понедельник, 23 апреля 2018 г.

102. Йўқлов


Водийга сафар қилдим. Андижону Наманган пахтакорлари билан пайкалда учрашиб, олдиндан оғзи пишитиб қўйилган Соатхон Шарифхонов деган фермер билан савол-жавоб қилиб, мухбирларни ярим доира шаклида атрофимга тўплаб, дафтар-қалам тутган амалдорларни орқароққа қаторлаштириб қўйиб икки соат давомида жонли мулоқот бўлди. Ўзим бир соатдан мўлроқ гапирдим, шекилли. Ишқилиб, телевизорчилар ҳар бир сўзимни дона-дона қилиб ёзиб олган бўлса бас. Дастлаб тўлиқ ҳолда эфирга узатилади, сўнг ўзим Тошкентга қайтиб бориб Қароргоҳимда ёзувни бамайлихотир томоша қиламан. Ортиқча ўринлари бўлса ўчиртираман, кам-кўстларига қўшимча киритаман.
Попдан Қўқонга машинада йўл олдик. Ғурумсаройда қўққис тантилик қилгим келиб қолди.
-Аҳмаджон акани зиёрат этиб кетамиз, – дедим ҳокимга. – Уйини биласизми? Қаерда?
-Кечирасиз, билмас эканман. Ҳозир... – деб Икромхон қўл телефонида рақам тера бошлади.
-Керакмийди, – деб Икромхонни машинадан тушириб юбордим. – Ман айтмасам, хотининг билан жимо қилишни ҳам йиғиштириб қўйган чиқарсан?
-Йақ-ай, йақ-ай! – деб қолди ҳоким.
Ички кўзгудан кузатиб ўтирдим: орқамиздан қаторлашиб келаётган қирқта машинадан бирортаси ҳам тўхтаб Икромхонни чиқариб олмади. Ҳоким бечора шумшайиб яёв йўлга тушди: ажабки, орқамиздан эргашди.
-Чапга бурил, чорраҳадан ўтиб ўнг томондаги кўк дарвоза ёнида тўхтайсан, – дедим ҳайдовчига. Ҳайдовчи кўзгудан икки-уч марта манга қараб қўйди. – Нега ҳайрон бўляпсан? – дедим кулимсираб. – Рашидов замонида водийни зир титратган одамнинг уйи қаердалигини ҳоким билмаса, ман ҳам билмаслигим керакми?
-Йақ-ай... – деб дарҳол оғзини жуфтлади ҳайдовчи.
Боёқиш, ҳокимни олиб юравериб, унга тақлидан хоразмча шевада гапиришни ҳам ўрганиб олган экан.
Машина тўхтаган заҳоти шотирларим келиб эшикни очгунча шитоб пастга тушиб, ариқ бўйида шариллаб оқиб ётган артезиан қувури ёнида ярим доира қуриб гаплашиб турган хотин-халажга бош силкитиб ўтиб кўк дарвоза ёндорига ўрнатилган қўнғироқ тугмачасини босдим. Ичкаридан бўрибосарнинг йўғон товуши эшитилди.
-Хайрият, ҳеч бўлмаса, меҳмонни кутиб оладиган ит бор экан-ку, – деб кулдим.
-Ким? Ким у? – Аёл кишининг товуши эшитилди.
-Пахта тергани чиқмайсизларми? Йўл четида оппоқ очилган пахта оқиб ётибди, – дедим қўлларимни оғзимга карнай қилиб. – Аҳмаджон ака уйдамилар?
-Вой... Вой ўлай... У киши иймонсиз чоллар билан битта пайкалда пахта термайман деб Чодакка – санаторияга бориб ётиб олдилар. Келсалар, нима деб қўяй?
-Мухлисингиз кеп кетди, деб қўйинг; яқин орада ўзига алоҳида битта масжид қуриб бераман, фақат жойини кўрсатиб қўйса бас, – дедим. Орқамда серрайиб турган адютантимга қараб: – Уқдингми? – дедим. – Дафтарчангга илдириб қўй.
-Илдириб қўйдим, – деди адютантим. – Подшонинг амри вожиб! – Дафтарчасини ёпиб машина томон югуриб кетди.
Машина жойидан қўзғалаётган пайтда кўк дарвозанинг битта қаноти қия очилиб, катта оқ рўмолини бошига елвагай ташлаб олган ўртаяшар аёл бир оз букчайиб ташқарига қарадию қаторлашиб турган машиналарга кўзи тушган заҳоти: “Вой, вой ўлай!” деб юзини кафти билан тўсиб дарҳол ўзини ичкари олди.
-Аҳмаджон аканинг кенжа рўзғорими? – деб сўрадим ҳайдовчидан.
-Ҳовва, – деди ҳайдовчи. – Қизлар Ўрисияда умри ўтадиган мардикор мардакка сиртқи хотин бўлгандан кўра, қирқ кунда бир марта кўрпани қимирлатиб қўядиган сассиқ чолларни афзал кўради.
Ҳайдовчи нима деяётганини олдинига яхши тушунмадим. Сўнг етиб борди, қаҳқаҳа отиб юбордим. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Кўзёшларимни кафтим билан астагина артиб олдим. Пўнгандан ўтдик. Ҳув нарида Сирдарё кўприги кўринди. Ундан оҳиста ўтилди. Йўлнинг икки четидаги симёғочларга қийшайтириб қоқиб қўйилган ҳар хил байроқчалар майин-майин ҳилпираб турарди. Олтиқўш қишлоғидан ўтиб бораётиб Умархоннинг мардона акасини – Олимхонни эсладим. У айнан мана шу қишлоқда 1811 йилда шаҳид бўлган. Икки юз йил муқаддам Олтиқўш ҳозиргидек гавжум эмасди, атроф тўқайзор бўлиб, йиртқич ҳайвонлар изғиб юрарди. Ман билган ҳукмдорлар орасида Олимхон энг довюрак зотдек туюлади. У хиёнат қурбони бўлмаганида борми, яна ўттиз йил ҳаёт бўлса, Туркистон тарихи бутунлай бошқача бўларди. Битта она билан битта отадан туғилган укаси Умархон мухолифат қутқусига учиб акасининг юзига оёқ қўяди ва Қўқонга келиб тахтни эгаллаб олади. Олимхон Тошкентни бўйсундириш учун ўн минг навкар билан кетган бўлса, Сирдарёдан қайтиб ўтгунича ёнида етти киши қолади. Олтиқўшда эса якка-ёлғиз Қўқон тарафга от чоптириб боради. Бир ўзи тож-тахтни қайтариб олмоқчи бўлади. Тасаввур қилингки, бўпти, у мана шу Олтиқўш қишлоғи оралаб ўтиб кетса ва пойтахтга елдек учиб кириб борса, нима бўларди?! Ўрда остонасида юмалаб ётган ялоқхўрлар, янги подшонинг оёғини ялаётган азаматлар дарҳол тўнларини тескари кийиб, Умархонни қоракалтак қилиб ўртага олиб ўлдирмасмиди?
Бечора Олимхон... Манимча, Туркистон инқирози айнан 1811 йилда бошланган. 1811 йилда миллатга иллат тегади. Ўшанда Оллоҳнинг ердаги сояси бўлмиш подшоҳга хиёнат қилинади. Хиёнатдан сўнг завол бошланади.
Қўқонга кирилгач, машинани Жума масжиди ёнидаги эски қабристон томон буриб юбордим. Олимхон дафн этилган Дахмаи шоҳон хилхонасини зиёрат қилдим. Хиёнат қурбони бўлган подшоҳнинг руҳи покига бағишлаб қори ака Қуръон тиловат қилди. Юзимга қўл тортганимдан кейин ҳам хилхона адоғида ғиштин қабрларга тикилиб узоқ вақт ўйланиб ўтирдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...