Теннис унчалик ўхшамади. Ўн йил
давомида халқаро теннис турнири ўтказилди, соврин жамғармаси бир миллион АҚШ
долларига етказилди. Жамғарма ҳузурини Е. Кафельников билан Марат Сафин кўрди
десам, манимча, фикримга кўпчилик қўшилса керак. Женя Кафельниковни дўстим деб
бағримга босдим. Фуқаро: “Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Юртменбошининг
шахсий дўсти экан”, деб хурсанд бўлди, ҳамманинг кайфияти кўтарилди. Аммо
ўзимизнинг теннисчилар совриндорлар қаторидан ўрин ололмади, чунки улар кучли
юзталикка ҳам кирмасди. Жаҳонда кўзга кўринган эллик-олтмишта давлат бор.
Шимолий Америкада учта, Жанубий Америкада ўнта... Куба кичкина бўлса-да, лекин
эллик йилдан буён “озодлик ороли” сифатида онгимизга сингиб қолган. Куба ҳам
кўзга кўринган давлатлар қаторига киради. Фидел Кастрога қойил қоламан: ўлим
тўшагида ётган бўлишига қарамасдан мансабдан кетишни хаёлига келтирмайди, ҳамон
укасининг қўли билан давлатни бошқаряпти. Лидер шунақа бўлиши керак... Халқаро
теннис мусобақасига барҳам беришга тўғри келди. Ёпилиш маросимида: “Бу турнир
ўз олдига қўйилган тарихий вазифани тўла-тўкис адо этди”, деб тантанали равишда
эълон қилдим. Биров қанақа тарихий вазифа тўғрисида гап кетяпти деб сўрамади.
Сўраганда айтардим: “Москвада ҳар йили Кремл кубоги мусобақаси бўлади. Биз
Россиядан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз! Ё фикрим нотўғрими?!” Албатта, гулдурос
қарсак янграб ҳамма мани қўллаб-қувватларди. Совриндорлар орасида бизнинг
теннисчилар бўлмагач, одамларда куч-қудратимизга шубҳа пайдо бўлди. Яъни,
халқаро тадбир халқимиз онгига тескари таъсир кўрсата бошлади. Обрў борида
этакни ёпиш лозим эди. Этакни ёпдик.
Кураш тарғиботи авж олдирилди.
Кураш фақат ўзимизга хос ва ўзимизга мос спорт тури ҳисобланади. Кураш билан
воҳа аҳолиси шуғулланади, водийликлар эса белбоғли кураш билан шуғулланади.
Белбоғли курашни халқаро майдонга опчиқиб бўлмайди. Бутун дунёга чопон етказиб
бўладими, белбоғ етказиб бўладими! Тадбиркорлик борасида Хитойга тенглашиб
бўлмайди: жамики мусулмонларни кафанлик-эҳром билан таъминлаяпти, маладес!
Хитой бозор эҳтиёжини ҳисобга олиб отни қамчилайди. Биз бўлсак отни қамчилаб
бозорга кириб борамиз-да, бир айланиб чиқиб кетамиз. Нима учун бозор
оралаганимизни на ўзимиз биламиз, на бошқалар билади... Ишқилиб, воҳа курашини
аввало миллий спорт тури даражасига кўтаришга мажбур бўлдик, сўнг халқаро
майдонга чиқардик. Дунё бўйича тарафдорлар излаб топилди. Ким кўп – самбо,
дзю-до, эркин кураш бўйича мусобақаларда қатнашиб юриб омади келмаган, ёши бир
жойга етгач қандай қилиб тирикчилик ўтказишни билмасдан боши ванг бўлиб юрган
пенсионерлар кўп. Улар билан музокарага киришилди: “Лўлининг эшагини суғориб
пулини олганмисиз?” Саволни эшитиб ҳайрон бўладилар. Таклифни эшитгач оғзи
очилиб қолади, сўнг лаб-лунжини йиғиштира ололмайди. Бажонидил таклифга розилик
билдирилади. Барча харажатлар ташкилотчилар зиммасида бўлгач, қайси аҳмақ
экзотик мамлакатни томоша қилиб қайтишни истамайди дейсиз!
Курашдан мақсад спортни
ривожлантириш эмас. Бўладиган бола ахлатидан маълум, дейдилар. Ривожланадиган спорт
тури ўз ҳолича ривожланаверади, жараёнга давлат аралашиб ўтириши шарт эмас.
Шиоримиз нима? “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч
кимдан кам бўлмаймиз!” Бу шиорнинг бош қисмини исботлаш қийин эмас, тарихда
мисоллар тиқилиб ётибди. Ўрта қисмини исботлаш мушкулроқ: ҳеч бўлмаса,
спортнинг битта соҳаси бўйича дунёда устунлигимизни кўрсатиб қўйсак, одамлар
онгида ишонч пайдо бўлади. Кураш айнан бизнинг сиёсий мақсадимизга хизмат
қилади. Боз устига, курашни ўзимиздан бошқа элларда деярли билмайди. Боя
айтганимдек, самбо, дзю-до, эркин кураш каби спорт турларида кураш элемантлари
бор, аммо қонун-қоидалари ўзимизга хос ва ўзимизга мосдир. БМТ, Европа Иттифоқи
бизда ўзимизга хос ва ўзимизга мос демократик тамойиллар жорий этилганига ҳамон
шубҳаланади. Агар курашимизни халқаро майдонга чиқаришга эришсак борми, улар
ҳам ўйланиб қолади ва бизнинг ёлғон-яшириқ гапларимизга ишона бошлайди.
Худога шукр, аста-секин курашни
хўжакўрсин учун бўлса ҳам халқаро майдонга чиқариб олдик. Сарф-харажатлар биз
ўйлагандан кўпроқ бўляпти. Майли, ҳечқиси йўқ, маҳаллий мафия миқ этмасдан
барча харажатларни қоплаб турибди. Миқ этса думини тугиб қўяман, кейин қочгани
жой тополмай қолади.
Шиорнинг оёқ қисмини исботлаб
ўтириш шарт эмас, чунки келажакка қаратилган ва ўз-ўзидан бошқа бир шиорга
узвий боғланиб кетади: “Болаларимиз биздан кўра доно, ақлли ва албатта бахтли
бўлиши шарт!” Келажакка ман аралашмайман. Аралашган тақдиримда ҳам келажак ўз
билганини қилади. Манга нима, ўлиб кетмайдими!
Кейинги пайтларда хорижлик
спортчилар ҳам миллий кураш сирларини ўрганиб, бизникилардан биринчиликни
тортиб оляпти. Бизникилар чет элларга бориб енгилиб қайтса, радио ва
телевидение сукут сақлайди; мағлуб бўлганимизни кўпчилик билмайди. Аммо
ўзимизда уюштирилган мусобақада ҳамма гуп-гуп этиб йиқилиб турса, омонат
ишончдан ном-нишон қолмаслиги мумкин. Шу боис навбатдаги миллий спорт туримизни
халқаро майдонга чиқариш тўғрисида ҳозирдан бош қотирилса, мақсадга мувофиқ
бўларди. Масалан, чиллак ўйинини ҳам халқаро майдонга олиб чиқиб бўлмасмикан?..
Бизга нима тўсқинлик қилади?..
Кўрпага қараб оёқ узатиш керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий