воскресенье, 25 февраля 2018 г.

Бир сиқим тупроқ (эссе)

Оқшом маҳали Дўрмондаги Ёзувчилар боғининг ошхонасига тик қоматли, қорачадан келган, оппок, (ҳожи) дўппи кийган олтмиш ёшлар чамасидаги бир киши кириб келди. Виз Шукур Холмирза икковимиз овқатланиб бўлиб, “чой базм” қилиб ўтирган эдик – жайдари гурунг хийла қизиб кетган эди. Шукур ака бирдан:
-Ие, Тўлеке! Яхшимисиз?! Яхши келдингизми?! Соғликларингиз яхшими? - дедию ўрнидан туриб кетди.
Ҳа, раҳмат! Ўзинг қалайсан, Шукур - деб кўл узатди Тўле¬ке.
Шукур ака унча-мунча дарсликларга кириб қолган “оқсоқол- лар”ни кўрса ҳам ўрнидан кўзғолиш нари турсин, ҳатто ўзгаларга эшиттириб:
“Ну-у, ево...” деб сўкиниб қўярди. Бу гал эса ўрнидан дик этиб туриб кетди. Боз устига, меҳмон унга “сенсираб” мурожаат этса-да. парво қилмади, кайтага суюнди.
- Набижон, сиз у кишини танийсизми? - деб сўради Шукур ака йўлакка чиққанимиздан сўнг астагина.
- Йук, танимайман.
. - У киши Тўлепберген Қайипбергенов бўладилар. Жуда яхши одам, яхши ёзувчи. Самимий, гўзал инсон. Ўз миллатини Тўлеп¬берген оға
каби яхши кўрадиган зотлар кам учрайди... Танишиб олинг. Биламан, у кишини сиз ҳам яхши кўриб қоласиз...
Биз Тўлепберген оғa билан илк бора танишган кунларимизда Ўзбекистон мустақиллигининг 3 йиллиги тантанали байрам қили- наётган эди. Дўрмон янада гавжумлашиб қолди, узок-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар Ёзувчилар боғидан қўноқ топишганди...
Мустақиллик байрами арафасидаги суҳбатлар эca бевосита бўлмаса ҳам, бавосита мана шу санага алоқадор бўларди. Кунлардан бир куни Тўлепберген оғa бундай ҳикоя қилдилар:
- Мен СССР Олий Советининг Маданият қўмитасига аъзо эдим. Чингиз Айтматов қўмитамиз раиси эди. Бир куни СССР Маданият вазирининг ҳисоботини тингладик. Ўша пайтлари Заха¬ров деган киши вазир эди. Мен у билан хорижий сафарда бўлганман – у беозоргина одам эди, бўлар-бўлмасга тиргалавермасди. Қисқаси, у билан кўз танишлигим бор-у, лекин ҳеч қандайяқинлигим ҳам, узоқлигим ҳам йўқ. Хуллас, ўша пайтлари расм бўлган янги қоидага биноан биз вазирнинг ҳисоботини тинглаб, қўмита тасдиғидан ўтказсак, кейин уни СССР Олий Совети янгитдан ва¬зир лавозимига тайинлаши керак эди.
Ўртада савол-жавоблар бўлди. Маълум бўлдики, қўмита аъзолари ҳам Захаровни безарар одам деп ўйлашар экан – самимий савол-жавоблардан шу нарса ошкор бўлди. Шунга қарамай, унинг номзоди тасдиқ учун овозга қўйилаётган пайтда мен эски танишимни яна бир бора синаб кўрмоқчи бўлдим ва: “Айтинг-чи, Қорақалпоғистон қаерда жойлащган?” деб сўрадим ундан. Албатта, мен Захаровга панд беришни ёки уни “имтиҳон”дан қулатишни истамасдим. Унга душманлик жойим йўқ эди, уни танирдим. Саволдан мақсад — “дунёнинг олтидан бир қисмидан”сайланиб кел¬ган қўмитамиз аъзоларига дунёда “қорақалпоқ” деган халк, борлигини эслатиб қўйиш, холос. Ростдан ҳам, депутатлар СССРнинг турли бурчакларидан келганлар; Уларнпнг баъзилари қорақалпоқлар тўғрисида эшитмаган бўлиши мумкин-да! Майли, улар “Қорақалпоқларнинг Тўлепберген Қайипбергенов деган жуда содда ёзувчиси бор экан, у Маданият вазиридан Қорақалпоғистон қаерда жойлашган деб сўради” дейишсин. Аммо ўз ўлкаларига боришгач,сайловчиларга биз тўғримизда гапириб берсинлар... Кўрдингми, Набий, ниятим беғараз эди. Аксига олиб, СССР Ма¬даният вазири Захаров тим-тирис бўлиб, ер чизиб қолса бўладими! У ўйланиб туриб-туриб, терлаб кетди ва чўнтагидан оппоқ, рўмолчасини олиб, бурнини шилқ-шилқ этказиб қоқди-да, сўнг: “Менимча, Қорақалпоғистон Сибириянинг бир чеккасида бўлса керак”деб жавоб берди ҳижолатомуз. Ҳамма гурр этиб кулиб юборди. Чингиз Айтматов ҳам юзини ўгириб, роса кулди. Шу тариқа барча жиддий саволларга жиддий жавоблар берган вазирнинг сохта салобати ҳам, юзаки жонкуярлиги ҳам кўпчиликнинг кўз ўнгида бир пул бўлди. Маданият қўмитаси Захаровнинг номзодини тасдиқламади...
Тўлепберген оғанинг ҳикоясини тинглаётган кишилар орасида Аданадан келган ватандошимиз Ориф ака ҳам бор эдилар — у ки¬ши Маданият вазирига берилган савол жуда мураккаб бўлса керак деб ўйлаши мумкин эди. Шу боис унга астагина изоҳ бердим:
- СССР даврида фақат тўртта республикада - Ўрусияда, Ўзбекистонда, Гуржистонда, Озарбойжанда автоном республикалар бор эди, холос.
* **
- Набий, қанча маош оласан? - деб сўради Тўлепберген оғa бир куни.
- Аниғини билмайман, Чунки Бош муҳарриримиз мени жуда яхши кўради, шунинг учун бўлса керак. ҳар ойда ошириб туради. - деб жавоб бердим.
- Ҳа, дуруст. Ишқилиб, етадими?
- Сигарет чекмай юрсам етиб-ортиб қолади... Тим-тирис бўлиб юрсам, бир ойлигимга бемалол “Зафарнома” олишим мум¬кин.
- Лекин, бизда арзончилик. Мен дунёнинг энг бой мамлакатларида бўлганман, ўшалардан учтасидаги аҳволни айтиб берайми?
- Айтинг-чи, зора Жамиласидан айро тушган Ғофур ҳам юпаниб қолса!
- Саудия Арабистони бой мамлакатми?
- Бой мамлакат.
- Мусулмон мамлакатими?
- Шундай тақсир!
- Мен ҳажга бордим. Арафот тоғини зиёрат қилгани чикдим. Зиёрат чоғи ўз тўпимдан ажралиб қолдим: қарасам, атрофимда бегона кишилар. Шунда тўрт тарафга қараб югура бошладим ва: “Ўзбеклар борми! Ўзбеклар борми! Ўзбеклар!...” деб роса
қичқирдим. Агар мен: “Қорақалпоқлар борми?” деб қичқирсам, кўпчилик (туркийни тушунадиган хорижликлар ҳайрон бўларди: “Жазирада қора қалпоқ кийиб юрадиган одам ҳам бўлар экан-да!” деб ўйлаши мумкин эди) ёкасини ушлашини билардим. Чунки СССР Маданият вазири Қорақалпоғистон қаердалигини билмагач, Ара- бистонда қорақалпоқ халқини яхши билмасалар асло ажабланмас- дим. Хуллас, қичқириб юрсам, бир киши менга пешвоз чиқди. Ҳол-аҳволимни сўради. Танишдик. У киши фақат исми-шарифини айтди, холос. Жидда шаҳрида яшар экан, ҳажга оила аъзолари билан шахсий машинада келибди.
Лекин машинасида ортиқча жой йўқ экан. Шунинг учун қўлимга қирқ реал пул берди: “Йигирма реалга тушлик қиласиз. Аслида, тушликнинг баҳоси ўн реал, лекин бегона эканингизни билишиб, овқатни икки баробар қиммат сотишади- йигирма реал тўлашга мажбур бўласиз. Кейин йигирма реал тўлаб, манзилга етиб оласиз. Аслида, сиз борадиган манзилга таксида ўн реалга борилади. Лекин бегона бўлганингиз учун сиздан яна икки баро¬бар кўп йўлкира оладилар. Одат шунақа”, деди туркистонлик ватандош. Мен ундан уй адресини сўрадим, ялиниб-ёлвордим. Аммо, уй адресини айтмади. “Майли, агар қирқ реал қарз бўйнингизда қолишидан қўрқаётган бўлсангиз. бирорта мачитга эҳсон киларсиз”, деди ватандошим. Билсам, ўша ўзбек киши Саудияда ўтроқлашиб қолган экан. Хуллас, мен қирқ реални олиб меҳмонхонага йўл олдим: пулимни тежаб ишлатиш учун йўлда тўрт дона чўрак ва бир стакан чой олдим — беш реал тўладим. Атайлаб иссиқ овқат харид қилмадим. Пулим тугаб қолса, меҳмонхонага қандай қилиб етиб олишни ўйладим. Ҳовва! Беш реал катта пулми ёки кам пулми? Агар беш реалга яна бир реал қўшилса, олти ре¬алга икки дона электрон соат харид қилиш мумкин. Бизда икки дона электрон соатнинг пулига неча кун тирикчилик қилиш мум-кин? Битта оила бемалол бир ҳафта яшайдими? Яшайди, албатта.
- Саудия Арабистонида одамлар катта миқдорда маош олишади-да!
- Тўғри, лекин у ерда озик-овқат қиммат., уловда юриш қиммат, иним! Айланиб келиб, у ерда яшаш ҳам қиммат бўлиб чиқади! Чунки ҳамма нарса ташиб келтирилади... Сен мендан бирреал бизиинг неча сумимизга баробар деб сўрамагин: яхшиси, минг реалга неча марта овқатланнш мумкин деб сўрагин! Ҳовва! У ерда одамлар бекорга ёппасига тижорат билан шуғулланишмайди! Адабиётнинг, санъатнинг ҳеч кимга қизиғи йўқ.
- Ёзувчи Нажиб Маҳфуз Нобель мукофотига сазовор бўлди- ку?!
- Нажиб мисрлик ёзувчи, у саудиялик эмас. Ўттиздан ортиқ араб мамлакати бор, ҳаммасида ҳам нефть (ермой) қайнаб-тошиб ётгани йўқ. Қолаверса, бир куни ўша қайнар булоқлар ҳам тугайди. Кейин нима бўлади?... Ҳозир шу тўғрида бош қотиришяпти. Ҳамманинг муаммоси ўзига етиб ортади.
- Японияда ҳам шунақами?
- Япония ҳозир океанда “қўриқ” очяпти. Сув устига аэропорт қурилганини эшитган бўлсанг керак.
- Эшитдим.
- Япониянинг қишлоқлари қанақалигини биласанми?
- Билмайман.
- Билмасанг, билиб қўй: қишлоқларига фақат ёлғизоёк, сўқмоқдан юриб кириш мумкин! Ер йўқ. йўл тор: ўша биз мақтайдиган супермашиналар катта кўчаларда қолдирилади. Японияда машиналар эшакдан ҳам секин юради-тиқилинч... Одамлар фаро- вон яшайдиларми? Ҳовва! Тахминан. бизда фан номзоди даража- сига эга бўлган олимлар қирқ минг иен миқдорида маош оладилар. Менга ҳам Орол муаммосига бағишланган ўн тўрт саҳифали мақоламни (икки интервалда) битта газетада чоп этганлари учун қирқ минг иен қалам ҳақи бердилар (биз ўрис ёзувчиси Валентин Распутин бошчилигида Японияга илмий анжуманда қатнашгани борган эдик). Беш-олти киши энг арзон битта томоқхонага овқат- лангани кирдик: тўйиб-тўймай овқатландик. Ўрта даражадан ҳам пастроқошхонада овқатланганим учун мендан тўрт минг иен пул олдилар! Демак, шу миқдорда маош оладиган фан номзоди Япони¬яда бир ойлик иш ҳакига ўн маҳал чала-чулпа овқатланиши мум¬кин, холос.
- Шунинг учун японлар овқатни қошиқ билан эмас, балки чўпга қисиб ейишар экан-да!
- Қайдам. Лекин ҳар қадамда яшаш учун курашадилар. Бозор иқтисоди шароитида рақобатдан қутулиб бўлмайди, иним!
- Нью-Йоркда ҳам аҳвол шундайми?
- Нью-Йорк — бадавлат, бой шаҳар. У ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ... Мен Нью-Йоркка борганимдан сўнг бетоб бўлиб, битта ўзбек ватандошимизнинг уйида 3-4 кун кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдим. Сафардошларим турли томонларга ватандошларимизни зиёрат қилгани кетишди. Бир куни ўзимни хийла тетик сезиб, аста кўчага чиқдим. Сарбозорни айланиб юриб, битта дўконга кирдим: пештахта ортида турган сотувчи кўзимга жуда иссиқ кўринди — у худди туркистонликка ўхшарди. Унга салом бердим, у алик олди. Гаплашиб қолдиқ: Маълум бўлишича, сотувчи йигит қорақалпоқ экан, дўконнинг эгаси ўзбек экан. Мен ўз миллатдошимга бир нима coвғa қилмоқчи бўлдим. АММО нима coвғa қилишни билмасдан роса бошим қотди. Чунки шу дўконда ҳамма нарса бор эди: дўппи, қалпоқ, чўгирма, чопон, адрас тўн ва ҳоказо. Охири сотувчининг ўзидан сўрадим: “Иним, нима совға қилай?”. Сотувчи юзимга меҳр билан тиқилиб турди-да: “Ватандан бир сиқим тупроқ олиб келмадингми?” деб сўради. “Йўқ”, дедиму бирдан ўпкам тўлиб кетди. Ихтиёрсиз равишда бир-биримизни бағримизга босдик; харидорлардан ҳам уялмасдап икки эркак хўнг-хўнг йиғлашдик! Мен ватандошимни, миллатдошимни ҳидлаб-ҳидлаб йиғладим, у эса ватанининг бир сиқим тупроғига зор бўлганини ўйлаб-ўйлаб йиғлади; у яна менинг уст-бошимда, вужудимда келган Ватан тимсолини кўзла- рига суртиб-суртиб йиғлади... Э-э, иним Набий, Нъю-Йоркда ҳамма нарса бор, лекин у ерда Ўзбекистан йўқ, Қорақалпоғистон йўқ, ҳовва!
***
Бир оқшом Тзлепберген оға apғyвон остидаги курсида анҳор жилдирашига қулоқ тутиб, бир нималарни ўйлаб ўтирган эканлар. Астагина қошларига бордим. Сал наридаги сўрига ўтирдим: агар ўйлаётган ўйларини бузгиси келмаса — мен билан гаплашмайди, мабодо ўйлаётган ўйлари поёнига етган бўлса — мен билан гурунглашади, деб фараз қилдим.
- Ҳа-а, Набий келдингми? Овқат жедингми?
- Жедим.
- Сенинг уйинг жўқми?
- Бар, - дедим ҳазиллашиб.
Тўлепберген оға ҳазиллашганимни сездилар, шекилли, маъюс жилмайдилар.' Сўнг гапни бошқа томонга бурдилар.
- Китабингни ўкияпман. Яхши. Казённий сўзларни ишлатмайсан. Ҳовва, казённий сўзларни кам ишлатиш керак. Яхши ёзувчи казённий сўзлардан қочади. Ҳовва!... Лекин дўстларинг ҳам худди китабингдаги казённий сўзлар каби аз экан. Парво қилма, ўзи шунақа бўлади.
Оға, бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади-да!
- Ҳа-а дуруст! — деб кулиб юбордилар Тўлепберген оға. — Мен 60-йилларнинг бошларида биринчи марта мана шу Дўрмонга дам олгани келган эдим. Хар эҳтимолга қарши, “Бир совуқ томчи” киссамни подстрочный таржима қилдириб келгандим. Ўшанда устоз Абдулла Қаҳҳор мана шу боғда яшарди. - У киши ҳозир Саид Аҳмад домла яшайдиган боғ-ҳовлига ишора қилдилар, сўнг давом этдилар: — Билмадим, ўзимнинг қадр-қимматимни билиш учунми,қиссамни Қаҳҳор домлага ўқишга бердим. Эртаси куни атайлаб вақт ўтказиш учун шаҳарга тушиб кетдим. Билсанг, у пайтлари Қаҳҳорнинг гапи-гап, хулосаси — ҳукм эди. Ўзи ҳам паст-баланд гаплардан юқори турадиган улуғ инсон эди. Уни ҳамма талантли ёзувчилар ҳурмат қиларди, бизга ўхшаган ёшлар эса унга ростакамига сажда қилардик... Хуллас, шаҳарни айланиб-айланиб, оқшом маҳали Дўрмонга қайтиб келсам, жўраларим: “Сени Қаҳҳор домла сўроқлаб юрган эди. Тамом, энди кунинг битди — у киши ўзига ёқмаган асарнинг пўстагини қоқиб, муаллифини эшакка тескари миндириб қўяди! Бу масалада катта амалдорларни ҳам аяб ўтирмайди... Ақлинг бўлса, асарингни Қаҳҳорга ўқишга берармидинг?! Ундан кўра, бир чеккада китобларингни нашр эттириб, жимгина тирикчилигингни ўтказиб юравермайсанми?!” дейишди. Бундай гапларни эшитиб, дим мазам қочди... Хонамга кириб, бошимни кўрпага буркаб ётиб олдим. Қанийди, кўзим уйқуга кетса! Қанийди, тонг отса... Ётиб-ётиб ўрнимдан сапчиб туриб кетаман, хонамда у ёқдан-бу ёққа юраман, сўнг бир шиша арақ ичиб. ғирт маст бўлиб, Қаҳҳор домланинг ҳовлисига бош эгиб кирмоқчи ҳам бўлдим. Лекин журъат қаёқда, куч қаёқда! Оёқ-қўлимда жон йўқ
