Дастлабки уч-тўрт кун жуда нотинч
бўлди. Биз билан савол-жавоб қиладиган ҳар хил тоифадаги гўрсўхталар кўпайиб
кетди. Кейин улар ўз-ўзидан келмай қолди. Чол-кампир янги ҳаётга кўника
бошладик.
– Хўжайин, ишқилиб, бизни
Россия-поссияга чиқариб юбормасмикан? – деб сўради Рафиқа.
– Чиқариб юборса нима бўпти?
– Алина Кабаева билан унчалик
гапимиз гапимизга қовушмайди.
-Сан Алина Кабаевани қаердан
танийсан?
– Нега танимас эканман, хўжайин! У
ахир Жаҳонгир Йўлчиев билан бир неча марта бизникида меҳмон бўлди-ку!
– Шунақами?
– Бўлмасам-чи! Ёш нарса экан,
нуқул ресторанма-ресторан юради, чарчаш нималигини билмайди. Ман унга бас
келолмайман.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, хотин, агар
чет элга чиқариб юборишса, АҚШга кетамиз. Ҳиллари билан жуда сирдош бўп
қолгансан, шекилли.
– Ҳиллари яхши хотин, бир қоп
ёнғоққа ўхшайди. Ичида гап сақламайди, бирпасда сир-асрорини дастурхон қилади.
Моника исмли суюқоёқ билан илакишиб қолган эрининг башарасига тарсаки тортиб
юборганини ҳам, эрига ўчакишиб ўзи ҳам дурагай битта йигит билан икки ой
севишиб юрганини ҳам оқизмай-томизмай гапириб берган.
– Ҳозир у уй бекаси эмас, АҚШда
собиқ иккинчи шахс ҳисобланади.
– Майли. Барибир хотинларнинг
ўзлари гаплашадиган гаплари бўлади.
Индамадим.
Кун бўйи адютантдан эсдалик бўлиб қолган радиочани эшитиб
ётаман. “Машъал” радиоси мумтоз куй-қўшиқларни энди фақат тонг саҳарда эфирга
узатади. Одамни эзиб юборади: “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига қандай чидай
олган экан одамзот!”
Ҳар шабе рўзею ҳар рўз заволе дорад,
Шаби
васли ману маъшуқи маро охир нест.
Ҳамма нарсанинг охири бор, поёни бор, интиҳоси бор. Қуёш ҳам
заволга қараб кетса, ҳадемай ботади. Бироқ, одамзот қачон заволи келишини
билмас экан. Айниқса, чорак аср отда юрган одам уфқдан ҳам бир сакраб ўтиб
кетаман деб ишониб қолар экан. Уфқдан бир сакраб ўтиб олсам, нариги тарафда
қуёш чарақлаб энди уфқдан бош кўтараётган бўлади. Заволга бемалол чап бериш
мумкин. Заволни орқада қолдириш мумкин. Фақат бир сакраб уфқдан ўтиб олинса
бас, уёғи абадиятга, мангуликка уланиб кетади.
Ҳар
шабе рўзею ҳар рўз заволе дорад...
Саъдий бобо заволдан сўнг яна тонг
отишига орқа ўгириб, маъшуқасини маҳкамроқ бағрига босади. Дунёни сув босса,
бобойнинг тўпиғига чиқмайди.
Бу оламдан қандай буюк зотлар
ўтган-а!
Ўзим билан ўзим муноқаша қилиб
ётаверсам, ҳали-бери ГКЧП аъзолари бир тўхтамга келадиганга ўхшамайди. Балки
Йўлчиевдан махсус кўрсатма келишини кутишаётгандир, балки АҚШ ҳукумати уларга
босим ўтказаётгандир. Ким билсин.
