Ҳасанали дипломат қиёфасида
Лондонга жўнаб кетгач, Оқбошни Аҳмад Хоразмий вақтинча боқиб турадиган бўлди.
Чамамда, у илгари ҳам мушукни бир-икки марта чўмилтирган бўлса керак; бирпасда
ўзига ўргатиб олди. Қачон боғ сайрига чиқсам Оқбош боғбон атрофида миёвлаб
юрган бўларди. Қисталоқ, чақирсам ҳам ёнимга келмасди. Ичида барибир кин қолган
экан: Ҳасаналининг тазйиқи остида атрофимда ўралашиб юрса ҳам, лекин кўнглида
кири бор экан. Бошидаги жароҳати битибди-ю, қалбидаги жароҳат битмабди-да!
Қароргоҳ адоғида итхона бор.
Қафасда ўн учта зотдор ит сақланади. Тунда оғзига намордник тақиб Қароргоҳ
ҳовлисига қўйиб юборилади. Ҳар бири ўзининг постхонасини, қўриқлайдиган
ҳудудини яхши билади. Ҳаммаси мани танийди. Сакбон қўйган исмини айтиб чақирсам,
дарҳол истиқболимга югуриб келишади; рўпарамда ярим доира олиб чўнқайиб ўтириб
олишади. Ит халқи мушук халқига нисбатан бефаросатроқ келади: уялиб-нетмай
“қизилча”ларини чиқариб, киндикларига қадаб ўтираверади.
-Буларни уйлантириб қўйиш
керакмикан? Ҳаммаси бўйдоқ, шекилли.
-Бўйдоқликка бўйдоқ, аммо бир
марта қанжиққа илакишса, кейин чидамайдиган бўп қолади; қафасни ғажиб ташлайди,
бир-бирининг гўштини еб қўяди, – деди Сакбон. – Яхшиси, қанжиқнинг ҳидини
билмасдан ўтиб кетгани афзал.
-Ишқилиб, гуноҳига қолмасак
гўргайди, – деб нари кетаман.
Гарчи кунда-кунора шампунлаб
чўмилтириб, юнглари қайта-қайта таралса ҳам ит ўтириб туриб кетган жойда
албатта бир тутам жун тўкилиб қолади. Негадир ерда тўкилиб ётган ит жунини
кўрсам жон-поним чиқиб кетади. Аллергиям бор, шекилли.
Ман укроп ҳидини яхши кўраман.
Ўзидан кўра ҳиди ёқимли, гуп этиб димоғимга урилса аъзои баданим яйраб кетади.
Бир гектар ерга атайлаб укроп эктирганман. Укропзорни Аҳмад Хоразмий назорат
қилади: хўжакўрсин газон-пазонлар ҳисобга олинмаса, эрта баҳорда табиий равишда
биринчи бўлиб укроп ўсиб чиқади; бирпасда ер юзасини қоплаб олади, бегона
ўтларни кўкартирмайди, одамнинг белига урадиган даражага етгач ўсишдан тўхтайди
ва қийғос гуллайди. Гуллаган пайтида укропзорда асалари ғужғон ўйнайди. Укропзор
ўртасидан узунасига энсиз сўқмоқ қилинган; марза тортилиб, усти шиббаланган,
дала йўлларини эслатиб туриши учун ҳеч нарса тўшалмаган, ўт-ўлан ўсиб ётади.
Сўқмоққа энгашиб қолган укроплар орқасига қайириб қўйилади. Тонг чоғида
укропзор бўйлаб сайр этишни яхши кўраман. Сўқмоққа қадам босган пайтимда қуёш
чиқмаган, ердан шабнам кўтарилмаган, асаларилар ҳали уйғонмаган бўлади. Сўқмоқ
бошига бориб изимга қайтаётган пайтимда Қурама тоғларидан қуёш мўралайди.
Баъзан унда-бунда бўй чўзиб қоладиган бегона ўтларни Аҳмад Хоразмий юлиб олиб,
бир қўлтиқ қилиб четдаги уватга чиқариб ташлайди. Кўпинча ман унинг шимининг
пойчалари, енглари шалоббо бўлган ҳолатда учратаман.