эди. Яна ўзимни ўринга таппа ташлайман... Ётган жойимда роса тўлғондим — худди тўлғоқ тутаётган ҳомиладор хотинга ўхшардим: у ёнимга ағдариламан, бу ёнимга ағдариламан, уф-ф тортаман, оҳ-воҳ қиламан... Охири бўлмади, шартта туриб уст-бошимни кийдиму тўппа-тўғри Қаҳҳор домланинг боғ-ҳовлиси томон кетдим; дарвозани қоқдим. Чорбоғ эшикка Дозор Дўрмоний (Қаҳҳорнинг ити) вовуллаб келди. Кейин Кибриё опа кўриндилар. “Қаҳҳор домла мени сўраган эканлар. Шаҳарга тушиб кетган эдим, ҳозир келдим”, дедим ўзимни оқлаб. “Шошмай туринг-чи, — деб опа ичкарига кириб кетидар. Қайтиб чиқиб: — Эртага пешин маҳали арғувон остида гаплашамиз, деяптилар”, деди. Мен баттар талвасага тушиб, изимга қайтдим. Ана, энди тамом! Агар яхши гаплари бўлса, бир оғиз айтардилару қўярдилар... Қиссам маъқул бўлмаган бўлса, эртага ҳамманинг олдида шарманда қилсалар керак... Минг бир хаёлга бориб, минг бир азобни бошимдан кечириб тонг оттирдим. Кўзларим шоқолнинг кўзидай қип-қизариб кетди... Пешин маҳали ўлимини бўйнига олиб қўйган гумроҳ каби бошимни эгиб, арғувон остига бордим. Борсам, давра катта: анҳорнинг икки лабига қўйилган ўриндиқларда катта-кичик ёзувчилар сомеъ ўтиришибди; Қаҳҳор домланинг ўзлари эса... — Тўлепберген оғa ўринларидан туриб, сўри томон яқин келдилар ва қўли билан бир жойни кўрсатиб давом этдилар: — Набий, ҳозир сен ўтирган ўринда эканлар. Ёнларида Мавлен Икром ва яна икки-учта ёзувчилар бор эди. Мен юрак ютиб, аранг салом бердим, сўрашдим. Қаҳҳор домла дарҳол гапнинг индаллосига кўчдилар: “Тўлепберген,агар ижозат берсангиз, мен шу қиссангизнинг таржимони ёнига имзо қўйсам. Яъни, таржимага муаллифдош бўлсам. Ҳартугул, қиссани кимдир таглама таржима килибди”, дедилар. Дафъатан, тилим калимага келмай қолди: наҳотки, ўзбекнинг тирик классиги мендан ижозат сўраёгган бўлсалар! Қўлларимнп кўксимга қўйиб: “Майли, домла. Лекин таглама таржимани пул бериб қилдирганман”, дедим. “Ундай бўлса, шаҳарга тушганингизда “Шарк юлдузи" журнали редакциясига кириб, Асқад Мухторга учрашасиз. Ундан: “Менинг қиссамни Абдулла ака тар¬жима қиляптилар, шуни журналингизда босасизми?” деб сўраб келсангиз. Агар Асқад рози бўлса, мен қиссани таржима қилиб, ўзим редакцияга элтиб бераман”, дедилар. Албатта, мен домла айтган гапларни зудлик билан Асқад Мухторга бориб айтдим. Гапларимни эшитгач, Асқад Мухтор: “Абдулла акам таржима қилади-ю, мен жон-жон деб журналда босмайманми!” деди таажжубланиб. Мана шунақа гаплар, иним Набий... Абдулла Қаҳҳор йилт этан талант учқунини ҳам ниҳоятда қадрларди. У бағридарё ин- сон эди. Илойим, у кишини Худо раҳмат қилсин!
- Абдулла Қаҳҳор латифа айтишни яхши кўрармиди?
- Мен у кишининг латифа айтганини бирор марта ҳам эшитганим йўқ. Хатто Қаҳҳор домланинг ноўрин кулганини ҳам кўрма- ганман. Жуда жиддий инсон эдилар. Мавруди келиб қолса, аччиқ бир луқма ташлаб қўярдилар, холос. У кишининг бир ОҒИЗ сўзлари анча вақтгача ёзувчилар ўртасида муҳокама бўларди. Ҳар бир сўзни тарозида тортиб, топиб айтардилар...
** *
Тўлепберген оға кун бўйи иккинчи қаватдаги “ярим-люкс” хо- насидан чиқмайдилар, фақат оқшом пайтлари Дўрмон боғини сайр этиб юрадилар. У киши шафтолини яхши кўради. Шафтолини “шабдол” дейдилар.
Узумни ҳам яхши кўрадилар. Узумни “жузум” дейдилар оғиз- ларини тўлдириб. “Бизда жузум ўсмайди, қуриб қолади. Орол соҳилларидан кўтарилаётган кимёвий тўзонлар Қорақалпоқ билан Хоразм боғларини қуритиб битиряпти”, дейдилар маъюс тортиб.
Тошкентда ишлайдиган тўнғич ўғли Одилбек кунда-кунора отасидан хабар олгани келади; баъзан Одилбек қизчаларини ҳам олиб келади. Бир куни Тўлепберген оға ўғлини кузатди-да: “Шу Одилбек ўғлим дим ақлли бола, “Қорақалпоқнома” китобимнинг номини Одилбек қўйиб берган”, дедилар. Сездимки, Тўлепберген оға Одилбекдай ўғли борлиги учун чин дилдан фахрланар экан.
Атоқли танқидчи дўстимиз Шуҳрат Ризо бир неча йилдан бери докторлик диссертацияси ёзиш билан машғул бўлиб, байрам ара- фасида “фойдаланадиган адабиётлар”ини кўтариб яна Дўрмонга чиқди. У ҳам Тўлепберген oғa билан илгари гаплашмаган экан. Уч-тўрт марта оқшом гурунгларида иштирок этгач: “Набижон, билдингизми, Тўлепберген оғa ниҳоятда гўзал инсон экан-а? ..
Мен просто ҳайрон қолиб юрибман; шунчалар буюк оқсокол ёзувчимиз бор экану, лекин биз билмас эканмиз-да? Мен ўтган уч-тўрт кун мобайнида Тўлепберген оғани кашф этдим!” деб ҳая- жонланиб юрди Шуҳратжон.
Бир куни Тўлепберген оға 54-хонага ташриф буюрдилар.
- Ишлаяпсанми? - деб сўради.
- Абдураззоқ Обрўй бир қути сигаретга яраша ёнидан пул бериб,‘'Муштум”га “тўйхат” ёзиб беришимни илтимос қилган эди. Шунга сигарет чекиб, бир нима қоралаб ўтирибман, - дедим кўйлак кияётиб.
Тулепберген оға рўпарамда деворда осиғлик турган 1x1,5 ҳажмли рангли расмни кўриб, остидаги ёзувни ўқидилар: “Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ибн Муҳаммад Тарағай Баҳодир”.
- Амир Темурнинг шажарасими?
- Темурийлар шажараси.
- Шунака кщргазмали тарихий лавҳаларни кўпроқ босиб чиқариш керак. Умуман, туркий халқларни бирлаштирадиган та¬рихий асарлар ҳозир сув билан ҳаводек зарур, - дедилар кўзойнак тақиб. -Сўнг “Библия”ни қўлига олиб, варақлаб кўрдилар-да, давом этдилар: — Баъзи ёшлар тарихни жиддий ўрганмайди, улар архивда ўтириш қанақа бўлишини билмайди. Баъзилари эса арақ ичиб, фоҳишалар ортидан югуриб юриб ҳам зўр ёзувчи бўлиш мумкин ўйлайдилар. Ундай бўлмайди, ҳовва! Сен маладес! Боболаримиз тарихини, жумладан, лақайлар тарихини ўрганиб тўғри иш қиляпсан. Қийинчиликлар ўтади, лекин қилган ишинг қолади. — Сўнг жавонда турган Хемингуэйнинг китобларига кўзи тушиб изоҳ бердилар: — АКШда Хемингуэйдан кўра кўпроқ Фолкнерни эъзозлашар экан. Умуман,дунё бўйича Хемингуэйга нисбатан Фолкнер кўпроқ донг таратган. Лекин социалистик лагердаги мамлакатларда Хемингуэй машҳур бўлиб кетган. Сабабини биласанми?
- Йўқ,билмайман.
- Сабаби шуки, Кубада инкилобчилар ғолиб келгач, ўша пайтлари Гавана депарасидаги боғида яшайдиган Хемингуэй Фи¬дель Кастро билан учрашади ва: “Мен Куба халқи билан бирга бўламан!” дейди республика байроғини тиз чўкиб ўпиб. Шундан кейин Хемингуэйнинг асарлари шитоб суръатларда СССРда қайта-қайта нашр этилаверади. Лотин Америкасига расмий визит би¬лан борган собиқ СССРнинг собиқ Бош вазири Микоян атайлаб Хемингуэй билан учрашади...
- Хемингуэй барибир зoр ёзувчи!
- Тўғри, зўр ёзувчи. Мен унинг қандай йўсинда СССРда машҳур бўлиб кетганини айтяпман, холос. Биласан-ку, СССРда ҳар қандай зўр ёзувчи машҳур бўлавермасди.
- Бу гапингиз маъқул бўлди, оға... Чамамда ўзингиз ҳам шу кунлари зўр ёзяпсиз, шекилли?
- Ҳа, ёзяпман. “Калбимнинг қомуси” деган эссе-репортаж ёзяпман.Эссе-репортаж демасдан “солнома” десам бўлмасмикан?
- Бoлади, нега бўлмас экан! Ана, Моньтен ҳам “Кўрган-ке- чирганлари”ни “тажрибаларим” деб қўйган-ку!... Яхшн ном то- пибсиз.
- Бунда барча тарихий воқеаларга қорақалпоқ халқининг кўзи билан қарайман, ҳамма воқеаларга қорақалпоқ халқининг манфаати нуқтаи назаридан баҳо бераман.
- Жуда улуғ мезонни танлабсиз. Агар мана шу мезондан че- кинмасангиз, ишончим комилки адабиётимизда ҳам, ижтимоий онгимизда ҳам жуда катта инқилоб қилиб юборасиз!
- Жуда унчалик бўлмас-ов... Бундам ташқари, ўн тўрт жилдлик кундаликларим турибди, ҳали эълон килинмаган.
- Ўн тўрт жилдми?
- Ҳовва, ўн тўрт жилд. Машинкада кўчириб қўйганман, тап- тайёр.
- Худога шукр. биздан ҳам бўйи баробар китоб ёзадиган ёзув¬чи чиқар экан-ку! Ҳўш, тезроқ эълон қилмайсизми?
Тўлепберген оға ёш боладек самимий жилмайди. Сўнг кўзларини юмиб гaп бошладилар.
- Бир пайтлар Ғафур Ғулом номидаги нашриётга шоир Жуманиёз Жабборов директор бўлган эди. Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган мажлислардан бирида у: “Ҳурматли ёзувчилар, сизлардан илтимос, энди сал секинроқ ёзаверинглар! Асарларингни нашриётимизда чоп этишга улгурмаяпмиз”, деган эди. Мен ҳозир Жуманиёзнинг ўша илтимосига амал қилиб, кундаликларимни шошмасдан кўздан кечиряпман, қайта таҳрир қиляпман. Кўнглим тўлса, бир қисмини матбуотда эълон қиламан...
***
Оташин шоиримиз Усмон Азим илк китобини “Инсонни тушу- ниш” деб номлаган эди. Эрнест Хемингуэй шогирдларига: “Ин¬сонни тушуниш керак!” деб таълим беради. “Инсонни тушунув керак, дурустми?!”, дейди Тўлепберген оғa. Инсонни тушуниш учун эса, аввало, уни тингламоқ керак.
Агар Тўлепберген оға билан субҳатлашаётган бўлсангизу бирор узрли сабаби важҳидан суҳбат поёнига етмасдан узилиб қолса, у киши пешиндан кейинми ёки эртасигами, албатта: “Ҳўш, кейин нима бўлди?” деб сўрайдилар. Дастлаб, мен Тўлепберген оғанинг одати шунақа бўлса керак деб ўйладим. Лекин ўзларининг бошидан ўтган уч-тўртта ҳаётий ҳикояларни эшитганимдан сўнг бу одат Шахс принципи эканини англадим. Яъни, у киши инсонни ҳам, ўзлари билмаган нарса-ҳодисани ҳам тушунмоққа жиддий ҳаракат қилар экан. Мана, бунга бир мисол.
- 70-йиллари Марказкўмнинг Ялтадаги санаторийсига ҳар йили дам олгани, даволангани борардим, - деб ҳикоя қиладилар Тўлепберген оғa. - Биласанми, нима учун ҳар йили канда қилмасдан Ялтага борардим?... Санаторияда жуда бой кутубхона бор эди. Санатория шундоққина Қора денгиз соҳилига жойлашган бўлиб, бир юзу саксон поғонали зинапоядан юриб тушилса, мазза қилиб денгиз сувида чўмилиш мумкин эди. Аммо мен кун бўйи кутубхонадан чиқмасдим. У ерда муборак ислом динимизнинг тарихини ўрганардим. Ниятим - ҳазрати пайғамбаримиз тўғрисида ро¬ман ёзиш эди.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолига доир кўп мате¬риал тўпладим, Қуръони каримнинг ноёб ўрисча таржималарини қайта-қайта мутолаа қилдим, бир-бирига қиёсладим... Охирида эса Расулуллох, ислом дини тўғрисида билганларим дарёдан бир томчи эканини англаб етдим. Етти-саккиз йилдан сўнг, муттасил ўқиб-ўрганганимдан сўнг шундай хулосага келдим. Айниқса, Инжили шариф, Забур, Таврот каби муқаддас (бу китобларнинг муқаддас экани Қурьони каримда ҳам алоҳида эътироф этилган) ўқиганимдан кейин роман ёзишга журъат қилмадим. Аммо, кўп нарсани англадим, буюк Ҳакицатни англадим. Шўро мафкураси бошимизни нақадар булғаб юборганини англадим...
Ростини айтсам, Қора денгизга бориб бир марта ҳам денгизда чўмилмасдан қайгиб келаверардим: уммон қўл узатса етадиган ма- софада қайнаб-тошиб ётарди-ю, лекин мен ундан бебаҳра эдим. Мен бошқа нарсадан — Оллоҳи каримнинг улуғ неъмати бўлмиш ислом динидан баҳра олардим. Афсуски, Шўро фуқароси улуғнеъматдан бенасиб этилган эди — одамларни атайлаб ёлғонга ўргатишарди...
Етмишинчи йиллари Нукусда Доғистон адабиёти кунлари бўлди. Бир киши мени ёқтирмасди. Шунинг учун у айтдики: “Сен меҳмонларга ҳеч қандай совға бермайсан! Ҳамма совға-саломни ўзим бераман!”. Мен “бўпти” дедим. Лекин декаданинг ёпилиши маросимида тим-тирис бўлиб ўтиришга ор қилардим, албатта. Шунинг учун битта чойхалтага ҳовлимиздан бир сиқим тупроқтўлдириб бордим-да, менга якунловчи сўз берилган пайтда: “Расул оға, қимматбаҳо совға-саломларни катталаримиз топширдилар. Энди мен ундан ҳам қимматлироқ совға беролмайман. Шунинг учун мен сизга Қорралпоқ юртининг бир сиқим тупроғини совға қиламан, холос. Агар бизнинг тупроғимиз сизга азиз бўлса, шуни боғингизга сепиб юборинг!” дедим. Расул Ҳамзатов саҳнага чиқиб, мени маҳкам бағрига босди: “Тўлепберген, хотиржам бўл, Қорақалпоғистон тупроғи мен учун ҳам азиз. Мен бу тупроқни ўз боғимга сепиб қўяман ва менинг боғим бундан кейин қорақалпоқбоғи бўлади. Бизнинг эшигимиз сизлар учун доимо очиқ бўлади!” деди... Бир сиқим тупроқни Расул оғa кўзларига суртиб-суртиб олди. Залда ўтирганларнинг кўпчилиги йиғлади. Иним, юрт тупроғидан азизроқ нима бор ўзи? ...