Бир кеча Рафиқа билан гапни бир
жойга қўйдик. Бизни ҳар куни янги аскарлар қўриқлар эди. Улар бизни яхши
танимайди, фақат биттамиз собиқ Роҳбару бошқамиз Роҳбарнинг завжаси эканимизни
билишади, холос. Хуллас, тун бўйи хотин қиёфасига кириб чиқдим. Бошимга ясама
соч турмакланди, ясама киприк тақдим, лабимни қизартириб помадага бўядим,
соқолимни қиртишлаб олдим, хотинимнинг атир-упасидан уст-бошимга беармон
пуркадим. Тонг саҳар йиғлаб, ингичка товушда қоровулбегига мурожаат қилдим:
– Зобит болам, кечаси марҳум
Валиаҳд тушимга кирди. Ижозат бўлса, ёнимга бирорта аскар қўшиб берасизми ёки
ўзимга ишонсангиз, ўзимни қўйиб юборасизми, бошлиқларингиз билан
маслаҳатлашасизми, ишқилиб, ман Шимолий вокзал ёнидаги насронийлар
ибодатхонасига бориб уч-тўртта шам ёқиб марҳум руҳини шод этиб қайтсам деган
эдим. Ахир сиз ҳам одам фарзанди бўлсангиз, бадбахт онаизор адои тамом
бўлганини тушунасиз. Илтимос, рухсат беринг. Ҳар ҳолда хўжайинларга ман эмас, Юртменбоши
керак бўлса керак. Ана, у уйда ётибди.
– Бўпти, бирпас сабр қилинг,
опоқи, – деб қоровулбеги Қароргоҳнинг Қибрай дарвозасидан битта ўзимни чиқариб
юборишга рози бўлди. – Фақат пешингача қайтиб келинг, чунки биз пешинда постни
топширамиз. Ҳайми, опоқи?
– Ҳай, – деб Қароргоҳдан жуфтакни
ростладим.
Қаранг, вақти келиб Қароргоҳ ман
учун қамоқхона бўлади деб асло ўйламаган эдим. Шу тобда гўё қамоқхонадан озод
бўлгандек ўзимни енгил ҳис этардим.
Трактор заводи яқинидаги бекатга
бориб битта йўловчи енгил машинани тўхтатиб: “Чилонзорга неча сўмга элтиб
қўясиз?” деб сўрадим. “Опа, Чилонзорнинг қаерига борасиз?” деб сўради ҳайдовчи.
“Хирмонтепага”. “ДОСААФ-Автомактаб ёнигами?” “Ҳа, балли, болам”. “Беш минг
берасиз, йўлда одам олмасдан бирпасда манзилингизга обориб қўяман”. Рози
бўлдим.
Чеҳрагул билан Қаламкаш яшайдиган
кўп қаватли иморат атрофида бир соатча айланиб юрдим. Истиҳборат чақимчилари
изғиб юрмаганига ишонч ҳосил қилиб, учинчи қаватга кўтарилиб таниш эшик
қўнғироғини жиринглатдим. Йўлакда шип-шип қадам товуши эшитилди. Эшикни
Қаламкашнинг ўзи очиб:
–
Келинг, опа, сизга ким керак? – деб сўради. У
афт-башарамга синчиклаб тикилиб, бирдан таниб қолди. – Тезроқ киринг ичкарига,
– деб ўзини четга олди.
Қучоқлашиб кўришдик.
–
Ким
келди? – деган Чеҳрагулнинг товуши қулоққа чалинди.
– Овқатни тезлаштиринг, хоним,
меҳмон келди!
Олдига фартук тақиб олган Чеҳрагул
меҳмонхонага кириб ман билан кучоқлашиб кўришмоқчи бўлиб қучоғини очди-ю,
бирдан орқасига тисарилиб:
– Ие, сизмисиз! – деди.
Ман Чеҳрагулнинг пешанасидан ўпиб
қўйдим.
– Омонгул яхшими, қизим?
– Раҳмат, ота, яхши юрибди. –
Чеҳрагул ҳамон каловланиб турарди.
– Бўпти, сиз овқатни тезлаштиринг,
хоним.
Чеҳрагул меҳмонхонани тарк этди.
Ортидан оғзим очилиб қараб қолдим: кўзларида қора кўзойнак йўқ эди, кўзлари
қуралай экан. Тавба, Иноят Махсум нима учун манга Чеҳрагулнинг ясама суратини
кўрсатган экан? У Чеҳрагулни Дажжолга ўхшатиб, мани Қаламкашдан совутмоқчи
бўладими? Ярамас-эй, ҳатто Омонгулни ҳам ёлғон гапиришга мажбур қилган
экан-да!..
– Манави омонатларни сизга
қолдираман, – деб қорнимга боғлаб олганим иккита тўқсон олти варақлик “умумий
дафтар”ни чиқариб Қаламкашга топширдим.
– Нима булар?
– Хотира дафтарларим. Кундалик
деса ҳам бўлади.
– Кундаликми? – деб Қаламкаш
Биринчи дафтарни варақлаб кўриб: – Кимдир қалам уриб таҳрир ҳам қилган,
шекилли, – деди.
