среда, 25 апреля 2018 г.

135. Ҳофиза


Ҳофизани тез-тез Туркияга мусиқали мушоирага таклиф этадиган бўлишди. Гоҳ Бурсада, гоҳ Истанбулда, гоҳ Аданада бутун дунёдаги турк қўшиқчилари, қўшиқ ёзадиган шоирлари тўпланади, шеърхонлик бўлар эмиш. Туркиядаги резидент (консулхона ходими) хабар бердики, ҳофиза Бўғозда мухолифат лидери билан учрашди. Учрашгани аниқ, бироқ нима ҳақда гаплашганини ҳеч ким билмайди.           
Ҳофиза Тошкентга қайтган заҳоти учинчи бўлим агенти Муҳиддин уни Трактор заводи яқинидаги битта уйга учрашувга таклиф этади. Учрашув ҳеч қандай натижа бермайди. Ҳофиза Найнов душман билан учрашганини асло тан олмайди.
– Қизил галстук тақиб келдими? – деб сўрайди Муҳиддин.
– Ким?
– Ким бўларди, опа, икковимиз ҳам шу тобда битта одамнинг бўйинбоғини кўз олдимизга келтирдик,
– Сиз қайси одамни назарда тутяпсиз?
– Ман “Валфажр” муаллифини назарда тутяпман. Сиз-чи?
                         Ман бўлсам, ука, қизил галстук тақиб юришни яхши кўрадиган Юртменбошини кўз олдимга келтирдим.
Муҳиддин хахолаб юборади.
Ҳофизанинг ўз ҳисобидан чоп этган қўшиқлар тўпламини кўздан кечирдим. Орқа муқовасида Майкл Жексонга ўхшаб тушган рангли сурати бор экан. Демак, Ҳофиза ўзини бозорга солишни ёқтиради. Шуҳратпараст. Эътиборпараст. Доим одамларнинг диққатини ўзига қаратишни истайди.
Битта имом-хатибнинг рафиқаси билан дугона тутинган эмиш. Улар ҳатто биргаликда Анталияга бориб дам олиб қайтишади.
– Ёввойи пляжда чўмилишгами? – деб сўрадим резидентдан.
                         Билмадим. Бу сафар изма-из кузатиб юра олмадик, келаси сафар уларни кўздан қочирмаймиз.
Оқшом чоғи Иноят Махсумни кутубхонамга таклиф этдим. У оқ кўйлакнинг кўкрак чўнтагига Амир Темур орденини тақиб келди. Кулгим қистади. Бош чайқаб қўйдим.
– Ҳеч хуморим босилмаяпти. Эҳтимол, бир-икки ойдан сўнг кўникма ҳосил қиларман, – деди.
– Ҳофизанинг эрига солиқчиларнинг газетасини беринглар. Қизи баҳорда лицейни тамомлар экан, уни Зулфия мукофоти билан тақдирлаш керак.
– Узр, келаси йили Зулфия мукофотини оладиган қизлар аллақачон ширинкомасини керакли жойларга узатиб қўйган.
– Ман билмайман! – деб стол муштладим. – Бўлмасам, пойтахтлик қизга вилоят ҳисобидан мукофот берилсин.
– Мумкинми шунақа қилиш?
                         Нега мумкин бўлмасин! Қозончининг ҳаққи бор қаеридан қулоқ чиқарса!
– Вилоятдан Зулфияга даъвогарлик қилаётган қизни нима қиламиз?
– Уни эрга бериб юборинглар! Бирорта турк йигит билан Туркияга қочиб кетсин, вассалом! Шунда номзоди ўз-ўзидан рўйхатдан ўчирилади.
– Уқдим, – деб Иноят Махсум ман айтган гапларни оқизмай-томизмай ён дафтарчасига ёзиб олди. – Кетсам мумкинми?
                         Бер бу ёққа дафтарчани! – деб қўлидан дафтарчасини юлқиб олдим. – Кругом! – дедим шаҳд билан. Орқасига ўгирилган заҳоти думбасига ўхшатиб бир тепдим. У олдига мункиб кетди. – Бегом марш!
Югуриб кутубхонамдан чиқиб кетди.
Барча катта-кичик амалдорларни оғзимдан чиққан гап-сўзларни ёзиб олишга зўрға ўргатган эдим. Буни Иноят Махсум яхши биларди. Аммо оғзаки буйруқларим ҳеч қаерга ёзилмаслигини наҳотки унутиб қўйган бўлса?! Манимча, унга хуфёна равишда Амир Темур орденини берганимдан буён эс-ҳушини йўқотиб қўйганга ўхшайди, ман билан гаплашаётганда ҳам хаёли бошқа жойда бўлади. Шу боис топшириқларим эсидан чиқиб қолмаслиги учун оғзимдан чиққан гапларни ён дафтарчасига ёзиб олади. Махсус топшириқ олиб Москвага уч-тўрт марта бориб келганидан кейин шунақа бўп қолди, аҳмақ!
Ҳофизанинг эри “Солиқ ва ҳамён” (эски номи “Солиқ ва савдо” эди) ҳафтаномасига бош муҳаррир этиб тайинланди. Остига хизмат машинаси бериб қўйилди. Лицейни битираётган Сарвиноз исмли тўнғич қизига Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилади. Бу мукофотга сазовор бўлган қиз Юртменистондаги ўзи хоҳлаган гуманитар йўналишдаги олий ўқув юртида бепул ўқиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Муҳиддин яна-тағин Ҳофизани учрашувга таклиф этади.
– Опа, олти ҳафтадан буён қанча сувлар оқиб кетди. Янглишмасам, бир ойдан сўнг Туркияга борар эмишсиз. Мабодо бизни қизиқтирадиган шахс билан учрашиб қолсангиз...
– Бўпти, бир томчи заҳар беринг, иложини топиб овқатига қўшиб юбораман. Найновни заҳарлаб ўлдириб келайинми?
– Йў-ўқ, опа, нима деяпсиз? Ўлдириш мумкин эмас уни! Балога қоламиз-ку!
                        Нега?
– Ие, уни биздан бошқа ҳеч ким ўлдирмаслигини бутун дунё билади. Бизга у тириклайин керак. Сирларини билсак, мақсадини билсак...
– Ундай бўлса, ёшроқ бирорта ойимчани меҳнат муҳожири қиёфасида жўнатсаларинг бўлмайдими?
– Жўнатсак,  Найнов-Душман унга уйланиб олармиди?
– Ҳа-да!
– Уф! Найнов Юртменистонда хотинбоз бўлган, уёққа боргач ортодоксал мусулмон бўлди. Шаръий никоҳига олган хотинни ҳам, шак-шубҳасиз, ҳижобга киритади. Қарабсизки, ҳижобга кирган ожиза дунё телеканалларида бизга қарши тирик ташвиқот қуролига айланади-қолади. Мусулмончилик, опа, жуда юқумли бўлар экан.
– Бўпти, Муҳиддин, ман нима қилай? Ман ҳам ҳижобга кирайми?
– Йўқ, сиз ўз қиёфангизни сақлаб қолинг. Найнов билан учрашсангиз, ҳали ҳижобга киришга руҳан тайёр эмасман, деб айтинг. У сизга ишонади. Кейин ораларингда қанақа гап бўлса, ҳаммасини бизга етказиб турасиз.
– Ижодий сафарларим тўғрисида ҳисобот бериб туришим керакми?
– Балли!
– Ёзма равишда беришим керакми ҳисоботни?
– Албатта, ёзма берасиз.
– Имзо қўяманми?
                         Ихтиёрингиз.
– Ихтиёрим ўзимда бўлса, Муҳиддинжон, ман шеърий ҳисобот бераман. Ҳайми?
                         Ҳай, – дейди Муҳиддин.
Насиб этса, келаси ойдан бошлаб камина шеърий ҳисобот билан таниша бошлайман.
Қаранг, имтиёз ҳар қандай ҳаётий принципларни ҳам бир четга итқитиб юборар экан!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...