“Жайҳун” журнали, 2000 йил, 1-сон, 13-25 бетлар.

понедельник, 19 февраля 2018 г.

Изқуварнинг изидан


            Ишончимиз комилки, кўпчилик детектив ишқибозлари муайян асарга ёзилган «сўзбоши»ни ҳам, «сўнги сўз»ни ҳам ўқишмайди. Чунки улар шу тобда ўзларини қизиқтираётган  саволларга бари бир жавоб топа олмасликларини билади. Хўш,  Жорж Сименоннинг ушбу китобини, айтайлик, «Мегрэ ва винофуруш» романини мутолаа қилган кишини нима қизиқтиради? Сезиб турибмиз, ҳозир сиз: «Жильбер Пигунинг кейинги тақдири нима бўлдийкин?» деб ўзингизча бош қотирмоқдасиз. Мабодо: «Бу саволга жавоб беришдан ожизмиз» десак, «Ана айтмаганмидим!» дея чуқур уф тортасиз. Лекин, минг афсуски, ҳафсалангизни пир қилишга мажбурмиз – ростдан ҳам, шу тобда сизни қийнаётган саволга бари бир қониқарли жавоб қайтаролмаймиз.

Негаки:

1. Детектив мавзудаги ҳар қандай бадиий асар суд ёки прокуратура маҳкамаларидаги, жиноий қидирув бўлимларидаги  «шахсий дело»лардан бутунлай фарқ қилади – ҳақиқатни искович итлар ёки моддаларни тўтиқушдек ёдлаб олган  «ола таёқлар” эмас, балки ақл-идрокли ҳуқуқшунослар аниқлайди.

2. «Мегрэ ва винофуруш» романи Ж. Пигунинг қўлига кишан солиниши билан якунланади. «Жильбер Пигунинг кейинги тақдири нима бўлдийкин?» деган саволга Жорж Сименоннинг новбатдаги романидан жавоб топиш мумкин эди. Аммо Ж. Сименон янги асарни ниҳоясига етказмади: 1972 йилнинг охирларида у ижодий ишлардан совуди, безиб қолди. Кейинчалик у роман ёзишни бутунлай йиғиштириб қўйганини расмий равишда эълон қилди. Шундай қилиб «Оскар» деб аталган романи чала-ярим ҳолида ёзув столида қолди.

            Жорж Сименон бадиий асар ёзишни бас қилган бўлса-да, умрининг қирқ йилдан ошиқроқ даврини ўзи ўйлаб топган персонажлар «ичида» яшашдан, дунёга уларнинг нигоҳи билан қарашга сарфлашдан зерикканига қарамай,  «оғзаки китоблар» яратишдан – диктафонга қараб сўйлашдан чарчагани йўқ: у ўн йил мобайнида ўзи билан ўзи гаплашиб, «кекса кишининг охирги эрмаги билан овуниб» (Жорж Сименоннинг ибораси) ўтириб, сўнг магнитофон лентасига ёзилган хотираларини  шахсий котиблари ёрдамида қоғозга кўчириб, устидан баҳоли қудрат таҳрир қилиб йигирма битта хотиралар китобини чоп этди.

            Жорж Сименоннинг хотиралари ўз шакл-шамойили, мазмуни жиҳатидан одатдаги «таржимаи ҳол»ларга мутлақо ўхшамайди. Ёзувчи баъзан  ўзининг ҳаёти, бошидан кечирган оғир кунлар ҳақида батафсил сўзлайди. Бахтсизлигидан нолийди. Айниқса, восвос касалига мубтало бўлган суюмли қизи Мари-Жо 1978 йили ўзини ўзи ўлдирганидан кейин отанинг қадди қаттиқ букилди.

            У Марини ниҳоятда қобилиятли бўлганини, нозик кўнгил эканини, келажакда балки шоирми, санъаткорми бўлажагини бот-бот такрорлайди. Надоматлар бўлғайким, ўн гулидан бир гули очилмаган қизгинасидан фақат сўнгги васияти ёзилган бир парча қоғоз қолади, холос: «Ўлганимдан кейин менинг жасадимни куйдириб, ҳокимни боғимиздаги майсалар устига сепинглар!»

            Бундан ташқари, Сименон узоқ йиллик ҳаётий тажрибалари асосида поёнига етган ҳақиқатларни, юрагининг тубига чўкиб қолган дардларини темиртан суҳбатдошига айтишга ҳаракат қиляпти. Айни пайтда дунёдаги барча халқларни бирдек ташвишлантираётган уруш ва тинчлик масаласига актив аралашмоқда, қуролланиш пойгасини кескин қораламоқда.

             Демак, юқоридаги гаплардан маълум бўлдики, сизнинг хаёлингизни чулғаб олган саволга (Жильбернинг кейинги тақдири нима бўлдийкин?) бари бир қониқарли жавоб қайтаролмаймиз. Чунки суд қанақа ҳукм чиқаражагини комиссар Мегрэ билади, холос. Аммо, тақдир ҳазилини кўрингки, худди сизу бизга ўчакишгандек комиссар Мегрэ ҳам истеъфога чиқиб ўтирибди. Наҳотки Мегрэ пенсия ёшига етган бўлса? У Жиноят қидирув полициясида қачон иш бошлаган эди ўзи?

             1930 йили ҳаваскор қаламкаш (у турли-туман газеталарга илова тарзида ёки алоҳида китоб ҳолида чоп этиладиган тўпламларга олди-қочди мавзуларда икки юздан ортиқ «ишқий достонлар» ёзиб берган эди) Жорж Сименон Париждаги “бели бақувват” ноширлардан саналмиш Фаярга Жиноят қидирув полициясининг оддий инспектори Жюл Мегрэ ҳақидаги дастлабки романини ўқитиб кўради. Қўлёзма билан танишган ноширнинг энсаси қотади: чунки Сименоннинг асари кўп йиллардан буён ўзи ўқийвериб ўрганиб ва ўқувчилар китоб дўконларидан талашиб-тортишиб харид қилиб оладиган детектив романларга унчалик ўхшамасди. Лекин ношир Сименоннинг романи анъанавийликдан йироқ бўлгани учун муаллифнинг юзига эшик ёпмайди. Ҳатто муаллифга: «Асарингизни яхши тушунмадим, балки ўзингиз тушунтириб берарсиз, а?» деб, кесатиқ ҳам қилмайди. “Бўпти, таваккал қиламиз, оғайни! Мана шу йўсинда яна уч-тўртта роман ёзинг-чи, биз ҳаммасини келаси йили нашр қилиб, бахтимизни синаб кўрамиз. Лекин китобингиз инқирозга учраса, нашриётга харажат ҳақини тўлайсиз!” дейди. 1931 йилда шартнома бўйича “Фаяр” нашриёти Жорж Сименоннинг бешта романини китоб ҳолида чоп этади. Ўз-ўзидан равшанки, Сименоннинг китоби тез кунларда сотилиб кетади. Бундан илҳомланган ёш ёзувчи зўр бериб Париждаги полиция бошқармасида... ҳаётни ўрганади ва уч ярим йил мобайнида Мергэ ҳақида ўн тўққизта роман ёзади. Кези келганда бир нарсани айтиб ўтиш керак шекилли: полициячилар орасида Мегрэнинг прототипи йўқ эди. Мегрэ – Сименоннинг хом хаёли, орзуси, армонидир. Маълум бўляптики, Мегрэ Жиноят қидирув полициясида 1931 йилдан то 1972 йилгача ҳалол хизмат қилган – қирқ йилдан ортиқ меҳнат стажига эга. Бошқача қилиб айтганда, бу давр ичида Жорж Сименон Мегрэ ҳақида саксонта роман ёзади. Мегрэ эса оддийгина полиция инспектори даражасидан то энг оғир жиноятларни фош қиладиган қидирув бригадасининг комиссари лавозимигача кўтарилади.

             Француз ёзувчилари азал-азалдан маҳсулдорликлари билан машҳур. Лекин, Оноре де Бальзак, Виктор Гюго, ота-бола Дюмалар, Эмиль Золя, ака-ука Гонкурлар ҳам маҳсулдорлик “мусобақа”сида Жорж Сименоннинг чангида қолиб кетишди: у ҳаммаси бўлиб 214 та роман ёзди. Юқорида таъкидлаганимиздек, шулардан саксонтаси комиссар Мегрэга бағишланган. Умуман олганда, Мегрэ ҳақидаги романлар Жорж Сименон номини жаҳонга танитди. Ж. Сименон асарлари дунёдаги чет элларга энг кўп таржима қилинган машҳур ёзувчиларнинг, спорт шарҳловчилари таъбири билан айтганда, «кучли бешлиги»дан ўрин олган. Устига устак, у ўзидан кейин олтинчи ўринда бораётган «команда»дан шу даражада илгарилаб кетганки, XXI асргача уни биров қувиб етиши даргумон. Қайтанга XXI асрда Сименон ўзидан олдинги ўринлардаги баъзи бир ёзувчиларни қувиб етиши тахмин қилинмоқда. Сименон яратган комиссар Мегрэнинг бу қадар тилларда достон бўлиб кетишига сабаб нима?

            Ж. Сименон суҳбатларининг бирида: «Самарадорликка интиладиган ҳар қандай ёзувчи дуч келган жойдан ранг-баранглик қидиради. Мени эса ўхшашлик ўзига кўпроқ тортади. Мен омонат  ўлчовларга эмас, собитликка, абадиятга – турли-туман мамлакатларда яшайдиган одамлар учун бир хил бўлган мезонларга қизиқаман», деган эди. Эҳтимол, Сименон назарда тутаётган «мезонлар»дан биттаси ЭЗГУЛИК деб аталар? Балки, унинг яна битта номи АДОЛАТдир? Зотан, «Адолат борлиққа ёлғиз онадир». Дарҳақиқат, комиссар Мегрэ доимо эзгуликни − «кўзлари нам яралган» эзгуликни ҳимоя қилади, адолат учун тинмай курашади. Ва охир-оқибатда у ҳисобчига қараб: «Сизга ишонишади, − дейди секингина, − лекин қоидаси шунақа. Етиб борганларингиздан кейин кишанни ечиб олишади». Албатта, қамоқхонада ўтирган маҳбуснинг қўлини кишанлаб қўйиш шарт эмас. Лекин қонун олдида комиссар Мегрэ ҳам ўзини ночор сезади. У ўзи истамаган ҳолда қотилликка қўл урган Жильбер Пигуга тасалли бериш билан чекланади, холос. Ижтимоий адолатсизликка барҳам беришдан Мегрэ ҳам ожиз. Қирқ йил давомида мазлумлар, ожиз кимсалар йиқилса – суяб, қоқилса турғазиб келган комиссар Мегрэ ниҳоятда ҳолдан тояди, аранг оёқда туради. Чунки ЁВУЗЛИКнинг ижтимоий илдизини топади – бу ТЕНГСИЗЛИК эди. Шубҳасизки, «турли туман мамлакатларда яшайдиган одамлар» тенгсизликдан бир хил азобланадилар. Шунинг учун ҳам дунёдаги барча мазлум халқлар комиссар Мегрэни севадилар.

Баъзи бир атоқли сўз санъаткорлари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли воқеаларни ҳикоя қиладиган детектив ёзувчиларга менсимай қарайдилар. Жумладан, улуғ рус ёзувчиси Л. Н. Толстой фожиявий воқеаларни детектив тарзда ҳикоя қиладиган И. Гоффманнинг асарларини ўқигач: «Доим қўрқитмоқчи бўлади-я, ярамас. Лекин мен сира ҳам қўрқмайман», деган эди дарғазаб бўлиб. Жорж Сименон ижодига эса Андре Моруа, Франсуа Мориак сингари атоқли ёзувчилар юксак баҳо беришган. Америкалик машҳур санъаткор, халқаро Нобель мукофотининг соҳиби Уильям Фолкнер эса: «Сименон асарлари нимаси биландир менга Чехов ҳикояларини эслатади», деган эди.

Албатта, Жорж Сименон асарларида комиссар Мегрэ образи пайдо бўлиши билан детектив жанрида тубдан қайта қуриш бошланди, дея олмасак-да, лекин бу борада сезиларли ўзгаришлар рўй берганини қайд этмоқ даркор. Чунончи, комиссар Мегрэ машҳур инглиз ёзувчиси Артур Конан Дойл яратган афсонавий Шерлок Холмсдек фақат жиноятга, аниқроғи, қотилликка алоқадор кўз илғамас далил-исботларни топиш билан чекланиб қолмайди. У кўпинча жамиятнинг юқори табақалари билан, уларнинг тубан ахлоқи билан тўқнашади. Мана шу тўқнашув жараёнида сармоядор кимсаларнинг асл башаралари намоён бўлади. Меҳнаткаш халқ вакиллари эса доимо маънавий жиҳатдан ниҳоятда бой эканликларини исботлайдилар. «Қозонга яқин юрсанг қораси юқар» деганларидек, баъзан «ўз кучи билан кун кўрадиган» меҳнаткашларга-да жамиятнинг иллати тегади. Жорж Сименон ўз романларида ҳаётни бутун мураккабликлари билан тасвирлашга интилади. Шу жиҳатдан олиб қаралса, ушбу китобдан ўрин олган «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» романи айниқса диққатга сазовордир.

Муҳтарам китобхон, сиз романни ўқидингиз. Энди унинг мазмунини қайтадан гапириб беришга ҳеч қандай ҳожат бўлмаса керак. Биз фақат бир нарсани эслатиб ўтишни истардик. Агар эътибор берган бўлсангиз, «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» нимаси биландир Иван Буниннинг 1915 йилда ёзилган «Сан-францисколик жаноб» ҳикоясига ўхшайди. Ҳар икки асарда марказий қахрамонлардан бири – америкалик миллионер. Улар «бўш вақтларида» кўнгилхушлик қилиш учун Европага келадилар. И. Буниннинг ҳикоясидаги америкалик жаноб мўйсафид – икки кам олтмишга кирган, оилалик, битта қизи ҳам бор. У умр бўйи ўларига ҳам қарамай ишлаган: пул тўплаган, бойлик орттирган. Ниҳоят, у дунёни кезиб чиқишга, лаззатланишга аҳд қилади. Ҳатто кўнглининг бир чеккасида онаси ўпмаган неаполлик қизалоқларнинг «муҳаббатидан татиб кўриш» нияти ҳам йўқ эмас. Лекин сан-францисколик жаноб тўсатдан ўлиб қолади.  Шундай қилиб, жарақ-жарақ пулларни совуриш ниятида саёҳатга чиққан жанобнинг армони ушалмайди. «Мажестик» меҳмонхонасига қўнган мистер Кларк эса ўн йилча аввал ниятига етган: у меҳмонхонада хизмат қиладиган энг гўзал раққосани ўзи билан эргаштириб кетади ва унга уйланади. Ошиқу беқарор Проспер Донж эса «чапак чалиб» қолаверади.

Шу ўринда машҳур француз ёзувчиси Проспер Мерименинг қуйидаги сўзлари беихтиёр ёдга тушади: «Менинг фикримча, хотин зотини икки гуруҳга ажратиш мумкин: 1) жонингни фидо қилсанг арзийдиган жононлар. Ростини айтганда, бундай аёл дунёда йўқ, лекин, излаган одам – топади, деган нақл бор; 2) баҳоси 5 франкдан 40 франкгача бўлган фоҳишалар. Улар орасида баъзан «лахм гўшти» ҳам учраб қолади». Аслини олганда, Проспер Донж кўнгил қўйган маҳбуба жонингни койитишга ҳам арзимайдиган махлуқ эди. У кўпдан бери бирорта бойваччани «илинтириб» олишни кўзлаб юрган «лахм гўшт» эди, холос. Лекин шўрлик Донж дунёдаги барча лақма ошиқлардек ақлу ҳушидан айрилади – Мимининг чиройига нон ботириб емоқчи бўлади гўё. Мими эса қулай имконият туғилиши биланоқ сармоядор ўйнашининг этагидан маҳкам тутади. Балки, мистер Кларк бир оқшом «кўнглини шод этган» жононини чинакамига севиб қолгандир? Билмадик. Бу томони бизга қоронғи. Фақат бир нарса аниқки, мистер Кларк ёпишқоқ раққосадан осонликча қутула олмаслигини билади. Охири обрўйи тўкилишидан қўрқибми ёки бошқа бир хаёл биланми, ишқилиб, Мимига уйланади. Орадан анча-мунча вақт ўтгач эса хотинидан ажралиш пайига тушади: айнан шу ниятда у яна Парижга келади, «Мажестик» меҳмонхонасига қўнади. Ва кўҳликкина мураббия билан хилватгоҳларда дон олишиб юради. Кутилмаганда америкалик жанобнинг хотини меҳмонхона ертўласида бўғиб ўлдирилади. «Отнинг ўлими – итнинг байрами» деганларидек, бу фожиа мистер Кларкни унчалик ташвишлантирмайди. У мураббия билан кайфу сафо қилиб юраверади. Мимини ким ўлдиргани ҳам ва нима учун ўлдиргани ҳам уни қизиқтирмайди. Фақат базму жамшидларни аъзага айлантиришмаса бас. Чунки у Европага тўсатдан ҳалок бўлган хотинининг тобути устида юм-юм йиғлаб ўтириш учун эмас, балки жарақ-жарақ пулларини совуришу шаҳвоний нафсини қондириш илинжида ташриф буюрган. Кўриниб турибдики, сан-францисколик жаноб билан дитройтлик мистер Кларк моҳиятан бир-биридан унчалик фарқ қилмайди. Аммо сиртдан улар бир-бирларига мутлақо ўхшамайди: сан-францисколик жаноб кексайиб, қўйдай юввош бўлиб қолган; мистер Кларк эса эндигина қирққа кирган – қирчиллаган паллада, кўзига қон тўлган, ҳатто ўзини болтага уришдан ҳам тоймайди. Хуллас, Гоголь, Достоевский, Чеховларни севимли ёзувчилари  қаторида тез-тез тилга олиб турадиган  Жорж Сименон атоқли рус ёзувчиси Иван Бунин ҳикоясидан таъсирланган бўлиши мумкин. Қолаверса, И. Буниннинг ўттиз йилдан ортиқ муҳожирликдаги умри Парижда кечган. 1933 йили  Франциянинг барча вақтли матбуот органлари муҳожир рус ёзувчисига халқаро Нобель мукофоти  берилганини тантанали равшда нишонлаган эди. Жорж Сименон ўша йллари адабиётга эндигина мустақил қадам қўйган бўлиб, адабиёт оламидаги фавқулодда ҳодиса муносабати билан Нобель мукофоти лауреати ижодини синчиклаб ўрганиб чиқиши табиий ҳолдир. Кези келганда, Сименон романида америкалик миллионер образи тасодифан пайдо бўлмаганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Сименон ўн йил мобайнида Шимолий Америкада – дастлаб АҚШда, сўнг Канадада истиқомат қилган. 1955 йилдагина Швейцарияга бутунлай кўчиб келади. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Сименон Америка Қўшма Шитатларида севиб ўқиладиган ёзувчиларидан бири эди. Ҳатто АҚШнинг ўша пайтлардаги президенти Франклин Рузвельт ҳам комиссар Мегрэнинг мухлиси бўлган экан. Кунларнинг бирида президент ўзини қўриқлайдиган полисменларга комиссар Мегрэ ҳақидаги романларни тақдим этади ва: «Бу китобларни ўқинглар-да, унда ёзилган методларни ўрганинглар!» дейди. Шундан кейин ноширлар кимўзарга Сименон романларини чоп эта бошлаганини тасаввур қилиш унчалик қийин эмас, албатта. Лекин, инсоф юзасидан тан олиш керакки, Ф. Рузвельт комиссар Мегрэнинг мухлиси бўлмаган тақдирда ҳам, Сименон бари бир Американи эртами-кечми забт этиши аниқ эди. Чунки у урушдан кейин Американинг турмуш тарзи билан яқиндан танишади, ўзининг бир қанча романларини цивилизация «гуллаб-яшнаётган» мамлакатга бағишлайди.

