Чеҳрагулнинг онасининг исми
Омонгул экан. Омонгул гапга чечан, доғули хотин чиқиб қолди. Эркакка қўл
кўтарадиган хотиндан ҳар балони кутиш мумкинлигини олдиндан тусмол қилган эдим.
Тусмолим тўғри чиқди.
Игна билан битадиган ишга жуволдиз
тиқма, дейдилар. Бир кўнглим, бу ишни игна билан битирса ҳам бўлади деб ўйлаган
эдим. Шу баҳонада вазиятни аниқлаб, шунга қараб қадам ташлашни режалаштирганим
ҳам бор гап.
-Қулчиликка келдим, – дейди ҳожи
Жунаидхон. – Қизингиз Чеҳрагулни Қаламкаш укамизга сўраб келдим.
-Бахайр, – дейди Омонгул. – Қиз
бола гўё кўприк, ундан ит ҳам, бит ҳам ўтаверади. Агар тақдири қўшган бўлса,
майли, қарши эмасман. Аммо ман сизни танимайман, умримда биринчи марта кўриб
туришим. Эҳтимол, охирги марта кўришимдир. Кимсиз?
-Яхши ният қилайлик, синглим, яхши
ният қилайлик. Худо хоҳласа, биз ҳали яна кўп учрашамиз.
-Майли-да, ман кўнглимдаги гапни
айтдим-қўйдим, сиз хафа бўлманг.
-Ман ҳожи Жунаидхон бўламан...
-Шошманг, туркманмисиз, нима бало?
Нима қилиб ўзбекларнинг ички ишига аралашиб юрибсиз?
-Тоза туркманман дея олмайман-у,
аммо қонимизда туркман қони ҳам бор.
-Туркманларда “тоза” деган уруғ
бўлмаса керак. Ёвмуд бор, такаси бор...
-Йў-ўқ, ман уруғ маъносида эмас,
ота ва она томонидан туркманчилик тўғрисида гапирдим. Шу маънода тоза туркман
эмасман, аммо бир томонимиз Дўрткўл туркманларига бориб қадалади.
-Қайси томонингиз?
-Она тарафимиз туркманлардан.
Катта момомизни катта бобомиз Дўрткўлдан опқочиб келиб уйланган экан.
-Э-э, бу гапингиз тўқимага
ўхшайди. Чунки туркманлар қозоқлардан фарқ қилади. Уларда қиз болани бегона
элат йигити опқочиб кетса, орқасидан бориб пичоқлаб ўлдириб келишади. Орият
кучли бўлади.
-Билмадим, синглим, эҳтимол катта
бобом ориятсизроқ туркманнинг қизини опқочиб келгандир, у ёғини аниқ билмайман.
-Кўриниб турибди, катта бобонгиз
аҳмаққа ўхшамайди. Туркман деб бирорта қозоқ-позоқ қизни отга ўнгариб қочган
бўлса ҳам ажабланмайман.
-Қўйинг, синглим, марҳум бобомни
гўрида безовта қилмайлик. Агар аждодимизда туркман қони бўлмаганда отам манга
Жунаидхон деб исм қўймасди. Келинг, муддаога кўчайлик: қизингиз Чеҳрагулни
Қаламкашга берасизми-йўқми?
-Ие, қизиқ одам экансиз-ку! Ҳали
ўзингиз билан тузукроқ танишганим йўқ, бирдан томдан тараша тушгандек... Ахир,
биз от-потни савдолашаётганимиз йўқ-ку! Буни умр савдоси дейдилар.
-Ҳа, хўп, кечирасиз. Ман айтадиган
гапимни айтдим, энди ўзингиз нима дейсиз?
-Билмайман, нима дейишим керак
экан?
-Бир нарса денг-да!
-Бош-кетини ўйлаб олайми, ахир!
Шошган қиз эрга ёлчимайди.
-Бўпти, шоширмайман. Уч-тўрт
кундан сўнг яна хабар оламан. Унгача қизингиз билан ҳам маслаҳатлашиб кўринг.
Хайр.
-Хайр, – деб Омонгул совчини
совуққина кузатиб қолади.
Ҳожи Жунаидхон оқшом чоғи
қароргоҳимга келиб бўлган воқеани қисқача гапириб берди.
-Энди ман у ёққа қайтиб бормайман,
– деди.
-Нега?
-Онаси шу бўлса, қизи Қаламкашнинг
бошида ёнғоқ чақади! Эри ҳам бекордан-бекорга қирққа етмасдан ўлиб кетмаган
бўлса керак!
Кулиб юбордим.
-Хотиржам бўлинг, Қаламкаш
аллақачон қирқдан ўтиб олган. Қолаверса, Қаламкашга қаттиққўл хотин керак;
жиловини маҳкам ушламаса, тўрвасини йўқотган жувонбоз девонага ўхшаб
кўчама-кўча санғиб юришни тўхтатмайди.
-Қаламкашнинг характери шунақа
бўлса, бечора қизнинг умрини куйдириб нима қиламиз? Қўйинг, Чеҳрагул ўз тенгини
топиб бахтли бўлсин.
-Чеҳрагулнинг умри куймайди.
Қаламкашнинг киндиги иссиққа тегса, босилиб қолади.
-Сиз қайдан биласиз?
-Кўнглим сезиб турибди... Манга
қаранг, орқангизда ўзим турганимни Омонгулга айтдингизми?
-Йўқ, айтганим йўқ. Нима, айтишим
керакмиди?
-Ие, нега айтмадингиз? Айтишингиз
керак эди-да, ҳеч бўлмаса, гап орасида шипшитиб қўйишингиз лозим эди.
Ҳожи Жунаидхон бирпас ўйланиб
майин жилмайди.
-Чеҳрагулга сиз уйланасизми ёки
Қаламкаш? – деб ўсмоқчилаб сўради.
-Ҳазилингиз қурсин! Мани хотиним
бор-ку, Чеҳрагулни нима қиламан! Унга Қаламкаш уйланади.
-Бўпти-да, сизни аралаштириб нима
қиламан.
-Ғариб Қаламкашнинг орқасида
жиддий одам турганини билса, Омонгул сал-пал юмшармиди, ён босармиди дейман-да!
-Уч-тўрт кун ўтсин-чи, кейин яна
хабар оламан. Ўшанда, балки қистириб ўтарман.
-Шундай қилинг. Сиздан нима кетди,
карнайчидан бир “пуф”-да!
Ҳожи кулимсиради:
-Лекин карнайчи билан совчининг
фарқи бор, – деди.
-Ман шунчаки омади гапни айтдим-қўйдим,
хафа бўлманг.
Шу оқшом ярим кечагача ҳожи
Жунаидхон билан гангир-гунгур гаплашиб ўтирдик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий