понедельник, 2 апреля 2018 г.

31. Тараққийпарвар қишлақилар


Аҳолининг етмиш фойизи қишлоқда яшайди. Қишлоқ аҳолисининг етмиш фойизи эса деҳқончилик билан шуғулланади. Чорвадорлар, мардикорлар ҳам асосан қишлоққа боғланган бўлиб, умумий аҳолининг чорак қисмини ташкил этади. Уларнинг битта оёғи тўрда бўлса, битта оёғи гўр ёқасида туради.
Аксарият ҳамқишлоқлар, шаҳарда дордан қочган одамлар яшайди, деб ўйлайди ва ўз ақидасига қатъиян ишонади.
Шаҳарликлар қўлини совуқ сувга урмайди. Бошидан иссиқ сув сочиб ювинади. Оғзини нонга артиб, ахлатдонга ташлаб юборади. Бола-чақасининг ёнида эр-хотин бир-бирига ишқаланаверади. Бўйдоқ йигитлар лифтга кирган хотин-қизларнинг у ёқ-бу ёғини анави ғижжакчига ўхшаб эзғилаб, ялаб-юлқайди. Хоналари устма-уст бўлганидек, ҳожатхоналари ҳам устма-уст: бир пайтда кириб қолинса, ҳамма бир-бирининг бошида ё остида ўтираверади. Кулгили. Шаҳарликлар ҳамма нарсани пулга сотиб олади: сут-қатиқ, совуқ ва иссиқ сув, тухум, нон – ҳаммаси фақат нақд пулга берилади. Бизда мева-чева текин, сут-қатиқ ва тухум ўзимиздан чиқади. Лифт ҳам йўқ. Бола-чақа қоронғи тушган заҳоти ўтирган жойида донг қотиб ухлаб қолади; оёқ-қўлидан судраб ўрнига элтиб қўйилса, хўроз қичқиргунча қулоғини ўғри кесиб кетса ҳам сезмайди. Эр-хотин айвон-долондами, сандал ёнидами, бирорта бўш хонадами, ишқилиб, дуч келган жойда очомлашиб ётаверишади. Болалар уйғониб қолмаса – марра уларники. Хўш, фаровон ҳаёт кечириш учун яна нима керак?
Пахтакорга ўтган замонда қийин бўлган, ҳозир ҳам қийин, келаси замонда ҳам қийин бўлади. Пахта очилгунича қирқ-қирқ беш фойиз меҳнат сарфланса, уни териб олиш учун эллик беш-олтмиш фойиз меҳнат сарфланади. Битта чаноқда, тахминан, 5 гр. пахта бўлади. Совет пайти 4 гр. бўларди, истиқлол шарофати билан 5 гр. деб кўрсатиляпти. Бир туп ғўзада икки-учта кўсак очилган бўлса, 50 гр. пахта териб олиш учун тўрт-беш туп ғўза пайпаслаб кўрилади, сўнгра олдинга бир қадам ташланади. Икки юз дона чаноқдан бир кило пахта териб олинади. Ўн қадамдан ярим кило, йигирма қадамдан бир кило пахта чиқса, эллик кило пахта териш учун теримчи ўн минг марта олға қадам босади ва ўрта ҳисобда тўрт-беш километр масофани босиб ўтади. Бир кунда юз кило пахта терадиган илғор теримчилар энг камида саккиз-ўн километр масофани босиб ўтмоғи лозим. “Челси”да тўп сурадиган Баллак, “Реал”га ўтиб кетган Криштиану Роналду ҳам зарбдор учрашув чоғида 8-10 км. масофага югуради. Улар тўқсон дақиқа ҳалпилласа, пахта теримчилари тонгдан қора шомгача тиним билмайди. Битта футболчи бир ҳафта чопа-чоп қилиб бир юзу эллик минг доллар ҳақ олади, теримчилар эса умр бўйи ишлаб ҳам бир юзу эллик минг долларни кўрмай ўтиб кетади. Жаҳон юлдузи даражасига кўтарилган футболчиларни қўятурайлик, бурунги замонларда “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган ҳар бир учрашувдан сўнг газли сувдан бўшаган шишаларни йиғиштириб олган фаррошлар ўша вақтларда энг қиммат ҳисобланган “ГАЗ-24” маркали “Волга” енгил машинасига яраша даромад қилар экан деган мишмишлар кенг тарқалган эди. Ҳозирги фаррошлар макулатура тўплаб ҳам илғор теримчилар умрбод ишлаб топадиган маблағдан кўпроқ даромадни бир ҳафтада топади десам, манимча, кўпчилик фикримга қўшилса керак.
Ҳар бир деҳқон-фермер ўзи етиштирган пахта ҳосилини эмин-эркин жаҳон бозорига чиқариб сотсин, деган гаплар қулоққа тез-тез чалиниб туради. Маълумки, халқаро пахта бозори Англиянинг Ливерпул шаҳрида жойлашган. Ростини айтсам, “Ливерпул” футбол командасининг жозибали ўйинлари кишини ўзига ром этмаса, Ливерпул шаҳри ҳавас қиладиган жой эмас. Пахта бозорига Юртменистондек бутун бошли мамлакат яқин йўлатилмаётган бир замонда оддий бир фермерга йўл бўлсин!
Давлат буюртмасини ортиғи билан бажарган деҳқон-фермерларга йил якунларига кўра ғўзапоя, пахта мойи, кунжара, соларка, уруғлик бериляпти. Заводларда пахтани чигитдан ажратиб тола тайёрлаш, толани тойлаш, тойларни вагонларга ортиш, захирада қолган пахта толасини нес-нобуд қилмасдан омборларда асраб-авайлаш каби серчиқим вазифани давлат ўз зиммасига олган.
Қисқаси, деҳқон-фермерларга ҳозир мавжуд бўлган мустақиллик ҳам етиб ортади. Ортиқчаси ортиқчалик қилади. Биз бу мавзуга бошқа қайтмаймиз.
Қишлоқда онгли одамлар яшайди. Онгсиз одамлар шаҳарда яшайди. Ўқиш, иш, зўр қурилиш деб шаҳарга борган айрим ёшлар онгсиз бўлиб қайтиб кетади. Кейин уларни қайта тарбиялашга тўғри келади. Уларни ҳаётнинг ўзи тарбиялаб қўяди. Одамларнинг онг даражаси муҳит чегарасидан ташқарига чиқмайди. Ўша чегарани тобора мустаҳкамлаш лозим: фаровонлик қишлоқда, тараққиёт қишлоқда деб одамларни қатъиян ишонтириш керак. Бир нарсага қаттиқ ишонган одам унча-мунчага мувозанатдан чиқмайди. Мувозанат – барқарорлик гарови. Барқарорлик эса умрбод Юртменбоши бўлиб туришим учун қўзғалмас пойдевор ҳисобланади.
Яшасин, тараққийпарвар қишлақилар! Фаровон ҳаёт кечираётган қишлақиларга шон-шарафлар бўлсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...