Аслида, адабиётда теша тегмаган мавзунинг ўзи йўқ. Агар астойдил қидирилса, Шекспир трагедияларидан ҳазрат Алишер Навоий «биринчи бўлиб» ишлатган ташбеҳларни, образли ибораларни, ҳатто бутун бошли сюжетларни топиш мумкин. Биз Ги де Мопассаннинг «Азизим» романи билан Жорж Сименоннинг  «Мегрэ ва винофуруш» романидаги туташ нуқталарга ўқувчи диққатини жалб этмоқчимиз.

«Ҳақиқий санъаткор ҳар бир янги китоби билан ҳали забт этилмаган чўққи сари гўё из тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланиши даркор. Ҳеч бўлмаса, кимдир ўзидан илгари ҳам юрган-у, лекин сўнги манзилга етиб боролмаган йўлдан юриши лозим. Агар адабиёт яратиш ўтмишда ёзилган, аъло даражада ёзилган мавзулар ҳақида сал бошқачароқ ёзишдангина иборат бўлганда эди, ҳамма иш хамирдан қил суғургандек битарди-қўярди», деган эди Эрнест ХЕМИНГУЭЙ. Демак, «из тушган» сўқмоқ бўйлаб ҳам юриш мумкин. Маълум маънода (чунки Хемингуэй бутун бошли китоб ҳақида гапирмоқда, биз бўлсак ўша китобнинг бир қисмини ташкил этадиган образ тўғрисида сўз, фикр юритамиз) Сименон Мопассаннинг қадами етган «овлоқ гўша»ни четлаб ўтолмайди: ҳазрат Навоий ибораси билан айтганда, у Мопассан «панжасига панжа уради». Маълумки, Жорж Дюруа («Азизим») уччига чиққан жувонбоз. У мансабдор шахсларнинг хотинлари, қизлари, жазманлари орқали аста-секин олий табақаларнинг ишончини қозонади. Амалдор эрларнинг пинжига, шаҳватпараст аёлларнинг эса қўйнига кириб олади. Шу йўл орқали, фақат ана шу йўл орқали – чунки у иқтидорсиз журналист – пойтахтдаги энг нуфузли матбуот органининг Бош редактори даражасига кўтарилади. Дю Руа бутун «таланти»ни ишга солиб... хотин-халажларнинг кўнглини овлайди. Энг сўнгги мақсадига эришиш учун эса бирваракайига она-боланинг талабини қондиришга «мажбур» бўлади. Эскичасига айтганда, она ўз қизига кундош бўлиб қолади. Хуллас, Жорж ўз мақсадига эришиш учун жирканч йўлни танлайди. Чунки жирканч жамиятда фақат жирканч йўллар билангина мақсадга етишиш мумкин. Винофуруш Оскар Шабю ҳам жувонбозлик борасида «устози»га дарс беради. Лекин у Жорж сингари бирор мақсадга эришиш илинжида бузуқчилик билан шуғулланмайди. Балки, у фоҳишабозликни касбга айлантириб олган. Эҳтимол, унинг касби винофурушликдир? Ундай бўлса, фоҳишабозлик унинг ҳунари экан. У Азизимдан ҳам бадбинроқ. Чунки унинг ахлоқи – ахлоқсизликдир: у ҳаммадан қудратли эканини намойиш қилиш учун кўнгли тусаган кўчага юради. Охири ахлоқсизлик ЁВУЗЛИККА айланади. Жильбер Пигу ёвузликни отиб ўлдиради.

            Шундай қилиб, Сименон ўзидан илгари Мопассан етиб борган сўнгги манзилда бир оз нафасини ростлаб олгач, «из тушмаган сўқмоқ бўйлаб сафарга отланади». Винофуруш қисматидан билдикки, сафар ниҳоятда оғир кечади, «ҳамма иш осонгина хамирдан қил суғургандек» битмайди.

* * *

Биз ўзбек китобхонлари қирқ йилдан буён жаҳон адабиётида граф Монте-Кристо,  Шерлок Холмс сингари ажойиб изқувар комиссар Мегрэ образи яратилганини билмай юраверибмиз. 1985 йили «Шарқ юлдузи» журнали Жорж Сименоннинг «Мажестик» меҳмонхонасидаги қотиллик» романини эълон қилиб, хўп савоб ишни бошлаб берди, детектив шинавандаларидан роса олқиш олди. Бир ҳисобда, ҳеч бўлмаганидан кўра, кеч бўлгани дуруст. Сирасини айтганда, Жорж Сименоннинг романлари, яъни, «соф» детектив асарлар таржимонларимизнинг назаридан четда қолганининг объектив сабаблари ҳам йўқ эмас. Биринчидан, детектив жанр пайдо бўлган, хусусан, Артур Конан Дойл яшаган давр билан ХХ асрнинг сўнгги чораги ўртасида фан-техника мисли кўрилмаган даражада тараққий этди: ҳозирги замон «изқуварлари» ЭҲМлар билан қуролланган. Улар тоғ-тоғ статистик маълумотларга таянган ҳолда нафақат муайян жиноятчини аниқлайдилар, ҳатто керак бўлса, 1990 йилда Италияда бўладиган футбол бўйича XIV Жаҳон чепионати пайтида қанча миқдорда «қорадори» сотилажагини-да бемалол «прогноз» қила оладилар. Иккинчидан, классик шаклдаги детектив асарлар ҳозирги замон ўқувчисига ниҳоятда жўн-примитив туюлиши мумкин. Шунинг учунмикан, кейинги пайтларда детектив жанри  «мустақиллигини» йўқотиб, «мустамлака» – «иқтисодий жиҳатдан қарам» жанрга айланиб бормоқда. Дунёдаги бир қатор етакчи реалист ёзувчиларнинг ижодида детектив жанрининг «дурагай» формалари кўзга ташланяпти. Бунга Колумбиялик машҳур сўз санъаткори Гарсиа Габриэл Маркеснинг истисносиз ҳамма асарлари ёрқин мисол бўла олади. Шундай бўлса-да, ҳали детектив жанирга мослаб кафан бичмай туриш керак шекелли. (Акс ҳолда шоввоз изқуварлар детектив жанрининг қотилини бари бир излаб топадилар!) Жорж Сименон романлари ҳам детектив жанрининг умри боқийлигидан далолат бериб турибди.


(Жорж Сименон, Комиссар Мегре, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриёти, Тошкент, 1988 йил. Сўнгсўз.)

Оғам билан суҳбат

Матназар оғанинг Тошкентдаги маъракаси арафасида (2010 й.) “Ҳуррият”да чоп этилмаган мўъжазгина хотира-мақолам сарлавҳасини дўстим Рўзимбой Ҳасанга бўлажак китоби учун ҳадя қилганман. Лекин, камбағалда лафз бўлмайди, деган гапда жон бор экан. Бир неча кундан буён Матназар оғам тўғрисида Тошкендаги таниш-билишларга хотира-мақола ёзиб беришни илтимос қилиб юриб, қоғоз қоралайман десам, ажаб-ажаб, бирорта жўяли сарлавҳа хаёлимга келмади. Охири эски номдан фойдаланишга қарор қилдим. Майли, шундан кейин сарлавҳани бутунлай Рўзимбойга инъом этаман.

Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар
Ер остидан дунёлар чиқар...

Илгари Хоразмга борсам, Рўзимбойнинг Урганчда иши бор кунларини мўлжаллаб сафарга чиқардим. Эрталаб поезддан тушиб тўппа-тўғри Матназар оғанинг ишхонасига борардим. Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида Матназар оға ишлаб ўтирган бўларди. Суюниб кетарди бояқиш. Биргалашиб ўша тобда Матназар оғани ўйлантираётган мавзу тўғрисида бош қотирар эдик. Масалан, Матназар оға кўпдан буён Боғотга бориб, Пичоқчи қишлоғи яқинидаги бирорта сербалиқ захкашга қармоқ қуриб ўтиришни ният қилган бўларди.
– Кўпчилик керакмийди. Рўзимбой Эрпўлатни ҳам чақирса бас. Вағир-вуғур кучайиб кетса, балиқ қармоққа келмайди. Ҳовва.
Балиқ овлаш учун энг уқувсиз укаларини ёнига оларди оғамиз. Эрпўлат баъзан ими-жимида “ов”га чиқиб юришини мен билмасдим. Рўзимбой эса фақат шовқин-сурон кўтариб, қармоққа илиниб турган балиқни ҳам қочириб юборарди.
Матназар оға балиқ тутиб ейиш учун сув бўйига бормасди. Хаёл суриб ўтириш ёки шунчаки ҳар хил мавзуларда гаплашиб келиш мақсадида кўнгилга яқин жўраларини овга даъват этиб қоларди...

Ёз жазирасид Рўзимбой, Матназар оға учовимиз Полвонёп икки ўзанга ажралган жойдаги қумтепа ёнида кун бўйи чўмилганимизни кўп эслайман.
– Мана шу жойда Озод Шарафиддинов, Шавкат Раҳмон билан ҳам чўмилганмиз. Ўшанда Озод ака қумтепага кўтарилиб: “Аблаҳлар, қизил итваччалар! Мен сенларга тириклайин таслим бўлмайман! Эргаш қўрбоши тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўради! Пақ-пақ!” деб кўрсаткич бармоғи-тўппонча билан ўзининг чаккасига кетма-кет икки марта ўқ отиб, нариги томонга юмалаб кетган эди. Биз Шавкат икковими юлғун соясида суҳбатлашиб ўтирган эдик. Домланинг гапларини эшитиб роса кулган эдик, – деб ҳикоя қилган эди Матназар оға.
Бу суҳбат ҳали СССР парчаланмаган йилларда бўлиб ўтади.
Эҳтимол, ўша эркин “ижодий мулоқотлар” самараси ўлароқ кейинчалик Шавкат Раҳмон “Хоразм туркуми”ни яратади.
Бир йили кузакда Рўзимбой, Матназар оға учовимиз кўҳна қалъаларни бирма-бир зиёрат этиб чиқдик. Рўзимбой отамерос “Москвич” машинасида бизни олиб юради. Йўл-йўлакай қовунхўрлик қиламиз, нонимиз бор... Бир куни қуёш ботаётган чоғда қайси бир қалъа харобалари пойига машинани қолдириб, ўзимиз уч тарафдан юқорига кўтарилдик. Учовимиз уч томонда, девор тепасида нафас ростладик. Секин-секин гапирсак ҳам товушимизни бемалол эшитар эдик. Кун ботаётган пайтларда товуш яхши тарқалади. Чарчаган эдик. Чанқаганмиз. Биринчи бўлиб Матназар оға пастга эна бошлайди.
– Туядан сўраган экан: “Юқорига кўтарилиш қийинми, пастга тушиш қийинми?” Шунда туя: “Э-э, учинчисининг қ.с., сўраманг!” деган экан зардаси қайнаб.
– Чиқиш – бир, тушиш – икки. Учинчиси нима экан? – деб сўраймиз.
– Учинчиси – чанқов, сувга ташналик, – деб кулади Матназар оға.
Хахолаб юборамиз. Дарҳақиқат, ўша пайтда ҳаммамиз жуда чанқаган эдик.
Аслида, туя қирқ кеча-кундуз озиқланмасдан юриши мумкин. Лекин очликка чидаган туя ҳам сувсизликка чидамас экан.
Бу латифа ўша пайтда унча-мунча одамнинг хаёлига келмайди. Матназар оға табиатан ўзига, ўзининг ҳолатига танқидий баҳо бера оладиган қудратга эга бўлган кучли одамлар тоифасига мансуб эди. У ҳар доим ўзини назорат қила оларди, ўзига танқидий баҳо бера оларди.
Ўшанда бир кеча Тўрткўлда, Рўзимбойнинг узоқ қариндошлари хонадонида тунаб қолган эдик. Ярим кечагача кўпни кўрган момомизнинг кўрган-кечирганларини эшитганмиз. Яна бир кеча Берунийда тунаган эдик.
Матназар оға тўкис қомусга ўхшарди. У билан ҳар қандай мавзуда гаплашиш мумкин эди. Суҳбат малакали бўларди. Бачкана мавзулар ўз-ўзидан четга чиқиб қоларди, Матназар оға ўтирган даврага бачкана мавзулар яқинлаша олмасди.
Навоий бобонинг “Чор девони”ни мутолаа қилганимдан сўнг ғазалларни ўзимча хронология ипига тизиб чиқдим. Ўша хронология бўйича роман ёзмоқчи бўлдим. Битта эмас, тўртта роман бўлади – тетрилогия. Ягона сюжет йўналиши бўлиши шарт эмас, лекин бошдан-охиригача Навоий бобо илгари сурган ғоявий ақоидларга амал қилинади. Руҳий оқим ўқувчини ушлаб туриши лозим. Зерикарли бўлмаслиги керак. Навоий бобо яшаган муҳит аниқ-равшан акс этмоғи шарт. Демак, Ҳирот шаҳри XV аср кўринишида кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоғи лозим. Нафақат Ҳирот, ўша пайтлардаги Самарқанд, Балх, Кобул, Марв (Байрамали), кўҳни Урганч, Машҳар, Астробод, Гушка, Тахтабозор. Илотан, Чоржўй... У пайтларда одамлар Ҳиротдан Самарқандга қайси йўналиш бўйлаб келарди: Ҳирот – Балх – Термиз – Қарши бўйлаб келишармиди ёки Ҳирот – Гушка – Тахтабозор – Мурғоб – Илотан – Марв – Урганч – Бухоро орқали келишармиди?
Матназар оға хомаки режаларимни эшитиб суюниб кетади. Тун бўйи гаплашиб чиқамиз. Агар ана шу режа амалга ошадиган бўлса, дунё адабиётида беқиёс асар пайдо бўлиши аниқ эди.
Ўша режа ҳозир ҳам кун тартибида турибди.
Матназар оғанинг шахсий кутубхонасида Навоий бобонинг кўп жилдлик асарлари орасида “Чор девон” ҳам бўлса керак. Мавриди бўлса, Матназар оға махсус белгилар қўйиб мутолаа қилган ғазаллар рўйхатини кўчириб олишим керак. Агар келажакда ўша тетрилогияни ёзиб битириш насиб этса, уни албатта Матназар Абдулҳакимга бағишлайман.
Шавкат Раҳмоннинг Дўрмон Ёзувчилар боғидаги боғ-ҳовлиси 1997 йилда каминанинг қарамоғида эди. Баҳорнинг охирларида Муҳаммад Юсуф бозорга бориб “Димламабоп” харажат қилиб келади. Қозонга масаллиқ босилгач, газ олови пасайтириб қўйилади.
– Масаллиқнинг ҳаммасини босдингизми? – деб сўрайди Муҳаммаджон.
– Ҳаммаси босилди.
– Ие, афанди-ей! Икки киши икки кило қўй гўштини ея олмайди-ку! Шолғом, сабзи, саримсоқ, кўкатлар, помидор, қалампир... Ёрилиб кетсак керак!
– Бўпти, меҳмонхонада Матназар акам бор, уни ҳам таклиф қиламан. Бирга тушлик қиламиз, дейман. Қалай?
– Бўлади. Мен Матназар акани ҳурмат қиламан, шеърлари зўр! Лекин ўзи билан салом-аликдан нарига ўтмаганман. Майли, бемалол гаплашиб ўтирамиз, – дейди Муҳаммаджон.
Матназар акани тушликка таклиф қиламан.
– Муҳаммаджон учовимиз ўтирамизми? – деб сўрайди Матназар оға.
– Ҳа, учовимиз ўтирамиз. Нима бўпти?
– Ҳеч нима, – дейди Матназар оға. Кўнглида қандайдир иштибоҳ борлигини сезаман.
Тушлик маҳали ўрик остидаги сўри-чорпояга жой ҳозирланади. “Димлама” сузиб, дастурхонга қўйилади. Матназар оға тўрга ўтқазилади. Мен пойгакда ўтириб, чой-пойдан хабар олиб тураман. Муҳаммаджон эса чап томонда ўтириб, Матназар оғага сидқидилдан хизат қилади. Дастлаб, Матназар оға қисиниб-хижолат чекиб ўтиргандек бўлади. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас бемалол ҳадди сиғадиган укалари даврасида ўтирганига ишонч ҳосил қилади: қўлтиғига ёстиқни тортиб ёнбошлаб олади. Муҳаммаджон ҳам қўлтиғига ёстиқни тортади.
Туш пайти бошланган суҳбат шомгача давом этади. Гаплашилмаган мавзу қолмайди. Кечки пайт Мадина келиб дадасини чақириб кетмаганида Муҳаммад Юсуф шу ерда ётиб қолишга ҳам рози эди.
Муҳаммаджон яна эрта-индин кўришиш нияти борлигини айтиб, дала-ҳовлисига йўл олади.
– Ростини айтсам, Набижон, мен Муҳаммад Юсуфни енгил-елпи қўшиқбоп шеърлар ёзиб юрадиган учарлардан бўлса керак деб юрардим. Жиддий йигит экан-ку! Мен уни яхши кўриб қолдим. Дим яхши йигит экан. Бизни учраштириб, яқиндан таништириб қўйганингиз учун раҳмат! – дейди Матназар оға.
Улар кейинчалик яқин бўлиб кетишади.
Матназар оға номзодини дастлаб ҳар хил сийловларга тавсия этган инсон ҳам Муҳаммад Юсуф бўлади.
Яқинда Анвар Обиджондан: “Матназар ака билан қандай яқинлигингиз бор эди? У Тошкентга келганида уйингизга меҳмонга таклиф қилганмисиз?” деб сўрадим. Анвар ака сигарет тутунини босим ичига ютиб: “Доим меҳмонга таклиф этардим, лекин Матназарнинг вақти бўлмасди, биз фақат оёқ устида гаплашардик, холос. Бир-биримизни жиддий ҳурмат қилардик. Матназар инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам зўр эди”, деди.
Илгар ҳам айтганман, чамаси, 1986 йил бўлса керак, Анвар Обиджоннинг “Муштум” кутубхонаси туркумида чоп этилган “Безгакшамол” шеърий тўпламини Матназар оға Хонқадаги битта ўтириш чоғи меҳмонларга бошидан-охиригача ўқиб берган эди. Менимча, “Безгакшамол”дан сўнг Матназар оға “Минорага мактуб” шеърини Анвар Обиджонга бағишлаган бўлса керак.

Ватандошмиз иккимиз, дўстим,
Шаклдошмиз, ҳатто, начора.
Фақат қисматимиз бошқача,
Мен мўриман, сен-чи, минора...

Умид билан ёритар бизни
Меҳрибон тонг, мунис саҳарлар.
Таралади сендан ибодат,
Сочилади мендан заҳарлар.

Анвар Обиджон Юсуфжон Қизиққа, Умар Хайёмга, Трамвайга, ҳатто менга ҳам шеър бағишлаган:

                            Қўқонча шамол
Томни тешиб, дарахтларни букиб ўтди,
Боғлардаги бор мевани тўкиб ўтди,
Увлаб, бизни чангитганча сўкиб ўтди
Набивой Боқийга ўхшаган шамол.
                                                         2011

Хўш, Анвар Обиджон қачон Матназар Абдулҳакимга шеър бағишлар экан?

Матназар оға Хоразмни тўлдириб юрарди. Ҳозир, менинг назаримда, Хоразмнинг бир томони кемтик бўлиб қолганга ўхшайди. Тўғри, ҳаёт давом этяпти. Ҳаёт давом этаверади...
Дарвоқе, 2010 йилда Матназар оға бетобланиб қолади. Мен ёзнинг айни чилласида Хоразмга келаман. Кунлар ниҳоятда исиб кетган эди. Оғам билан кўришдим. Уч-тўрт кун юрдим. Қарасам, бўлмайди. Салқинда ҳам жон сақлаш қийин эди.
Матназар оғам билан битта хотира китоби тайёрлашга келишиб олдик: мен савол беравераман, у киши жавоб бераверади. Савол-жавоб диктофонга ёзиб олинади. Кейин мен Тошкентга кетиб савол-жавобларни оқ қоғозга кўчириб қайтиб келаман. Матназар оға матнни ўқиб, фикр-мулоҳазаларини айтади, кейин тўлдирилган нухса яна бир бора кўздан кечирилади. Хуллас, шу тартибда йирик насрий китоб ҳозирланади.
Мен кузда Хоразмга қайтиб келадиган бўлдим. Хайр-хўшлашдик.
– Унгача соғлигим ҳам яхшиланиб қолса керак, иншаоллоҳ, – дейди оғам.
– Дардни берган Зот шифосини ҳам беради, – деб ишонч билдираман.
Ростини айтсам, Матназар оғамнинг дарди қанд касали билан боғлиқ бўлгани учун оғир бўлмаса керак, энди қатъий тартиб-қоида бўйича яшашга мажбур, холос. Одамлар қанд касали билан қирқ йил ҳам яшаши мумкин, деб ўйлардим.
Афсуски, куз ойларида бирдан Матназар оғанинг аҳволи оғирлашади. Бир оқшом Рўзимбой шолипоядан қўнғироқ қилиб қолади: “Ҳозир Матназар оғанинг олдидан қайтдим. “Энди Набижон китоб ёзишга улгурмайди”, деди. Йиғлаб юборишдан аранг ўзимни тийиб қолдим. Мана, йиғлаётганимни бола-чақа кўрмасин деб шолипояга чиқиб кетдим”, деди.
Рўзимбой қўнғироқ қилганидан сўнг икки кун ўтиб Матназар оға узилади.
Биз режалаштириб қўйган китоб ёзилмай қолди. Насиб этса, келаси сафар Хоразмга борганимда Музаффар билан бориб оғамизнинг шахсий кутубхонасини кўздан кечириб, тетрилогия учун мўлжаллаб қўйилган матнларни қидирб кўраман.

...Ҳали бир авлод келгайдир
Номингиздан тавбалар айтиб.
Шунда, иншооллоҳ, ҳаммамиз
Ер юзига чиқармиз қайтиб!


Ассалому алайкум.

