среда, 25 апреля 2018 г.

111. Пакана имом


Пакана имом – Собиталининг мижози экан. Уларнинг домласи битта, устози битта.
Пакана имомнинг бошқа диндорлардан фарқи шундаки, у яхши яшашни истайди. Яхши яшаши учун ҳеч бўлмаса бирорта масжидга имом бўлиш кераклигини яхши билади. Пойтахтдаги сердаромад битта масжидга имом этиб тайинланади (бу орада диний илмгоҳни сиртдан тамомлаб олади). Имомлик рутбасини кийгач, устозидан фатво олиб қайтади. Майли, устоз-шогирд ўртасида бўлиб ўтган аччиқ-тиззиқ гаплар ўз йўлига. Муҳими – Пакана имомда амалпарастликка мойиллик бор эди. Чунки у яхши яшашни истарди, меҳнати (риёзати) бу дунёдаёқ тақдирланишини истарди. У Валихон Қорига ўхшаб бу дунёда ёниб кетишни истамасди (Валихон Қори эски КГБнинг крематорий-ўчоғида тириклай ёқиб юборилгани тўғрисидаги мишмишни хавфсизлик хизмати ходимлари аллақачон аҳоли орасига тарқатиб юборишган эди).
Хуллас, Собитали МВД подвалида ётиб қавм тўғрисида бир-бир маълумот берганида Пакана имомнинг ҳаёт ҳикоясига алоҳида тўхталиб ўтади. Маълум бўлишича, Пакана имом ўз вақтида бирталай ёшларга ҳужрада таълим бериб, уларни “Ҳизбут таҳрир” ғоялари билан таништирган: “Бу фирқа ҳам қиёматгача пайдо бўладиган етмиш иккита фирқадан биттаси бўлиб, қайси фирқа ҳақ йўлда экани қиёматда маълум бўлади”, деган экан. Пакана имом ўқитган ёшларнинг рўйхатини Собитали тўрт варақ қоғозга ёзиб, остига имзо чекиб беради. Собиталининг чақуви туфайли Пакана имом ҳам терговга тортилади. Дастлаб ўзини у ёқ-бу ёққа ташламоқчи бўлади; думчаси оғриқ берадиган даражада бураб қўйилгач, хавфсизлик хизмати билан астойдил ҳамкорлик қилишга қасамёд қилади ва “абадий ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномага имзо чекиб беради. Пакана имом гоҳ Эски шаҳардаги махсус ҳовлида, гоҳ ТТЗ мавзесидаги кўпқаватли уйлардан биридаги тўрт хонали квартирада ёзма ҳам оғзаки кўргазма бераётган кунлари “Халқ сўзи” газетасида Собиталининг “Динни ниқоб қилиб олган мунофиқлар” номли салкам бир саҳифа мақоласи эълон қилинади. Терговчи бир кунни ўша мақола муҳокамасига бағишлайди. Пакана имомга Собиталининг мақоласи жуда қаттиқ таъсир қилади. Таъсир қилганида ҳам салбий таъсир қилади: мақолада бирорта шахс номи тилга олинмаган, уни ўқиган муштарий ўтмиш ёки келажак тўғрисидаги навбатдаги сафсата бўлса керак деб ўйлаши мумкин. Бироқ “нимкосадан” хабари бор Пакана имом ҳам, уни тергов қилаётган хавфсизлик хизмати ходими Муҳиддин ҳам гап ким ва нима ҳақида кетаётганини жуда яхши биларди: “Маҳмудов юлдузни бенарвон урар экан!” деб ҳиринглайди Муҳиддин. Шундан сўнг Пакана имом пешона терини артиб, қоғоз-қалам сўрайди ва етти йил давомида ўзи таълим берган муллаваччаларнинг номларини бир-бир ёзиб беради. Уларнинг сони бир юзу ўн иккита (112 та) экан. Ҳаммасининг исм-фамилияси, уй адреслари аниқ кўрсатилади.
Пакана имомнинг бир юзу ўн иккита “саҳобаси” қамоққа олинади. Ўз-ўзидан равшанки, ҳадемай 112 рақами иккига кўпаяди, 224 ҳам икки ҳисса кўпайиб, тарвақайлаб мамлакатнинг барча ҳудудларини чирмовуқдек чирмаб олади. Диний экстремистлар сони бир минг етти юзу тўқсон иккитага (1792) етгач, улар учун махсус (“Жаслық” деб аталган) қамоқхона барпо этиш тўғрисида фармон бердим.
                         Буюк франсуз инқилоби қачон бошланган? – деб сўрадим Иноят Махсумдан.
                         Маркс бобо раҳнамолик қилган Париж коммунаси етмиш икки кун яшаганини биламан-у, аммо айнан қачон бошланиб, қачон тугаганини аниқ билмайман.
                         Маркс бобо бош қўшган инқилоб – бошқа инқилоб, 1870 йилда рўй берган. Наполеонни охир-оқибат император этиб кўтарган буюк франсуз инқилоби, бўтам, 1793 йилда бошланган. Нима, Виктор Гюгонинг “1793” номли романини ўқимаганмисиз?
                         Йўқ, ўқимаганман, лекин албатта топиб ўқийман.
             Ер остидан Иноят Махсумни кўздан кечириб, кулимсирадим.
                         Бадиий китобларни Пароканд Мирзо кўп ўқиган, – дедим. – Мўлжалдан адашмаслик учун анави ўзимизди жайдари инқилобчилар сонини яна биттага кўпайтириб, 1793 тага етказиб қўйсак на бўлғай? – дедим катта ашулаларнинг авжини олганда бўйнини чўзиб осмонга қарайдиган ҳофизларга тақлид қилиб.
                         Ажаб бўлғай! – деди Иноят Махсум ҳам ҳофизларга тақлидан.
             Баробар кулиб юбордик.
                         Таклифингиз борми?
                         Хайрулла Ҳамидов деган футбол шарҳловчиси кейинги пайтларда кўп маҳмаданалик қиляпти...
                         Хайрулла машҳур йигит, унинг бир ўзини қамоққа олсангиз, гап-сўз кўпаяди. Шунинг учун арқонни узун ташлаб қўйиб, кейин ён-атрофидаги шерикларига қўшиб йигирма-ўттиз киши ҳибсга олинса, бунинг эффекти бошқача бўлади.
                         Маъқул гап, ота.
                         Пакана имомни нима қиламиз?
                         Умрбод қамоқ жазоси бергандан кўра, манимча, бирйўла ўзини ўзи осиб ўлдириб қўя қолса, бизга хийла арзонга тушарди, – деди Иноят Махсум. – Агар салласига ўзини осиб ўлдирса, салласига осилиб турган ҳолати видеога олиниб ТВда намойиш этилса, роса шов-шув бўларди! – деб қўлларини бир-бирига ишқалайди.
            Заҳарханда қилиб, бош чайқайман.
                         У бизга ҳали кўп керак бўлади. Бир минг етти юзу тўқсон иккита мусулмоннинг умрига зомин бўлган Пакана имом, иншаоллоҳ, бизнинг абадий иттифоқчимиз бўлиб қолади. Фақат у ер-бу еридан тилиб озгина қон чиқариб қўйиш керак. Эми-дими шунақа бўлади. Унинг бошқа иттифоқчиси йўқ энди, бир умр бизнинг итялоғимизни ялаб, бизга хизмат қилишга мажбур. Унга хавфсизлик хизматининг полковниги унвонини бериб, қамоқда ётган диндорларни тавба қилдириб, мандан ёзма ва оғзаки кечирим сўратиб, сўнг озодликка чиқариб юбориш ваколати берилиши лозим. Диндорлар кечирим сўраб, йиғлаб-сиқтаб ТТВда халққа мурожаат қилса, адашганини тан олса, қўлтиғига жойнамозни қистириб олиб масжидга қатнай бошлаган ёш йигитларнинг кўнглида иштибоҳ пайдо бўлади, айрим йигитлар диндан қайтса ҳам ажаб эмас. Тушунарлими?
                         Тушунарли, – деди Иноят Махсум қаддини ғоз қилиб. – Пакана имом полковник бўлгач, бизнинг идорамиздан маош олиб турадими?
                         У пул-мулга муҳтож бўлмайди, маошини автоматик равишда Хлебушкина номидаги марказий етимхона ҳисоб рақамига ўтадиган этиб қўямиз. Ўзини эса яқин келажакда муфти лавозимига тайинлаймиз.
                         Яхши.
                         Янги қамоқхона қурилишини тезлаштириш керак. Хайрулла Ҳамидовнинг ўрнига бошқа бир киши топинг. “1793” рақамли маҳбус янги қамоқхонанинг кутубхоначиси этиб тайинлансин.
                         Хўп бўлади, – деб честь бериб хонадан чиқади Иноят Махсум.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...