– Ҳа, Пароканд Мирзо пешма-пеш
таҳрир қилиб борарди. Кейинги қайдларим бетаҳрир. У ҳам ГКЧП аъзоси бўлганидан
хабарингиз бўлса керак.
– Хабарим бор, – деди Қаламкаш
дафтар саҳифаларини кўздан кечириб. – Бу кундалик эълон қилинса, Дода, жуда зўр
шов-шув бўлади. Кўплаб чет тилларга таржима қилинса ҳам ажаб эмас. Машҳур бўп
кетасиз.
– Қўйсангиз-чи!
– Рост айтяпман.
– Олдин ман бехавотир жой топишим
лозим, – дедим. – Агар шу бугун оқшом бўлмаса, тонг саҳарда уйингизни
Истиҳборат ходимлари босади. Ҳозирча улар ман Қароргоҳдан чиқиб кетганимни
билмайди.
– Янгийўлга элтиб қўяйми? – деди
Қаламкаш. – Ойижон сизни сотмайди.
– Раҳмат. Лекин у ерга ҳам
анавилар боради. Бошқа иш қиламиз, – деб мўлжалимни гапириб бердим.
– Яхши режа тузибсиз, – деди
Қаламкаш. – Кейин элчихона машинасида бемалол чегарадан чиқиб кетиш мумкин.
Элчихона машиналари текширилмайди.
Тамадди қилдик. Сўнг Қаламкашга
Туркманистон элчихонасига топширадиган ариза қораламасини кўрсатдим.
“Эгаманли Туркманистон
Президентига арзи ҳол
Жаноб Президент!
Ман истеъфога чиқсам кўҳна
Урганчда мангу ором олаётган шаҳидлар шоҳи шайх Нажмиддин Кубро мозорида журобкаш-фаррош
бўламан деган ниятни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Тошҳовуздаги тарихий учрашув
чоғида ҳам ўзингизга бу ҳақда ҳазил аралаш айтганман. Эсингизда бўлса, жаноб
Президент, сўнгги темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро ҳам бир умр Нажмиддин Кубро
мозорида журобкаш бўлишни орзу қилиб ўлиб кетган. Темурий подшоҳ етолмаган
орзуга ман етсам, жаноб Президент, фақат сиз туфайли етишаман. Бошимга тушган
мусибатлардан ўзингиз хабардор бўлсангиз керак. Худойим суйган бандасига бундай
синовларни ҳам юборар экан. Начора. Берганда чидаган бандаси олганида ҳам
чидаши керак. Ман тақдирга тан бериб, беш кунлик умримни улуғ зот мозорини
супуриб-сидириб, истиғфор қилиб Ҳаққа қовушсам дейман. Минг ойлик умрим шомини
шайх Нажмиддин Кубро хонақосида кутиб олсам, армоним қолмасди.
Биродарлик марҳаматини дариғ
тутмагайсиз деган илинж билан имзо чекдим (имзо).
Ассалому алайкум.
Зулҳижжанинг ўнинчи куни”.
– Бўлади, – деди Қаламкаш арзи
ҳолга кўз югуртириб. – Таҳрирга ҳожат йўқ. Ҳар эҳтимолга қарши Интернет-почта
орқали мактубнинг бир нусхасини Сердорга жўнатиб қўйсам, нима дейсиз?
– Раҳмат дейман, Дўст, кам
бўлманг! Ишқилиб, ортиқча хизмат сизга малол келмаса бас, – дедим.
– Асло малол келмайди. Сиз бирпас
чой-пой ичиб ўтиринг, ман ҳозир матнни компьютерда кўчириб, электрон почтадан Ишқободга
жўнатиб чиқаман.
– Янги туркманбошининг почтаси
борми?
– Бор, бор, – деб кулимсираб
хонадан чиқди Қаламкаш. – Интернетдан ҳамма нарсани топса бўлади.
Қаламкаш компьютер қўйилган
ижодхонасида ярим соат чамаси ушланиб қолди.
Шу ўтган вақт мобайнида “Хотира
дафтарим”нинг охирги варақларини кўздан кечириб, айрим қайдномаларни қоғозга
тушириб қўйдим.
Дарвоқе, эски туркманбошига:
“Нажмиддин Кубро мозорини бизга берсангиз, Сапармурод, биз уни туристлар зиёрат
қиладиган қадамжолар рўйхатига илдириб қўярдик”, деган эдим. Ўшанда ғундак:
“Бўпти, бераман, эвазига манга Хива шаҳрини берасиз”, деб жавоб берган эди. Ман
кулиб қўйганман. Бу ҳақда бошқа гап очилмаган. Ҳойнаҳой, янги туркманбоши
илгари эски туркманбоши билан ўртамизда бўлиб ўтган гап-сўздан бехабар бўлса
керак. Қолаверса, ман энди Нажмиддин Кубро мозорини батамом хусусийлаштириб
олмоқчи эмасман, фақат улуғ зотнинг хоки пойида ўлмоқчиман. Ўлигим кўчада қолса
ҳам ўзим жаннатга тушсам бас.
Қаламкаш бир парча арзи ҳолимга
илова қилиб яна бир варақни кўтариб чиқди. Унга кўз югуртирдим: бу ҳазрат
Навоийнинг “Насоим ул-муҳаббат” асаридан икки парча иқтибос эди.
1. “Шайх Нажмиддин Кубро – қуниятлари Абдулжаноб
ва отлари Аҳмад ибни Умар Хевақий ва лақаблари Кубро ва дебтурларки, аларға
Кубро андин лақаб бўлдики, йигитлик овонидаки, зоҳир илми таҳсилиға машғул
эмишлар, ҳар ким билаким, мунозара ва мубоҳаса қилсалар эрмиш – ул киши ғолиб
бўлурлар эрмиш. Ва аларни Шайх Валитарош дебтурлар. Анинг учунки, важду ҳол
ғалаботида муборак назарлари ҳар кимга тушса, валоят мартабасиға етар эрмиш”.
2. “Чун тотор куффори Хоразмға етибтур. Ҳазрати
шайх асҳобини йиғиб амр қилибтурларким, вилоятларингизға боринг. Алар ул
ҳазратнинг амри била ўз вилоятлариға борибтурлар. Асҳобдин баъзики ҳазрати
Шайхқа дағи чиқар илтимос қилибтурлар. Шайх дебтурларки, биз бу куффор илкида
шаҳид бўлурбиз. Асҳоб тарқағондин сўнграким, куффор Хоразмға кирибтур. Ҳазрати
Шайх қолғон асҳоб била чиқиб ғазвға машғул бўлубтурлар, то шаҳодат шарбатин
тотибтур. Дерларки, шаҳодат вақтида бир кофирнинг парчамин тутқон эрмишлар.
Андоқки, шаҳодатдин сўнгра ўн киши ойира олмайдур ва ул парчамни кесиб
ойирдилар ва баъзи дебтурларки, ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий ғазалиётида
ишорат бу қиссаға ва ўз интисобини ҳазрати Шайхқа қилиб дебтурки,
Ш е ъ р
Мо аз он муҳташамонем, ки соғар гиранд,
На аз он муфлисон, ки бузи лоғар гиранд,
Ба яке даст ман холиси имон нўшанд,
Ба яке дасти дигар парчами кофир гиранд.
Ҳазрати Шайхқа муридлар кўп эрди, аммо алардин
нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо ва фарзона эрдилар. Баъзи дебтурларки,
Мавлоно Баҳоуддин Валадки, ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румийнинг волиди бўлғай
ҳам алардиндур”.
Шаҳид бўлган вақти ҳижрий 618
йилда. Милодий 1221 йилда мўғул-тотор босқинчилари Хоразм давлатининг пойтахти
бўлмиш кўҳна Урганч шаҳрини ишғол қилади. Тенгсиз жангда шаҳид бўлган чоғида
ҳазрат Нажмиддин Кубро етмиш беш яшар чол эди.
Ўҳ-ҳў, тенгдош бўлган
эканмиз-ку!.. Ман бўлсам, жоним ширинлик қилиб, хотинлар кийимига бурканиб,
қиёфамга ҳам хотинча тус бериб мухолифларимдан қочиб юрибман... Агар
мухолифларим ҳам мўғул-тоторлардек мард бўлсайди, уларнинг Чингизхондек
қўмондони бўлсайди, ҳеч иккиланмасдан ёв устига ташланиб шаҳидлик шаробини
ичган бўлардим. Бачкана ёв қўлида ўлишни ўзимга эп кўрмайман. Ундан кўра
Нажмиддин Кубро мозорида журобкаш-фаррош бўлиб, соқолимни ўстириб юрганим минг
марта афзал!
Хуллас, Қаламкаш арзи ҳолимга “Насоим ул-муҳаббат”дан икки
парчани илова қилиб Ишқободдаги Феруза қароргоҳига жўнатди. Ман ҳозир
Истиҳборат айғоқчиларининг диққатини тортмаслик учун хотинча қиёфамни
ўзгартирмасдан ёлғиз ўзим кўчага чиқиб Туркманистон элчихонасига йўл оламан.
Шукр, ки ин нусха ба унвон расид,
Пештар аз марг ба поён расид.
Яъни, шукрким, ушбу қўлёзмани
ўлмай туриб поёнига етказдим.
Анави касофат-кофирлар қўлида
шарманда бўлиб ўлиб кетгандан кўра, бедарак йўқолганим минг марта афзал
кўринади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида жуда кўп азамат аскарлар ҳам бедарак
йўқолган. Отам марҳум ҳам уруш пайтида бедарак йўқолиб кетган; мишмишларга
қараганда, “Туркистон легиони”да сидқидилдан хизмат қилган эмиш. Яна ким
билсин. Отамнинг тақдири билан ҳеч қачон астойдил қизиқмаганман. Кавлаштирсам,
шўро мафкурасига мос келмайдиган унсурлар чиқиб қолишидан ўлгудек қўрқар эдим.
Агар падарим ростдан ҳам “Туркистон легиони”да хизмат қилган бўлса, энг камида
Вали Қаюмхоннинг ўринбосари даражасига кўтарилган бўлиши керак. Юқорига қараб
мунтазам интилиш қобилияти манга отамдан ўтган бўлса ажаб эмас.
Вассалом.
Иккинчи дафтар тўлмай якунланган.
* * *
Юртменбоши Хирмонтепадан Туркманистон элчихонаси тарафга кетгач, уни
ҳеч ким бошқа кўрмайди. Қаламкаш билан Чеҳрагул хобхона деразаси ёнида
бир-бирини қучоқлаб турган кўйи Юртменбоши битта енгил машинани тўхтатиб, унга
ўтириб жўнаб кетганини зимдан кузатиб қолган.
Эртаси куни Қаламкаш Вақтли ҳукумат томонидан қамоққа олинади.
Референдум ўтгунча у қамоқда сақланади. Сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси
раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган Пароканд Мирзонинг махсус кўрсатмаси
асосида Ички ишлар вазирлигининг подвал-зиндонидан озод этилади. Қаламкаш
“эркин ижодкор” сифатида Чеҳрагул билан камтарин ҳаёт кечира бошлайди. Омонгул
Янгийўл депарасининг Шўралисой қишлоғига кўчиб ўтиб, Ҳамроқул Асқарқулов деган
эски раисга тўртинчи хотин бўлиб эрга тегиб олади.
Қаламкаш юриб-юриб Чеҳрагул билан келишган ҳолда Москвага бориб “Бадиий
адабиёт” нашриётининг ижрочи директори Г. Пряхинга учрашади. Унга Юртменбошининг
хотира дафтарини кўрсатади. Пряхин қўлёзмани эски ошноси Темур Пўлатовга
тақризга беради. Т. Пўлатов қўлёзмани ўқиб ўзини қўярга жой тополмай қолади ва
тўхтовсиз равишда ўрис тилига таржима қилишга киришади. “Хотира дафтари”нинг
ўрисча қўлёзмасидан олмон, инглиз, испан, иврит тилларига ҳам таржима қилинади.
Хотира китоб бирваракайига еттита тилда нашр этилади.
Ноширлар китобга хотира эгаси қўйган “Шу азиз ватан барчамизники” деган
сарлавҳани инобатга олмай негадир “Золимнинг заволи” (Нобел олган Гарсиа
Маркеснинг шоҳасари “Мустабиднинг кузи” романига тақлидан) деб ном қўяди. Ёв
қочса, ботир кўпаяр экан. Начора.
Юртменбошининг хотираномаси эълон қилингач, Қаламкаш учун Юртменистон
дарвозаси тақатақ ёпилади. Сабаби ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Китобда
айрим раҳбарлар ҳезалак этиб кўрсатилган. Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан
ўпкалама, дейдилар.
Байт:
Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо
қилғали,
Кўзгудек қилди сени ўзини пайдо
қилғали.
Шундай ўлмас байт айтиб кетган мавлоно Лутфий бобомизни худо раҳматига
олган бўлсин! Омин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий