Навоий шаҳрида жуда катта арақ
заводи бор. Исомиддин деган йигит завод директори. Уни бу ишга Калбош қўйган
(албатта, “ширинкамаси”ни олган). Удли-шудли йигит экан, ўн беш йилдан буён
ўрнини ҳеч кимга бермаяпти; ҳокимлар алмашиб кетади, вилоят миқёсидаги
қанча-қанча амалдорлар қамалиб кетади, лекин Исомиддин доим тегирмондан бутун
чиқади. Пули кўпайиб кетса ҳам, асло ўзидан кетмайди. Битта нуқсони бор –
хотинни ҳам бойликка тўғри пропорционал равишда кўпайтириб боради. Бир миллион
доллар пул тўплагунча битта эски хотинга қаноат қилиб яшади. Пули икки миллион
бўлгач, иккинчи хотинга уйланди, сўнг учинчисини олди. Ҳамма хотинларига
Навоийдан уй-жой қилиб берган. Тўртинчи хотини ўн саккиз яшар гўзал тожик қизи
Гулрухсор эди. Гулрухсорни шаръий никоҳига олиб қишлоқда (Нуротанинг тоғли
Накурт деган қишлоғида) истиқомат қиладиган етмиш беш яшар энасига кўрсатади.
Гулрухсор иболи қиз эди, кампирга маъқул бўлади. “Кундошларингни заҳарлаб ўлдириб юрмагин, болам.
Кундошларингди ўлдириб қўйсанг, болам, Исомиддин уларди ўрнига дарров янгисини
олиб сани баттар куйдиради”, дейди кампир. Кенжа келинга қайнонасининг гаплари
маъқул бўлади; у кундошларини заҳарлаб ўлдирмасликка ваъда беради.
Накуртдан қайтишда Гулрухсор
кўтаринки кайфиятда келаётган эрига суйкалиб: “Энамни ҳам қишлоқдан кўчириб
кетайлик, илтимос. У киши ман билан яшайди, ўзим парвариш қиламан”, дейди. “Йўқ, овора бўлма, энам шаҳарда яшай
олмайди”, деб эътироз билдиради Исомиддин. “Вой, нима деяпсиз! – дея Гулрухсор
эрининг ўнг қўлини ушлаб аста қорнига босади. – Сезяпсизми, ўғлингиз
қимирлаяптими... – дейди. Энтикиб давом этади: – Энамга ҳам, ўғлимизга ҳам тоза
ҳаво керак”. “Қанақа тоза ҳаво? Нима деяпсан ўзи?” дея Исомиддин “Жип”нинг тезлигини
оширади, қўлини Гулрухсорнинг қорнидан олмайди. “Санобар опам шоира бўламан деб
Тошкентга борган, у ерда Дўрмон деган Ижод боғи бор экан, боғнинг орқасида
шоир-ёзувчилар ғуж-ғуж яшайдиган маҳалла бор эмиш, маҳаллада эгаси қурилиш
бошламаган боғчалар ҳам бор эмиш...” Исомиддин Гулрухсорнинг шоира бўламан деб
Тошкентга бориб, уч-тўрт йилдан сўнг иккита бола орттириб яна Карманага қайтиб
келган Санобар исмли опаси борлигини биларди; гарчанд ўзини кўрмаган бўлса ҳам,
уч-тўрт ой бурун Гулрухсорнинг илтимосига кўра вилоят нашриётига ўн миллион сўм
пул ўтказиб, Санобарнинг “Ишқингни авайла” номли шеърий тўпламига ҳомийлик
қилади. Тўплам чиқдими-йўқми, билмайди. “Шунақами? – дейди йўлдан кўзини узмай
Исомиддин. – Кундошларингдан узоқроқда яшамоқчимисан?” Гулрухсор эрининг қўлини
қўлига олиб юзларига босади: “Боя нима дедим?! – дейди нозланиб. – Энам билан
бирга яшамоқчиман”. Исомиддин мийиғида кулади: “Энам энди Ижод боғида
яшасинми?..”
Ғозғон мармар кони рўпарасида ярим
ҳазил-ярим чин йўсинида бошланган хомаки режа бир ойдан сўнг жиддий тус олади:
Исомиддин ўз ишлари билан Тошкентга борганида атайлаб Қибрай томонга бориб
Ёзувчиларнинг Ижод боғи қаердалигини сўраб-суриштиради. Боғни топиб боради,
орқа тарафдаги ижодкорлар маҳалласига ўтади. Ростдан ҳам Чўлпон Эргаш, Нилуфар,
Баққи Чол деган шоирларнинг олти сотихлик боғчалари бўш ётган экан;
қўни-қўшниларидан уларнинг телефон рақамларини топиб, бир-бир сим қоқади.
Гаплашади. Бўш ерларни сотиб олади. Ерларни талаба жиянининг номига
расмийлаштиради. Сўнг тажрибали меъморни топиб, қурилажак иморатнинг лойиҳасини
чиздиради. Қурилиш ҳисоб-китобини ҳам чамалаб кўради. Пудратчи топади.
Пудратчининг қўлига нақд пул бериб, Навоийга қайтади. Гулрухсор янгиликни
эшитиб ниҳоятда қувонади: “Сизга янги меҳмонни янги уйда ҳадя этаман”, дейди.
Бироқ, янги уй қурилиши бир йил давом этади: ертўласи ҳам бир қаватли уйдан кам
бўлмайди; тўртта ётоқхона, тўртта ваннахона, тўртта ҳожатхона, этак тарафда
(Баққи Чолнинг ерида) алоҳида меҳмонхона барча қулайликлари билан барпо этилади.
Ҳовлига ток экилади, ўттиз туп шудрунг тусли арча кўчати ўтқазилади, арчазор
тагида чимзор... Кўркам ҳовли бунёд этилганида Гулрухсорнинг қўлидаги чақалоқ
олти ойлик бўлган, қорнида яна битта уч ойлик ҳомила пайдо бўлган эди. Биринчи
бола билан иккинчи бола орасида бир йиллик тафовут бор холос. Янги ҳовлига
Гулрухсор кўчиб келади. Жиҳозлар ўрни-ўрнига қўйилади. Кампир қишлоқдан янги
ҳовлига кўчиб келишни хаёлига ҳам келтирмайди: на Гулрухсорнинг гапларини
эшитади, на Исомиддиннинг гапларига қулоқ солади. Исомиддин битта “нянка”
ёллайди, унга маош тайинлайди. Олти ойдан сўнг Гулрухсор иккинчи ўғлини ҳам
дунёга келтиради. Кенжатой олти ойлик бўлгач, ҳатто жаннатмонанд бўлса-да тўрт
девор орасида яшагандан кўра, кундошларининг қовоқ-тумшуғига қараб Навоий шаҳридаги
бирорта уч хонали квартирада яшаш минг марта афзал экан, деган хулосага келади.
Йиғлаб-сиқтаб, охири кўчириб кетишга эрини кўндиради. Исомиддин ҳар ойда
Тошкентга икки марта келиб турарди, янги ҳовлисида ҳар куни ўн олти соатдан
ухлаб-ухлаб кетарди. Оромдан маҳрум бўлишни истамайди-ю, лекин ёш хотинни
ўчакиштирмасдан Навоий шаҳрига кўчириб кетади.
Энди янги ҳовлини сотиш керак.
Унга ҳадеганда харидор топилмайди. Исомиддин фойда кўришни ўйламайди, фақат
қурилишга кетган харажат қопланса, бас, дейди. Иморат харажати ҳам бир миллион
долларга яқинлашиб қолган экан. Ҳовлига қоровул қўйилган, қоровулга ҳар ойда
икки юз доллардан ҳақ берилади. Боз устига, у озиқ-овқат билан таъминланади...
Бу орада эски муфтини ишдан
бўшатдим. Янги муфтини ўзимиздан келтирдим. Илгари у Имом Бухорий зиёратгоҳида
имомлик қилган. Махдуми Аъзам авлодидан, муридлари ҳам кўп. Хоссатан,
Исомиддиннинг ота-боболари ҳам Махдуми Аъзамга мурид бўлган экан. Янги
муфтининг оиласи катта, у беш-ўн хонали уйга
сиғмайди. Тошкентга кўчиб келиб рўпарама-рўпара жойлашган иккита тўрт
хонали квартирада ҳам яшаб кўрди. Бола-чақалари илгари кўп қаватли уйларда яшаб
кўрмаган экан, шу боис янги жойга кўника олмади. Хотини тез-тез Самарқандга
кетиб қолаверди.
Ажойиб кунларнинг бирида Исомиддин
Тошкентга келганида пирини ҳам йўқлаб Ҳасти Имомга бориб, диний идорага кириб,
атаб қўйган омонатини енг учида пирига узатади. Хижолатпазликдан қутилиб, у
ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришиб, Ижод боғида Исомиддиннинг ҳовлиси борлиги маълум
бўлиб қолади: “Пирим, шу жойни сизга ижарага бераман”, дейди мурид. “Ие, қандоқ
бўлар экан? Одамлар нима дейди?” “Э-э, одамларнинг оғзига элак тутиб бўладими?
Қўйинг ўша оғзига кучи етмайдиган одамларди!” деб Исомиддин чўнтагидан
ҳовлининг калитларини чиқариб бериб, ўзи Навоийга жўнаб кетади.
Шундай қилиб, Юртменистоннинг янги
муфтиси Ижод боғида арақ заводининг директори барпо этган ҳовлида бола-чақаси
билан бахтли ҳаёт кечира бошлайди. Тарихда ҳали бунақаси бўлмаган бўлса керак.
Бунақа ҳодиса фақат Юртменистонда бўлиши мумкин. Мана, беш йилдирки, одамлар:
“Муфти арақ заводининг пайчиси экан, директори муфтига ҳомийлик қилар экан”,
деб гапириб юради. Гапирса – гапираверсин, барибир одамларнинг оғзига элак
тутиб бўлмайди. Қолаверса, ҳалолга ҳаромни аралаштириб қўйсанг, бошқариш осон
бўлиши тарих синовларидан ўтган. Мана, ҳамма ишимга, ҳатто динга қарши
ишларимга ҳам муфти фатво бериб юрибди. Бўларкан-ку!
Комментариев нет:
Отправить комментарий