воскресенье, 29 апреля 2018 г.

151. Ўзим билан ўзим


Худо хоҳласа, 2014 йилда Турди Фароғийнинг 400 йиллик юбилейини тантанали равишда нишонлашни мўлжаллаб турибман. Ҳомил Ёқуб, Анқабой Қулжон каби адабиётшуносларнинг фикрича, Турди 1700 йилда вафот этган. Жиззахда дафн этилган. Таги бухоролик. Қипчоқ. Ғирт ўзбак бўлган. Туғилган йили номаълум эмиш. Ман 1614 йилда туғилган деган тахминни илгари суряпман. Бу тахминни тасдиқлаб ҳам, инкор этиб ҳам бўлмайди. Демак, то тасдиқланиб ёки инкор этилиб бирёқли бўлгунча ўз кучида қолади. Ман Турди 86 йил умр кўрган деб ўйлайман. Нега деганда Ғойиб Аҳмад ҳам 86 ёшида вафот этди. Нормал ҳаёт кечирган масхарабоз ёзувчи 86 йил яшаса, демак, исёнкор шоир ҳам 86 йил яшаши мумкин. Устига устак, 2014 йилда Бразилияда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлади. Ўша йили Юртменистон илк бор чемпионатда қатнашмайди. Ман бунга юз фойиз ишонаман. Турдининг юбилейини ҳам футбол бўйича жаҳон чемпионати бўладиган йилга атайлаб тўғрилаб қўйдим. Ўша йилнинг охирига бориб, Жаҳонгир Йўлчиевнинг ҳисоб-китобларига кўра, Юртменистон ҳам ё уёқлик бўлади, ё буёқлик. Демак,  юбилейни узоғи билан куз ойларида ўтказиб олишимиз керак.
Ман нима учун Турди Фароғийга ёпишиб олдим?
Турди том маънодаги биринчи ўзбек шоири экан. Ўн қатор жайдари шеърида бўладиган гапни айтиб қўйган, отаўғил.
Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбак юртидур, тенглик қилинг.

Бирни қипчоқу хитою бирни юз, найман деманг,
Қирқу юз, минг сон бўлиб, бир жон ойинлик қилинг.

Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир яқо, енглик қилинг.

Ким қўюбдур, уҳдайи ўз мулкингиздин чиқмайин
Икки, уч, тўрт даъвосин этмакни, кўтаҳлик қилинг.

