среда, 25 апреля 2018 г.

133. Анжирзорлик авлиё


Анжирзорлик авлиёнинг муридлари ўн минг кишидан ортиб кетди. Мўйноқдан, Музбулоқдан, Форишнинг Осмакўлидан, уёғи Иқондан, буёғи Ёркентдан ҳам келиб “қўл бериб” кетар экан муридлари. Оқ иштон, оқ яктак, оқ дўппи кийиб, тасбеҳ ўгириб меҳмонхона тўрида ёнбошлаб ётадиган валломатни “шайхим” деб улуғлашади; кеча-кундуз навбат кутиб қўни-қўшнилар хонадонида ижарада ётган ниятбойлар атаганларини қопқоғидан тирқиш очиб қўйилган тубсиз сандиққа ташлаб, ичкарига эмаклаб киришади. Авлиё ётган жойида муридларига ҳиммат кўрсатади – қўлини ўптиради; сеҳрланиб қолган мурид шўрлик сўлакайларини оқизиб шайхнинг қўлини ҳўл қилиб юборади, пешонасига ҳам суртади, юзларига ҳам босади.
Авомни тушуниш мумкин. “Тошкентдаги ҳайвонот боғида битта туянинг думи ерга тегиб турибди!” деб мишмиш тарқатилса бас, ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, атайлаб енгил машина кира қилиб, бола-чақасини олиб тоғлар ошиб келади. Авом томошага ниҳоятда ўч. Авомга томоша керак. Ҳатто эсли-ҳушли зиёлилар, пулдор тадбиркорлар, енгилтак санъаткорлар, урилган-сурилган эски амалдорлар, илмий атеизмнинг кечаги тарғиботчилари Қамчиқ довонидан ўтиб Анжирзорга бориб шайхга қўл бериб қайтади. Демак, авом уларни ҳам ямлаб-юлқаб ўзининг сафига қўшиб олар экан-да! Шайх эмас, авом кучли бўлса керак. Авомнинг тортиш кучига унча-мунча паҳлавон ҳам дош бера олмайди.
Иноят Махсумга “Анжирзорлик авлиёнинг сири нимада, тагига етгин!” деб етти марта махсус топшириқ бердим. Пихини ёрган диншунос агентини узоқ муддатли командировкага жўнатди. У бўлса командировкага борганини паққос эсидан чиқариб авлиёга мурид тушибди. Қирқ кунгача хабар келмай қолгач, иккинчи агент юборилади. Ҳайҳот, эски агент авлиёнинг ҳовлисини супуриб-сидириб юрган эмиш! Соқол қўйиб юборган, оёғида чипта калиш, оғзида “Ихлос” сураси. Иккинчи агент ҳамкасбини бир четга тортиб: “Иноят Махсум хавотир оляпти. Бола-чақангиз ҳам сизни соғиниб қопти. Юринг энди, тақсир, Тошкентга қайтайлик”, дебди. “Шу пайтгача Дажжолни худо деб орқасидан эргашиб юрган эканман. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Ҳассамни энди топдим. Тавба қилдим. Узр, ўртоқ”, дейди боёқиш.
– Нима қилсам экан? – деб маслаҳат сўради Иноят Махсум.
– Жанг пайтида ёв томонга ўтиб кетган аскар нима қилинади? – деб кўрсаткич бармоғим билан бўйнимни кесиб кўрсатдим. – Амир Темурдан ўрнак олиш керак.
                         Тушунарли, – деб бошини қимирлатди Иноят Махсум.
Уч кундан сўнг иккинчи агент Анжирзордан қайтди. У билан Бўзсув ёқасида учрашдим.
– Хўш, нима бўлди?
– Яхши бўлди.
– Нимаси яхши бўлди?
– Топшириқни бажариб қайтдим.
– Батафсил гапириб бер-чи.
– “Ман мусулмонман, ўлимдан қўрқмайман, кофир қўлида шаҳид бўлиш – ман учун шараф”, деди. Индамасдан орқамдан эргашиб Ёзёвон чорраҳасигача яёв борди. Нуқул калима қайтарарди, ярамас. Чорраҳадан Андижон томон бурилгач, ичида қамиш ўсиб ётган избир ёқасига ётқизиб қарқарлатиб сўйиб ташладим.
                         Жасадини нима қилдинг?
– Устига бир канистр бензин сепиб ёқиб юбордим.
– Ҳм-м, яхши қипсан... “Темур тузуклари”ни ўқиганмисан?
– Йўқ, ўқимаганман.
– Топиб ўқигин, ўғлим.
– Хўп бўлади, ота.
– Яқинда санга Амир Темур ордени берилади.
                         Раҳмат, ота.
– Бўпти, бор энди, – деб агент билан қўл бериб хайрлашдим.
Қароргоҳга қайтиб ўзим “Темур тузуклари”ни жавондан олиб керакли саҳифаларини яна бир марта кўздан кечирдим:
“Пирим манга ёздиким, “Худонинг мулкида Иноят билан иш тутгил, илло, мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди. Золимнинг дунёда узоқ ҳаёт кечиришини яхшилигидан деб била кўрма. Золим билан фосиқларнинг узоқ яшашига сабаб шуки, ўзларидаги бор ёмонликларини юзага чиқариб тугатмагунларича худо уларга муҳлат беради. Вақти-соати еткач, Оллоҳнинг қудрати билан золимлар, фисқ-фасод кимсалар бирданига зиндонбанд бўлади, мол-мулкидан ажрайди, очарчиликка, қаҳатчиликка, вабога гирифор бўлади – ажалидан беш кун бурун ўлади. Гоҳида бегуноҳ, тўғрисўз, тақводор кишилар ҳам ёмон кимсаларнинг шумликлари оқибатида офату балога учрайди. Яъни, тўқайга ўт тушса, ҳулу қуруқ баравар ёнади. Хуллас, зулмдан, фисқ-фасоддан қайтиб, иймон-инсофга келмаган, Оллоҳга шукрона айтишни унуткан каслар охир-оқибат Парвардигорнинг қаҳру ғазабига гирифтор бўлади!”
Темур бобо ҳам пирининг насиҳатларини ўзига мослаб, сиёсатига хослаб олади ва мухолифларини беармон қийратади, ҳур фикрли зиёлиларни териб-териб маҳв этади, айрим шаҳарларда қатлиом уюштиради.
Албатта, биз Амир Темурни байроқ қилиб кўтариб тўғри қилдик. Халқка жаҳонгирнинг ғояларини рўкач қилиб, буёқда бошқача сиёсат юритсак, ҳеч ким мушугимизни “пишт” демайди. Темур – ўз йўлига, сиёсат – ўз йўлига. Темурни деб сиёсатни, сиёсатни деб Темурни унутмаслик лозим.
Анжирзорлик авлиё ўзини мусичанинг оғзидан чўп олмайдиган беозор кимса этиб кўрсатса ҳам, аслида, жамиятни зимдан ўз измига бўйсундиришга ҳаракат қилар эди.
Иноят Махсум Анжирчининг ғоясини аниқлаб келди: “Мо ин корро намекунем, инкор ҳам намекунем”. “Биз бу ишни қилмаймиз, қилма ҳам демаймиз”.
Бу ғоя Нақшбанд бобонинг йиртиқ чўнтагидан тўкилиб қолган. Ўз ҳолича хавфли эмас. Бироқ, битта Шахс атрофига тўпланган ҳар қандай оломон давлат учун потенциал душмандир. Қулай фурсат келган заҳоти оломон ўз раҳнамосини бошига кўтариб, Оқсарой томон юриш бошлаши ҳеч гап эмас.
– Хўш, Анжирчини нима қиласан? – дедим.
                         Уни қўли қалтирамайдиган ўша агентимга топшираман. Орденга муносиб яна бир иш қилинади. – Иноят Махсум қаппайган қорнига қўлларини қовуштириб турарди.
Бош чайқадим.
– Ақл қоринда бўлмас экан-да! – деб кулдим. – Агентга Амир Темур ордени берилса, нима учун шундай катта мукофотга лойиқ топилганини хотинига айтмайдими? Битта хотин билган сирни эртаси куниёқ бутун дунё билмайдими?
– Кечирасиз, буёғини ўйламабман.
– Бундан ташқари, Анжирчи ўлимдан қўрқмайди, муридлари ҳам ўлимдан қўрқмайди. Ўлимдан қўрқмайдиган одамлар сан билан мандан қўрқадими?
– Йўқ, қўрқмайди.
                         Бўпти-да! – деб кўрсаткич бармоғим билан имлаб Иноят Махсумни боғчамга бошлаб чиқиб кетдим. Хуфя гапларимни Махсумнинг қулоғига айтдим... Орадан қирқ кун ўтгач, Анжирчи Туркистонга бориб Яссавий бобонинг хоки-пойини тавоф айлаб қайтаётиб йўлда бавосилга ўхшаган оғир дардга чалинади ва Черняевкада чегарадан ўтаётиб бирдан жони чиқиб кетади. Мамлакатимизга Анжирчининг жасади кириб келади. Марҳум жуда катта тантана билан Анжирзор қишлоғига элтиб дафн этилади. Эгасиз қолган муридлари қирқ кундан кейин ҳар томонга тарқалиб кетади. Авлиёнинг мол-мулки етим-есирларга, Хлебушкина номидаги меҳрибонлик уйига тақсимлаб берилади.
Ман Қароргоҳда Иноят Махсумнинг кўкрагига ўз қўлим билан Амир Темур орденини қадаб қўйдим.
– Шароф Рашидов ҳам яширинча Ленин мукофоти билан тақдирланган. Ўша мукофотни нима учун олгани ҳам, қачон олгани ҳам овоза қилинмаган. Вафот этганидан кейингина мамлакатнинг энг олий мукофотига сазовор бўлганини биринчи бўлиб Зулфия мотам маросимида сўзлаган нутқида эълон қилган. – Иноят Махсумнинг елкасига қоқиб қўйдим.
– Бу орденни ҳеч қачон уйимга тақиб бормайман, ишхонамда сақлайман.
– Шундай қилгин.
                         Хўп.  
Иккинчи агент на унинг, на манинг эсимга келди. У аллақачон бедарак йўқолган эди. Дарвоқе, Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам қамалда қолган бенаво аскарлар бедарак йўқолиб кетар экан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...