскресенье, 1 апреля 2018 г.

11. Миллий ифтихор


XXI асрда ҳам ўзини тозалашга кесак ишлатиб юрган халқ тараққиётда қандай каромат кўрсата оларди?!
Қайсидир тарихий китобда ўқиганим бор: XIX аср ўрталарида Афғонистон орқали Бухорога юқори мартабали инглиз зобитлари келади ва Ҳиндистон вице-қироли номидан: «Русия императори тез орада Туркистонни забт этади, ҳозир қозоқ чўлларида мустаҳкам ҳарбий истеҳкомлар барпо этиляпти. Шошилинч равишда замонавий қурол-яроқ ишлаб чиқарилмаса, амир Темур замонидан қолган қилич ва қалқонлар билан юртингизни ҳимоя қилолмайсиз, мустақиллик бой берилади. Биз сарбозларингизни ҳарб илмига ўргатамиз. Хўш, дўстона алоқа ўрнатишга розимисиз?» деб аркони давлатга мурожаат этади. Ҳадеганда сас-садо чиқавермайди: қўшбеги Музаффархонга шикорга чиқишни таклиф этса, шайхулислом ҳарамда ҳомиладор бўлиб қолган хотинларнинг шаръий никоҳ масаласида ривоят айтиб ўтираверади... Меҳмонлар бошлиғи полковник Стоддарт дастурхончидан: «Мумкин бўлса, ҳожатга қоғоз топиладими?» дейди. «Ҳожатга?! Қоғоз-а?!» дейди дастурхончи таажжубланиб. «Оғзимизни артишга қоғоз бор, лекин ҳожатга ишлатадиган қоғозимиз соб бўлган эди. Маъзур кўргайлар...»
Дастурхончи инглизлар илтимосини амирга етказади.
– Астағфируллоҳ! – деб юборади Музаффархон соқолини тутамлаб. – Кофирлар тўхтовсиз зиндонга ташлансин!
– Олампаноҳ, улар ҳазрати Исонинг умматлари экан, – деб майингина эътироз билдиради тўпчибоши.
– Манга деса Мусонинг умматлари бўлмайдими! Зиндонбанд этилсин!
Подшонинг амри вожиб. Инглизлар дарҳол зиндонбанд этилади. Орадан кўп ўтмасдан асирлар Арк майдонида қатл қилинади.
– Ким бизнинг тоза имонимизни булғамоқчи бўлса, тўхтовсиз ўлим жазосига тортилажак! – деб жар солади ҳудайчи.
Бухоро амирлари имон фақат қоғозда бўлади деб ўйларди. Улар наздида қоғоз Оллоҳнинг каломи битилган табаррук мато ҳисобланарди. Муборак калом қоғоздан қалбга кўчмаса, қуруқ гапдан бошқа нарса эмаслигини ҳеч ким хаёлига келтирмасди.
Ота-боболар қоғоздагина, сиртдангина мусулмон бўлгани учун ҳам ғайридинлар ҳукми остида бемалол 130 йил итоатгўй қул бўлиб яшади. 130 йил давомида етти авлод келиб кетди. Қуллик руҳи бола-чақаларимизнинг қон-қонига сингиб улгурди. Наслимизнинг қонини янгилаш керак. Насл қонини қандай қилиб янгилаш мумкин?
Дарвоқе, сиртдангина мусулмон бўлиб юриши, ўйлаб қарасак, мангаям яхши экан. Асл ҳолига қайтса, маниям, қилаётган ишларимниям таниб қолади, бир кун ҳам чидамайди, бошидан улоқтириб ташлайди бу экстремистлар...
Яхшиси, мусулмончилик ўрнига миллий ифтихор туйғусини одамлар онгига сингдириш лозим. Шу пайтгача пахта ўзбекларнинг миллий ифтихори ҳисобланарди.
«Пахта терсанг, тоза тер, чаноғида қолмасин» деган мисра билан бошланадиган шеърни боғча болалари ҳам ёддан биларди, уни ҳар ким ўз мақомига солиб хиргойи қилиб юрарди.
Ўсимлик ҳатто стратегик хомашё манбаи бўлса ҳам миллий ифтихор тимсоли бўлиши мумкинми? Афсус, мумкин экан. Ҳозир ҳам ҳар-ҳар замонда пахтага алоҳида меҳр-муҳаббат қўзғатиб тураман. Лекин, барибир, халқимизнинг миллий ифтихор ориентациясини ўзгартириш пайти келди. Шу мақсадда пойтахтда “Бунёдкор” футбол командаси ташкил ҳам этилди. Айтмоқчи, бошланишида “Қурувчи” бўлиб ташкил бўлган эди, икки-уч йилдан кейин “Бунёдкор” бўлиб қолди. Қурувчи – тоза ўзбекча сўз эди. Нимаси ёқмай қолдийкан қизимга? Ҳай, майли. Ёшларнинг ишига аралашмайлик. “Бунёдкор” бўлса бўлақолсин, ҳатто унга дунёга машҳур донгдор футболчилар, тренерлар жалб этилганига кўз юмиб турдим. Команда миллий чемпионатда муттасил карвонбошилик қиляпти. Аммо қайсар томошабинлар ҳамон стадионда «Пахтакор» командасини қўллаб-қувватлаяпти. Агар «Бунёдкор» билан «Пахтакор» учрашадиган бўлса, Ривалдо командасига майл билдирган «ФАН» клуби аъзолари стадиондан калтак еб чиқиб кетади... Бундай ярамас ҳолатга узил-кесил чек қўйиш лозим.
Бултур йиғим-терим авж олган кезларда воҳа пахтакорлари билан учрашувга бордим. Чаман очилган битта пайкални атайлаб манга асраб қўйишган экан. Вилоят ҳокими билан эгат оралаб юрсам, тўсатдан ариқчада бир тутам пахта тўкилиб ётганини кўриб қолдим. Бир нуқтага тикилиб турганимни кўриб ҳоким дарҳол энгашиб пахтани икки қўли билан ҳовучлаб олди. Бадбўй ҳид гуп этиб димоғимга урилди. Афтимни буриштириб, икки қадам орқага чекиндим. Сездим, кимдир ўтириб... у ёғи маълум – устини пахта билан ёпиб қўйган... Атрофга қарасам, ҳув нарида тансоқчиларимдан биттаси белига этак боғлаб ёлғондакам пахта териб юрибди. Унга кўрсаткич бармоғимни ниқтаб зўраки пўписа қилиб қўйдим. Ҳоким эса пахтани рўмолчасига ўраб қўйнига тиқиб олди. Кун бўйи ҳокимдан бадбўй ҳид таралиб юрди. Янглишмасам, тансоқчим тушлик пайтида саримсоқ пиёзга роса тўйиб олган экан.
Ростини айтсам, халқ ҳеч бўлмаса пахта билан тозаланадиган бўлибди-ку, деб ич-ичимдан хурсанд бўлган эдим. Афсус.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...