среда, 18 апреля 2018 г.

77. Жунаидхон совчиликка боради


Ҳасанали хиёнат қилди.
Хиёнаткорлик Ҳасаналининг қонида бормиди?
Жуда бошим қотди. Бош-кети йўқ жумбоққа жавоб излаб “Ўткан кунлар”ни титкиладим. Эски китобдан ўзимга қаноат ҳосил қиладиган жўяли таскин топа олмадим. Агар эски-туски китобларда замонавий муаммоларга ҳам тап-тайёр жавоб ёзиб қўйилганида, эҳтимол, ҳаётнинг қизиғи қолмасди ва: “Огаҳий, эмди санга ўлмоқдин ўзга чора йўқ”, деб бемалол оёқни узатиб бандаликни бажо келтириш лозим бўларди.
Пароканд кун оралатиб ҳузуримга киради. “Китобни ўқиб бўлган бўлсангиз, опкетмоқчийдим”, дейди гап орасида астагина. “Тура турсин”, дейман. У гуноҳкорона бош эгиб хонамдан чиқиб кетади. Бечора-ей, китоб баҳонасида ҳузуримга ташриф буюраётганини аллақачон девон аҳлига овоза қилганини билмайди деб ўйлайди: ҳузуримдан елкасини қисиб чиқиб қабулхонага қадам қўйган заҳоти бир силтаниб юзига ёпиштириб олган қуён ниқобини сидириб олиб, елкасига арслон терисидан тикилган поча-пўстин ташлаб олишини кошкийди билмасам! Майли, ўзини бошқалар наздида арслонга ўхшатаверсин. Бу курраи ногирон ҳам эркакман деб бош кўтариб юрибди; бавосили ғуррага айланиб кетганига қарамасдан, уролог Светлана Ортиқова стационарда ётиб даволаниш тўғрисида тавсиянома ёзиб берган бўлса-да, элим деб, юртим деб жонини жабборга беряпти. Шу ҳолатда уни ҳаёт мазмунидан бенасиб этиб қўйсам, инсофдан бўлмас.
Китобни беҳафсала варақлаётиб илгари нечанчи борадир ўқиганим парчага баногоҳ тикилиб қолдим:
“Ўзбекойим депсиниб-депсиниб эрига қараб олар эди. Анчагина сўзсиз ўлтирғандан сўнг ҳожи мулойимона сўз очди:
-Ўғлим, ҳали сан эшитдингми-йўқми, ҳайтовур, биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдик.
Отабек, маълумки, уларнинг “қилиб қўйған ёки қилмоқчи бўлған ишлари”ни билар эди. Шундоқ бўлса ҳам билмаганга солинди:
-Ақллик кишиларнинг ўғиллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас, – деди”.
-Топдим! Эврика! – деб китобни ёпиб, адютантимни чақирдим. У остонада пайдо бўлган заҳоти: – Ернинг остидан бўлса ҳам ҳожи Жунаидхон дўстимни топиб келгин! Ман уни охирги марта Бурчмуллада ёнғоқ қоқиб юрганида кўрган эдим. Ҳойнаҳой, Иноят Махсум ҳожининг ҳар бир қадамини ўлчаб юрган бўлса керак, қаердалигини ундан сўра! – дедим.
Адютантим топшириқни адо этиш учун гўё қанот чиқариб учиб кетди.
Ҳасаналигаям... унга ўхшаганларгаям... Ўқимаган жоҳил одамлардан ҳеч қачон чинакам дўст чиқмаган. Барча фисқ-фасод, фитна оми одамлардан, оми одамлардан ташкил топган оломондан чиқади. Э-э, ўргилдим улардан! Оми одамга, оломонга яхшилик қилгандан кўра, бўш пайтларимда ҳўкизнинг қулоғига танбур чертиб ўтирганим афзал. Эҳтимол, халқ ҳофизи Маҳмуд Тожибоевдан танбур чертиш сирларини қунт билан ўрганарман. Майли, у ёғини ҳам кейин кўраверамиз, ҳозир бўладиган иш билан шуғулланганим маъқул.
Бенаво кимсанинг кўнглини шод қилмоқдан аълороқ савоб бўлмаса керак. Қаламкашни хурсанд қиламан, унга қўлимдан келганча яхшилик қиламан. Лекин ўзига билдирмайман. Зеро, ўнг қўл қилган савобни чап қўл билмаслиги лозим.
Ҳожи Жунаидхонни совчиликка жўнатаман. У Хирмонтепага бориб Чеҳрагулнинг онаси билан учрашади: “Қулчиликка келдим”, дейди. Қизнинг қўлини сўрайди. Бўлажак келинимизнинг онасининг исми нима экан?.. Э-э, исмининг нима аҳамияти бор! Муҳими – Чеҳрагулнинг онаси жанговар хотин. Ахир Қаламкашнинг башарасига унча-мунча хотин тарсаки тортиб юборишга журъат этолмайди. Бўйини кўриб мирзатеракми, нима бало, деб ўйлайди. Унга қўл кўтаришга эркаклар ҳам ҳайиқади. Аммо Чеҳрагулнинг онаси таптортмасдан қулочкашлаб тарсаки тортиб юборади, маладес!
Ишончим комил, ҳожи Жунаидхон савобли ишдан асло бўйин товламайди. Ўзи доим савоб қидириб юради. Илгари ёзганманми-йўқми, эсимда йўқ, бўшаб қолсам “хотира дафтари”мни яна бир бора варақлаб кўраман, лекин бизнинг илк учрашув қизиқ бўлган, қизиқ бўлгани учун ҳам эсимда сақланиб қолади.
-Манга қаранг, ҳожи, Жунаидхон тарихда ўтган қонхўр фигуралардан биттаси бўлса, унинг исмини кўтариб юришга ор қилмайсизми? – деб сўраганман.
Ҳожи бош чайқаб кулади:
-Ўрислар ёзиб кетган сохта тарихга қачонгача ишониб юрамиз?! Асл манбаларни қачон ўрганамиз?
-Шошманг, дўстим, сиз Жунаидхонни ҳам оқламоқчимисиз? Охирги Хива хони Исфандиёрни қатл эттириб тож-тахтни эгаллаб олган мансабпарастни оқлаш мумкинми?
-Исфандиёр Хивада хон бўлган, Жунаидхон ёвқур туркманларнинг сардори бўлган. Улар бир-бирини ҳурмат қилган; бирови бошқасининг ички ишларига аралашмаган. Икки лидер орасидаги бирдамлик давом этса, ўрислар Хуросонда ўз ҳукмронлигини ўрната олмасди. Шу боис улар ўртасига қутқу солади. Русияда инқилоб бўлади, ҳокимият Жаҳонгир Йўлчиевнинг боболари бўлмиш большевиклар қўлига ўтади. 1918 йил. Ҳамма жойда мавжуд тузумдан норози бўлиб юрган мухолиф кучлар бўлади. Хивада ҳам бор эди. Улар ўзларини “ёш хиваликлар” деб атарди. Хон уларни Тошкентга қувиб юборади. “Ёш хиваликлар” жадидлар билан яқинлашади, жадидлар воситасида Туркистон Халқ комиссарлари кенгашининг раиси Фёдор Колесов билан танишадилар. 26 яшар Ф. Колесов қизил қўшинга ҳам қўмондон эди. У Ашхабодга юриш қилади, Бухорога юриш қилади. Ўлкани алғов-далғов этиб юборади, сувни лойқалатади. “Ёш хиваликлар” билан пинҳона учрашиб уларни фитна чиқаришга ундайди. Колесовнинг йўл-йўриқлари асосида “ёш хиваликлар” гўё Исфандиёрхон номидан: “Генерал Колесовга арзим шулким, каллакесар Жунаидхонни ўлдириб бошини манга келтириб берсангиз, ман сизга Ичонқалъа калитини топшираман ва Шўро ҳокимиятини тан олиб измингизга ўтаман, барча буйруқларингизни сўзсиз бажо келтираман”, деб мактуб битадилар. Унга: “Олампаноҳ Исфандиёрхон жаноблари! Мактубингизни олдим, таклифингизни ўйлаб кўраман, Москвадаги жаҳонгирлик даъвосида юрган ҳомийлар билан кенгашиб, тез орада қониқарли жавоб бераман. Ҳозирча мана шу мактубни ўзингиз ёзганингизни яна бир бора тасдиқлаб, остига муҳр босиб беришингизни сўрайман. Асл нусха мактубингиз ишончли одамдан қайтариб юбориляпти”, деб жавоб ёзиб юборади. “Ишончли одам” Чоржўйда тасодифан Жунаидхоннинг “ишончли одами” билан учрашиб қолади ва мактубни юз тилло эвазига Жунаидхоннинг одамига сотиб юбориб, ўзи ғойиб бўлади. Жунаидхон тузоққа илинади: лафзига вафо қилмаган Исфандиёрхонни қасамига хиёнат қилгани учун одам жўнатиб ўлдиради. Қарабсизки, ўзбеклар билан туркманлар ўртасида ишончсизлик бошланиб, охир-оқибат омонат мустақиллик ҳам бой берилади... Хўш, бу тарихда кўпроқ Жунаидхон айбдорми ёки ўрислар ёхуд “ёш хиваликлар”ми?
Ҳожи дўстимдан Жунаидхон воқеасини эшитиб, ростини айтсам, ёқамни ушлаган эдим. Қаерда қонли тўқнашув бўлса, ўша ерда албатта ўрисларнинг қўли бўлган... Жунаидхон шахсиятига тарихий манбаларга суянган ҳолда қайта баҳо бериш лозим, шекилли. Умуман, шўро давридаги Туркистон тарихини ўзимизга хос ва ўзимизга мос равишда қайта кўриб чиқсак, манимча, мақсадга мувофиқ бўларди.
Майли, ҳожи Жунаидхон совчилик миссиясини адо этиб қайтсин-чи, кейин у ёғини ҳам кўраверамиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...