-Ҳорманг, оқсоқол! Шабнам
кўтарилгандан кейин ўтоқ қилсангиз ҳам бўлади-ку! Бунақада охир-оқибат аденома
касалига йўлиқмасангиз гўргайди! – деб койиган бўламан.
-Э-э, ёшулли, шабнам кўтарилгандан
кейин укропнинг эгаси келади; чақавериб аъзои баданимни шишириб юборади. Тўғри,
нектарнинг зарари йўқ, аммо кун бўйи пуфакка ўхшаб шишиб юрсам, бировнинг кўзига
ёмон кўринаман. Ҳовва! Шабнам тушган пайтда ўтларнинг томири ҳам ивиб қолади,
осон юлинади, остидан қўпорилиб чиқмайди. – Қўлтиғидаги ўт-ўланни уватга ташлаб
қайтгач, укропзор оралаётиб бирпас тин олади. – Илмий адабиётларда “укроп
соябонгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик, камдан-кам ҳолларда икки
йиллик тури учрайди” дейилади. Кизиғарлар, оғзига келганини ёзаверади, ўзлари
укроп экиб кўрмаганми, нима бало?! Мана, беш йилдан буён остига тўкилган
уруғидан кўра, илдизидан кўпроқ униб чиқяпти-ку! Энди, аденома масаласига
келсак, ёшулли, у кун бўйи бир жойда қилт этмасдан ўтирадиган одамларда пайдо
бўлади. Укроп – доривор ўсимлик, уруғидан спазмолитик модда – анетин препарати
олинади. Ҳидидан чиқадиган шифобахш моддалар эса тўғридан-тўғри ҳаво йўлларидан
ўпкага ўтиб қонга сўрилади. Ҳовва!
-Маъқул, – дейман кулимсираб. –
Қари билганни пари билмайди.
-Ҳовва! – дейди боғбон укропзор
оралаб кетар экан.
Укроп худди сабзига ўхшаб
гуллайди, сабзига ўхшаб уруғлайди. Гуллари айнан соябонга ўхшайди. Эҳтимол, шу
сабабдан соябонгулдошлар оиласига мансуб бўлса керак. Илмий адабиётларда, ҳеч
бўлмаса, сиртқи кўриниши тўғри тасвирланган экан.
Орадан уч кун ўтган бўлса ҳам
Ҳасаналидан дарак бўлмади. Нима бало, Резидент уни кўздан йўқотиб қўйдимикан?..
Ҳар куни уч марта йўқласам, Иноят Махсум: “Ҳамма иш биз ўйлагандек давом
этяпти”, деб мани ишонтирарди. Майли, дедим, арқонни узунроқ ташлаб қўйиш
керак.
Субҳи козибда уйғониб кетдим.
Қарасам, дераза ёришиб турибди. Ювиниб-тараниб ташқарига чиқсам, ие, ҳаммаёқ
қоп-қоронғи эди. Боя деразадан кўринган ёруғликдан ном-нишон йўқ. Соатга кўз
ташласам, ҳали эрта экан – тонг отишига бир ярим соатдан мўл вақт бор эди.
Бекорга субҳи козиб “ёлғончи тонг” дейилмас экан. Субҳи содиқни укропзорда
қарши олмоқчи бўлдим. Қўриқчи итлар газонларда ўзаро ўйнашиб, юмалашиб ётар
эди. Ўзлари билан ўзлари овора бўлгани учунми, манга қайрилиб ҳам қараб
қўйишмади. Сўқмоқ бўйлаб укропзорнинг ярмига борган пайтимда қулоғимга
чақалоқнинг инграшига ўхшаш товуш эшитилди. Юришдан тўхтасам, товуш ҳам тинади;
юрсам яна бошланади. Ҳайрон бўлдим. Қадамимни секинлатдим, аста-секин сўқмоқ
адоғига етиб изимга қайтдим. Осмон оқаришиб қолди, энди йигирма қадам наридаги
одамни бемалол таниш мумкин эди.
-Ҳайрон бўлманг, укропзорда ит
болалаган, – деди уватда турган Иноят Махсум. – Ҳозир Сакбон итотарларни
эргаштириб келади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий