понедельник, 23 апреля 2018 г.

103. Ҳаж


Исломнинг бешта устуни бор, дейишади. Шулардан бири – ҳаж. Ҳартомонлама имкони борларгина ҳажга боради. Манинг билганим – 1920 йилнинг 1 сентябр куни Бухоро амирлиги тугатилгунича Туркистондан ҳажга отланганлар олдин Истанбулга бориб “Бухоро” ёки “Туркистон” такяларида (карвонсаройларда) олти ой ўзини поклаб ётган, кеча-кундуз тоат-ибодат билан машғул бўлган. Ҳаром-харишдан тўла фориғ бўлгач, турк султонидан оқ фотиҳа олиб, Маккаю Мадинага йўл олган. Ҳаждан сўнг яна Истанбулга қайтиб, олти ой (баъзан бир йил) ўша такяларда ибодат билан машғул бўлган, буюк шаҳарнинг қадамжоларини қайта-қайта зиёрат қилган. Шундан кейин, қайдасан, ота юрт, деб Туркистонга қайтган. Ҳажга етиш ё юртга қайтиш насиб этмай Истанбулда  омонатини топширганлар ҳам йўқ эмас... Ҳозир “Бухоро” ва “Туркистон” такяларининг бир чеккасида ўша ҳожилар кўмилган кичиккина мозор ёки бир жойга тўплаб қўйилган қабртошлар бор.
Турк жумҳуриятлари (Туркия – Юртменистон – Қирғизистон – Қозоғистон – Озарбойжон – Туркманистон) ўртасида “Абадий дўстлик” шартномаси имзоланган фараҳбахш кунларда дарвеш-турист қиёфасига кириб олиб Истанбулнинг диққатга сазовар гўшаларини беармон сайр этганман. Ўшанда манга ҳамроҳ бўлган битта  жадидшунос: “Аксарият ҳожиларнинг мияси бузилиб қайтарди, улар Бухоро амири учун чинакам бошоғриғи бўларди. Ҳожилар амирга босим ўтказиб, жамиятда демократик ислоҳотлар ўтказилишини қатъиян талаб қиларди. Қон босими кўтарилиб, доим боши оғриб юрадиган Бухоро амирлари нафақа ёшига етар-етмас нариги дунёга равона бўларди...” деб ер остидан афт-башарамга разм солади. Ман унинг нигоҳини сезиб: “Чепуха, – дейман, – бутун дунёга ёмон кўриниб (“ман каби” демоқчи бўлдим-у, ҳар томонини ўйлаб, айтмадим), тож-тахтга канадек ёпишиб олиб 75-80 йил умр кўргандан кўра, қиладиган ишни қилиб, пайғамбар ёшига тўлмасданоқ чиройли ўлиб кетган афзал”, дейман. “Бухоро амирлари эса ўз умрларини узайтириш учун хуфялари орқали ислоҳотчи ҳожиларни пинҳона заҳарлаб ўлдириб юборарди”, дейди жадидшунос. Ман пинак бузмайман. Биз “Бухоро” такясининг иккинчи қаватидаги минорадан Бўғознинг тунги манзарасини томоша қиламиз. Такя қоровули эндигина йигирма бешга кирган черкес йигит экан (унга, чамаси, Истиҳборат ходимлари олдиндан қўнғироқ қилиб, “Дарвеш-турист қиёфасидаги бир тўп киши қўшқанотли дарвозани тақиллатган заҳоти уларнинг барча истакларини бажо келтиргин!” деб огоҳлантириб қўйган шекилли).
“Бухоро” такяси рўпарасидаги жоме масжидига кириб хуфтон намозини адо этдик. Масжидда имом билан йигирма-ўттизтача одам бор экан. Биз ҳам қўшилиб эллик киши бўлдик. Намоздан сўнг: “Қани, хўжам, дуо қилинг, бизгаям муборак ҳажни адо этиш насиб қилсин!” деб ҳовучимни очдим. Имом бажонидил дуо қилди. Юзларимизга қўл тортиб, тошкўчага чиқдик. Келган йўлимиздан юқорилаб “Султон Аҳмад” майдонига чиқиб бордик.
                         Ман ҳажга бораман, – дедим Кўк масжид гумбазларига тикилиб. – Ўзим ислоҳотчи ҳожи бўламан, ислоҳот туғини ўзим баланд кўтараман. Ўлдирадурғон ҳам, қолдирадурғон ҳам ўзим бўламан... – деб кафтимга туфлаб кулимсирадим.
Подшонинг амри вожиб, дейдилар. Туркия сафаридан қайтгач, ҳажга  астойдил ҳозирлик кўра бошладим. Собиқ Иттифоқ парламантига депутат бўлган дин пешвоси дастлаб тутун қайтариб юрган бўлса, думини тугиб қўйишим ҳеч гап эмаслигини англаб етган заҳоти кўзларимга жавдираб қарайдиган бўлиб қолади. Чет эл сафарларига уни ёнимда олиб юрадиган бўлдим. Жавдирамачоқ уламодан ҳаж сабоқларини ола бошладим. У ҳар куни хуфтондан сўнг Қароргоҳимга етиб келарди, ҳаж амалларини қандай бажо келтириш бўйича инструктаж-тренинг ўтказарди. Махсус хонага ҳаж либосларини ҳозирлатиб қўйдим. Собиқ Халқ депутатига эҳром кийдириб қўйиб: “Қани, тақсир, бошланг!” дейман-да, ўзим юмшоқ креслога ястаниб ўтириб оламан. Мамлакатнинг дин пешвоси кафанга ўхшаган оппоқ эҳромга ўраниб олиб, ялангоёқ ҳолида кенг хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келаверади: гоҳ саждага бош қўяди, гоҳ шайтонга тош отади, гоҳ замзам булоғидан ҳовучлаб-ҳовучлаб сув ичади, гоҳида ўпкаси тўлиб йиғлаб-сиқтайди, ҳадеганда йиғиси тўхтамайди. Шунда: “Нега бунча чўзиб юбордингиз, тақсир?” дейман ўсмоқчилаб. “Билмасам...” деб шоша-пиша кўзёшларини кафтининг ичи билан артади. “Ё ўзингизди хўрлангандек ҳис этяпсизми?” деб сўрайман. “Йўғ-э, ҳужрада Валихон қори билан бирга сабоқ олиб юрган кезларимда бундан ҳам баттар хўрланганман”, деб кулимсирайди. “Ие, эшитмаган эканман! Ҳужрада сизни ким хўрлаган?” “Ўша қори-да! Имон-эътиқодинг суст экан, деб соқол-мўйлов қўйдиртирмаган. Санга соқол-мўйлов ҳайф, дерди. Ман бўлсам, тун бўйи бошимни кўрпага буркаб хун-хун йиғлаб чиқардим...” “Иби, – дейман ўзимни гўлгина жўқчи қиёфасига киритиб, – соқол-мўйлов шу қадар улуғ матаҳ ҳисобланадими?! Эркакларнинг тенг ярми бесоқол-ку, бўтам!” деб куламан. “Шундай, лекин мусулмон учун бесоқоллик иснод ҳисобланади”. “Ҳай, – дейман, – ўша сизни хўрлаган сабоқдошингиздан ўч олишни истамайсизми?” Хонада ҳамон ҳаж амалларини намойиш этиб юрган пешво таққа тўхтайди: “У киши ҳалиям тирикми?” деб сўрайди. “Тирик, тирик, – дейман кулимсираб, – КГБнинг эски подвалида сақланяпти. Опкелтирайми?” Пешво худди чаён чаққандек турган жойида сапчиб тушади: “Керак эмас!” деб қўл силтайди. “Нега ундай дейсиз? Учрашгани уяласизми?” “Энди ўзингиздан қолар гап йўқ, – деб тиз чўкади пешво. – Битта қозонда иккита қўчқорнинг боши қайнамайди”. Унинг нима демоқчи эканини яхши англамадим: “Хўп, Валихон қори битта қўчқор бўлсин, иккинчи қўчқор ким? Манми ёки...” деб бармоғимни бигиз қилиб унга ниқтадим. У сапчиб туриб: “Ўзингиз, бошқоним, ўзингиз қўчқорсиз! Ман совлиқман...”
Саудия қироли манга Каъба эшигини ланг очиб берди. Ҳаж зиёратини адо этиб қайтдим. Бундан кўзлаган мақсадим: а) дунё чаппасига айланиб, Ислом жумҳурияти таъсис этилса, бошимга салла қўндириб яна раҳбарлик жиловини қўлга оламан; б) бизга ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлаётган қудратли давлатларни чўчитиб қўймоқчиман: “Ким мушугимни пишт деса, Юртменистонни фундамантал Ислом мамлакатига айлантириб юбораман!” деб огоҳлантирдим гўё.
Қолаверса, яшириб нима қилдим, мустақилликдан кейин халқимнинг бир қисмига худоларини қайтариб бердим. Майли, ман то илдиз отиб, палак ёйиб, ҳокимиятимни мустаҳкамлаб, манга сиғинишни бошлагунларича ўша эски худоларига топиниб, шу билан овуниб туришсин дедим-да! Чунки худонинг борлиги ҳақида ўзимнинг кўнглимда шубҳа-гумонлар болалаб ётган эди. Мани туғдирган, туққан, яна булар устига, ўзи доялик қилган, тирсиллаган кўкрагидан худосизлик мафкураси ила эмиздирган ҳамда қайноқ бағрида вояга етказган жонажон партиям (ман бу гапларни ўрнимдан тик туриб, Ленин ётган мавзолейга қараб гапиряпман!) қонимга “Худо йўқ!” деган ғояни сингдирган бўлса-да, лаънати Горбачёвнинг қайта қуриш йиллари сўнггида ҳокимиятда қолиш илинжида уни бор дейишга мажбур бўлдим. Худо бор демасам, Юртменбоши этиб сайланмаслигим турган гап эди. Лекин бор дейишга деганим билан, у қаерда, деган савол қийнарди мани. Ҳажга боришни ўйлаб топганимнинг сабабларидан биттаси шу – ман ўша худонинг ўзини кўрмоқчи, кўриб, ишонч ҳосил қилмоқчи бўлдим. Шу боисдан ­Маккадаги қора уй ичини бир текшириб кўргим келди. Кўрдимки, ҳеч нарса йўқ экан. Илгари Оллоҳ ўша тош уй ичида бўлса керак, деб ҳам ўйлардим. Каъбанинг ичида икки ракат нафл намози адо этилди; ҳамма саждага бош қўйиб, тўнқайиб ётган маҳалда ман ён-атрофимга аланглаб Оллоҳни роса қидирдим. У ерда бирорта жонзот истиқомат қилганга ўхшамасди. Ана шундан кейин феълим айниди. Демак, Оллоҳнинг борлиги ё йўқлиги тўғрисидаги жонажон партиямнинг кўзқараши тўғрига ўхшаб қолди. Аммо мустақиллик шароитида, айниқса мандай бир юрт отаси бундай хулосага келиши қалтислигидан шубҳа-гумонларимни ичимга ютдим. Ҳамон зардобимни ичимга ютиб юрибман.
Ҳаж сафарини адо этиб қайтгач, биринчи қилган ишим – Валихон қорини КГБнинг крематорий-ўчоғида тириклайин куйдириб юбортирдим. Бу ҳақда Пешвога айтиб ўтирмадим. Энди ман ўзим ҳам ҳожиман, пешводан кам жойим қолмади... 

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...