Момомизнинг кўрган-кечирганлари

Устоз Тўлапберган Қаипбергановнинг кампири жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Момомиз 82 яшар эканини ҳисобга олсак, у киши қандай қилиб жарроҳлик амалиётига рози бўлганини тасаввур этиш осон эмас. Унча-мунча одам ёши бир жойга бориб қолганда жарроҳлик амалиётига рози бўлмайди. Масалан, машҳур шоир Тўра Сулаймоннинг Боёвутда (Сирдарё вилояти) яшайдиган Маматқул исмли укаси (73 яшар) бир-икки йилдан буён енгилгина жарроҳлик амалиётига розилик бермасдан, Мирза Тўра билан Мустафоқул Ҳозиқни кўрса, ўзинги дарёга ташлаб юборишга шайланади, қайтанга бобонинг уч яшар Асадбек деган набираси жасур чиқиб қолди: қишлоқда чироқ ўчган заҳоти қўшни Нилуфарни учрашувга таклиф этиб, суюклисига сўрғич тақдим этиб юрибди.
Хуллас, жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган момомизни марди-майдон Ўрозбой оға Абдураҳмонов ва у кишининг уч ярим яшар ақтиғи (невараси) Рамуза, Сотимбой билан биргаликда йўқлаб бордик. Декабр ойларининг бошларида Нукус ҳали қорга кўмилмаган, лекин хийла совуқ эди.
Рамуза негадир ўзини ўғил бола деб ҳисоблар экан. Устига устак, “Исминг нима?” деб сўрасам, “Гулноза”, деб жавоб берарди. “Нега алдайсан? Ахир исминг Рамуза-ку!” десак, пинак бузмасдан: “Нима бўпти? Катталар ҳам нуқул ёлғон гапиради-ку!” деб жажжи сайғоқча каби дикир-дикир сакраб нариги хонага қочиб кетарди. У совуқ нималигини билмайди, бобоси билан талашиб-тортишишни яхши кўради, кўпинча Ўрозбой оғани мот қилиб, гапиртирмай қўяди.
Ўрозбой оға машинасини йўлга тўғирлаган заҳоти Рамуза: “Бобо, “Найлайин”ни қўй!” деб амр қилди. Бобо дарҳол “Найлайин” бақиртириб қўйиб юборди. Орқа томонда тик туриб, икки ўриндиқни ушлаб олган Рамуза дуэт айтаётган қиз билан йигитган тақлидан товушини баралла қўйиб: “Қани, сизлар ҳам айтинглар”, деб даъват қилади... “Найлайин”ни уч-тўрт қайта куйлаб ёд олгунимизча устоз хонадонига ҳам етиб бордик. Бизни устознинг меҳрибон қизи Гулистон очиқ чеҳра билан қувониб кутиб олади. Рамуза таклифни кутиб ўтирмасдан бизга оёқ кийимини ечдириб, эгнидан палтосини чиқариб отиб ичкарига уради. Биз даҳлизга кириб борганда Рамуза ётоқхонада момосининг қучоғида бошини силатиб, эркаланиб ўтирарди.
Момо билан сўрашамиз. У жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган беморга асло ўхшамасди. Кайфияти дуруст. Тетик. Ҳар биримиз билан алоҳида ҳол-аҳвол сўрашади. Мен момога “Чағониён” газетасининг (Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Сирожиддин Мамажонов раҳбарлигида чоп этиладиган оммабоп ҳафтанома) газетасининг тўртта сонини тақдим этаман. Унда менинг устозга бағишланган “Қорақалпоқ қомуси” номли эссем давомли чоп этилган. Момо босиқлик билан миннатдорлик билдиради.
Гапни узоқдан бошлайман:
– Момо, чолингиз билан қачон танишгансиз?
– Институтда ўқиб юрган йилларим танишганман.
– Қайси интитутда ўқигансиз?
– Нукус давлат пединтитутида ўқиганмиз. Мен қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетида, қаррим эса рус тили ва адабиёти факультетида ўқидик. У учинчи курсда, мен иккинчи курсда эдик. Ўзим 1932 йилда, у 1929 йилда туғилганмиз. Урушдан кейинги йиллар эди, ҳали уруш жароҳатлари битмаган кезлар. Сталин вафот этган, одамлар хийла енгил нафас ола бошлаган эди.
– Демак 1954 йилда танишган экансизлар-да!
– Ҳовва.
– Қандай танишгансиз? У сизни кино-пинога таклик қилгами?
– Йақ, қанақа кино! Йўлда танишганмиз. Икковимиз ҳам Кегайлидан, битта жойдан эдик. Уйимизга бориб келишда беихтиёр йўлдош бўлиб қолардик. Шуйтиб, танишиб қолганмиз.
– Устоз қирқ қиз орасидан сизни танлаганми?
– Йақ. Курсимизда ўттиз талаба бўлсак, шундан бор-йўғи бештаси қиз эди. Бешта қиздан иккитаси детдомда катта бўлган қозоқ қизлари бўлса, учтамиз қорақалпоқ эдик. У пайтларда қизлар кам ўқирди.
– Афсус, устознинг танлов имконияти ҳам анча чекланиб қолган экан-да.
– Ҳовва.
– Яхши ўқиганмисиз?
– “Уч” баҳо олсанг, стипендия берилмасди, шунинг учун “тўрт” ва “беш” баҳоларга ўқишга ҳаракат қилардик.
– Қанча стипендия олардингиз?
– Унча кўп эмас, лекин баракатли бўларди. Ақчанинг қуввати бошқача эди.
– Ота-онангиз нима иш қиларди?
– Акам (отам) оддий рабочий бўлган, уруш пайтида рабочий батальонга бориб келган. Саккиз ой деганда қуруқ устухон бўлиб қайтиб келади.
– Ие, рабочийларга ҳақ тўланмас эканми?
– Қанақа ҳақ! Ҳаммаси очдан ўлмаганига шукр қилиб қайтиб келган-ку! Ўзининг айтишича, ўрислар картошка тозалаб, пўчоғини ахлатга чиқариб ташлашини кутиб, пойлаб туришар экан: “Пўчоққа ўн беш-йигирма одам бирданига ташланамиз. Ким бир сиқим пўчоқни қўлга киритса, бахтли одам ҳисобланарди”. Э-э, акам уруш тўғрисида гапираверса, биз хун-хун йиғлайверардик. Энг пастда қолган яримжон одамлар нобуд бўлар экан.
– Бобонгиз ким бўлган?
– Бобом этикдўз эди. Уруш йиллари ўн беш жойда ишлаган. Рўзғор тебратиш қийин бўлган. Уруш пайтини қўявер, эллигинчи йилларнинг ўрталарида ҳам аксарият талабалар интитутга ялангоёқ борарди. Ялангоёқ юришни ҳеч ким айб санамасди. Ҳовва.
– Ана холос! – деб ёқамни ушлайман. – Ҳеч жаҳонда коммунизмга ҳам ялангоёқ бориб бўлар эканми!
– Ким билсин... 1964 йилда бобом қайтиш бўлди, икки йилдан сўнг отам вафот этди.
– Қарринзизди қишлоғига бориб ўнинчи синфда ўқиган бўлсангиз, уни мактабда учратиб севиб қолганмисиз?
– Йақ, мактабда ўқиб юрган чоғларим уни танимасдим. Институтга келиб танишдик. Қаррим институтдан пахта теримига бориб оғриб қолади, ўпкаси касал топади. Ўқишдан қолиб даволанади. Биз институтга кирганда у муолажа олаётган экан. Биз иккинчи курсда ўқиётганда у институтга қайтади.
– Тўйдан олдин қанча қалин берган?
– Қанақа қалин?! Одамлар егани томонқ тополмасди. Қалин деган гаплар кейин чиқди. Боя айтдим-ку, одамлар ялангоёқ юрарди. Яхшиямки, бобом этикдўз экан, мен ағдарма этик кийиб институтга қатнардим. Институтни битириб, диплом олдим. Мени Чимбойга ишга жўнатишди. Ишлаб юриб бола-чақали бўлдик. Катта қизим Тамара (Ойқиз) 1956 йилда туғилди. 1957 йилда Одилбек туғилди. 1959 йилда иккинчи қизим туғилди. 1962 йили Нурлибой дунёга келди. 1964 йилда Эрпўлат – прокурор ўғлим дунёга келди. 1966 йилда Гулистон, 1970 йилда Ботирбек туғилди. Орада икки тушук туширдим. Ҳовва.
– Сиз аввал-бошдан ёзувчига умр йўлдоши бўлаётганингизни билармидингиз?
– Қанақа ёзувчи?! У пайтларда қаррининг ёзувчилигидан дом-дарак йўқ эди. Оила қурганимиздан сўнг бировларнинг уйларида ижарама-ижара кўчиб юрганмиз. Битта қозоқнинг уйида турганимизда туя соғар эдим. Қозоқлар жуда меҳрибон одамлар экан. Улар бизни уйдан чиқармаймиз дейишарди: “Шу ерда биз билан яшайверинг. Нукусда пишириб қўйибдими!” дейдилар. Биз туғишгандек яқин бўлиб қолган эдик.
– Туяни қандай соғар эдингиз? Тепиб юбормас эканми?
– Мен ҳам дастлаб қўрқар эдим. Сўнг тик турганча челакни бир қўлда ушлаб, бемалол соғадиган бўлдим. Туя тепмас экан. Жуда ювош ҳайвон бўлар экан.
– Уй эгаси нима иш қиларди?
– Милиса эди. Лекин ниҳоятда яхши одам экан. Мени “қизим” дерди, қарримни “ўғлим” дерди... Нукусга кўчиб кетаётган чоғимиз бечоралар хун-хун йиғлаб қолгани ҳамон кўз ўнгимда туради. Ўзим ҳам уларга қизларидек сидқидилдан хизмат қилардим; овқатини пишириб берардим, кирини ювардим... Чевар эдим, кўйлакларини ямаб ёки янгисини тикиб берардим. Эғтимол, меҳнаткашлигим учун уларнинг меҳри тушиб қолган бўлса керак... Бошқа жойларда ижарада турган чоғларимиз ҳам кўчадиган бўлсак, уй эгалари билан йиғлаб-сиқтаб хайрлашардик. Кейинчалик ҳам борди-келди қилиб турардик. Ижара уйларимизнинг эгалари қарримни “ёмон бола, мохов бола!” дейишарди.
– Нега ундай дейишарди.
– “У сени опкетиб қолади”, дейишарди. Одам қаерда бўлса ҳам ўз меҳнати билан қадр топади. Қўл очиқлиги, кўнгил очиқлиги ҳам меҳр олиб келади. Топганингни ўртада баҳам кўрсанг, ишонч пайдо бўлади.
– У йилларда Тўлапберган оға қандай ёзар эди? Машинкаси бомиди? Стол-стули бормиди?
– Қанақа машинка! У ҳеч қачон машинкада ёзмаган. Умрининг охиригача фақат қўлда ёзарди.
– Стулга ястаниб ўтириб олиб...
– Қанақа стул! Кигизнинг устига узала тушиб ётиб олиб, лўлаболишни қучоқлаб ёзаверарди. Ёз жазирамасида ҳам, қиш қаҳратонларида ҳам ёзаверарди. На иссиқ таъсир қиларди, на совуқ. Ёшликда одамга ҳеч нарса кор қилмас экан-да! Ҳозир эса на иссиққа чидайман, на совуққа!
– Қачон шахсий уй-жойга эга бўлгансизлар?
– Чамамда 1956 йилда Репин кўчасидан ер олиб уй қурганмиз. Турмахонанинг рўпарасида икки хонали уйимиз бор эди. Тахтапол ўрнида лойванд бўлган. Бир йилдан сўнг ўша пастқам уйимиз ҳам қулаб қолади. Усталар ғиштларни бир-бирига боғламасдан терган экан. Ўзимиз тепасида туриб, иссиқ-совуқғидан хабардор бўлиб уста ишлатган бўлсак-да, лекин ғиштларни бир-бирига боғлаб териш лозимлигини билмаган эканмиз. У пайтлари битта қайнимни менга беришган эди. Олтинчи синфда ўқирди: “Шу болани ўзинг ўқитиб одам қиласан”, дейишиб ихтиёримга топширишади Шу қайнимнинг ўзи ғишт қуйган эди. Уй йиқилиб қолгач, уни ўша қайнимга топшириб, ўзимиз бошқа жойга кўчиб кетдик. Кейинчалик у ўқиб-ўрганиб, мухбир бўлади. Бултур вафот этди. Худо раҳмат қилсин.
– Давлат сизларга уй-жой бермаганми?
– Қанақа уй! Қаррим тез-тез касалхонада ётарди, ўпкаси касал эди. Агар Тошкентга йиғланишга чақиришса, йўлда касали кучайиб, шифохонага тушиб қоларди. Мен дарҳол орқасидан етиб борардим.
– Ўпка касалига қандай шифо топди?
– У тинмасдан ёзар эди, мен унинг қўлёзмаларини тун бўйи машинкада кўчириб чиқардим. Кун бўйи ишлаб чарчардим, кечаси машинкани чиқиллатиб ўтириб мункиб-мункиб кетардим, билагимга бошимни қўйиб бирпас мизғиб ҳам олардим.
– Ўзи бирйёла машинкада ёзса бўмасмиди?
– Йақ! Умрида машинкани ушлаб ҳам кўрган эмас.
– Ана холос!
– Кундуз кунлари мактабга бориб бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб қайтардим. Ўқтьувчиларга ҳар ойнинг ўртасида аванс, ой охирида – янги ой бошларида маош бериларди. Маош баракатли бўларди. Мен қарримнинг ақчасини олиб кўрганим ҳам йўқ. Болаларимни фақат ўз ақчам билан боқдим. У ўз ақчасини олиб қишда касалхонада, ёзда эса курортларда кунларини ўтказарди. Касалхонада ҳам, курортларда ҳам фақат ёзар эди. Болалар тарбияси билан ўзим шуғулландим. Бари болаларимни ўрис классларига бердим. Чунки ўзим ўрис тилини билмаганим учун кўп панд еганман...Болалар вояга етгач, бирови (Эрпўлат) Москвада ўқиса, икки қиз Андижонда медицина интитутида таҳсил кўра бошлайди. Озиқ-овқат заҳирасини икки сумкага босиб, эрта тонгда самалётда Москвага учиб кетсам, кечки пайт Нукусга қайтиб келиб, поездга ўтириб Андижонга жўнаб кетардим. Қизларимдан хабар олиб, озиқ-овқат заҳирасини уларга топшириб, юриш-туришини назорат этиб, яна поездга ўтириб уйга қайтардим. Душанба куни эрталаб эса ҳеч нарса кўрмагандек мактабга бориб болаларга сабоқ бериб қайтардим. Икки-уч кун мобайнида ўн-ўн икки минг километр йўл босиб келганимга бошқалар тугул, ҳатто ўзим ҳам ишонмасдим. Ҳовва. Баъзан манави кичкина қизим Гулистонни, баъзан Ботирбекни эргаштириб кетардим... Қўноқлар ҳам овулдан тўдалашиб келарди. Уларга иссиқ овқат пишириб берардим, ётоқ-жойларини ҳозирлаб қўярдим.
– Меҳмонхоналардан жой олишса бўлмасмиди?
– Ақчаси бўлмаса, меҳмонхонадан ким жой берарди! Ўзлари овулда яшайдиган одамлар камбағал бўлади. Қўл учида аранг бир кунини кўради.
– Пули бўлмаса, уйида тингина обло-худо деб ўтирмайдими!
– Овулдан бизни қора тортиб келган одамларнинг кўкрагидан итариб, манглайига уриб бўладими! Ахир одамни йўқлаб одам келади-да! “Меҳмон келса эшикдан, ризқи келар тешикдан”, деган гап бекорга айтилмаган бўлса керак. Ҳамма қўноқларимни сийлаб, хурсанд қилиб кузатар эдим. Ҳозиргача ўшалар билан борди-келди қилиб ўтирамиз. Барига яраб, барига инсоф берганига қувонаман. Эҳтимол, одамлардан дуо олганим учунми, шу ёшга омон-эсон етиб келдим. Бировни алдамадим, бировнинг дилини оғритмадим.
– Э-э, кам бўлманг, момо! Ҳозир ўзларингди авлодларингдан кимлар бор?
– Менинг опам вафот этди, акам ҳам оламдан ўтди. Жиянларим бор, улар келиб йўқлаб туришади. Қарримди бешта иниси бор эди. Тўрттаси вафот этди. Тек кичкинаси – врачи қолди. Икки сингил ҳам вафот этди.
– Қаррингиз биринчи китобига қанча гонарар олган?\
– Билмайман.
– Трилогиясига қанча пул олган?
– Мен унинг пул ишларига аралашиб кўрганим йўқ, ўзим ишлаб ойлик оладиган эдим. Қарримнинг пул ишлари мени мутлақо қизиқтирмасди. Ҳар доим аванс ёки маош олганимда буфетдан бир қути пираник олардим. Болалар шуни еб ўтиришарди. Оқ қандни ҳам ғамлаб қўярдим. Иссиқ овқат қилсам ўзимизга алоҳида, ўпкаси ожиз бўлган қарримга алоҳида қозонда овқат пиширардим.
– Ўзингиз ҳам курортга борармидингиз?
– Ҳовва. У курортга борган жойида оғриб қоларди, сўнг мени чақириб олади. Икки-уч ойлаб курортда қолиб кетардик. Йиғлаб юриб уни парвариш қилардим; ҳузур-ҳаловат нима эканини билмасдим. У тузалса, икковимиз қўл ушлашиб, Нукусга хурсанд бўлиб қайтардик.
– Буни қаранг-а!
– Биринчи қизим 1956 йилда дунёга келганда, чақалоқни бағрига босиб юм-юм йиғлаганини ҳамон унута олмайман. “Мен фарзанд кўраман деб ўйлаганим ҳам йўқ эди. Етказганига шукр!” дер эди. Ўпка касалини фақат укол билан даволаб бўлмайди; аввало, яхши парвариш қилиш керак. Еб-ичиши сифатли бўлса, аста-секин шифо топади. Кечалари саримойга қовурмоч тайёрлаб қўярдим. Эрталаб сут ёки қатиққа пиширилган илик қўшиб берардим.
– Жоҳонгир момо экансиз-ку!
– Ҳовва. Дунёни роса кездим. Бу дунёда армоним қолмади.
– Тўлапберган оға ўпка касалидан қандай қутулди?
– У Бўстонлиқдаги (Тошкент вилояти) Оқтош санаториясига боради. Ўша пайтларда “Совуқ бир томчи” қиссасини ёзган, қорақалпоқчасини эълон қилган эди. Уни ўзбекчага хомаки таржима қилдириб, қўлёзмасини орқасидан Тошкентга олиб борганман. Тўғри Дўрмондаги ёзувчилар боғига бориб, машҳур адиб Абдулла Қаҳҳорнинг қўлига қиссани топширганман. Шунда Абдулла Қаҳҳор қиссани ўқиб кўриб: “Бало-ку!” дейди. Биз у пайтларда иккаламиз ҳам “бало-ку!” деган сўз қандай маъно англатишини аниқ билмасдик: яхши деяптими, ёмон деяптими? Таниш-билишларимиздан секин сўраб-суриштирсак, “бало-ку!” дегани жудаям зўр деган маънони англатар экан. Шундан кейин бирам қувондик, асти қўяверасиз! Абдулла Қаҳҳорнинг ўша бир оғиз сўзидан сўнг Тўлапберган оғанг, Набижон, ўпка касалидан батамом тузала бошлайди. Кўнгли кўтарилиб, астойдил ижод қилишга киришади. Энди оғанг ўзининг ёзувчи эканига қатъий ишонч ҳосил қилади.
– 1967 йилда Абдулла Қаҳҳорнинг олтмиш йилик юбилейи бўлади...
– Ҳовва. Абдулла Қаҳҳорнинг бюстини ҳайкалтарошга ясатиб, уни ўзим Тошкентга олиб бориб топширганман.
– Бу ҳақда Тўлапберган оғанинг ўзи ҳам гапириб берган эди... Софья Андереевна ҳам Лев Толстойга умрбод котибалик қилган. Лекин Толстой бобо умрининг охирида уйидан қочиб кетиб, поезд йўл бекатида жон беради. Тўлапберган оға эса сиздан миннатдор бўлиб ўтади.
– Ҳовва. Болаларимга доим: “Агар яхши бўлсаларинг Тўлапберган Қаипбергановнинг фарзанди бўласиз, ёмон бўлсаларинг – менинг боламсиз!” дейман. Кўча-кўйда ҳам, чет элларда ҳам мудом отангизга муносиб фарзанд бўлинг деб тайинлайман. Худога шукр, ҳозиргача ҳамма болаларим бошини баланд кўтариб, отасининг фарзанди бўлиб юришибди.
– Кўз тегмасин! – деб ёқамизга туфлаб қўямиз.
– Илойим, айтганинг келсин!
– Момо, жарроҳлик амлиётини бошингиздан кечирибсиз. Омон-эсон қутилиб олдингизми?
– Ҳовва. Лекин жарроҳлик амалиётини бошимдан эмас, кўзимдан кечирдим. Кўзимни енгилгина таъмирдан чиқариб олдим. Ҳатто чумоли чаққанчалик оғриқни ҳам сезганим йўқ. Шифокорларнинг қўли енгил экан. Барака топишсин. Баҳорда бу кўзимниям енгилгина таъмирлатиб оламан.
Бирпас кулишиб олдик.
– Бўпти, момо, чарчаб қолманг, Ўрозбой оға боядан бери бетоқат бўлиб ўтирибди, бошқа гапларни Тошкентда давом эттирамиз.
– Тўғри, опамни чарчатиб қўймайлик, – дейди Ўрозбой оға кулимсираб.
– Хўп, – деб момо ўрнидан қўзғалади.
– Тез кунларда кўришамиз, – деб қуюқ хайрлашамиз.
***
Момомиз 80 ёшларида Ҳаж ибодатини адо этиб қайтганлар. Ўша муборак сафар таассуротларини эслаб: “Ана энди армоним қолмади”, дейдилар. “Ундай деманг, момо, ақтиқларингиз энди бирин-кетин турмуш қуради, ҳаммасига ўзингиз оқ фотиҳа берасиз”, деймиз. “Майли, ҳаммамизни тўйларга етказсин!” деб юзларига фотиҳа тортади момо.
Тошкент-Урганч-Нукус-Тошкент

"Келдингми болам?"ни ўқиб

Ўткан асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қрим-татар адабиёти бўлими бор эди. Ўша бўлимда Сафтер оға Нагаев деган ватандошимиз хизмат қиларди. Ўрта бўйли, миқтидан келган одам эди. Юмшоқкўнгил эди. Фарғона шевасида гапирарди. Мажлис ё мушоирага ёки талаба қизлар орасидан келин танлаш учун Уюшмага бориб қолсак, дарров хонасига бошлаб кирарди; чой дамларди, ишларим, ёзаётган нарсаларим билан астойдил қизиқар эди. Дастлаб, ҳайрон бўлиб юрдим. Сабабини кейин билдим. Сабаби 1944  йили рўй берган  ёвузлик билан боғлиқ эди.
Ўша йилда ёвуз даҳо Иосиф Сталининнг махфий (ёвуз одам қўрқоқ бўлади) буйруғига кўра қримликлар ёёпасига она юртлари  —  Қримдан бадарға қилинади, Сафтер оға оила аъзолари билан Фарғонанинг Учкўприк туманига қарашли Сарқўрғон қишлоғига келиб тушади. Сарқўрғон даштда жойлашган. Чеккадаги яланг қишлоқ. Аввал Тожик қишлоққа, Қирғиз қишлоққа бориш керак. Кейин Сарқўрғон келади. 1944 йилда Сарқўрғонда аҳоли сийрак бўлган, асосан шоли экилар экан.  Сарқўрғонсойдан бўтана сув келади. Муздек бўлади. Шолизорнинг бошидан кириб, адоғидан чиқиб кетадиган сув эса тип-тиниқ бўлиб, илиб қолади. Дастлабки пайтларда мусофирлик туфайли  қрим қардошлар бўтана сув маъданли эканини билмасдан тиниқ сув истеъмол қиладилар ва кўпчилик безгак касалига чалиниб вафот этади. Ўзбек  оқсоқоллар гап нимадалигидан хабар топгач, бўтана сувни идишга олиб қўйиб, тиндириб ичишни уларга ўргатади. Шундан кейин қримликларнинг юзига қизиллик югуради…
СССР путурдан кетгач қримлик қардошлар Қримга оммавий равишда кўчиб кета бошлашди. Аммо, бунгача буюк оғамиз, улуғ шоиримиз Рауф Парфининг дўсти  —  Мустафо Жамилов олий мақсадига эришмоқ учун тинимсиз курашди: етти марта қамалди, 20 йиллик  умри турмаларда ўтди. Охир-оқибат ВАТАНГА — ҚРИМГА қайтиш ҳуқуқини қримликларга қайтариб олди.
Кўпчилик Қримга кўчиб кетганидан кейин ҳам Сафтер оға Тошкентда юраверди. Чунки унинг онаси Тошкентдаги Сўгалли ота қабристонига дафн этилган эди. Онасининг мозорини ташлаб кетолмайди. 4 яшар болакай чоғи Ўзбекистонга келган, ўзбек болалари билан ўрта мактабда ўқиган, Ўзбекистон  чин маънода Ватан бўлиб қолган Сафтер оға болаларини Симфереполга кузатиб қўяди, аммо ўзи кетмайди.
2003 йилдан кейин Сафтер оға кўринмай қолади… Бир куни Қримларнинг «Амал» журнали тасодифан қўлимга тушади. Унда Сафтер Нагаевнинг «Келдингми, болам?» номли хотираномаси босилган экан. Унда ёзилишича, баъзан Робия момога ўғли «Бугун улфатларим билан гапда бўламан, ярим кечада қайтсам керак, сиз хавотирланмасдан дам олаверинг!» деб айтиб кетар экан. Лекин ярим кечагача онаси квартирага кираверишга стулни қўйиб олиб, эшикка кўз тикиб ўтираверар экан. Рафиқаси аллақачон ухлаган бўлар экан. Ўғил уйга кирасолиб: «Мен сизга айтган эдим-ку! Нега мени пойлаб ўтирибсиз?» дер экан норози бўлиб. Амма, онаизор ҳар сафар «Келдингми, болам?» деркану  аста стулни кўтариб ичкарига кириб кетар экан.
Сафтер оға онасининг мозорини ташлаб кетолмай юриб-юриб, ахийри 2004 йилда Симфереполга кетади ва 2007 йилда вафот этади. Айрилиққа чидаб 4 йил яшайди, холос.
Ватанидан Ватанига кетаётиб Сўгалли Ота қабристонига боради, Робия она қабрига етар-етмас қулоғига онаизорининг таниш товуши эшитилади: «Келдингми, болам?»
Шу бугун тонгда Ахсикент яқинидаги Лангар бобо қишлоғида истиқомат қиладиган укахоним Абдулазизга хат ёздим-да, Сўгалли Ота қабристонига бордим. Бурноғи йили Яланғоч Ота қабристонидаги Шавкат Раҳмон  қабрининг гулхонасига янгамиз Манзура опа  парваришлаган бахмалгул кўчатидан сўраб олиб, Робия момо қабри гулхонасида кўкартирган эдим. Бориб кўрсам, ўтлар остида қолиб кетибди. Ўтлар остида барқ уриб турибди. Ёввойи ўтлар билан «маданий» гулларни бир-биридан жудо қилишга кўзим қиймади. Гулисафсар, бахмалгул ва ёввойи чечаклар Робия момо қабрининг гулхонасини Ватан қилган бўлса, мен нима қилишим мумкин?  Табиат қонунига қарши бориб ҳеч ким барака топмаган.
Робия момони мен кўрмаганман.У вафот этганда биз Сафтер оға билан таниш эмас эдик. Аммо момонинг товуши менга таниш бўлиб қолган, ҳар гал қабри тепасига борсам: «Келдингми, болам?» дейди ҳорғин товушда.
Фарғона тупроғида ётган Роҳат буви энам билан Робия момомизнинг товуши бир хил экан.
Ўтган азизларимизни Оллоҳ раҳмат қилсин.

Эркин Аъзам қандай ёзади?

Етмиштадан еттитаси, еттитадан иккитаси…
0-erkin_azam.jpgТелевидениеда “ўртаҳол” масъул ходим бўлиб ишлайдиган Азизбек бир куни гап орасида бундай деб қолди: “Иш ўрганиш учун йўлланма кўтариб студиямизга келадиган талабалар орасидан бўладиганини чамалаб кўраман-да, оғайни, Эркин Аъзамнинг ўнта ҳикоясини ўқиб келгин, кейин гаплашамиз, дейман, хотиржам бўл, ўқиш жойингга керакли қоғозни ёзиб, муҳрлаб берамиз. Келишдикми?.. Боёқиш ўйлаб туриб, Шукур Холмирзаев ёки Алишер Ибодинов ҳикояларини ўқисам бўлмайдими, деб сўрайди. Йўқ, дейман, айнан Эркин Аъзам ҳикояларини ўқиб келасан, бошқа ёзувчиларнинг ҳикояларини ўқиш-ўқимаслик мажбурий эмас, лекин буниси биринчи топшириқ. Ўн кун вақтинг кетадими, ўн беш кунми, майли, муддатини ўзинг белгилайсан, дейман. Фақат экранда кўриниш ниятида тележурналист бўлишни ният қилган талаба ҳам ноумид қолдирилмайди; унга лавҳа тайёрлатамиз, “юзочди” қиламиз. Бироқ, жиддий журналист бўлишни ният қилган талаба, аввало, матнни тўғри ёзишни ўрганиши лозим, сўздан ўз ўрнида фойдаланишни билиши шарт. Тўғри, ўзимиз ҳам “бадхатроқмиз” —чаласаводмиз, аммо маёқ сари интиламиз, зинҳор-базинҳор саробга қараб кетмасликка ҳаракат қиламиз”.
Ёзувчи ҳикояларини ўқиб қайтган талаба билан бўладиган суҳбат бош қаҳрамон ёки ёш қаҳрамон тўғрисида эмас, муаллиф муайян матнда фойдаланган сўз ҳақида кечар экан: қайси жумлани таҳрир қилиш мумкин, қайси сўзни у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа олиб қўйиш мумкин?..
Азизбек билан тиришқоқ талаба ўртасида бўладиган суҳбатни тахминан кўз олдимга келтирдим. Яна ўйладимки, агар уқувли талаба топилмаса, ҳикоялар даврасида Азизбек ўзи билан ўзи суҳбатлашиб, қизғин баҳслашиб ўтириши ҳам мумкин. Чунки қалами ёки тили тўмтоқ бўлиб қолишини истамаган истеъдод эгаси ҳар куни сўз устида ишлаши керак. Бу иш қандай кечади? Ҳар кимнинг таъби-табиати ҳар хил бўлади, демак, иш жараёни ҳам ҳар хил: кимдир ўзини қойил қолдирган сўз тагига чизиқ тортиб қўяди, кимдир ўша сўздан фойдаланиб тажриба ўтказади — қоғоз қоралайди ва ҳоказо… Муҳими — жараён тўхтаб қолмаслиги лозим.
Эсимда, Эркин Аъзамнинг матбуотда эълон қилинган бирорта янги ҳикоясини ёки нашр этилган китобини йўл-йўлакай Шукур Холмирзаевнинг боғчасига ташлаб ўтардим. Орадан бир-икки кун ўтгач, яна боғкўчадан ўтиб қолсам, Шукур ака гулзорини чопиқ қилаётган ё дарахтлар орасида куймаланиб юрган бўларди; зимдан қарасам, чеҳрасида табассум, ичида ўзи билан ўзи гаплашаётган бўларди. “Шукур ака, ички монологингизни қоғозга тушириб қўйсангиз бўлмайдими?” дердим ҳазил аралаш. “Вай, қайдан билдингиз?!” “Ана, гулларингиз ҳам ҳаяжонланиб бош тебратяпти-ку! Эгасининг меҳри товланиб турмаганда булар ҳам тумтайиб оларди!” “Тўғри-тўғри, — дерди Шукур ака кўзлари намланиб. — Лекин мен мақтасам ўзидан кетиб қолмасмикан деб қўрқаман”. “Оббо, топган гапингизни қаранг! Ахир Эркин Аъзам ёш бўйдоқ эмас-ку! Қолаверса, Эркин ака сизнинг мақтовингизга жуда ҳам зор бўлмаса керак”. Шукур ака бирдан тумтайиб оларди, бир юзу саксон даражага ўзгарарди-қоларди. Бундай пайтда гапни қисқа қилиб жуфтакни ростлаган маъқул.
Ўша пайтларда келтириб берганим “Пакананинг ошиқ кўнгли” китоби баҳонасида Шукур ака “Адабиёт” газетасида, янглишмасам, бир саҳифа мақола эълон қилган эди.
Менимча, танлаган мавзусига қарабгина ёзувчининг салоҳиятини, даражасини белгилаб бўлмайди.
Ўттиз-қирқ йил муқаддам Бойсунда ўрта мактабни битирган Гулсанам исмли қиз Тошкентга келиб ўқишга аҳд қилади. Унинг Бердибой деган тажангроқ акаси: “Тошкандда пишириб қўйган эканми?!” деб йўлини тўсмоқчи бўлади. “Сиз… ўтган асрдан қолган одамсиз, акажон!” деб ўз билганидан қолмайди ўжар сингил. Ориятли Бердибой ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверади: “Ахир, шаҳар сенга аммангнинг уйими? Яхши бор, ёмон бор. Ёмон кўп! Кўза кунда эмас, кунида синади, синглим! Билиб бўладими, бўйни йўғон бирорта номард бошингни айлантирса… Фалокат босиб бирор лаънат орттирсанг-чи — иснод, етти пуштингга етадиган иснодга ботасан!.. Сингиллар ҳам шу яқин-атроф хеш-ҳамсояга узатилган бўлса — иссиқ-совуғу яхши-ёмон кун деган гаплар бор. Ў, қани бундай бўлса! Ана ўшанда меҳр-оқибат ҳам бошқача бўларди…”
Ўжар қиз эса икки оёғини битта этикка тиқиб туриб олади. “Э-э, билганингни қил!” деб қўл силтайди қолоқ ака.
Олтиариқлик Маъсума эса, ғойибона бўлса-да, айнан Бердибойнинг кўнглидаги сингил бўлиб чиқади. У куёв танламайди: “Бир вақтлар қалбининг тубида туғилган жингалак соч, келишган зиёли йигит — Маъсума билан боғларда қўл ушлашиб сайр этиши керак бўлган йигит қалбининг ўша ерида ўлиб, дафн этилган эди… Ўн саккизда уни Ражаббойга беришди… Маъсума ўн олти ёшлигида хаёлида чизган йигитдан унда бир нарса —жингалак соч бор эди. У Маъсумани яхши кўрар, истакларини бажо келтирарди. Китобларни ҳам у олиб келарди. Маъсума баъзан ёзган шеърларини Ражаббойга кўрсатар, у мийиғида кулиб қўя қоларди”. Сиртдан қаралса, ширингина оилавий ҳаёт бир маромда давом этарди. Аммо, кўза кунда эмас, кунида синади. Бир куни даладан ўт юлиб келиш Маъсуманинг эсидан чиқади, мол-қўй оч қолади. Маъсума эрига янги ёзган шеърини туҳфа этмоқни кўнглига тугиб, оқшом чўкишини сабрсизлик билан кутиб ўтиради. Ражаббой қоронғи тушганда ҳовлига кириб келадию: “Падарингга лаънат сендақа хотиннинг! Сигир очдан ўлай деб қопти! На ўт юлибсан, на уйдан бирон нима топиб солибсан! Дўмпайиб ётишингни қара!” дейди ғазабланиб.
Маъсуманинг кўнгил шишаси чил-чил синади. Агар воқеалар ривожи ғойибона давом эттирилса, келинчак ҳадемай ҳомиладор бўлади, кейин дард-аламини ичига ютиб яшай бошлайди ёки эри билан ажрашади. Ажрашмаса керак. Агар ажрашса, битта боласи билан кимга тегади? Хўп, хотини ўлган бирорта эркак топилиб қолар, лекин у ҳам сигирнинг оч қолишини асло истамайди-да!
Бойсунлик Гулсанамми, олтиариқлик Маъсумами ёки сайрамлик Шоҳсанамми, аравонлик Гуласалми, бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Жуғрофий макон ўзгариши мумкин, замон ўзгариши мумкин, ҳатто қаҳрамонлар ўзгариши мумкин. Лекин кун тартибида турган муаммо ўзгармайди: инсоннинг қадр-қиммати топталган жойда, инсоннинг хоҳиш-истаги бир пулга қиммат бўлган жойда ҳузур-ҳаловат бўлиши мумкинми? Маъсумага ўхшаб тақдирга тан бергандан кўра, Гулсанам каби фақат феългинаси эмас, ўзгинаси ҳам бузилиб кетгани афзал эмасми?..
Гап ҳозир қанақа мавзуни ёритиш, қандай муаммони кун тартибига қўйиш тўғрисида кетмаяпти. Албатта, мавзу ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо қандай ёзиш керак деган гап бирламчи аҳамиятга эгадир. Нимани ёзишни билиш баробари қандай ёзишни ҳам билмоқ керак.
Муайян бир асарда кўтарилган муаммо ёзувчи томонидан нотўғри ҳал этилган бўлиши мумкин. Муаммо (конфликт) ечимини тўғри топиш юз фоиз ёзувчининг зиммасига юклатилган вазифа эмас, ўқувчига ҳам “уйга вазифа” қолдирилиши лозим.
Хўш, Эркин Аъзам қандай мавзуларни танлаб олади?
Эсингизда бўлса, Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери” деган ҳикояси бор. Унда ўзи емасдан, болаларига ҳам едирмасдан меҳмонларни зиёфат қилган камбағалгина ўзбек оиласи ҳақида гап кетади. Ёзувчи гўё меҳмондўстликни улуғлайди. Аслида, Шукур аканинг ўзи бундай зўрма-зўракиликни ёмон кўрарди; “қандай бўлсанг шундай кўрингин, қандай кўринсанг шундай бўлгин” деган ақида тарафдори эди. Ўша ҳикояда ҳам худди шундай “нимкоса” бор.
Маълумки, водийча меҳмондўстлик тўғрисида кўп гапирилади. Бу бежиз эмас, ҳақиқатан ҳам шундай. Лекин баъзан ҳаддан ташқари одоб ҳам, эҳтиром ҳам кишини ўртаб юборади, энсани қотиради.
Шу тобда қирқ йилдан буён қалам аҳли орасида оғиздан оғизга кўчиб юрадиган битта воқеа эсимга тушиб қолди. Шўро даврида донг таратган хўжалик раисининг уйига уч-тўрт киши оқшом чоғи меҳмон бўлиб боради. Меҳмонлар орасида республика газетасининг мухбири ҳам бор. Хонадон соҳиби дарҳол қўй сўйдиради, Қўқондан эл назарига тушган хонандани олдириб келади. Давра кенгайиб кетганини баҳона қилиб зиёфатни хўжалик боғида давом эттиради. Ўйин-кулги, аския авжига чиқади. Вақт алламаҳал бўлганда мезбон узр сўраб, уйига кетади. Маст-аласт меҳмонлар эрталаб уйғонса, хизматкорлар хийла маъюс тортган, магнитофон ҳам, радио ҳам ўчирилган, ҳамма оёқ учида юрибди. Меҳмонлар ювиниб-тараниб нонушта қиладилар. Сўнг меҳмондўст, қўли очиқ раисни сўрайдилар. “Кеча кечаси кампир оналари бандаликни бажо келтирган эди, ҳозир жанозада мотам тутиб ўтирибди”, деб жавоб беради хизматкорлардан бирови одоб сақлаб. Албатта, меҳмонлар ҳам жанозага боради, азадордан кўнгил сўрайди. Тошкентга қайтганларидан сўнг водийча меҳмондўстлик тўғрисида тўлқинланиб гапириб юришади. Ўша ҳангомани ўзим ҳам бир неча марта эшитганман, уни Эркин Аъзам ҳам эшитган.
— Бунинг нимаси меҳмондўстлик?! Ахир, раис меҳмонлар орасида мухбир борлиги учун, мухбирдан қўрққани учун зиёфатни қуюқ қилади-ку! Қолаверса, дунёда онадан азизроқ зот борми? Онаси уйда ўлиб ётган бир пайтда қайси аҳмоқнинг кўнглига зиёфат сиғади?! — деб жиғибийрон бўлади Эркин ака.
Шунга ўхшаган яна бир воқеа бор.
Ёши улуғ санъаткорлардан бири “Тафаккур” таҳририятига “ташриф буюриб”, машҳур ролларни ижро этган устози тўғрисида тўлқинланиб гапириб беради. Гапираётиб ўзи ҳам ролга кириб кетади.
— Шошманглар, мен сизларга битта воқеани айтиб бераман, — дейди терлаб-пишиб. — Устознинг биттаю битта, суюкли фарзанди бор эди. Ўша фарзанд оғир касалга чалиниб қолди ва бир оқшом вафот этди. Ўчакишгандек, айнан ўша оқшом устоз театрда бош ролни ижро этишлари лозим эди. Билетлар сотилган, томошабинлар тўпланган. Устоз сир бой бермасдан театрга боради, грим қилади, саҳнага чиқиб ролни ўйнайди. Спектакл тамом бўлгач, гримхонага кирадию ўкириб йиғлаб юборади. Сабаби сўраб-суриштирилса, бояги аҳвол маълум бўлади… Ана, санъатга фидокорлик! Ана, саҳнага садоқат!
Артистнинг ҳис-ҳаяжони бир оз босилгач:
— Кечирасиз-у, устозингизнинг ўша спектаклда дублёр-ўринбосари йўқмиди? — деб сўрайман энсам қотиб.
— Йўқ, устоз ўзига дублёр тайёрламасди. Чунки дублёр тайёрласа, ўзингиздан қолар гап йўқ, шогирди ўша ролни тортиб олиши мумкин. Театрда ҳам ўзига хос рақобат бўлади…
Эркин ака гапни дарҳол бошқа ёққа буриб, меҳмонга чой қуйиб узатади.
Меҳмон кузатилгач, Эркин ака бош чайқаб:
— Бу одам устозини ростдан ҳам яхши кўрадими, уни ҳурмат қиладими ўзи? Анави гапларни билмасдан айтиб юбордими ёки билиб гапирдими? —деб сўрайди.
— Риторик савол беряпсизми?
— Қўйсангиз-чи! Шу тобда риторикага бало борми?
Афсуски, ёши улуғ санъаткор ҳамма гапни сидқидилдан айтган эди.
Хўш, Эркин Аъзам “водийча меҳмондўстлик” тўғрисида ёки “санъатга садоқат” ҳақида ҳикоя ёзиши мумкинми? Ҳа, ёзиши мумкин. Лекин талқинни бир юзу саксон даражага ўзгартириб юборган бўларди. “Мумкин” деган мавҳум сўздан фойдаланиб, дарҳол изоҳ беришга шошиляпман: “мумкин” эди, лекин асло ёзмасди. Эркин Аъзам зийрак ўқувчининг ҳам ақли етадиган гаплардан муаммо ясаб, ҳикоя ёзиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоқдаги мактабимизнинг кунботар томонида учбурчак шаклида экилган уч туп каттакон тол бўларди. Учинчи синфда ўқийдиган ўн беш бола танаффус чоғлари Чигитариқдан ҳатлаб ўтиб атай ўша толнинг катталигини ўлчаб кўрардик: бир-биримизнинг қўлимиздан ушлаб давра бўлсак ҳам толга қулочимиз етмасди. Тол остида темирчининг пастқам устахонаси жойлашган эди. Темирчи ўчоғида доим кўмир ланғиллаб турар, сандонга урилаётган болға товуши мактабдан ҳам эшитиларди. Темирчининг юзлари қип-қизил бўлиб, шоп мўйлови бор эди. Биз атрофида ўралашиб қолсак: “Нарироқ туринглар, кўзларингга учқун тегмасин”, дердию ишини давом эттираверарди. Узоқ-яқиндан чавандозлар келиб отларини тақалатиб кетарди, баъзан эшакларга ҳам тақа қоқаётганини кўрардик. Уста белкурак, кетмон, оташкурак ва бошқа рўзғорбоп буюмлар ясарди. Хуллас, қишин-ёзин қандайдир юмуш билан овора эди. Олтмишинчи йилларнинг охирларига келиб жамоа хўжалигида тракторлар кўпайиб қолди, қишлоқ газлашди. Шундан сўнг темирчига тушиб турадиган буюртмалар ҳам камайиб кетди. У кўпинча тол соясига шолча ташлаб, бошини қўлига тираб ёнбошлаганча хаёл суриб ётарди. Аҳён-аҳёнда чавандозлар отларини тақалатгани келиб қолмаса, уста уззу-кун хаёлга ботиб ўтираверарди. Кейинчалик у оиласи билан қаергадир кўчиб кетди. Чамамда, темирчиликдан бошқа иш қўлидан келмасди. Шу боисдан ҳунарига эҳтиёжманд жойларга кўчиб кетган бўлса керак. Қаранг, ҳунар кишининг киндик қони тўкилган жойидан ҳам азизроқ экан…
