АҚШга қочиб кетган Ҳасанали CNN
телекомпаниясига интервью бериб юборди. Орқасидан юборилган чопар интервью
ёзилган видеокассетани кўтариб сўлжайиб қайтиб келди. Кассетани ёлғиз ўтириб
телевизорга қўйиб кўрдим. Ўша ман билган Ҳасанали орқасида океан шовуллаб
турган соҳил бўйида кажава-ўриндиққа ястаниб ўтирган ҳолда экранга қараб
бамайлихотир сўзлар эди:
– “Ман халқимизнинг одам бўлишидан
тамоман умидимни узиб қўйдим. Эсимни таниганимдан буён амал демай, мансаб
демай, фақат мусулмонлар манфаатини кўзлаб яшадим, охир-оқибат ўзим уч-тўртта
манфаатпараст амалдорлардан ёш боладек алдандим, уларнинг қўлида бир умр
қўғирчоқ бўлганимни ниҳоят англаб етдим. Юртменбоши ҳам бир ҳовуч
муттаҳамларнинг чиркин фикрларини инобатга олади, лекин манга ўхшаган оддий
одамлардан бир оғиз кенгаш сўрамайди, чунки у оддий халқни бир пулга олмайди.
Ҳолбуки, уни Калбош, Кампирияк каби балолардан огоҳ бўлишга чақирган
жонкуярлардан биттаси ўзим эдим. Афсус, шу пайтгача ўша бошибузуқларнинг сўзи –
сўз, кенгаши – кенгаш бўлиб келди. Ҳозир уларнинг ўрнида ўтирган амалдорлар ҳам
улардан бешбаттар... Бўлмаганга бўлишмоқчи бўлиб умрим қандай қилиб ниҳоясига
етиб қолганини ўзим ҳам билмайман. Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил
бир тўда манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим саксонга етиб ҳам бир вақт
бўлсин, ибодатимни жаноби Ҳаққа бевосита йўналтирганимни ва кўнгил кўзим очилиб
қилган саждамни хотирлай олмайман. Охирги алданишим эса, Ҳақ тарафидан бир
танбеҳ, бўлмаганга бўлишмоқчи бўлганим учун аччиқ бир киноядир. Энди мундан
кейин қолган беш кунлик умрим дунё можароларидан четроқда охират тадоригини
кўрмоғим учун ғанимат кўринади... Бизнинг каттадан-кичигимизнинг
топган-тутганимиз фақат бош олиш, бегуноҳ инсонларни зиндонга солишдан иборат.
Ўйлаймизки, гўё пешма-пеш бош олиб, зиндонлар тўлдириб турилса, бас, ўзимиз бу
ёқда тараллабедод этиб юраверамиз. Надоматлар бўлғайким, ман кўп умримни шу Юртменбошининг
тинчлиги ва осойишталиги учун сарфлаб ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил
қилолмадим. Иттифоқ нелигини билмаган, шахсий манфаати йўлида ҳеч нарсадан
қайтмайдиган мансабпараст, дунёпараст, шуҳратпараст, жиззаки, мунофиқ, муттаҳам
раҳбар бошимизда барқарор экан, биз ҳеч қачон одам бўлмаймиз. Биз унинг етовида
кетадиган бўлсак, бир-биримизнинг тагимизга сув қуяверсак, шак-шубҳасиз,
яна-тағин истибдод чангалига тушамиз. Истиқлолни қўлдан бой берамиз. Шундоқ ҳам
ҳозирги истиқлолдан халқ безиб бўлган. Ундан кўра Совет Иттифоқи яхши эди, ҳеч
бўлмаса, Москвага бориб Ленин бобо мақбарасида ўзимизни ерга ташлаб дод-фарёд
кўтарсак арз-додимиз Кремлга етиб борарди. Энди мазлумлар кимга арз-додини
айтишни ҳам билмайди. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлган. Одамлар бефарқ бўлиб
қолган, ҳаммани мудроқ босган. Ўлкамизни ҳалокат чуқурига қараб судраб
бораётган дажжол қачон Тангри таолонинг қаҳрига учрайди?! Гуноҳсиз бечораларни
қонқара қақшатиб, норасида болаларни етим қолдираётган малъун қачон Гаага
трибуналида қонхўр Каражичга ўхшаб жавоб беради?! Бундай аччиқ саволларнинг
жавобини ҳеч ким билмайди. Ман ҳам билмайман. Билганим шуки, бу дунёдан қўлни
ювиб қўлтиққа урмоқдан бошқа илож қолмади...”
Ҳасанали охирги сўзини айтиб
ўрнидан туради ва океан томон ялангоёқ одимлайди. Қумлоқ соҳилдан бир-бир босиб
океан қаърига кириб бораверади, тўлқинлар пойига келиб урилаверади. Уфқда
баркашдек қуёш қип-қизариб турарди.
Мияси айниган чол! Ўзини “Ўткан
кунлар”даги Юсуфбек ҳожи ўрнида ҳис этяпти шекилли, аҳмақ! CNNга интервью
берсам, Лондондаги қилмишим ҳамманинг эсидан чиқиб кетади деб ўйлаяпсанми?!
Ярамас, эчки! Оппоқ соқолим бор,
ман нима десам одамлар лаққа тушиб ишонаверади деяпсанми?! Бекорларнинг
бештасини ебсан! Лондондаги саргузаштларинг асосида ноёб ҳужжатли фильм
тайёрлатиб телевидение орқали намойиш эттириб юборай-чи, ундан кейин сан билан
саломлашаман.
Ҳасаналининг ичи фисқ-фасодга тўлиб
кетган экан. Ман шу пайтгача қўйнимда илон сақлаб юрган эканман. Афсус. Минг
бора афсус.
Комментариев нет:
Отправить комментарий