Мардлар майдон чекиб, рангин кўтариб захмлар,
Сизға йўқ, ул жавҳару юзга упо-энлик қилинг.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида ўзбакнинг тўқсон иккита уруғи бирма-бир санаб кўрсатилган. Кейинги икки-уч аср мобайнида айрим уруғларни қозоқ, қирғиз, туркман, бошқирд, тотор, уйғур каби туркий халқлар ўзларига оғдириб олди. Биз астойдил бўлиб қўлдан чиқиб кетган уруғларимизни қайтариб, битта тўн остига киритиб қўймоғимиз даркор.
Ишқилиб, Турди Фароғий илгари сурган шеърий ғояни байроқ қилиб бемалол битта сайлов кампаниясини обод этиш мумкин. Омон-эсон сайловдан ўтиб олинса, кейин битта тўн остида ўтирган тўқсон икки уруғни битта-битта бурнини ерга ишқасак ҳам биров мушугимизни “пишт” демайди. Халқаро Инсон ҳуқуқлари кузатувчилари дод-вой қилса, яна пойтахтнинг уч-тўртта ҳукумат биносини портлатиб, худкушлик айбини мухолифат бўйнига тақиш мумкин.
Чорак асрдан буён Рафиқа эркин ижодкордек ҳаёт кечиради. Бечора мусичадек беозор, бенаво. Берсам – ейди, урсам – ўлади, ёт десам ётади, тур десам туради. Ўзи билан ўзи овора. Баъзан неварамиз билан овуниб ўтиради. Кўпинча сочини сариқ тусга бўяб ўзини тошойнага солиб кунни кеч қилади. Гоҳ-гоҳида қошини теради. Чет эллардан давлат раҳбарлари рафиқаларини ёнларига олиб келса, ноилож кампирни дарҳол эпақага келтириб меҳмонларнинг истиқболига қўш ҳўкиз бўлиб чиқамиз. Бошқа пайтларда Қароргоҳда тасодифан учрашиб қолмасак, ойлар давомида ёстиқдошим борлиги эсимга ҳам келмайди.
Тавба, икки ойдан бери тунов куни Рафиқани хобхона бўсағасида учратиб қолиб танимасдан ёнидан ўтиб кетдим. Чунки сочини қоп-қора рангга бўяган, киприклари кўз теграсида ҳар тарафга найза отган, қошлари янги ойга ўхшайди, юзлари қирмизи, ёноғида гугурт чўпининг салласидек холи ҳам бор. Лабларида табассум! Рафиқа қачон охирги марта кулганини эслолмайман. Албатта, ёнгинасидан паҳмоқ чопонимга ўраниб индамасдан ўтиб кетдим. Орқамдан бояги аёл хобхонамга шойи кўйлагини шитирлатиб кириб борганда жон-поним чиқиб кетай деди!
– Ёпирай! – деб ёқамни ушладим. – Кимсан? Ўзингмисан, хотин?!
                         Қўйинг, хўжайин, унақа деманг! Ўзингиз кеча кечаси санга қора соч ярашар экан, ёноғингга хол ярашар экан, деб эрталабгача ман бечорани ухлатмадингиз-ку! – деб нозланиб ёнимга кириб мушукдек тўшимга суйкала бошлади.
Миямга яшин ургандек бўлди. Эвоҳ, қачон ман хотинимни қучоқлаб ётган эдим?!
Буни ўзим ҳам эслолмайман-ку! Наҳотки... Қиёфадошим ҳамон ёнимда юрган экан-да! У арвоҳга ўхшаб кўзга кўринмаса-да... Уф-ф... Наҳотки... Оғир-оғир нафас ола бошладим. Рафиқа бош томонимиздаги графиндан бир пиёла сув қуйиб оғзимга тутди.
У ёш келин-куёвлик пайтимиз кечалари анави ишлар поёнига етгач бир ухлаб турганимиздан сўнг албатта манга бир пиёла шарбат тутар эди. Бу гал совуқ сув тутди. Сувни ичиб пиёлани бўшатиб бердим.
                         Алҳамдиллиллоҳ! – деб лаб-лунжимни кафтим билан артиб олдим. – Шунақа дегин?
Рафиқа пиёлани графин ёнига оҳиста қўйди.
– Хўжайин, бир нарса дедингизми? Эшитмай қолдим. Илтимос, яна бир қайтаринг.
                         Ҳеч нарса демадим, шунчаки калима қайтардим, холос.
Рафиқа бўйнимга чирмашди.
                         Илтимос, кечагидек бўйнимдан муччи олинг, – деди нозланиб.
Яна миямдан ўт чиқиб кетди. Кўкрагим тез-тез кўтарилиб туша бошлади. Баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳаво етмай қолди, оғзимни каппа-каппа очиб нафас ола бошладим. Рафиқа пешонамга кафтини босиб кўрдию сапчиб ўрнидан туриб кетди:
– Вой ўлмасам, иссиғингиз бор-ку! – деди ва шойи кўйлагини кийиб, белдамчасини боғлади. – Хос табибимизни чақиртираман. – Хобхонадан чиқаётган жойида тўхтатиб қолдим.
                         Шошма, хотин, ўзим бориб учрашаман; сан ётиб дамингни олгин. Хўп, эртага учрашамиз, – деб ёноғидаги холидан енгилгина ўпиб хобхонани тарк этдим. 
“Вой аблаҳ-эй, вой ифлос-эй! Агар АҚШнинг ҳарбий базасини Кўҳистонга тақаб очмасам, отимни бошқа қўяман! Афғонистондан олиб чиқиладиган АҚШ аскарларини, ҳарбий техникасини Юртменистонга жойлаштираман. Сан билан ўшандан кейин гаплашаман, Жаҳонгир Йўлчиев!” деб Россия тарафга муштумимни дўлайтиб, эрталабгача чорбоғимда юриб чиқдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Гулора Енисей (эссе)

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла, Паймонанг тўлгунча, тўйг...