Кўпинча уста ёзувчиларни заргарга ўхшатадилар. Хусусан, атоқли таржимонимиз Низом Комил адабиётимизда ўчмас из қолдирган Абдулла Қаҳҳор тўғрисидаги мақоласини “Темирчининг заргар ўғли” деб номлаган эди. Низом Комилга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Лекин, менимча, сўз қадрини биладиган ёзувчи кўпроқ темирчи устага ўхшаса керак. Эҳтимол, Абдулла Қаҳҳорнинг отаси темирчи бўлгани учун ҳам машаққатли меҳнат муҳитида вояга етган ўғил келажакда “заргар” ёзувчи бўлган. Ҳартугул, ёзувчилик ҳунари кўп фойда келтирадиган заргарликдан кўра кўпроқ машаққатли меҳнат талаб қиладиган темирчиликка ўхшайди. Бу иш нечоғлиқ машаққатли эканини Устани яқиндан кузатган ёки унга шогирд бўлиб кўрган одам яхши билади (ҳаваскор шогирдлардан биттаси: “Мен сизнинг талабларингизга жавоб беролмас эканман, қўл остингизда ишлашга лойиқ эмасман”, деб ариза ёзиб кетганини биламан; ҳозир ўша “нолойиқ” ходим республика газетасини бошқаряпти).
Дарвоқе, ёз чилласида ҳам Эркин Аъзам ишхонада шиппак кийиб ўтиришни одат қилмаган, лекин боғчасида ҳар тонг ҳовузга тушиб маълум муддат чўмилганидан сўнг шиппак кийиб йўлакчаларда сайр этади, ҳафсаласи келса, бадантарбия билан шуғулланади. Шиппакларини янги мавсумда албатта алмаштиради, эскиларини янгамиз “кам таъминланган оила”ларга ҳадя этиб юборади. Баъзан Эркин ака негадир эски шиппакларини қўмсаб қолади: “Кўрмадингми, Юлдуз, қайси гўрга гумдон бўлди экан?” деб жиғибийрон бўлади. Салкам қирқ йилдан буён эрининг феълини беш қўлдай билиб кетган рафиқа беозоргина елка қисиб: “Кўзим тушмади, ўзингиз бирор жойга улоқтириб юборган бўлсангиз керак…” дейди. “Керакли буюмни нега улоқтирар эканман?! Ёки улоқтирганимни кўрганмисан?” Баъзан шунақа даҳанаки жанг пайтида устоз хонадонига кириб қолсам: “Мен кўрганман, битта шиппагингиз Космонавтлар проспектида метродан чиқаётган экан!” дейман жиддий туриб. “Палакни босманг, Наби!” деб ёлғондакам пўписа қилади Эркин ака. Албатта, гапни кўпайтирмайман.
Умуман олганда, Эркин ака пойабзални асраб-авайлаб кияди, яхши сақлайди.
“Душман оёққа қарайди, қорнинг оч бўлса ҳам оёқ кийиминг доим ярқираб туриши керак”, деб ҳисоблайди.
Дунё адабиётининг хазинабони Антон Павлович Чехов: “Мен, хоҳласам, бўсахонада лойга ботиб ётган этик тўғрисида ҳикоя ёзиб беришим мумкин”, деган экан. Дарҳақиқат, А.П.Чехов этик тўғрисида ажойиб ҳикоя ёзиб беришга қодир эди. Ўйлайманки, Эркин Аъзам ҳам “оғзи” очилиб қолган шиппаклар тўғрисида нордонгина ҳикоя ёзиши мумкин, лекин ёзармикан?..
Эркин Аъзам ишхонада, уйидаги иш кабинетида доим сигарет тутунига ботиб ўтиради. Қўл остида турган вараққа тикилиб ўйлангани ўйланган:
“Жувон қанчалик енгилтак бўлмасин, Бадалнинг қочириғини тушунди”.
Бу жумлага тикилиб нимани ўйлаш мумкин? Тўғри-ку, нимаси хато экан?
— Енгилтак одам қочириқни тушунмайдими?
— Тушунади.
— Бўлмасам, ёзувчи нега бундай ёзяпти?
— Тушунмайди деб ёзаётгани йўқ-ку, “тушунди” деб ёзяпти.
— Шунақами?.. Бу гапдан ё “енгилтак”ни йўқотиш керак, ёки “тушунча”дан воз кечиш керак. Чамаси, муаллиф “енгилтак” сўзини “дурочка” маъносида ишлатяпти, лекин матнда кўзланган маънони бермаяпти.
Эркин Аъзам ҳамиша излайди, ўйлайди ва топади. Лекин ниманинг эвазига топади? Ўпкасини қурум бостиради, юрагида санчиқ пайдо қилади.
Бундан ташқари, Эркин Аъзам учун мутолаа ҳам кони азобдан иборат: “Менинг икки опам уруш даврида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган эрларига садоқат сақлаб, бошқа турмуш қуришмади”.
Аслида ғализроқ, очеркбоп бу жумлада дастлаб, “бўлган” сўзидан кейин, ҳойнаҳой, вергул тушиб қолган бўлса керак, деб ўйлайди. Гапнинг давомини ўқиса, “опалар” эмас, поччаларнинг ҳалок бўлгани маълум бўлади. Агар уруш даврида Ватан ҳимояси йўлида “опалар” ҳалок бўлганда-ку, ҳикоя фавқулодда ҳодисага бағишланган, дарҳол ўқувчининг диққатини жалб этган бўларди. Умуман, бадиий асар кунда рўй бериб турадиган воқеа-ҳодисаларга эмас, камёб ҳодисаларга бағишланиши лозим. Адабиётнинг қонуниятларидан бири ҳам шунда.
“Эшик шовқинсиз очилгандаёқ қуш уйқусида ётган йигит чўчиб уйғонган эди”.
Демак, парда қимирлаган ёки эпкин юзини сийпалаб ўтган. Бу ерда ҳеч қандай “шовқин” йўқ, йўқ нарсага эътибор шарт эмас, йўқ нарса хаёлга ҳам келмайди. Агар жуда ҳам эшикдан шовқин чиқмаганига диққатни жалб этиш лозим бўлса, эшикнинг ошиқ-мошиғи мойланган эди, деб изоҳ бериш зарур.
“Бир жуфт эр-хотин мусича…”
Мусича эр-хотин бўлмайди, жуфт бўлади. Агар жинсига алоҳида эътибор бериш лозим бўлса, мусичанинг макиёни билан хўрозини фарқлаб турадиган ташқи кўринишига оид бирорта белги қайд этилиши керак.
“Пишиллаб ухлаб ётган тўрт яшар Эркин…”
Бола ухлаб ётибди, ҳали ҳеч ким уни уйғотиб, “ёшинг нечада?” деб сўрагани йўқ. Шундоқ экан, боланинг тўрт яшар эканини қаердан биламиз? Сиртдан қаралса, уч-тўрт яшар эканини пайқаш мумкин, лекин қатъиян “тўрт яшар” дейиш учун аниқ далил-дастак бўлиши зарур.
Илгари ўрта мактабларда иншо ёздирилса, “саводхонлик” ва “мазмун” учун алоҳида-алоҳида баҳо қўйиларди. Агар ўша тартиб қаламкашлар орасида ҳам жорий этилса, саводхонлик учун ҳалол “қониқарли” баҳо оладиган ёзувчи жуда кам чиқади. Мазмунни-ку қўлига қалам олган одам у ёқдан-бу ёққа тортқилаб эпақага келтириши мумкин, аммо саводхонликни маош олиб қўлёзма устида ишлайдиган муҳаррирлар ҳам эпақага келтира олмайди.
Айрим ҳикоялар сариқ, қизил рангли пуфакка ўхшайди. Ичига ҳаво тўлдириб шишириб қўйилган. Муаллиф ўқувчига сариқ пуфакни кўрсатиб: “Бу тонг чоғи тоғлардан мўралаб бош кўтараётган қуёш”, дейди. Сўнг қизил пуфакни кўрсатиб: “Буниси заволга оғиб бораётган офтоб”, дейди. Рамзий маънода сариқ пуфакни эзгулик тимсоли, қизил пуфакни эса ёвузлик тимсоли сифатида талқин этади. Эзгулик кўкларга кўтарилади, ёвузлик зулмат қаърига киритиб юборилади. Қарабсизки, лақма кўнгилда тўй-томоша бошланади:
“Сой бўйида мажнунтол ажаб-ажаб,
Сочларини ёйибди ажаб-ажаб…”
Эрта тонгда ёвузлик тимсоли этиб талқин этилган “қизил” қуёш заррин нур сочиб тоғлардан бош кўтариб балқиб чиқса, кечаси пуфакларни бошига қўйиб ухлаган болакай ҳайрат бармоғини тишлаб: “Воҳай бола, ёвузлик ҳам эзгулик каби кўринаверар экан-ку!” дея чинқириб йиғлай бошлайди.
Афсуски, ҳикоя тўй-томоша билан якунланган, муаллиф эса ишонувчан ўқувчини қандай юпатиш чорасини кўрмаган бўлади. Ҳикоя қолипига сиғмай қолган ҳаёт шўринг қургур муаллифни асло қизиқтирмайди.
Ҳикоя нуқсони нималарда кўринади? Аввало, қуёш мангулик тимсолидир, уни эзгуликка ҳам, ёвузликка ҳам ўхшатиб бўлмайди. Чунки эзгулик ва ёвузлик тушунчалари нисбий ҳисобланади. Нисбий тушунчалар эса Одам боласи ўйлаб топган “илмий ривоят”, холос. Қуёш ҳаёт тимсоли, ҳаётда эса эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам ёнма-ён яшайди. Эзгуликни кучли-қудратли, ёвузликни кучсиз-нотавон тасаввур қилиш ҳаётни жўнлаштиришдан бошқа нарса эмас. Ҳаётда кўпинча буларнинг акси бўлади. Шу боис ўқувчини ҳаёт ҳақиқатига тик қараб мардона ҳаёт кечиришга даъват этган маъқур кўринади:
“Мажнунтол остига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин,
Мен йиғлаб бўлдим…”
Донишманд Миртемир оппоқ бошини чангаллаб мажнунтол остида йиғлаб ўтирибди, у муқом қилиб рақсга тушишни хаёлига келтираётгани йўқ. Мардона яшаган зот ҳаёт билан мардона видолашади.
Хулосавий ҳақиқат шундан иборатки, ижодкор ўзида йўқ нарсаларни бошқаларга ўргата олмайди. Қолаверса, ижодкорнинг вазифаси фақат “ўқитувчилик” қилишдан иборат эмас. Ҳаётни имкон қадар бор бўйича кўрсатиб-тасвирлаб берса ҳам жуда катта гап.
Яқинда роппа-роса етмиш-кетмиш ижодкорнинг ҳикояларидан иборат салмоқли тўплам нашр этилди. Китобхон сифатида мен бундай тўпламларни харид қилмайман, фақат ўзим ёқтирган адибларнинг китобларини алоҳида-алоҳида сотиб оламан. Лекин умумий тасаввур ҳосил қилиш учун ёки умумий тасаввурни “аслига тўғрилаб олиш” учун бундай тўпламларни ҳам мутолаа қилиш керак экан. Мутолаадан сўнг ўзимча хомчўт этиб кўрсам, дунёдан ўтиб кетган улуғ устозларимизни истисно қилганда, етмиштадан еттитагина том маънода саводли ёзувчи бор экан. Бу ерда имло саводи тўғрисида эмас, адабий савод — адабий савия ҳақида гап кетаётгани ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак. Ўша ғалвирда қолган еттита ёзувчини ҳам хаёлан Эркин Аъзамнинг назаридан ўтказиб кўрсам, ишонасизми-йўқми, иккита ёзувчи қолди! Иккинчи ёзувчининг ҳикоясини синчиклаб ўқиб қарасам, анча-мунча жойига қалам уришга тўғри келди, таҳрирбоп ўринлари кўп экан. Охир-оқибат биттагина ёзувчи қолди, холос.
Жин урсин, Азизбек ҳам адабиётни балодек тушунар экан-ку!..
Деразага тикилиб кўчадан биров келишини кутиб ўтирган одамга эса Вақт бир жойда тўхтаб қолгандек туюлади. Кимнидир, ниманидир интизор кутаётган одам Вақтни жонлантириб, уни битта-яримта эзма махлуқ йўлида тўхтатиб қолган бўлса керак, деб ўйлайди. Ваҳоланки, бизнинг Вақт тушунчамиз ҳам, масофа ёки тезлик ҳақидаги тушунчамиз ҳам нисбийдир. Биз бир жойда михланиб ўтирган чоғимизда Ер шари — Она сайёра бир сонияда (кўз очиб юмгунча) салкам ўттиз минг чақирим масофани босиб ўтади. Бир йил давомида Қуёш атрофида парвона бўлиб юрадиган Ер 149,6 милён чақирим масофани босиб ўтиб, шамсия йил ҳисоби бўйича Наврўз бўсағасига етиб келади. Ер фақат Қуёш атрофида айланмайди, ўз ўқи атрофида ҳам айланади, кеча ва кундуз шу айланиш натижасида содир бўлади. Бир йил бадалида Ер қанча “йўл юради”? Бир мучал давомида босиб ўтилган йўлни узунасига ўлчаб бўладими? Беш мучал масофани узунлик бўйича ўлчаш керакми ёки тезлигини ҳисоблаб чиққан маъқулми? Балки, рақамларни абжадга ағдариб (“син” — س) арабий имлода таърих қулфини ясаб, калитини белбоққа қистириб юрганимиз жўяли кўринар… Нима бўлганда ҳам от айланиб қозиғини топади, Ер беш мучал айланса ҳам барибир ҳар йили Наврўз остонасидан бир марта ҳатлаб ўтади. Наврўздан сўнг қиш бўлмас, у ёғи баҳор. Дўппини бир айлантиргунимизча баҳор ҳам ўтади, ёз бошланади. Роҳатибадан енгил кийимларга, шиппакларга эҳтиёж пайдо бўлади. Асад ойида офтобнинг тафти авж нуқтада муаллақ бўлиб туриб қолади. Узум пишади, пишиқчиликни кўриб кўзларимиз тўяди. Кейин ариқларда сувлар тиниқлашиб сунбула бошланади. Сунбуладан сўнг мезон. Мезондан сўнг ёз бўлмас… Шукрки, мезонгача анча бор. Олдин асадга кириб борамиз. Асад пишиқчилик мавсумининг ўртаси ҳисобланади, гўё умрнинг ҳам ўртасига ўхшайди. Асад — шайин, тарозининг шайини. Бир палласи баҳорга тобин, бир палласи кузга тобин. Кузга тобин палла охир-оқибат оғирлик қилади. Вақтни тўхтатиб бўлмайди. Хазон фасли бошланади ва беихтиёр Бобуршоҳ боғларда хазон фаслига нохос йўлиқиб чоғир базмини ихтиёр этиб, бор дунёни унутмоққа ҳарчанд уринганини эсга оламиз. Кошкийди, одам ўзини унутар даражада маст бўлиб Вақтни тўхтатиб қолишнинг уҳдасидан чиқса! Азим чинор шохларидан чирт-чирт узилиб тўкилаётган заъфарон япроқлар, жажжи қизалоқнинг сочлари мисоли турмаклаб айвон шифтига осиб қўйилган пиёз боғламлари аллақачон куз келганидан дарак бераверади. Илиги тўқ одам, бағри бутун одам хазон фаслидан асло қўрқмайди, қаҳратон совуқларидан ҳам қўрқмайди. Боз устига, уйга сандал қуриб “Алиф лайло ва лайло” эртакларини ўқиб ўтирадиган пайт келгунча ҳали анча бор. Ҳозир эса ғаллазордаги алмисоқдан қолган, титиғи чиқиб кетган, бошидан телпаги тушган, иштонсиз ёғочоёқ “қоровуллар”ни кўриб шунчаки кулибгина қўйиш мумкин…
Яна сарлавҳага чиқарилган саволга қайтаман: Эркин Аъзам қандай ёзади? Бу саволга узил-кесил жавоб бериб бўлмайди. Негаки, адабиёт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, Эркин Аъзам ҳам бир жойда депсиниб тургани йўқ. У доим ҳаракатда: ўйлайди, излайди, топади. Топиб ўрни-ўрнига қўйилган сўзлари ҳам мустақил ҳаракатини бошлайди. Бу сўзлар бизни-да ҳаракатга келтиради: ўйлашга, излашга, топишга ундайди. Ўйлайманки, ўзбекча ёзишни истайдиган қаламкаш юз-юз эллик йилдан кейин ҳам Эркин Аъзам асарларига қайта-қайта мурожаат этаверади. Чунки у битта, биргина нусхада, холос.
Дарвоқе, қишлоғимиздаги темирчи ҳам ёлғизу ягона эди.
2010 йил 18 феврал

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...